50 - وَغَيْرَانِ الْمُكَوَّنُ لاَ كَشَيْءٍ مَعَ التَكْوِينِ خُذْهُ لإِكْتِحَالِ
Маънолар таржимаси:
Мукавван таквийн билан бир нарса эмас, бошқа-бошқа нарсалардир буни (ушбу сўзни) кўзга сурма қилиб олгин.
Назмий баёни:
Мукавван бошқадир, бошқадир таквийн,
Буни сен кўзингга сурмадек олгин.
Луғатлар изоҳи:
غَيْرَانِ – бу калима غَيْرَ нинг таснияси. Мубтадосидан олдин келтирилган хабар.
الْمُكَوَّنُ – хабаридан кейин келтирилган мубтадо. Мукавван луғатда “яратилган”, “тузилган” маъноларини англатади.
لاَ – маътуфдан ҳукмни нафий қиладиган атф ҳарфи.
كَشَيْءٍ – бу жумла غَيْرَانِ ни таъкидлаш учун келтирилган.
مَعَ – бу калиманинг исм ёки ҳарф экани тўғрисида наҳв олимлари ихтилоф қилганлар. Исм экани ҳақидаги қавл кучлироқ ҳисобланади. Ундан кейин келган исм музофун илайҳликка кўра мажрур бўлади.
التَكْوِينِ – музофун илайҳ. Таквийн феълий сифатларнинг умумий номидир.
خُذْهُ – феъл ва мафъул. Тақдирий اَنْتَ фоили.
لاِكْتِحَالِ – жор мажрур خُذْهُ га мутааллиқ.
Матн шарҳи:
Таквийн луғатда “пайдо қилмоқ”, “вужудга келтирмоқ” маъноларини англатади. Истилоҳда: “Номавжудни йўқликдан борлиққа чиқариш – таквийн деб аталади”.
Демак таквийн деганда Аллоҳ таолонинг нарсаларни йўқликдан борлиққа чиқариши яъни пайдо қилиши тушунилади. Ушбу сифат ҳаётга тааллуқли бўлиши эътиборидан “иҳё” (ҳаётни пайдо қилиш), ўлимга тааллуқли бўлиш эътиборидан “имота” (ўлимни вужудга келтириш), суратга тааллуқли бўлиш эътиборидан “тасвийр” ва ҳакозо нимага тааллуқли бўлса ўша нарсани пайдо сифати дея номланади. Ушбу сон-саноқсиз сифатларнинг умумий номи таквийн сифати дейилади.
Мотуридия мазабига кўра таквийн сифати Аллоҳ таолонинг азалий сифати ҳисобланади. Бунга нақлий ва ақлий далиллар бор. Нақлий далил: “Қачон бирон нарсани ирода қилса, Унинг иши “Бўл” демоқликдир, холос. Бас, у нарса бўлур”[1].
Оятда келган كُنْ Аллоҳнинг таквийн сифати баёнидир. Яъни, ушбу كُنْ амри ك ва ن ҳарфларини айтиш эмас, балки Аллоҳ таолонинг нарсаларни вужудга келтиришининг қисқа ва лўнда баёнидир.
Ақлий далил: Аллоҳ таоло бутун оламнинг мукаввини яъни яратувчисидир. Ушбу “Мукаввин” исми Аллоҳ таолога нисбатан қўлланилади. Бу исм аслида “таквийн” масдаридан иштиқоқ қилиб олинган исми фоилдир. Иштиқоқ қилиб олинган исмни эса фақат унинг масдари унда бўлсагина қўллаш тўғри бўлади. Масалан бировга олим сифатини бериш тўғри бўлиши учун, унда “олим” иштиқоқ қилиб олинган “илм” масдари бўлиши лозим бўлади. Шу маънода Аллоҳ таолога “Мукаввин” нисбатини беришнинг ўзи Унда “таквийн” сифати борлигини тақозо қилади.
