Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446
Мақолалар

Мусулмонларнинг энг яхши уйи

3.12.2024   3147   11 min.
Мусулмонларнинг энг яхши уйи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муқаддас динимиз Исломда жамиятнинг ҳар бир аъзосига алоҳида эътибор билан муносабатда бўлинади. Зеро, хоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин, ҳар бир инсон ҳурмат-эҳтиромга лойиқдир.

Маълумки, ҳар қандай жамиятда турли табақа вакиллари мавжуд. Улар ичида ўзгалар томонидан эътибор, меҳр-мурувватга муҳтож тоифалардан бири етимлардир.

Афсуски, орамизда ота-онаси вафот этиб кетган ҳақиқий етимлар билан бир қаторда тирик етимлар ҳам етарлича топилади. Уларнинг ота-онаси маълум сабабларга кўра ўз фарзандларини ташлаб кетадилар. Бироқ унутмаслик керакки, улар охиратда бунинг жавобини берадилар, фарзандларидан нима сабаб тонганлари, унга меҳр-мурувват кўрсатмаганлари сабаб сўроққа тутиладилар.

Динимиз Исломда етим-есирларга алоҳида ғамхўрлик қилиш, уларнинг бошини силаш, етимнинг ҳаққини емаслик лозимлиги бот-бот таъкидлаб келинади. Жумладан, Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 152-оятида бундай деган: “Етимнинг молига то у вояга етгунича энг чиройли йўллар билангина яқинлашинг!”.

Ушбу оятда етимга валий бўлган кишиларга қарата: етимнинг молини зое қилманглар, уни яхшилик йўли билан тасарруф қилинглар, унинг молини кўпайтириб, етимнинг тарбияси, таълими ва таом-либоси учун сарфланглар! –деб таъкидланмоқда.

Муҳаммад ибн Қайс оятдаги вояга етиш ёши ўн беш ёш эканини айтган (Ибн Абу Ҳотим ривояти).

Зайд ибн Асламдан ривоят қилинишича, бола эҳтилом бўладиган ёшга тўлганида вояга етган ҳисобланади (Абу Шайх ривояти).

Етимнинг молидан эҳтиёт бўлиш ҳақида бошқа оятда шундай дейилган: “Етимнинг молига то у балоғат ёшига етгунича яқинлашманглар, магар энг чиройли йўсинда (унга бирон зиён етказмасдан яқинлашинглар – тасарруф қилинглар)!” (Исро, 34).

Етимнинг молини ейиш қанчалик гуноҳ экани қуйидаги оятда таъсирчан услубда ифодаланган. Аллоҳ таоло айтади: “Етимларнинг молини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз, қоринларига оловни еган бўладилар. Ва улар, албатта дўзахга кирадилар!” (Нисо, 10).

Ушбу оят икки хил таъвил қилинади:

1. Улар қиёмат куни жаҳаннамга тушишларига сабаб бўладиган нарсани еган бўладилар;
2. Улар етимнинг молини еганлари боис дўзахда қоринларини олов билан тўлдирадилар.

Аллоҳ таоло барчамизни бундай ҳолга тушишдан сақласин!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Тўрт тоифани жаннатга киргизмаслик ва унинг неъматларидан баҳраманд қилмаслик Аллоҳ устидаги ҳақдир. (Булар:) хамр ичишга муккадан кетган кимса, рибохўр, етимнинг молини адолатсизлик билан еювчи ва ота-онасига оққ бўлган кимса” (Байҳақий “Шуабул-иймон”да ривоят қилган).

