Cавол: Менга бир киши кийим ҳадя қилган эди. Мен у кийимни анча кийиб фойдаландим. Энди шу кийимни мен ҳам кимгадир ҳадя қилиб берсам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа, ҳадя сифатида келган нарсаларни ўзгаларга ҳадя қилиш дуруст. Чунки ҳадя қилинган нарсани қўлга олиш ёки олишга тўлиқ имконият берилиши билан совға олувчининг мулкига ўтади. Кейин киши ўз мулкини хоҳлаганидек ишлата олади. Бу ҳақда “Мухтасарул Қудурий” китобида бундай дейилган:
الهبة : تصح بالإيجاب والقبول وتتم بالقبض فإذا قبض الموهوب له في المجلس بغير أمر الواهب جاز وإن قبض بعد الافتراق لم تصح إلا أن يأذن له الواهب في القبض
“Ҳадя ижоб (“сенга фалон нарсани ҳадя қилдим”, дейиш) ва қабул (“қабул қилдим”, дейиш) билан дуруст бўлади ва қўлга олиш билан охирига етади”. Қўлга киритиш кўчадиган мулкларда уларга муносиб кўринишда, кўчмас мулкларда эса калитларни олиш ва уйнинг бўшатиб қўйилиши билан бўлади.
Ҳадяда “сенга фалон нарсани ҳадя қилдим” ва “қабул қилдим”, деган сўзларни талаффуз қилиш шарт қилинмайди. Балки берилган нарса ҳадя эканига далолат қилувчи ишлар кифоя қилади. Масалан бир фақирга кийим берса ва у индамай олса ҳам, ҳадя бўлаверади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Бугунги глобаллашув даврида ахборот тарқатиш тезлиги беқиёс даражада ошди. Интернет, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали тарқатиладиган маълумотлар жамиятнинг турли қатламларига кучли таъсир кўрсатмоқда. Афсуски, бу имкониятлар баъзан миллий низо ва диний бўлинишга сабаб бўладиган ахборот тарқатиш учун ҳам ишлатилади. Бундай хатти-ҳаракатлар жамият бирдамлиги ва барқарорлигига жиддий таҳдид солади.
Деструктив, яъни бузғунчи, низоли ахборот тарқатишнинг асосий хатарлари қуйидагилар:
1. Жамиятда адоват ва нафрат уйғотиш. Миллатлар ва диний конфессиялар ўртасида адоватли ахборот тарқатиш жамиятда нафрат уйғотади. Бундай маълумотлар одамлар ўртасида ишончсизликни кучайтиради, ўз навбатида, ижтимоий бирдамликка путур етказади;
2. Жамоат хавфсизлигини бузиш. Миллий ва диний бўлинишга сабаб бўладиган ахборот жамоат тартибининг бузилишига олиб келади. Натижада тартибсизликлар ёки ҳатто можаролар келиб чиқиши мумкин;
3. Беқарорликни кучайтириш. Деструктив ахборотлар бошқарув ва ҳокимият тизимларини заифлаштириши мумкин. Миллий ва диний бўлиниш давлат барқарорлигига таҳдид солади, чунки аҳоли ўртасидаги зиддиятлар бошқарувга салбий таъсир кўрсатади;
4. Ёш авлодга салбий таъсири. Бундай ахборотлар ёшлар ўртасида миллатчилик ёки диний радикализмга мойилликни кучайтириши мумкин. Бу эса келажак авлодни ҳам бузилишга олиб келади.
Сабаб ва оқибатлар
Миллий низо ва диний бўлинишга сабаб бўладиган ахборотлар аксар ҳолларда уйдирмалар, ёлғон янгиликлар ёки атрофдаги воқеаларнинг бўрттирилиши орқали тарқатилади. Бу ахборотлар қуйидаги оқибатларга олиб келиши мумкин:
Қандай чоралар кўриш керак?
1. Ахборот истеъмоли маданиятини шакллантириш. Ҳар бир шахс тарқатилаётган маълумотнинг ҳақиқийлигини текшириш маданиятини ўзида шакллантириши зарур;
2. Қонунчиликка риоя қилиш ва жавобгарлик. Миллий низо ва диний бўлинишга сабаб бўладиган ахборот тарқатган шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши муҳим;
3. Таълим ва тарбия орқали онгни ошириш. Мактаб ва олий таълим муассасаларида ахборот хавфсизлиги ва жамиятга салбий таъсир кўрсатадиган маълумотларни танқидий баҳолаш бўйича билим бериш керак;
4. Ижтимоий тармоқлар таҳлили. Ижтимоий тармоқларда ёйилаётган ахборотларни таҳлил қилиб, зарарли контентларни тезкорлик билан аниқлаш механизмларини ишга тушириш зарур.
Хулоса
Миллий ва диний бўлинишга сабаб бўлувчи ахборот тарқатиш нафақат жамият, балки мамлакатлар барқарорлигига катта таҳдид солади. Ҳар бир фуқаро ва жамоат ташкилотлари бундай хатти-ҳаракатларнинг олдини олишда ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Ахборот тарқатиш маданиятини шакллантириш орқали, жамиятда тинчлик ва барқарорлик таъминланади.
Шермуҳаммад Болтаев,
Хоразм вилояти, Ҳазорасп тумани, "Шайх Қосим бобо" жоме масжиди имом-хатиби.