Таквийн сифати ҳақида Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ “Ақоидун Насафий”да шундай ёзган:
وَالتَّكْوِينُ صِفَةٌ لِلَّهِ تَعَالَى اَزَلِيَّةٌ وَهُوَ تَكْوِينُهُ لِلْعَالَمِ وَلِكُلِّ جُزْءٍ مِنْ اَجْزَائِهِ لِوَقْتِ وُجُودِهِ وَهُوَ غَيْرُ الْمُكَوَّنِ عِنْدَنَا.
“Таквийн Аллоҳ таолонинг азалий сифатидир. У оламни ва унинг ҳар бир жузини вужудга келтириш вақтидаги яратишидир. У бизнинг наздимизда мукаввандан бошқадир”.
Ушбу матнларни аллома Тафтазоний бирма-бир батафсил шарҳлаб қуйидагиларни айтган: “Таквийн азалий ва абадий боқий турувчидир. Мукавван эса кейин вужудга келишга тааллуқли бўлиш эътиборидан янгидан пайдо бўлувчидир. Таквийн сифати ҳам худди илм, қудрат ва булардан бошқа қадим сифатлар кабидир. Бу сифатларнинг қадим бўлганлиги сабабли уларга тааллуқли нарсаларнинг ҳам қадим бўлиши келиб чиқмагани каби, таквийн сифатига тааллуқли нарсаларнинг ҳодислиги сабабли таквийн сифатининг ҳам ҳодис бўлиши келиб чиқмайди. Ушбулар бу ҳақида айтилган сўзларнинг таҳқиқидир. Зеро, оламнинг вужудга келиши Аллоҳ таолонинг зотига ёки сифатларидан бир сифатига тааллуқли бўлмаган бўлса, мантиқан Яратувчининг сифатларини инкор қилиш ва вужудга келадиган нарсаларни вужудга келтирувчидан беҳожат деб билиш юзага келиб қолади. Бу эса мумкин эмас”[2].
Ашъария мазҳабида “таквийн” ҳодис деб қаралган ва унинг ҳодислигига шундай далил келтирилган: «Таквийнни (феълий сифатларни) қадим дейиш, “мукавван” (пайдо қилинган) ҳам қадим дейиш бўлиб қолади. Чунки “Таквийн” бўлгану лекин “мукавван” бўлмаган дейиш худди зарба бўлган-у лекин “мазруб” (зарба берилган) бўлмаган дейишга ўхшаб қолади. Бу эса муҳол нарсадир. Шунинг учун таквийнни ҳодис деб эътиқод қилишимиз керак, – деганлар.
Мотуридийлар бу қарашларига шундай жавоб берганлар: Агар феълий сифатлар ҳодис бўлганида Аллоҳ таолонинг зоти азалда бу сифатлардан холий бўлиб сўнгра улар билан сифатланган бўлар эди. Бу нарса эса У зотда ўзгариш бўлганига далолат қилиб қолади. У зотда ўзгариш бўлиши эса мумкин эмасдир. Шунинг учун “таквийн” қадимдир, унинг “мукавван”га таъсир ўтказиши ҳодисдир, деб эътиқод қилишимиз керак, – деганлар.
Мана шу нуқтада мотуридийлар ва ашъарийлар орасидаги фарқ ойдинлашади. Яъни ашъарийлар “таквийн” деганда “қудрат” ва “ирода” сифатларининг махлуқотларга таъсир ўтказишини назарда туганлар ва ана шу таъсир ўтказишнинг ўзини назарда тутиб уни ҳодис деганлар. Мотуридийлар эса бу сифатнинг борлиги мукавванга таъсир ўтказишдан олдин ҳам мутлақо ибтидосиз бўлганини назарда тутганлар.
Хулоса шуки, агар иккала тарафнинг қадим ё ҳодис деб айтаётган нарсаларида нимани назарда тутаётганлари аниқлаштириб олинса, ўртадаги ихтилоф фақат лафзий экани маълум бўлади.
Ризқ тушунчаси ҳақида эътиқодимиз
51 - وَإِنَّ السُّحْتَ رِزْقٌ مِثْلُ حِلٍّ وَإِنْ يَكْرَهْ مَقَالِي كُلُّ قَالِي
Маънолар таржимаси:
Албатта ҳаром мол агарчи сўзимни барча ёмон кўрувчилар ёқтирмаса ҳам ҳалол молдек ризқдир.
Назмий баёни:
Ҳаром мол ҳалолдек ризқдир бегумон,
Рад этувчи сўзимни кўрса ҳам ёмон.
Луғатлар изоҳи:
إِنَّ – “ҳуруфу мушаббаҳату феъл”дан бири бўлган таъкид ҳарфи.
السُّحْتَ – бу калима إِنَّ нинг исми. Луғатда “порахўрлик”, “ўғрилик” сингари нопок йўллар билан топилган ҳаром молга нисбатан қўлланилади.
رِزْقٌ – хабар. Ризқ луғатда “ундан манфаат олинган нарса” маъносини англатади.
مِثْلُ – араб тилида бирор нарсани бошқасига ўхшатиш учун شَبِيه ,نَظِير ,كَ ,مِثْ نَدِيد каби бир-бирига яқин маънодаги калималар ишлатилади. Ушбу калималар орасида нозик фарқлар бор:
كَ – фақат баъзи бир сифатларни бошқа сифатларга ўхшатиш учун ишлатилади;
مِثْل – уламолар бу калимани икки хил маънода тушунтирганлар:
1. Мисл – ҳақиқати бир хил нарсалардир. Масалан, инсон инсонга мислдир;
2. Мисл – бир-бирининг ўрнини боса олувчи нарсалардир. Ушбу маънонинг ўзи яна иккига бўлинади:
а) баъзи сифатлари бир-бирига мос келувчи нарсалар;
б) барча сифатлари бир-бирига мос келувчи нарсалар.
Мотуридия мазҳабида биринчи қараш мўътабар ҳисобланади.
شَبِيه – кўп жиҳатлари бир-бирига ўхшаш зотларга нисабатан ишлатилади;
نَظِير – қайсидир жиҳати бир-бирига ўхшаш зотларга нисабатан ишлатилади. Бу калима кўпинча қиладиган ишларининг ҳақиқати ўзаро ўхшаш зотларга нисбатан қўлланилади;
نَدِيد – бир-бирига қарши тура олишда ўзаро ўхшаш зотларга нисбатан ишлатилади.
حِلٍّ – музофун илайҳ.مِثْلُ حِلٍّ калималари رِزْقٌга сифат.
وَإِنْ – шарт ҳарфи وَ ҳарфи билан бирга وَاِنْ шаклида ишлатилса, “гарчи бўлса ҳам” маъносини англатади.
يَكْرَهْ– мажзум феъли. كَرِهَ феъли ёқимсиз нарсаларга нисбатан ишлатилади.
مَقَالِي – фоилдан олдин келтирилган мафъул.
كُلّ – фоил. Бу калима саналмишнинг ҳар бирини тўлиқ қамраш учун ишлатиладиган исмдир. Доимо лафзий ёки тақдирий музоф ҳолатда ишлатилади.
قَالِي – бу калима قِلًى (ёмон кўриш) масдаридан олинган исми фоилдир.
Матн шарҳи:
Ризқ сўзи луғавий жиҳатдан “ризқ”, “кунлик овқат”, “улуш”, “инъом” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса “Аллоҳ таоло жонзотларга етказган ва улар истеъмол қилган нарса ризқ деб аталади”[3].
Дунёдаги ҳамма жонзотларнинг ризқи Аллоҳ таоло томонидан олдиндан белгилаб қўйилган. Сўфи Оллоҳёр бобомизнинг жойлари жаннатда бўлсин, ризқ ҳақида қандай эътиқодда бўлишни қисқа ва лўнда баён қилиб қўйган:
Қидирғон бирла ризқинг қатра тошмас,
Кетар қадринг, қадардин ҳаргиз ошмас.
