شَهِدَ اللَّهُ أَنَّهُ لَا إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ وَالْمَلَائِكَةُ وَأُولُو الْعِلْمِ قَائِمًا بِالْقِسْطِ لَا إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ
Шаҳидаллоҳу лаа илаҳа илла ҳува вал малааикату ва улул илми қооиман билқисти лаа илаҳа илла ҳувал азийзул ҳакийм.
"Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам гувоҳлик бердилар. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У азиз ва ҳаким зотдир" (Оли Имрон сураси, 18-оят).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Ким ушбу оятни ўқиб, охирида "Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ эканлигига мен ҳам гувоҳман" деса, Аллоҳ таоло ушбу оятнинг ҳарфлари ададича фаришталарни қиёмат кунигача ўша кишининг ҳақига истиғфор айттириб қўяди".
Яна дедилар: "Ким уйқуга ётишидан олдин ушбу оятни ўқиса, Аллоҳ таоло етмиш мингта фариштани яратади ва улар қиёмат кунигача ўша кишининг ҳақига истиғфор айтиб турадилар".
Абу Ғолиб айтадилар: "Мен Куфага тижорат қилиш учун борганимда Аъмашга қўшни бўлиб турдим. Шунда у кишини ҳар кеча ушбу оятни такрор ва такрор ўқигани ва ундан кейин "Мен ҳам Аллоҳ гувоҳлик берган нарсага гувоҳман, мен ушбу гувоҳлигимни Аллоҳга омонат қилиб топшираман. Қиёмат кунида Аллоҳ таоло менга омонатимни қайтаргай" деганларини эшитар эдим. Шунда у кишидан бунинг сабабини сўраганимда, айтган эдилар: "Абу Воил менга Ибн Масъуддан ривоят қилиб айтган, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Ким ушбу оятни ўқиб, охирида ушбу калималарни айтса, қиёмат кунида Аллоҳ таоло унга хитоб қилиб шундай дейди: "Бандам менга берган ваъдангда турдинг, яъни тавҳидда, Мен ҳам Ўз ваъдамда тураман. Эй, малоикаларим! Жаннатнинг ҳамма эшикларини очинглар, бу бандам хоҳлаган эшигидан кирсин", дейди".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бугунги кунда учраётган муаммоларимиз нималардан иборат эканига эътибор берайлик. Ислом инсонларнинг турмуш тарзига, ҳаётига, риоя қилиб яшайдиган дастурига айланиши учун нима қилиш керак? Исломий илмларни қандай қилиб ёйиш ҳақида ўйлаш керак, бунинг учун мумкин бўлган ҳамма имкониятни, воситаларни ишга солиш керак. Хўш, ҳозирги кунда Қуръон илмларини, тажвид илмларини оммага ёя оляпмизми?
Ҳа, алҳамдулиллаҳ. Биз бундан хурсандмиз, булар энг яхши, энг гўзал илмлар. Лекин ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга фарзи айн бўлган илми ҳолни ҳам ёйишимиз шарт. Афсуски, бугунги кунда ундан анча узоқлашиб қолдик. Бундан бошқа илмларни билиш суннат, мустаҳаб ҳисобланади, яъни фарз эмас. Масалан, Урдунда ким динга амал қилмоқчи бўлса, бориб, тажвид ўрганади. Тажвидни ўргатадиган минглаб марказлар бор. Тўрт минг-беш минг атрофида. Лекин фиқҳни ўргатадиган марказлар деярли йўқ. Ҳолбуки, барча мазҳабларнинг иттифоқига кўра, тажвид илмини пухта эгаллаш фарз эмас, суннат, мустаҳаб амал саналади.
Мусулмонлар дуч келаётган муаммо айнан шунда: тўғри қироат қилиш учун тажвид илмларини ўрганади, лекин таҳорат, намоз, рўза фиқҳи, эр-хотинлик муносабатлари фиқҳи, савдо-сотиқ фиқҳи каби илмларни ўрганмайди, чунки энг муҳим илмларни, фарзи айннинг аҳамиятини унутиб қўйяпмиз. Мусулмонларнинг бугунги аҳволга тушиб қолишига сабаб Ислом илмларини, биз юқорида айтиб ўтган илми ҳолни ўрганмай қўйишларидир. Аҳволни ислоҳ қилиш учун бунга катта эътибор беришимиз, бу илмни мусулмонлар орасида ёйишимиз, уларнинг савиясини кўтаришимиз, бунинг учун қилинадиган ишларни чуқур ўйлашимиз керак.
«Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ фақатгина далилдан келиб чиқиб гапирганларига аниқ ишонамиз», деймиз. Ҳолбуки, мазҳабда у кишининг барча фикрларига ҳам суянавермаймиз. Бунинг сабаби нимада?
Бу саволга жавоб шундай: Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ фақат ва фақат далилдан келиб чиқиб гапирганлар. Агар бирор масалада далилсиз гапириб юборганларида, фосиқ бўлиб қолардилар. Лекин нима учун биз у кишининг кўплаб қавлларини қабул қилмаганмиз? Агар кимдир: «Абу Ҳанифанинг барча сўзлари далилларга суянган, деяпсизлар, унда нега «Абу Ҳанифанинг 100 дан 50 фоиз сўзларини қабул қилмаганмиз», дейсизлар?» деса, бу чигалликка шундай жавоб берамиз: «Аввало, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг бирорта сўзини олмасак, бундан у кишида бу масалада далил бўлмаган, деган гап келиб чиқмайди. Бир масалага фиқҳий ҳукм беришда иккита босқич бўлади: танзир ва татбиқ босқичлари. Танзир – масаланинг назарий жиҳати бўлса, татбиқ уни амалда қўллаш демакдир.
Танзир босқичи шариатда бир масалага ҳукм бериш фақат ва фақат мутлақ ижтиҳод даражасига етган, ўзида мутлақ мужтаҳиднинг барча шартларини мужассам этган, мутлақ мужтаҳиднинг усулларини, яъни ҳукм олиш қоидаларини тўлиқ эгаллаган зотдангина қабул қилинади. Кимки бу шартларни тўла қамраб олмаган, ижтиҳод даражасига етмаган бўлса, унинг гапи эътиборга олинмайди. Шунинг учун ҳозирги кунда замондош одамларнинг Қуръон ва Суннатдан янги ҳукм истинбот қилишга тааллуқли гаплари умуман қийматга эга эмас, чунки улардан бирортаси мутлақ ижтиҳод даражасига чиқа олмаган.
Бу гап менинг даъвоим эмас! Умматнинг тарихига қарасак, биринчи, иккинчи ва учинчи асрларда сон-саноқсиз мутлақ мужтаҳидлар бўлган. Лекин уммат улардан тўрттасининг сўзини олиб, бошқалариникини қабул қилмаган. Албатта, бу умумий гап, тафсилотини кейинроқ айтиб ўтамиз.
Уммат мазкур кўплаб мутлақ мужтаҳидлар орасидан маълум зотларнинг сўзини қабул қилган. Юқорида таъкидлаганимиздек, умумий қилиб айтганда, улар тўрт киши. Уларнинг усуллари, яъни далил олиш қоидалари бошқаларникидан устунроқ, кучлироқ бўлган, улар энг олий ижтиҳод даражасида бўлишган. Уларнинг замонидаги бошқа мужтаҳидларнинг ижтиҳоди уларникидан қуйироқ бўлгани учун уммат уларни қабул қилмаган. Ушбу тўрт имомдан кейин, уламолар айтганидек, имом Табарий роҳимаҳуллоҳдан бошқа ҳеч ким мутлақ ижтиҳодни даъво қилмаган. Аммо Табарийнинг бу даъвосига ҳам рози бўлинмаган, яъни мутлақ мужтаҳидлик даъвоси рад этилган. Буни имом Лакнавий роҳимаҳуллоҳ айтганлар.
Демак, уламолардан фақат имом Табарийгина буни даъво қилганлар. Тўртинчи, бешинчи, олтинчи, еттинчи, саккизинчи асрларда бошқа даъвогарлар йўқ. Тўғри, қишлоқларда, тоғу тошларда туриб, илмсиз бўлса ҳам, нималарнидир даъво қиладиганлар топилган, лекин уларга ҳеч ким эътибор бермаган, сўзини қабул қилмаган. Шундай қилиб, мазкур тўрт мазҳабдан бошқа эътироф қилинадиган, мазҳаб сифатида танилган, амал қилиб келинаётган ва ҳукми юритиладиган мазҳаб йўқ.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан