Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Европаликларда, юқоридаги сафсаталардан сўнг, илм-фан Худо йўқлигини исбот қилди, унда дин қаердан пайдо бўлган, динга қандай муносабатда бўлиш керак каби саволлар келиб чиқди. Бу ва бунга ўхшаган саволларга Худони йўқ деган тоифалар жавоб бера бошладилар.
Улар аввало диннинг «пайдо бўлиши» ҳақидаги қуйидаги сафсатани тўқидилар:
«Аввалги одамлар илмсиз, жоҳил бўлганлар. Улар момақалдироқ, чақмоқ, довул каби табиатдаги ҳодисаларнинг асл моҳиятини англаб етмаганлар. Бу нарсаларни қандайдир олий куч қилаётган бўлса керак деган хаёлга борганлар. Кейинроқ ўша олий кучга худо деган ном қўйганлар. Уни ҳаммадан кучли ва билағон деб ўйлаганлар. Кейин одамлар ичидан баъзи эпчил ва уддабуронлари, Худо менга хабар юборди, деб, бошқа одамларни алдаб ўзини пайғамбар қилиб олган. Худонинг номидан гапириб одамларни ўзига қарам қилган. Бундан кишиларни эзувчи синфлар унумли фойдаланганлар ва одамларни эксплуатасия қилишда динни ўзларига қурол қилиб олганлар. Нима бўлса Худодан деб одамларни сабрга чақирганлар».
Худосизларнинг доҳийларининг энг катталаридан бири Карл Маркс «Дин халқлар учун афюндир» деди.
Ўша пайтда дин ҳақида энг қўпол ва энг шармсиз гапларни айтганлар қаҳрамонга айланиши турган гап эди. Улар дин деганда ўзларини Европада асрлар оша жаҳолатда, қолоқликда, азоб уқубатда, зулматда ушлаб ушлаб келган бузуқ дин асосидаги черковни тушунишар эди. Аммо ўзларининг бу гаплари кейинчалик барча динларга, жумладан, уларнинг уйғонишига ва озодликка чиқишига сабаб Аллоҳ таолонинг ҳақиқий ва баркамол дини Исломга ҳам тамға бўлиб қолишини хаёлларига ҳам келтирмас эдилар.
Ўша пайтда ўз фикрини билдиришга имкони бор барча тоифалар; ёзувчилар, адиблар, муаллимлар, жамиятшунослар, сиёсатчилар ва бошқалар бир овоздан динни қоралашар ва моддапарастликни ҳаддан ташқари улуғлашар эдилар. Аммо улар ҳар қанча уринмасин оддий халқ ичида диндан бутунлай воз кечишга тайёр эмаслари кўплиги эътиборидан кейинроқ бир оз шаштларидан тушдилар. Мекофеллига ўхшаш баъзи сиёсатчилар ва уларнинг ҳамфикрлари, агар дин бўлиши керак бўлса, ҳар кимнинг шахсий иши бўлиши лозим, дедилар. Яна бирлари, менимча, дин ундай бўлиши керак, деди. Учинчилари, менимча, дин бундай бўлиши керак, деди. Охир оқибат кўплашиб, дин қандай бўлиши кераклигига келишдилар.
Динни черков биноси ичига олиб кириб жойлаштирдилар. Унга ўша ердан ташқарига чиқмасликни яхшилаб уқтирдилар. Диндорликни истаган киши, якшанба куни черковга келиб хоҳлаганича диндорлик қилиш ҳурриятига эга бўлди. Шундан кейин диндорлик қилишни истаганлар, ҳафтанинг олти кунида доллар, фунт ва бошқа пул бирликларига ибодат қилиб, якшанба куни истаса, черковдаги ҳайкалларга чўқинадиган бўлди.
«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: تَابِعُوا بَيْنَ الْحَجِّ وَالْعُمْرَةِ، فَإِنَّهُمَا يَنْفِيَانِ الْفَقْرَ وَالذُّنُوبَ كَمَا يَنْفِي الْكِيرُ خَبَثَ الْحَدِيدِ وَالذَّهَبِ وَالْفِضَّةِ، وَلَيْسَ لِلْحَجَّةِ الْمَبْرُورَةِ ثَوَابٌ إِلَّا الْجَنَّةُ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ وَصَحَّحَهُ.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаж билан умрани кетма-кет қилинг. Албатта, худди босқон темир, тилла ва кумушнинг кирини кетказганидек, иккиси фақирлик ва гуноҳларни кетказади. Ҳажжи мабрурнинг жаннатдан бошқа савоби йўқ», дедилар.
Насаий ва Термизий ривоят қилган. Термизий саҳиҳ, деган.
Ҳаддодлар (темирчилар) темир ва бошқа маъданларнинг занги ва кирини яхшилаб кетказиш учун босқонни кетма-кет босиб, болғани устма-уст урадилар ва мақсадларига эришадилар. Гуноҳларим ювилсин, фақирликдан қутулиб, бой бўлай, деган банда ҳам ҳаждан кейин умра қилса, мақсадига эришар экан.
«Ҳажжи мабрурнинг жаннатдан бошқа савоби йўқ».
Жаннатни ўзига савоб, яъни мукофот қилиб олишни истаган банда ҳажжи мабрур қилиши лозим экан. Яъни, ҳаж қилганда ҳаёсиз гап-сўзлардан тийилиб, фисқу фужурлардан холи бўлиб, сахийлик ва ҳусни хулқ ила ҳаж қилмоғи керак.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 10-жуз