Белгилаб қўйилган ризқ зиёда ва кам бўлмайди, барча халойиқ ўзига қанча ризқ белгиланган бўлса, ўшани олмасдан қолмайди, албатта тўлиқ олади. Чунки бу унинг олдиндан белгилаб қўйилган насибасидир:
“Уларнинг дунё ҳаётидаги тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз тақсимлаганмиз”[4].
Шунга кўра, инсоннинг истеъмол қилган барча нарсаси ҳалол бўлсин, ҳаром бўлсин, ризқи ҳисобланади. Мўътазилий фирқаси ризқ мутлақо Аллоҳ таоло тарафидан ато қилинадиган нарсадир, шу боис У зот ато қилган нарсани ҳаром деб бўлмайди, – дейишган. Бу сўзларига қуйидагича жавоб берилган: ризқ Аллоҳ таоло томонидан ато этилишига нисбатан асло ҳаром дейилмайди, балки банда уни ман қилинган йўл орқали истемол қилгани ва дунё-ю охиратда унга зарар келтиргани учун ҳаром дейилади. Чунки ҳамма нарса Аллоҳ таолонинг мулки бўлиб, У зот Ўз мулкида хоҳлаган нарсасига ҳукм қилади.
Мўътазилийларнинг даъволари нотўғри экани ақлан ҳам собитдир. Яъни агар ҳаромни ризқ дейилмаса, бир инсон узун умри давомида фақат ҳаром йўл билан мол топиб еган бўлса, уларнинг даъволарига кўра ўша одамга Аллоҳ таоло ризқ бермаган бўлиб қолади. Қуръонда эса ўрмалаган жонзот борки, барчасининг ризқи Аллоҳ таоло томонидан ато қилиниши баён қилиб қўйилган:
“Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул-маҳфуз)да (ёзилган)дир”[5].
Яъни инсонларнинг ҳам, бошқа ҳайвонларнинг ҳам, умуман барча жонзотларнинг ризқини Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олган. Зеро, Аллоҳ таоло уларнинг Яратувчиси бўлгани каби ризқларини ҳам берувчисидир.
Шу ўринда ҳаром ҳам Аллоҳ таоло томонидан берилган ризқ экан нега уни еган одам жазо олиши керак, деган савол пайдо бўлиши мумкин. Бу саволга жавоб қуйидагича бўлади: ҳаромни еган одам ҳалолни қўйиб, ҳаромни танлагани учун жазоланади. Чунки Аллоҳ таоло мутлоқ ризқни ваъда қилган ва бандаларга уни ҳалол йўл билан топишга буюрган:
“Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз”[6].
Агар банда шайтонга ва нафсу ҳавосига эргашиб, Аллоҳ таоло буюрган ҳалол йўлдан ризқ топишга уринмасдан ҳаром йўлдан топишга уринса, Аллоҳ таоло ўша йўлдан ҳам унга эриштириб қўяверади. Лекин буйруғини бажармасдан ман этилган йўлни танлагани учун жазога гирифтор қилади. Шунга кўра, ҳаром еган банда Аллоҳ таолонинг берган ризқини егани учун эмас, балки У зотнинг буйруғини бажармасдан шайтонга эргашгани учун жазоланади.
Ризқ ҳақидаги масала “Ақоидун Насафий”да қуйидагича баён қилинган:
الْحَرَامُ رِزْقٌ وَكُلٌ يَسْتَوْفِي رِزْقَ نَفْسِهِ حَلاَلاً كَانَ اَوْ حَرَامًا وَلَا يُتَصَوَّرُ اَنْ لَا يَأْكُلَ اِنْسَانٌ رِزْقَهُ اَوْ يَأْكُلَ غَيْرُهُ رِزْقَهُ.
“Ҳаром ҳам ризқдир. Ҳамма ўз ризқини ҳалол бўлсин, ё ҳаром бўлсин, тўла-тўкис олади. Инсон ўз ризқини ея олмай қолиши ёки бошқа биров унинг ризқини еб қўйиши тасаввур ҳам қилинмайди”.
Яъни Аллоҳ таоло бирор кишига истеъмол қилишни тақдир қилиб қўйган нарсани бошқа биров устамонлик ёки айёрлик билан илиб кетиши мумкин эмас. Ҳар бир киши ўз ризқу насибасини албатта олади. Аммо ризқ мулк маъносида қўлланганда, уни бошқалар ҳам олиши мумкин:
“Улар ғайбий хабарларга (пайғамбарим Муҳаммад келтирган хабарларга) иймон келтирадиган, намозни баркамол ўқийдиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан (садақа ва) эҳсон қиладиганлардир”[7].
Ушбу оятдаги ризқ қилиб берилган нарсалардан эҳсон қилишлари, уларга мулк қилиб берилган нарсалардан бошқаларга инфоқ-эҳсон қилишлари маъносини англатади.
Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Ҳикамул Атоия”да айтган сўзлари тўғри тафаккур юритган ҳар бир мўмин банданинг қалбини сурурга тўлдиради: “(Аллоҳ таолонинг) сенга етарлича ризқ бериб, ҳаддингдан ошиб кетишинга сабаб бўладиган (нарсалар)ни сендан тўсиб туриши, сенга неъматларни тўлиқ қилиб берганидир”.
Шарҳ: Аллоҳ таолонинг бандага етарлича жисмоний ва руҳий озуқаларни бериб, (банданинг нафси хоҳлаган) баъзи зоҳирий ва ботиний нарсаларни унга ато қилмаслиги аслида унга берилган тўлиқ неъмат ҳисобланади. Чунки тирикчилиги учун етарли нарсани топа олмаслик кишини бандалар олдида хорланишига сабаб бўлса, туғёнга кетказадиган нарсаларнинг ато қилиниши унинг дунёсини ҳам, охиратини ҳам бой беришига сабаб бўлади. Шунинг учун кимга тирикчилигига етарли нарсалар берилган ва туғёнга кетказадиган нарсалар берилмаган бўлса, унга неъматлар тўлиқ қилиб берилган бўлади.
Кейинги мавзулар:
Қабр имтиҳони ҳақида эътиқодимиз;
Қабр азоби ҳақлиги баёни.
Инсоният цивилизацияси тарихида айрим даврлар борки, улар фақат муайян халқ ёки минтақанинг эмас, балки бутун жаҳон тараққиётининг йўналишини белгилаб берган. Ислом цивилизациясининг IX–XV асрлардаги юксалиш даври ана шундай тарихий босқичлардан бири ҳисобланади. Бу даврда илм-фаннинг турли соҳалари бир-биридан ажралмаган ҳолда. ўзаро уйғунликда ривожланди. Математика астрономия билан, тиббиёт фалсафа билан, география математика билан, тилшунослик тарих билан, диний илмлар эса мантиқ ва тафаккур маданияти билан мулоқот қилган. Бугун фанлараро тадқиқот, рақамли гуманитаристика, сунъий интеллект ва комплекс илмий ёндашувлар жаҳон илм-фанининг энг муҳим йўналишларига айланган бир пайтда, ўша тарихий тажриба янада қизиқарли аҳамият касб этмоқда.
Мазкур уйғунлик тасодифий эмас эди. У Қуръони каримда илмга берилган юксак қадр, тафаккурга даъват, инсонни борлиқни англашга чорловчи ғоялар билан мустаҳкамланган илмий дунёқараш маҳсули эди. Шу сабабли ўша давр олимларини бугунги замонавий тушунчалардаги қатъий «мутахассисликлар» доирасига жойлаштириш қийин.