Ота-онаси ҳам, яқин қариндошлари ҳам бўлмаган бечора етимлар молидан унча-бунча одамлар тийилиши мумкин. Аммо отаси вафот этиб, онаси ҳаёт, уч-тўрт ёки олти-етти ёшли болалари қийин аҳволда бўлишига қарамай, ўзгалар қистови билан ўтказиладиган “эҳсон”ларга бориб, у ерда етимга тегишли бўлган молдан, таомдан истеъмол қилишдан ҳар қандай одам ҳам сақлана олмайди. Балки кўпчилик бу нарсани билмас ёки эътибор бермас. Лекин атрофимизда бундай ҳолатлар кўп кузатилади. Биз бу нарсага аҳамиятли бўлиб, бечораҳол етимлар таомидан ейиш ўрнига уларга ёрдам беришга ҳаракат қилишимиз керак. Балки ушбу маросимни етимнинг амакиси ёки тоғаси қилиб бераётган бўлиши мумкин. Бироқ ўша маросимни қилиш ўрнига пулни етимнинг таълими, уст-боши ва бошқа зарур эҳтиёжлар учун ишлатиш кераклиги кўпчилигимизнинг хаёлимизга келмайди.

Аллоҳ таоло ҳаётда бўладиган синовларга сабр қилмай, шошқалоқлик қиладиган кимсаларга қарата шундай хитоб қилади: “Йўқ, сизлар етимни иззат-икром қилмайсизлар! Мискин-бечорага таом беришга бир-бирларингизни тарғиб қилмайсизлар! Меросни эса (ўзларингизнинг улушингизга ўзгаларникини ҳам) қўшиб ейиш билан еяверасизлар!” (Фажр, 17-19).

Қуйидаги оятда етимларни кимлар хорлаши очиқ-ойдин баён қилинган: “Динни (охиратда бўладиган ҳисобни) ёлғон, дейдиган кимса(нинг қандай кимса эканини) кўрдингизми? Бас, бу етим-есирни (қўполлик билан) ҳайдаб соладиган ва (кишиларни) мискин-бечорага таом беришга тарғиб қилмайдиган кимсадир” (Моъун, 1-3).

Демак, Аллоҳ ва охират кунига ишонган банда етимни ҳурмат қилади, унга меҳр кўрсатади. Имони йўқ, Аллоҳга ишонмайдиган кимсагина етимни хўрлайди, унга зулм қилади, қўпол муносабатда бўлади.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берган неъматларини зикр қилиб, у зотга шундай амр қилган: “Бас, энди Сиз ҳам етимга қаҳр қилманг!..” (Зуҳо, 9).

Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам она қорнида эканларидаёқ оталаридан етим қолдилар, ҳали балоғатга етмай туриб оналаридан ҳам айрилдилар. Агар Аллоҳ марҳамат қилмаганида у зот шунча неъматларга эришмаган бўлардилар. Шу сабаб ҳам мазкур оятда Аллоҳ Ўз Расулини етимга меҳрибон бўлишга чақирмоқда.

Етим-есирларга ғамхўрлик қилиш борасида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар келтирилган.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ أَحَبَّ الْبُيُوتِ إِلَى اللهِ بَيْتٌ فِيهِ يَتِيمٌ مُكْرَمٌ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَأَبُو نُعَيْمٍ وَالْقُضَاعِيُّ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ учун уйларнинг энг яхшиси унда иззат-икром қилинадиган етим бор уйдир”, деганлар (Байҳақий, Табароний, Абу Нуайм ва Қузоъий ривояти).

Қайси хонадон етимни асраб олиб, унга яхши муносабатда бўлса, ўша хонадон Аллоҳ учун энг севимли масканлардан бири бўлади.

وَعَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: خَيْرُ بَيْتٍ فِي الْمُسْلِمِينَ بَيْتٌ فِيهِ يَتِيمٌ يُحْسَنُ إِلَيْهِ وَشَرُّ بَيْتٍ فِي الْمُسْلِمِينَ بَيْتٌ فِيهِ يَتِيمٌ يُسَاءُ إِلَيْهِ أَنَا وَكَافِلُ الْيَتِيمِ فِي الْجَنَّةِ كَهَاتَيْنِ يُشِيرُ بِإِصْبَعَيْهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الأَدَبِ الْمُفْرَدِ وَابْنُ مَاجَهْ وَالطَّبَرَانِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонларнинг энг яхши уйи унда яхшилик кўрадиган етим истиқомат қиладиган уйдир. Мусулмонларнинг энг ёмон уйи унда етимга ёмонлик қилинадиган уйдир. Мен ва етимни кафилига олган киши жаннатда мана шундай бўлади”, деб бармоқлари билан ишора қилдилар (Бухорий , Ибн Можа ва Табароний ривояти).

