Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Баъзи одамлар «Аллоҳнинг бирор валийси бизга назар солса, кўнглига яқин тутса, нуридан берса ва бунинг натижасида гуноҳлардан холос бўлсак», деб ўйлайди. Ёдда тутинг, бу иш ҳеч қачон бўлмайди! Ким шундай хаёл қилса, у алдовдадир. Агар шундай бўлганда эди, дунёда битта ҳам кофир қолмаган бўларди.
Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий қоддасаллоҳу сирроҳнинг ҳузурларига бир куни бир жаноб келиб: «Ҳазрат! Бироз насиҳат қилинг», деди.
Ҳазрат насиҳат қилдилар. Кейин у жаноб жўнаб кетаётиб «Ҳазрат, менга сиз ўзингизнинг кўксингиздан бирор нарса беринг», дея ўтина бошлади. Яъни, кўксингиздан бирор нур чиқиб, бизнинг кўксимизга кирса ва натижада ишларимиз ўнгидан келса, гуноҳлар хоҳиши тугаб кетса, демоқчи эди.
Шунда ҳазрат: «Кўксимдан нима берайин? Менинг кўксимда балғам бор. Керак бўлса олиб қол», деб жавоб бердилар.
Бирор улуғ зотнинг назари тушса ёки кўксидан бирор нарса ўтса, барча ёмонликлар бартараф бўлади, деган ўй бекордир. Албатта, Аллоҳ таоло улуғ зотларнинг суҳбатини таъсирли қилиб қўйган, у орқали инсоннинг ўй-фикри ўзгаради. Бунинг натижасида тўғри йўлда юради. Лекин ишни айнан ўзи ўз хоҳиши ила қилиши шарт.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимки мўмин ва мўминалар ҳаққига истиғфор айтса, Аллоҳ унга ҳар бир мўмин ва мўмина ҳисобида биттадан яхшилик ёзади", деганлар.
Шарҳ: Агар бирор (таниган ва танимаган) мўмин-мўминанинг ҳаққига истиғфор айтсангиз, Аллоҳ таоло бунинг эвазига ўша мўмин ва мўмина номидан сизга яхшилик (савоб) ёзади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Эй Роббимиз, мени, ота-онамни ва мўминларни ҳисоб қилинадиган куни мағфират айлагин" (Иброҳим сураси, 41-оят).
Аллоҳим Одам алайҳиссаломдан то Қиёматга қадар келадиган жамики мўмин-мусулмонларнинг гуноҳларини мағфират этгин.