Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Май, 2025   |   22 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:23
Қуёш
05:00
Пешин
12:25
Аср
17:27
Шом
19:43
Хуфтон
21:14
Bismillah
20 Май, 2025, 22 Зулқаъда, 1446
Мақолалар

Эркак учун ҳаддидан ошган, инжиқ аёлдан ёмонроқ аёл йўқ

03.12.2024   3130   4 min.
Эркак учун ҳаддидан ошган, инжиқ аёлдан ёмонроқ аёл йўқ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Кунларнинг бирида Қози Шурайҳ раҳимаҳуллоҳ ўзининг дўсти Фузайл раҳмутуллоҳи алайҳни учратиб қолди. Ҳол-аҳвол сўраб: "Уйинг тинчми?" деди. Шурайҳ унга: "Аллоҳга қасамки, қарийб 20 йилдан бери аёлим бирор марта кўнглимга ёқмайдиган иш қилгани йўқ", деди. Фузайл бундан ажабланиб: "Қандай қилиб, эй Шурайҳ", деди.

Солиҳ оилага совчи қўйдим. Никоҳ кечаси аёлимнинг солиҳа ва гўзал хулқли эканини кўрдим. Аллоҳ таолога солиҳа жуфт ҳалол ато этгани учун икки ракат шукр намозини ўқидим. Намозимни тугатиб ортимга қарасам, аёлим ҳам намозни тугатиб, Аллоҳга дуо қилаётган экан.

Уйдаги меҳмонлар, яқин қариндошлар кетишди. Иккимиз ёлғиз қолдик. Шунда аёлимга секин қўлимни узатдим. Аёлим: "Шошилманг!" деди-да, ўрнидан туриб сўзлай бошлади. "Эй Абу Умайя мен сизни яқиндан яхши танимасам, сизга нима ёқишини ва ёқмаслигини билмасам. Сиз менга нимани яхши кўришингизни айтинг, уларни муҳайё қилай ва нималарни ёқтирмаслигингизни ҳам айтинг, улардан узоқ бўлай. Эй Абу Умайя сизга муносиб бўлган қизлар кўп эди ва менга ҳам муносиб умр йўлдошлар кўп эди. Аммо Аллоҳнинг тақдири албатта амалга ошади. Аллоҳнинг хоҳиши ила сизнинг аёлингиз бўлдим. Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ менинг ҳаққим борасида Аллоҳдан қўрқинг! Аллоҳ таолонинг Қуръони каримдаги "...яхшиликча ушлаб қолиш ёки яхшиликча қўйиб юбориш" деган оятига амал қилинг!" деди-да ўрнига ўтирди.

Шунда Қози Шурайҳ айтади: "Аёлимнинг нутқидан сўнг бироз ўйланиб қолдим. Аёлим ҳам ваъз-насиҳат қилишимни кутарди". Ўрнимдан турдим-да, "Агар айтган сўзларингизга амал қилсангиз, берган ваъдангизни бажарсангиз фойдангизга ҳужжат бўлади. Агар амал қилмасангиз икки дунёда ҳам ўзингизга қарши далил бўлади. Мен фалон, фалон нарсаларни яхши кўраман ва фалон, фалон нарсаларни хушламайман. Агар менинг бирор яхши томонимни кўрсангиз, уни кенг ошкор қилинг, борди-ю бирор ёмонлик жиҳатимни кўрсангиз уни яширинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Солиҳа аёл беркитувчи, ёмон аёл ошкор қилувчидир”, деганлар.

Аёлим: "Ўзимнинг ва сизнинг аъзоларингизни қачон зиёрат қиламиз?" деди. Мен: “Улар малолланиб қолмаслиги учун вақти-вақти билан зиёрат қиламиз. Ҳадиси шарифда ҳам “Вақти-вақти билан (орасини узиб-узиб) зиёрат қилинг, янада кўпроқ муҳаббатлигини қозонасиз”, дейилган дедим.

Айтингчи, қўшниларимиздан қайси бирини уйимизга киритишга рози бўласиз, қайси бирларини эса киритишимни хоҳламайсиз. Яхши оилаларни киритамиз, ёмонларини эса йўқ.

Шу тариқа, орадан йиллар ўтди. Кунларнинг бирида уйга келсам аёлимнинг онаси аёлимга гўзал панд-насиҳатлар қилаётган экан. Чиройли тарзда кўришдим. Қизи онасига жуда бахтли ҳаёт кечираётгани ҳақида айтибди. Аёлимниг онаси: "Эй Абу Умайя, аёлинг яхшими?" деб сўради. "Ҳа, Аллоҳга қасамки, энг яхши аёл", дедим. "Эй Абу Умайя ҳар қандай эркак учун ҳаддидан ошган, инжиқ аёлдан ҳам ёмонроқ нарса йўқ. Аёлингни қандай бўлишини истасанг шундай тарбиялагин, ундаги айб-камчиликларни ҳам тўғрилаб тургин", деди. Кейин қизига бурилиб қараб, менга итоат этишга ва қулоқ солишга буюрди.

Шу тарзда йигирма йилдан бери тинч-тотув, бахтли яшаб келмоқдамиз. Аёлим бирор марта менга ёқмайдиган ёки жаҳлимни чиқарадиган иш қилгани йўқ.

Ушбу ривоятдан қуйидаги ҳақиқатни билиб олишимиз мумкин. Агар оила Аллоҳ таолога ва Унинг буйруқларига итоат этишга асосланса, Аллоҳнинг Ўзи эр-хотин орасида бир-бирига яқинлик ва муҳаббатни пайдо қилади. Борди-ю, оила Аллоҳга итоатсизлик қилиш устига қурилса, шайтон эр-хотин орасини бузади.

 

Доктор Муҳаммад Ротиб Нобулсий ҳафизаҳуллоҳнинг маърузаларидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Мабрур ҳаж қандай бўлади?

19.05.2025   1155   6 min.
Мабрур ҳаж қандай бўлади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ҳажга кетаётганларга ёки ҳаждан қайтганлар ҳаққига «Ҳажингиз мабрур ҳаж бўсин!» дея дуо қилинади. Умуман, ҳожиларнинг ўзлари ҳам ўз ҳажларининг мабрур бўлишини истаб, дуои хайрлар қиладилар. Нима учун бундай дуо қилинади? Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу ҳадиси шарифлари бор: Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннат бўлади! (Имом Бухорий, 3/1773; Имом Муслим, 2/1349).

Бошқа бир ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан инсоният учун энг афзал амаллар қайсилигини сўралганида, ул зоти шариф томонларидан бундай амаллар қаторида ҳажжи мабрур ҳам санаб ўтилган эди (Имом Бухорий, 2/1519; Имом Муслим, 1/83).

Шундай экан, ҳажнинг қай тариқада мабрур бўлишини билиб олиш жуда зарур экан. Аввало «мабрур» сўзининг луғавий маъноси қандай?

«Мабрур» сўзи луғатда яхшилик қилинган, қабул қилинган деган маънодадир. Унинг «холис» деган маъноси ҳам бор. Демак, «мабрур» сўзи «мақбул» сўзига маънодош бўлади.

Мабрур ҳаж бўлиши учун қуйидагилар бўлиши лозим:

1) Имом Бухорийнинг “Тарихи кабир” асарида бир ривоят бор. Унда машҳур олим Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг бундай дегани нақл қилинади: Мабрур ҳаж шуки, ҳаждан дунёда зоҳид ҳолда, охиратга рағбатли бўлган ҳолатда қайтмоқликдир (Имом Бухорий, «Тарихи кабир», 3/808).

Демак, ҳожилар юртга қайтар эканлар дунё борасида зоҳид, зуҳду тақвога берилган, охират борасида эса унга рағбат қўйган, ҳаром ва шубҳали нарсаларга парҳезгор бўлиб, ҳар дам ва ҳар қадамда охиратини ўйлайдиган бўлишлари керак экан. Агар ана шундай ҳожилар бўлса, уларнинг ҳажларининг мабрур бўлганининг аломати ана шудир.

2) Ҳаж вақтида гуноҳ иш ва қилиқлар аралашмаган ҳаж мабрур бўлади. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари бор: «Кимки ҳаж қилса, ёмон гап ва ёмон иш қилмаса, ўтган гуноҳлари кечирилади» (Имом Термизий, 2/808).

Ҳадиси шарифда тилга олинган “рафас” сўзи луғатда шаллақилик қилиш, беҳаё гапларни гапириш, бузуқ, ифлос ишларни қилиш маъносида экани айтилади. Қуръони каримда у «хотини билан жинсий яқинлик қилиш» маъносида келган. Бу ерда эса у умумий бўлиб, ёмон гап-сўз, қабиҳ ишлар маъносида қўлланган. Демак, ҳажда бу хилдаги ишлар мутлақо мумкин эмас.

3) Ҳаждан кўзланган мақсад фақат Аллоҳнинг фарз қилган ҳажини адо қилиш бўлиши керак. Шундагина ҳаж мабрур бўлади. Бу тўғридаги Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг мана бу гапига эътибор беринг:

Ким мана бу Уйни бошқа нарсани ирода қилмасдан ҳаж қиладиган бўлса, гуноҳлардан худди онаси туққан кундагидек бўлиб чиқади (Ибн Абу Шайба, 3/12785).

Инсон ҳажга борар экан, тижорат, савдо-сотиқ ва бошқа шунга ўхшаш дунёвий ва ҳаждан ўзга диний ишлар ҳажнинг баҳонаси ила сафарнинг биринчи мақсадига айланиб қолмаслиги керак.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бир хотиннинг ҳаждан қайтаётганини кўриб, «Сайру саёҳат қилиб, дўконларни айланиб юрибсанми?» дебдилар. Хотин тасдиқ жавобини берганида, унга Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Ундай бўлса, қайтадан ҳаж қилгин!» деган экан.

Бир куни Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Каъбага суяниб ўтирганида, Ироқдан келган ҳожилар у ёқдан бу ёққа ўта бошлабдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу уларни олдига чақирибди. «Сизлар ҳажга келдингларми? Тавоф қилдингларми, Сафо ва Марва орасини саъй қилдингларми?» дебдилар. Улар тасдиқ жавобини қилибдилар. «Ҳозир нима қилаяпсизлар? Ҳаж мавсумидан фойдаланиб қоляпсизларми?» дебди.

Ҳожилар фурсатдан фойдаланиб, у ер бу ерларни кўриб юришганини, у ёққа бу томонга ўтиб, бориб-келиб юрганларини, бошқа хайрли амаллар, кўпроқ зикр, кўпроқ нафл ибодатлар қилмаётганларини айтишибди. Шунда Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу уларга ҳажни қайта қилишларини буюрибдилар (Ибн Абу Шайба, 3/12787).

Саҳоба Абу Зарр розияллоҳу анҳу ҳаж кунларида Рабза деган жойни айланиб юрган ҳожиларни кўриб, уларга ҳажларини қайта қилишни бурган экан.

Демак, инсон ҳаж кунларини ғанимат билиши, бошқа нарсаларга, совға-саломларга чалғиб кетиб, ибодатлардан, зикрлардан қолиб кетмаслиги керак. Шунда унинг ҳажи мабрур бўлади.

4) Ҳажи мабрур бўлганининг аломати ҳожи ҳаж қилиб қайтганидан сўнг унинг ҳоли яхши тарафга ўзгаришидир. Ҳар бир ҳожи ўз ҳолига қараб кўрсин: кўпроқ ибодатлар қилаяптими, ўқиётган нафллари аввалгидан кўпайдими, одамларга қилаётган хайрли амаллари ортдими, оғзидан чиққан ёмон гаплар энди йўқолдими, ёмон амаллари йўқолдими, ҳеч кимга айтиб бўлмайдиган гуноҳлари, айбу нуқсонлари озайдими?

5) Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтган: “Ҳаж мабрур бўлиши учун ҳаж арконлари, маносиклари, амаллари, фарзу, вожибу суннат ва мустаҳабларининг барчаси мукаммал ва тўлиқ адо қилиниши керак”. Бу жуда муҳим гап! Ҳожилар бунга эътибор қаратишлари керак бўлади. Ҳажнинг амалиётларининг бирортаси қолиб кетмаслиги, амалларнинг кетма-кетлиги, тартиби ўзгармаслиги, шошма-шошарликка йўл қўймаслиги, бировлар гапига кириб осон ва қулай йўлга ўтиб олмаслиги керак.

6) Муҳаммад Юсуф Баннурий раҳимаҳуллоҳ ҳажнинг мабрур бўлиши учун у риёдан холи бўлмоғи керак, деб таъкидлаган. Зотан, риё савоблар кушандасидир. Хўжакўрсинга, одамлар ҳожи десин, ҳамманинг эътибори ва обрў-ҳурматига сазовор бўлиш мақсадида ҳажга борса; ҳамма ҳажга бораяпти-ку, деб одамлар кўзи учун ҳажга кетса, унинг ҳажи мабрур бўлмаслиги мумкин.

7) Умуман, мабрур ҳаж деганда гуноҳ, маъсият аралашмаган ҳажга айтилади. Чунки унинг «холис ҳаж» деган маъноси бор. Бу гуноҳлардан холи, деганидир. Тавоф асносида, одамлар тиқилинчида бировга туртилмасликка, бировнинг оёғини босиб олмасликка ҳам эътибор қаратиш керак бўлади. Бировнинг кўнглига оғир келадиган гапларни гапирмаслик керак. Бунинг учун зикрга зўр бериш керак. Ҳажга бориб, меҳмонхонада оёқ узатиб ётиб, умрида бир марта бўладиган, атиги ўн беш кунлик муборак сафарида бу ёқдаги, юртидаги дунёвий ишларини муҳокама қилишнинг ҳеч кераги йўқ.

Барча ҳожиларнинг ҳажлари мабрур, саъйлари машкур бўлсин!

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

 

Мақолалар