Демак, етим асраган хонадон аҳллари унга яхши муомалада бўлишлари керак. Акс ҳолда бу уй Аллоҳ наздида энг ёмон хонадон ҳисобланади. Бундай уй Аллоҳнинг раҳмати ва яхшиликларидан узоқ бўлади.

 

وَعَنْ أَبِي أُمَامَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ مَسَحَ رَأْسَ يَتِيمٍ لَمْ يَمْسَحْهُ إِلاَّ للهِ كَانَ لَهُ بِكُلِّ شَعْرَةٍ مَرَّتْ عَلَيْهَا يَدُهُ حَسَنَاتٌ وَمَنْ أَحْسَنَ إِلَى يَتِيمَةٍ أَوْ يَتِيمٍ عِنْدَهُ كُنْتُ أَنَا وَهُوَ فِي الْجَنَّةِ كَهَاتَيْنِ وَفَرَّقَ بَيْنَ أُصْبُعَيْهِ السَّبَّابَةِ وَالْوُسْطَى. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ لِغَيْرِهِ.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким етимнинг бошини фақат Аллоҳ (розилиги) учун силаса, қўли силаган сочнинг ҳар бир толаси унинг учун ҳасанот бўлади. Ким ўзининг қарамоғидаги қиз ёки ўғил етимга яхшилик қилса, мен ва у жаннатда мана шундай бўлади”, деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасини очганлар (Аҳмад, Байҳақий ва Табароний ривояти).

Демак, ким жаннатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшни бўлишни хоҳласа, етимларга меҳр-кўрсатиб, уни яхши тарбия қилиши керак.

Ривоятларнинг бирида етимнинг бошини силаш қалбдаги қаттиқликни кетказиши баён қилинган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَجُلاً شَكَا إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَسْوَةَ قَلْبِهِ فَقَالَ لَهُ: إِنْ أَرَدْتَ تَلْيِينَ قَلْبِكَ فَأَطْعِمْ الْمِسْكِينَ وَامْسَحْ رَأْسَ الْيَتِيمِ. رَوَاهُ أَحْمَدُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига қалбининг қаттиқлигидан шикоят қилиб келганида, у зот: “Агар қалбинг юмшашини истасанг, мискинга таом бер ва етимнинг бошини сила”, деб айтганлар (Аҳмад ривояти).

Халқ орасида “етим қўзи сақласанг, оғзи бурнинг мой бўлар, етим бола сақласанг, оғзи-бурнинг қон бўлар” деган гап бор. Бу нима, етимпарварликдан қайтаришми ёки етимнинг “зулм”идан огоҳ бўлишга даъватми? Аслида етим боқиб, ўз боласидек парваришлаб, улардан кўп яшиликлар кўрган ота-оналар сон-саноқсиз орамизда. Шу маънода халқимиз орасида етимпарварлик ниҳоятда ривожланганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ўзбек халқида етимлар ҳеч қачон кўчада қолмаган. Қаерда етим бўлса, уни боқувчи, тарбиясига олувчи ҳимматли инсонлар доим топилган. Ҳозир ҳам бу эзгу анъана давом эттирилмоқда. Жумладан, ҳукуматимиз томонидан етим болаларга алоҳида ғамхўрлик қилинмоқда, уларнинг тураржойлари таъмирланиб, уст-бош ва озиқ-овқат билан бекаму-кўст таъминланмоқда. Бу келажак авлод тарбиясида муҳим ўрин тутади. Сабаби етим болалар вақтида тарбия қилинмаса, улардан номақбул кўча болалари етишиб чиқиши мумкин. Ҳукуматимиз бу соҳага алоҳида эътибор бериши бежиз эмас.