Форобий фалсафа, мантиқ, сиёсат, ахлоқ ва мусиқа назарияси билан шуғулланган. Хоразмий математика ва астрономия соҳаларида ишлаган. Беруний астрономия, география, геодезия, минералогия, тарих ва этнографияга оид асарлар яратган. Ибн Сино тиббиёт билан бир қаторда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар ҳақида ҳам кенг тадқиқотлар олиб борган. Улуғбек эса давлат бошқаруви, таълим ва астрономик тадқиқотларни бирлаштирган илмий муҳитни шакллантирган. Бу мисолларнинг умумий жиҳати шундаки, билим соҳалари ўртасидаги чегаралар қатъий бўлмаган.
Бугун «интердисциплинар тадқиқот» деб аталадиган ёндашувнинг айрим тамойиллари айнан ана шу интеллектуал анъаналар билан ҳамоҳанг.
Шунингдек, ислом цивилизациясининг интеллектуал меросини фақат табиий ва аниқ фанлар билан чеклаш ҳам тўғри эмас. Чунки диний илмлар соҳасида ҳам манбаларни йиғиш, текшириш, таснифлаш ва баҳолашга қаратилган мураккаб илмий анъаналар шаклланган.
Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги мероси бунга яққол мисол бўла олади. Ҳадисларни саралашда ровийлар ҳақидаги маълумотлар, ривоят занжири ва бошқа мезонлар ўрганилган. Имом Мотуридий эса ақидавий масалаларни ақл ва нақл уйғунлиги асосида таҳлил қилган. Унинг мероси ислом интеллектуал анъанасида ақлий далиллаш ва диний билим ўртасидаги муносабат масаласида муҳим ўрин тутади.
Шу жиҳатдан Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний ёки фақат илмий тарих сифатида эмас, кенг интеллектуал жараён сифатида кўриш мумкин.
Ўзбекистонда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси тарихий илмий меросни замонавий тараққиёт эҳтиёжлари билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашувнинг марказида илм-фан, таълим, инновация, маданият ва маънавиятни ўзаро боғлиқ тизим сифатида ривожлантириш ғояси туради.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу концепциянинг муҳим амалий ифодаларидан биридир.
Марказнинг вазифаси фақат тарихий экспонатларни намойиш қилиш билан чекланмайди.
Унинг концепциясида ислом цивилизациясининг илм-фан, таълим, фалсафа, санъат, меъморчилик ва инсонпарварлик соҳаларидаги меросини комплекс равишда ўрганиш ва намойиш этиш ғояси мужассам.
Нафақат музей, балки интеллектуал платформа
Марказни анъанавий музей тушунчаси доирасидагина баҳолаш унинг концепциясини тўлиқ ифодаламайди. Замонавий музей фақат экспонат сақлайдиган жой эмас. У тадқиқот, таълим, рақамлаштириш ва халқаро илмий мулоқот марказига айланиши мумкин. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази концепциясида ҳам ана шу ёндашув муҳим ўрин тутади.
Қадимий қўлёзма — шунчаки тарихий буюм эмас. У тил, тарих, матншунослик, кодикология, санъат, материалшунослик ва рақамли технологиялар нуқтаи назаридан тадқиқ қилиниши мумкин бўлган мураккаб манба. Археологик меросни ўрганишда эса геоинформацион тизимлар, рақамли моделлаштириш, 3D технологиялар ва бошқа замонавий усуллардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Шундай қилиб, маданий меросни ўрганишнинг ўзи фанлараро жараёнга айланмоқда.
Ўтмишни сунъий интеллект билан боғлаш
Технологиялар маданий меросни ўрганиш усулларини ҳам ўзгартирмоқда.
Қўлёзмаларни юқори сифатда рақамлаштириш, матнларни электрон базаларга киритиш, сунъий интеллект ёрдамида матнларни таҳлил қилиш, 3D моделлар яратиш ва виртуал муҳитларда тарихий объектларни қайта тиклаш имкониятлари илмий тадқиқотлар учун янги йўналишларни очмоқда.
