Cавол: Бир одам машинасини 1 йилда бўлиб тўлашга 17 мингга сотди. Харидор маълум муддатдан кейин ўша машинани бозорга олиб чиқиб, 12 мингга сота олмабди. Кейин ўша машинани биринчи сотган одам ўзи қайта савдо қилиб, нақдга 12 мингга сотиб олибди. Шу савдо шаръан тўғри бўлганми? Агар тўғри бўлмаган бўлса, булар қандай йўл тутишлари керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бундай савдо дуруст эмас. Чунки бундай ҳолатда харидор ҳеч нарсага эга бўлмасдан қарздор бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда Аллома Ҳаскафий бундай деганлар: “Киши ўзи ёки вакили сотган нарсанинг пулини тўлиқ олмасдан аввал харидордан аввалги нархдан арзонга сотиб олиши – шаръан фосид савдодир (яъни, жоиз эмас). Бундай савдонинг кўриниши: Сотувчи 10 га бир нарса сотди ва пулини қўлига олмади. Кейин уни 5 га ўзи қайтиб сотиб олса, жоиз эмас” (“Дуррул-мухтор” китоби).
Демак, сотувчи сотган нарсасини ҳамма пулини олишидан аввал уни арзонроққа сотиб олиши жоиз эмас ва бундай савдони бузиш лозим бўлади. Лекин, сотувчи насияга сотган нарсасини аввалги нархда ёки ундан кўпроқ нархга сотиб олиши жоиз.
Шуни ҳам қўшимча қилиш жоизки, мазкур савдо кўринишида агар маҳсулот харидорнинг мулкидан чиқиб, яна янги мулк бўлиб қайтиб келса: масалан, учинчи шахсга сотса ва савдони бекор қилиб қайтариб олса, ёки учинчи шахс ўша маҳсулотни сотиб олгандан кейин унга совға қилса, ана ўшанда аввалги сотувчи аввалги нархидан озроғига қайта сотиб олиши мумкин бўлади. Бу ҳақда Аллома Ибн Нужайм бундай дейдилар:
“Агар товар харидорнинг мулкидан чиқиб, янги мулк ҳукмида ўзига яна қайтиб келса, масалан савдони бекор қилиш билан қайтса (бунда қабздан олдин ёки кейин бўлишнинг аҳамияти йўқ) ёки кимгадир сотиб, яна қайтиб сотиб олса, ёки кимдандир совға сифатида қабул қилиб олса ёхуд мерос орқали қайтиб келса, харидордан ўша маҳсулотнинг биринчи эгаси аввалги нархидан озига сотиб олиши жоиз бўлади” (“Ал-Баҳрур-роиқ” китоби).
Хулоса қилиб айтганда, саволда сўралган масалада иккинчи савдони бузиш лозим бўлади. Бунинг ечими сифатида ўша машинани бозорда аввалги эгасидан бошқа одамга сотиб, ундан тушган пулни биринчи савдодан юзага келган муддатли қарзни тўлаш ва қолган суммани келишилган муддатда бўлиб тўлаш мумкин. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Инсонларнинг Аллоҳга энг севимлиси - уларга энг кўп фойда келтирувчисидир”.
Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: “Ҳақиқий инсон ўзгаларга шодликда ҳам, қийинчиликда ҳам вафо ила мудом ёрдам берганидир.
Инсонлар орасида энг карамлиси – бошқаларнинг эҳтиёжларини қондирган кишидир.
Эҳсон қўлини ҳожатманд кимсадан узма. Зеро, маълумдирки, ким инсонларнинг эҳтиёжини қондиришда давом этса, кунлар унинг шарафини қайта-қайта тасдиқлайди. Аллоҳнинг сенга берган ушбу фазлига шукр қил. Зеро, сени ўзгалар учун ҳожатбарор қилди, сени ўзгаларга муҳтож этмади.
Кўпчилик одамлар ўтдилар, аммо уларнинг фазилатлари ҳализамон барҳаёт, яна кимлардир ҳаёт, аммо улар одамлар орасида гўёки ўлик каби”.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