Етимга яхшилик қилиш қалбни юмшатиши ҳақида бошқа ривоят ҳам бор.

وَعَنْ مُحَمَّدِ بْنِ وَاسِعٍ أَنَّ أَبَا الدَّرْدَاءِ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ كَتَبَ إِلَى سَلْمَانَ أَنَّ رَجُلاً شَكَا إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَسْوَةَ قَلْبِهُ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنْ أَرَدْتَ أَنْ يَلِينَ قَلْبُكَ فَامْسَحْ رَأْسَ الْيَتِيمِ وَأَطْعِمْهُ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ.

Муҳаммад ибн Восеъдан ривоят қилинади: “Абу Дардо Салмонга ёзган мактубида айтилишича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига қалбининг қаттиқлигидан шикоят қилиб келганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар қалбинг юмшашини хоҳласанг, етимнинг бошини сила ва унга таом бер”, деганлар (Аҳмад ва Байҳақий ривояти).

Юқорида келтирилганлардан шундай хулоса қилиш мумкин: ким етимга раҳм-шафқатли бўлса, имконини топиб, уни тарбиясига олса, Аллоҳ розилигига эришади ва жаннатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қўшни бўлади. Етимни хўрлаш, унга зулм қилиш, етимнинг молини ноҳақ йўллар билан ейиш мўминга ёт сифат бўлиб, бу ишни Аллоҳ ва охират кунидан умиди бўлмаган кимсаларгина қилади. Охиратда Аллоҳнинг розилигига эришаман, жаннатга кираман, деган банда борки, етимга ғамхўрлик қилади, унга зулм етказишдан сақланади. Агар етимга яхшилик қилиш қўлимиздан келмаса, жуда бўлмаганда унга зулм қилишдан, азият етказишдан эҳтиёт бўлишимиз керак.

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Жаннат неъматлари ҳақида ўйлаганмисан?!

8.01.2025   14915   14 min.
Жаннат неъматлари ҳақида ўйлаганмисан?!

Жаннат аҳлига ваъда қилинган абадий неъматлар ҳақида ҳам узоқ фикр эт, қалбинг умидга тўлсин. Нафсингни хавф қамчиси билан ҳайдаб, умид билан жиловла ва сиротул мустақимга йўлла. Ана шунда буюк мулкка етасан, аламли азобдан халос бўласан.

Аҳли жаннат хусусида, уларнинг юзларида акс этган неъматлар жилваси, мушк билан муҳрланган май ила қондирилишлари ҳақида ўйлаганмисан?! Жаннат аҳли оқ дурдан тикилган чодирлар ичида, қизил ёқутдан бўлган минбарларда, яшил болишлар ва гиламлар устида, май ва асал оқаётган дарёлар бўйида қурилган сўриларда ястаниб ўтирурлар. Уларнинг атрофида хизматга ҳозир ғуломлар ва ҳеч қачон қаримайдиган болалар бўлур. Жаннат оҳу кўзли, хушхулқ ва гўзал юзли аёллар билан зийнатланган. Ёқут ва маржондек нафис бу бокираларга илгари на бир инс ва на бир жин тегинган...
Уларнинг эгнидаги оппоқ ипак кўзларни қамаштиради. Бошларидаги инжу ва маржонлар қадалган тожлари ундан-да нурафшон. Ишвалари сокинлик ва осудалик билан безанган юзлар қариб қолиш каби ноқисликлардан холи. Улар жаннат боғчаларининг ўртасида ёқутдан бунёд этилган чодирда ёлғиз бўлурлар.

Уларнинг ҳузурида борлиғи ҳаё билан тўсилган мусаффо оҳу кўз ҳурлар бор. Устларида эса мангу ёш болалар оқар чашмадан қадаҳларни, кўзаларни ва косаларни айлантириб турурлар. Яна улар учун худди садаф ичида яшириб қўйилган гавҳар мисоли оҳу кўз ҳурлар бордир. Бу ҳурлар жаннат аҳлининг дунё ҳаётида қилиб ўтган солиҳ амалларининг мукофотидир. Улар жаннатнинг чашмалар, дарёлар оқиб турган эмин мақомида, Қодир Подшоҳ ҳузуридаги рози бўлинган ўринда Маликул Карим Парвардигорининг жамолига боқадилар. Уларнинг юзларида неъматлар жилваси порлайди. Уларга на бир заифлик, на бир хорлик етади. Балки улар Парвардигори томонидан ёғдирилаётган турли неъматлардан бахтиёр, ўзлари истаган масканда абадий қолгувчидирлар. Уларга у ерда на бир хавф, на бир ҳазинлик етмас, балки балою фалокатлардан омондадирлар.

Улар жаннат таомларидан ейдилар. Сут, май, асал тўла дарёлардан ичадилар. У дарёларнинг ерлари кумушдан, тошлари маржон, тупроғи мушк, ўтлари заъфарондир. Қуюқ кофур аралашган оқ атиргул сувларига тўла булутлардан ёмғирлар ёғади. Жаннат аҳлига асли кумушдан бўлган, дур, ёқут, маржонлар билан зийнатланган қадаҳлар, шунингдек, ичида муҳрланган май, аралашмаси чучук салсабил бўлган майкосалар келтирилади. У майкосалардан нур порлайди. Уларнинг софлиги шу даражадаки, майнинг майинлиги ва қирмизи рангги косанинг ташқари томонидан билиниб туради. Чунки, бу одамзоднинг санъати эмас, у бундай гўзалликдан ожиз. Майкосалар чеҳрасидан нур ёғилаётган ходимлар кафтида (жаннат аҳлига узатилган ҳолда) туради.

Ҳа, ходимларнинг нур порлаётган юзлари қуёшга ўхшайди, фақат, у юзлардаги ҳаловат, у кўзлардаги ҳусну малоҳат қуёшда не қилсин!
Ажабо! Охират диёрининг бу сифатларига, бу диёр аҳлининг ўлмаслигига ва жаннат аҳлининг кутилмаган ўзгариш, офат-балолардан омонда эканлигига аниқ ишонган киши, қандай қилиб, охири харобаликка юз тутувчи бу ўткинчи дунёни ўзига дўст билиши мумкин?! Қандай қилиб, у диёр лаззатини, бу дунё лаззатига алмаштириш мумкин?!

Аллоҳга қасамки, агар жаннатда сиҳат-саломатлик билан бирга ўлим, очлик, ташналик каби офатлардан омонлик бўлса-ю, бошқа ҳеч нарса бўлмаса, фақат шу сабабнинг ўзи ҳам бу дунёдан юз ўгиришга арзийди. Нега энди охират диёри бу дунёдан устун қўйилмасин? Ахир, жаннат аҳли ҳар қандай хавфдан омон подшоҳлардир. Улар турли-туман неъматлар ичида шод-хуррам, хоҳлаган неъматлари олдида муҳайё! Улар ҳар куни Арш ёнида ҳозир бўлиб, Аллоҳнинг дийдорига назар соладилар...
Абу Ҳурайра Расули акрам алайҳиссаломнинг бундай деганларини ривоят қилади: «Мунодий нидо қилади: "Эй жаннат аҳли! Энди сиз ҳамиша соғломсиз, ҳеч қачон дардга чалинмайсиз, ҳамиша тириксиз, ҳеч қачон ўлмайсиз. Доимо ёшсиз, ҳеч қачон қаримайсиз. Албатта, сиз саодатли бўласиз, ҳеч қачон бахтсизликка йўлиқмайсиз"» (Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло дейди: «Қилиб ўтган (яхши) амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир» (Аъроф, 43-оят).