Бу ерда муҳим нуқта бор. Технология тарихнинг ўрнини босмайди — у тарихни янги авлод учун тушунарли ва тадқиқот учун янада очиқ қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг концепцияси ҳам ўтмишдаги илмий меросни замонавий технологиялар билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашув тарихий билимни архив ва китоблар доирасидан чиқариб, халқаро тадқиқотчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун очиқ интеллектуал ресурсга айлантириш имконини беради.
«Маърифат билан жаҳолатга қарши»
Ислом цивилизациясининг илмий меросини ўрганишнинг яна бир аҳамияти бор.
Глобал ахборот маконида дин, тарих ва маданият ҳақида турли хил, баъзан бир-бирига зид тасаввурлар юзага келганда тарихий меросни илмий асосда тушунтириш нафақат маданий, балки маърифий аҳамиятга ҳам эга.
Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний маросимлар ёки сиёсий воқеалар орқали эмас, балки математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, география, меъморчилик ва бошқа соҳалардаги ютуқлар билан бирга ўрганиш унинг мураккаб ва кўп қиррали табиатини яхшироқ англаш имконини беради.
Шу маънода маърифат тарихий билимни замонавий ахборот муҳитидаги нотўғри талқинларга қарши муҳим воситага айлантириши мумкин.
Ўзбекистоннинг янги халқаро илмий платформаси
Ислом цивилизацияси бир мамлакат ёки бир халқнинг мероси эмас. У Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий Осиё ва бошқа ҳудудларни қамраб олган кенг тарихий ва интеллектуал маконни ифодалайди. Шу сабабли бу меросни ўрганиш ҳам халқаро ҳамкорликни талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳам турли мамлакатларнинг олимлари, университетлари, музейлари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида мулоқотни кучайтиришдан иборат.
Бу Ўзбекистоннинг ўз тарихий меросини дунёга танитиш билан бирга, мамлакатни глобал гуманитар тадқиқотларнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён этишига хизмат қилиши мумкин.
Учинчи Ренессанснинг асосий кучи
Учинчи Ренессанс ҳақида гап кетганда, масала фақат янги бинолар қуриш ёки янги муассасалар ташкил этишдан иборат эмас. Асосий савол бошқа: Ўзбекистон ўзининг бой илмий меросини замонавий билим ва инновацияларга қандай айлантира олади? Бу саволнинг жавоби илм-фан, таълим, технология, маданият ва инсон капиталининг бир нуқтада бирлашишини талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳам шу нуқтада намоён бўлади. У тарихий меросни сақлаш билан бирга, уни тадқиқ қилиш, рақамлаштириш, халқаро илмий мулоқотга олиб чиқиш ва янги авлодга етказиш учун платформага айланиши кўзда тутилмоқда.
Шу маънода Марказни ўтмишга бағишланган иншоот эмас, келажакка йўналтирилган интеллектуал инвестиция сифатида баҳолаш мумкин.
Чунки цивилизациянинг ҳақиқий қиймати фақат унинг ўтмишда яратган мероси билан эмас, балки бу мерос янги авлод учун қандай янги билим ва ғояларга айланиши билан ҳам ўлчанади.
Хоразмийнинг ҳисоблаш усулларидан бугунги алгоритмларгача, Берунийнинг комплекс тадқиқотларидан замонавий фанлараро лойиҳаларгача, Улуғбек расадхонасидан рақамли астрономиягача бўлган йўл бир ҳақиқатни кўрсатади: илм тараққиёти чегаралар эмас, мулоқот ва ҳамкорлик орқали тезлашади.
Эҳтимол, Учинчи Ренессанснинг энг муҳим вазифаси ҳам ана шунда — аждодлар яратган билимларни шунчаки эслаш эмас, балки улардан янги билимлар яратиш учун фойдаланиш. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ана шу ғоя атрофида шаклланаётган янги интеллектуал муҳитнинг муҳим платформаларидан биридир.
Муаллиф: Абулфайз Сайидасқаров, iccu.uz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати