Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳозир нима бўляпти? Бир одам пайдо бўлади-да, «Фалон оятнинг маъноси ундай эмас, мана бундай», дейди. «Нима учун бу оятни бундай тушундингиз, биродар?» дейсиз. «Фалон ҳадиснинг маъноси бундай, менинг фикрим эса бундай...» дейди...
Қаердан олдингиз буни? Бирор усулингиз (қоидангиз) борми? Қуръонни ё усул билан, ё ҳавои нафс билан тафсир қилиш мумкин. Усулингиз бўлмаса, демак, сиз оятни ҳавойи нафсингиз билан тафсир қилибсиз-да? Хўш, биродар, сиз уни қандай тафсир қилдингиз?
Машҳур, мутавотир, бутун уммат қабул қилган, бутун ер юзига тарқалган, Аллоҳ катта мақбулият насиб этган тафсир бор. Бу тафсир билан бугунги кунда у ер-бу ерда кўриниб қолган Фалончи, Пистончига нисбат берилаётган шахсий тушунчалар орасида ер билан осмонча фарқ бор! Фарқ шуки, биз Қуръон ва Суннатни илмлар орқали тафсир қиламиз ва ўша илмларгагина эргашамиз.
Масалан, мен бир фақир банда сифатида ҳанафий мазҳабида бир масалани гапирсам, ўша гапимга қараб, бу масалада менга баҳо берилади. Тўғри гапирсам, «Яхши», дейсиз. Хато гапирсам, «Масалани тушунмабсиз», дейсиз. Илмлар шу даражада маҳкам ўрин эгаллаганки, ана шу илмни қанчалик билишига қараб, уламоларга баҳо берилади. Ким чуқур, аниқ ўрганган бўлса, қадри баланд бўлади, Ким яхши ўрганмаган бўлса, мартабаси тушади. Ҳозир эса бир одам чиқиб, «Фалон-фалон», деб фатво бериб юборяпти.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
Мақоланинг аудио шакли
Саҳобалар ичида энг зеҳни ўткири Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кунлардан бирида бозорга бордим. Одамларнинг мол-дунё билан овора эканликларини кўриб уларга:
– Сиз бу ерда савдо-сотиқ билан машғулсиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мерослари тарқатилаётганидан хабарингиз йўқми? – дедим. Савдогарлар қўлларидаги молларини ташлаб:
– Йўқ, қаерда? – деб ҳовлиқиб сўрадилар.
– Фалон масжидда, – деб жавоб бердим. Улар шошиб масжид томон югуриб кетишди.
Аммо бироздан сўнг қайтиб келиб:
– Нега бизни алдадингиз? Масжидда ҳеч қандай мерос тарқатилмаяпти-ку? –дейишди.
Мен:
– Қандай қилиб? Ахир масжидда кимларни кўрдингиз? – деб сўрадим.
Улар:
– Қуръон ўқиётган қориларни ва ҳадис ўрганаётган толиби илмларни, –дейишди.
– Ана шу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросларидир, – деб жавоб бердим.
“Ўзимдан сўнг сизга икки нарса қолдирдим, агар уларни маҳкам тутсангиз ҳаргиз адашмайсиз. Улар Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарнинг ҳадисидир”, деган севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин”.
Даврон НУРМУҲАММАД