Жаннат сифатлари билан танишмоқчи бўлсанг, Қуръон ўқи. Жаннат ҳақида Аллоҳ таолонинг баёнидан улуғроқ баён борми?!

«Парвардигори (ҳузурида) туришидан (яъни, Парвардигор олдида туриб, ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча амалларига жавоб беришидан) қўрққан киши учун икки жаннат бордир» (Раҳмон, 46) оятидан то сура охиригача, шунингдек, Воқеа ва бошқа сураларни ҳам ўқи, жаннат ҳақидаги хабарларнинг тафсилотига боқ! Аввало, жаннатнинг сони билан боғлиқ жиҳатларга эътиборингни қарат. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Раҳмон сурасидаги «Парвардигори (ҳузурида) туришидан қўрққан киши учун икки жаннат бордир» ояти хусусида дейдилар: «Икки жаннат бор, у ернинг идишлари ва бошқа барча нарсалари кумушдан. Икки жаннат бор, у ернинг идишлари ва бошқа барча нарсалари олтиндан. «Адн» дейилмиш мангу жаннатда аҳли жаннат ва Парвардигорининг орасида кибриё ридосигина бўлур» (Муттафақун алайҳ).

Кейин жаннат эшикларини тасаввур қил. Уларнинг сони тоатингга яраша. Яъни, қайси мўминнинг Аллоҳ таолога итоати кўп бўлса, унга очиладиган жаннат эшиклари ҳам шунчалик кўп бўлади. Жаҳаннам эшикларининг сони ҳам кишининг маъсиятига мувофиқ бўлади. Яъни, инсон Аллоҳ таолога қанча кўп итоатсизлик қилса, унга шунча кўп дўзах эшиклари очилади.
Абу Ҳурайра Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини ривоят қилади: «Кимки Аллоҳ йўлида ўз молидан бир жуфт нарсани инфоқ қилса, у жаннатнинг барча эшикларидан чорланади. Жаннатнинг саккизта эшиги бор. Кимки аҳли намоз бўлса, «Бобус солат» (Намоз эшиги)дан, рўза аҳли «Бобус сиям» (Рўза эшиги)дан, аҳли садақа бўлса, «Бобус садақа» (Садақа эшиги)дан, аҳли жиҳод бўлса, «Бобул жиҳод» (Жиҳод эшиги)дан ичкарига чорланади». Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу:
– Аллоҳга қасамки, бу эшикларнинг биттасидан чақирилган киши нажот топади. Жаннат эшикларининг барчасидан чорланадиган киши ҳам борми?
Ҳа, сен ўшалардан бири бўлишингни умид қиламан, дедилар Набий алайҳиссалом» (Муттафақун алайҳ).

Осим ибн Замра Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилади: «Ҳазрати Али дўзахни эслатди. Шундай бир қўрқинч билан эслатдики, унинг даҳшатидан ҳозир қўрқинчдан бошқаси хотиримдан кўтарилди. Кейин шу оятни ўқиди: «Парвардигорларидан қўрққан зотлар эса тўп-тўп ҳолда жаннатга киритиладилар. Қачонки улар дарвозалари очилган ҳолдаги (жаннатга) келиб етганларида ва унинг қўриқчилари: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз» деганларида (улар беҳад шодланурлар)» (Зумар, 73-оят).

Сўнгра кейинги чашмага бориб, у билан покланадилар. Уларга неъматлар жилваси ёғилади. Бадандаги туклардан мудом хуш бўйлар таралади. Сочлар гўё атирли мой сурилгандек бир текис, тартибли. Кейин улар жаннатга етиб келадилар. Жаннат қўриқчилари уларга: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз» – дейишади.
Сўнг вилдон – мангу ёш болалар уларни қарши олишиб, атрофида айланишади, бамисоли, дунё болалари узоқ вақт кўрмаган яқинларини соғинч билан кутиб олиб, атрофида айланишганлари каби. Улар аҳли жаннатга: «Қувонинг, шодланинг! Қаранг, Аллоҳ таоло сизга шунчалик неъматни ато қилибди!» – дея суюнчилашади».

