Cавол: Қабрда савол-жавоб қайси тилда бўлади? Баъзилар араб тили дейишди. Шунга кўра вафот этган киши араб тилини тушунмасачи?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қабрда бўладиган савол-жавоблар бизга нисбатан ғайб бўлиб, савол-жавоблар муайян тилда бўлиши ҳақида бирор оят ва ҳадисда очиқ айтилмаган. Шунинг учун бу борада баҳс-мунозаралардан тилни тийишимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Бу билан машғул бўлиш кишининг дини ва дунёси учун ҳеч қандай фойда келтирмайди. Албатта, ҳар бир қавмга ўзининг тилидан пайғамбар юборган Ҳаким зот бўлмиш – Аллоҳ таоло қабрда ҳам бандани ноқулай ҳолга солиб қўймайди.
Биз билишимиз лозим бўлаган нарса – қабрда киши айрим саволлар билан имтиҳон қилиниши ва саволлар берилиши ҳақ ва ростдир. Зеро, бу борада кўплаб ҳадислар нақл қилинган.
Жумладан, Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон маййитнинг дафнидан фориғ бўлсалар қабр устига келиб: “Биродарингиз учун истиғфор айтинг. Унга сабот сўранг. Чунки ҳозир у сўралади”, дер эдилар (Имом Абу Довуд ва Имом Баззор ривоят қилишган).
Аммо ушбу савол-жавоб айнан қайси тилда бўлиши маълум эмас. Шуниси аниқки, у ердаги саволлар банда тушунадиган ва англайдиган ҳолатда бўлади.
Шунинг учун ҳам Аллома Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Ҳар кимга ўзининг тилида хитоб қилиниши эҳтимоли бор” деганлар (“Ал-имтаъ бил-арбаин ал-мутабайинатис-самоъ” китоби). Тавфиқ Аллоҳдан.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Савол: Намоздан кейин имом «Оятал курсий»ни бошидан ўқиганда жамоат қолганини ичида давом эттирадими ёки бошидан бошлайдими? Зикрларни айтишдачи?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намоздан кейин оятал курсий ва тасбеҳларни айтиш мустаҳаб амал саналиб, уларни имом ҳам, жамоат ҳам ўқишлари мандуб, яъни гўзал ва савобли иш ҳисобланади. Шунинг учун имом бошлаб берганидан кейин жамоатдагилар ҳам оятал курсийни бошидан ўқийдилар.
Шунингдек, тасбеҳларни 33 тадан айтадилар. Имом уларни овоз чиқариб бошлаб беришининг сабаби жамоатга айтиладиган зикрни эслатиш учундир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом фарз намозлардан кейин «Оятал курсий»ни ўқишнинг фазилати ҳақида бундай дейдилар: “Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятал курсийни ўқиса, кейинги намозгача Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлади” (Имом Табароний ривоятлари).
Бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилади:
“Ким ҳар бир фарз намознинг ортидан Оятал курсийни ўқиса, уни жаннатга киришдан фақатгина ўлим тўсиб туради” (Имом Насоий ривояти).
Намоздан кейин тасбеҳларни айтиш борасида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта Аллоҳу акбар”, деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлади. Юзинчисида “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайьин қодийр”ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпикларича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).
Шунга кўра имом домла “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Аллоҳу акбар” дейиши ўзи учун ҳисобга ўтади. Жамоатдаги намозхонлар 33 тадан ўзлари айтишлари керак бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.