Cавол: Менга бир киши кийим ҳадя қилган эди. Мен у кийимни анча кийиб фойдаландим. Энди шу кийимни мен ҳам кимгадир ҳадя қилиб берсам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа, ҳадя сифатида келган нарсаларни ўзгаларга ҳадя қилиш дуруст. Чунки ҳадя қилинган нарсани қўлга олиш ёки олишга тўлиқ имконият берилиши билан совға олувчининг мулкига ўтади. Кейин киши ўз мулкини хоҳлаганидек ишлата олади. Бу ҳақда “Мухтасарул Қудурий” китобида бундай дейилган:
الهبة : تصح بالإيجاب والقبول وتتم بالقبض فإذا قبض الموهوب له في المجلس بغير أمر الواهب جاز وإن قبض بعد الافتراق لم تصح إلا أن يأذن له الواهب في القبض
“Ҳадя ижоб (“сенга фалон нарсани ҳадя қилдим”, дейиш) ва қабул (“қабул қилдим”, дейиш) билан дуруст бўлади ва қўлга олиш билан охирига етади”. Қўлга киритиш кўчадиган мулкларда уларга муносиб кўринишда, кўчмас мулкларда эса калитларни олиш ва уйнинг бўшатиб қўйилиши билан бўлади.
Ҳадяда “сенга фалон нарсани ҳадя қилдим” ва “қабул қилдим”, деган сўзларни талаффуз қилиш шарт қилинмайди. Балки берилган нарса ҳадя эканига далолат қилувчи ишлар кифоя қилади. Масалан бир фақирга кийим берса ва у индамай олса ҳам, ҳадя бўлаверади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Cавол: Коллежда ўқиб юрган вақтларимда баъзан автобусдан йўлкирани бермасдан тушиб кетардим. Бу ишнинг оғир гуноҳ эканини англаб етдим. Буни қандай тўғриласам бўлади? Тахминий ҳисоблаб, садақа қилсам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиз бу ишингиз учун аввало истиғфор айтиб, тавба қиласиз. Тўламаган йўлкираларингизни тахминий ҳисоблайсиз ҳамда ўзингиз фойдаланган автобуслар бошқармасидан йўлкиралар тўланадиган ҳисоб рақамлари бўлса, қарзларингизни шунга ўтказиб қўясиз ва шу билан зиммангиздаги юкдан қутиласиз, иншааллоҳ. Агар уларда бундай имконият бўлмаса, садақа қилиб юборасиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.