Ровий дейди: «Мангу ёш болалардан бири жаннат аҳли завжаларидан бўлган оҳу кўз ҳурлардан бирига: «Фалончи келди!» деб у жаннатийнинг дунёда чақирилган исмини айтади. Шунда оҳу кўз ҳур:
– Сен уни аниқ кўрдингми? – деб сўрайди.
– Ҳа, аниқ кўрдим, мана у изимдан келяпти, – дейди у. Ўшанда у ҳур севинчдан шу даражада енгиллашиб кетадики, бир зумда жаннат эшиги бўсағасида ҳозир бўлади. Жаннатий банда ўз масканига етиб, маржонлардан иборат соҳил устига қурилган қизил, сариқ, яшил каби турфа рангда товланаётган кўшкка назари тушади. Бошини кўтариб, чақмоқдан чақнаётган кўшкнинг шифтига аста қарайди. Агар Аллоҳ таолонинг тақдири бўлмаганида бу ёрқинлик унинг кўзини кўр қилган бўлар эди. Кўзини шифтдан олар экан, қошида завжаларини, булоқ бўйига қўйилган қадаҳларни, тизиб қўйилган ёстиқларни ва тўшалган гиламларни кўради. Сўнгра уларга суяниб: «...Бизларни бу (неъматларга) йўллаган Зот-Аллоҳга ҳамду сано бўлгай. Агар бизни Аллоҳ ҳидоят қилмаганида ҳаргиз йўл топа олмас эдик...» – дейди (Аъроф, 43-оят).
Кейин мунодий нидо қилади: «Мангу ҳаётсиз, ҳаргиз ўлмайсиз. Доимо бунда муқимсиз, ҳеч қачон кетмайсиз. Ҳамиша саломатсиз, ҳеч қачон хасталанмайсиз».
Расули акрам алайҳиссалом дедилар: «Қиёмат куни жаннат эшиги олдида ҳозир бўламан, унинг очилишини сўрайман. Шунда жаннат қўриқчилари:
– Ким у? – дейди.
– Муҳаммад! – дейман.
Сиздан олдин бирорта кишига эшикни очмасликка буюрилган эдим, – дейди у» (Муслим ривояти).
Жаннатдаги кўшклар, у ерда даражаларнинг фарқланиши тўғрисида ҳам фикр эт. Чунки, охират даража жиҳатидан энг юксак, афзаллиги жиҳатидан энг улуғ мезондир. Одамлар тоатларнинг зоҳирий кўринишида ва ботиний хулқда бир-биридан фарқлангани каби амалларига кўра тақдирланишда ҳам фарқланадилар. Агар юксак даражаларни кўзлаётган бўлсанг, жидду жаҳд қил, токи Оллоҳ таолога итоат қилишда ҳеч ким сендан ўзиб кетолмасин. Ахир, Оллоҳ таоло айни шу майдонда сенга мусобақа ва рақобатни буюрган-ку!
«(Эй инсонлар), Парвардигорингиз томонидан бўладиган мағфиратга ҳамда Оллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва ер кенглиги каби бўлган жаннатга шошилингиз...» (Ҳадид, 21-оят).
«У (май)нинг муҳри мушк бўлур. Бас, баҳслашгувчи – мусобақа қилгувчи кишилар (мана шундай мангу неъматга етиш йўлида) баҳслашсинлар – мусобақа қилсинлар» (Мутаффифун, 26-оят).
Ажабо! Яқинларинг ё қўшниларингдан бирортаси бойиб кетса ёки иморатини баланд қилиб кўтарса, сиқиласан, қийналасан. Ҳасад туфайли ҳаётинг аччиқ зардобга айланади. Лекин энг олий қароргоҳда, жаннатда шундай яқинларинг ёки қўшнилар борки, улар ўз фазилатлари билан аллақачон сендан ўзиб кетди. Бу фазилатларга дунё ва ундаги жамики нарсалар ҳам бас келолмайди.
Абу Саид Худрий Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Устма-уст, даражама-даража жойлашган кўшк аҳли жаннатийларга, бамисоли узоқ уфқларда мағрибу машриққа сочилиб, бир-бири билан мусобақалашаётган юлдузлардек бўлиб кўринади.
– Эй Оллоҳнинг расули, улар пайғамбарлардан ўзгаси етолмайдиган манзилми? – дея сўрашди.
– Жоним измида бўлган Зотга қасамки, у Оллоҳга иймон келтирган ва мурсалларни тасдиқлаган кишиларнинг манзилларидир» (Муттафақун алайҳ).
Расули акрам бу ҳақда яна шундай деганлар: «Жаннатдаги баланд даража эгаларини улардан қуйидагилар худди осмон уфқларида порлаган юлдузларни кўргандай кўрадилар. Абу Бакр ва Умар шулардандир...» (Термизий ривояти).
Жобир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай ривоят қиладилар: «Пайғамбар алайҳиссалом бизга:
Сизларга жаннат кўшкларининг хабарини берайми? – дедилар.
– Ота-онамиз Сизга фидо бўлсин, ё Аллоҳнинг расули, хабарини беринг, – дедик.
Жаннатда ҳамма томони гавҳардан бунёд қилинган кўшклар бор. Бу кўшклар шу даражада шаффофки, ташқарисидан ичи, ичидан ташқариси кўриниб туради. Кўшк ичкарисида на кўз кўрган, на қулоқ эшитган, на инсон хотирига келган бир неъмат, туганмас лаззат, адоқсиз сурур бор, – дедилар.
– Ё Аллоҳнинг расули, бу кўшклар ким учун ҳозирланган? – сўрадим.
– Шундай бир киши учунки, у саломни ёяди, таом едиради, давомли рўза тутади, тунда одамлар уйқуга ғарқ пайтда намоз ўқийди, – дедилар.
– Ё Аллоҳнинг расули, буларни ким бажара олади? – дедик.
– Умматим бу ишларни бажаришга қодир. Улар ҳақида сизларга хабар берайинми? Ким биродарига йўлиққан пайтда салом берса ё алик олса, демак у саломни ёйган бўлади. Кимки аҳли оиласини тўйгунча озиқлантирса, таом едирувчилар жумласидан бўлади. Кимки рамазон ойида ва ҳар ойнинг уч кунида рўзадор бўлса, давомли рўза тутган ҳисобланади. Кимки хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан адо қилса, тунда одамлар яъни, яҳудийлар, насоралар ва мажусийлар уйқуда пайтда намоз ўқиган бўлади, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» (Абу Наим ривояти).

Аллоҳ таолонинг: «...абадий жаннатлардаги покиза масканларга киритур» (Саф, 12) ояти ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашди. Расули акрам дедилар: «Покиза масканлар – маржонлардан бунёд қилинган қасрлардир. Ҳар бир қасрда қирмизи ёқутдан бўлган етмишта ҳовли, ҳар ҳовлида яшил зумраддан бўлган етмишта уй, ҳар уйда бир тахт, ҳар тахтда барча ранглардан уйғун етмишта тўшак, ҳар тўшакда оҳу кўзли ҳурлардан бир жуфти ҳалол бор. Ҳар уйда етмишта дастурхон, ҳар дастурхонда етмиш хил таом бор. Ҳар уйда етмишта ходима бор. Мўмин кишига ҳар куни эрталаб шундай бир қувват бериладики, кун давомида ходимларнинг барчаси билан қўшилишга қодир бўлади» (Абу Шайх ривояти).

Абу Ҳомид Ғаззолий "Иҳё улумуд дин (Сўнгги манзил зикри)" китобидан