Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация Буюк Британияга ташрифи давомида Оксфорд Ислом тадқиқотлари марказига ташриф буюрди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Марказ вакиллари ва олимлари билан учрашувда мамлакатимиз элчиси Равшан Усмонов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Уйғун Ғафуров, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Музаффархон Жониев, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Жамолиддин Каримов ва бошқалар иштирок этди.
Янги Ўзбекистонда маданий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва оммалаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, долзарб илмий тадқиқотлар ҳақидаги, шунингдек, бу борадаги халқаро ҳамкорликни фаол ривожлантиришга оид тақдимотлар тингланди.
Ўз навбатида, Оксфорд Ислом тадқиқотлари маркази вакиллари ҳам қатор давлатлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган "Ислом олами тарихи атласи" лойиҳасини тақдим этди. Лойиҳада дунёнинг ҳар бир минтақасининг Ислом цивилизацияси ривожидаги ўрни, муҳим кашфиётлар, олимлар ҳаёти ва фаолияти, шунингдек, ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси кўриб чиқилди. Музокаралар чоғида ушбу лойиҳа туркумида Марказий Осиёнинг ислом цивилизацияси ривожидаги ролига бағишланган жилдни яратиш бўйича икки томоннинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш бўйича келишувга эришилди.
Учрашув Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро тадқиқот марказлари ва Оксфорддаги ислом тадқиқотлари маркази ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланиши билан якунланди. Тадбир доирасида сўнгги йилларда чоп этилган китоб ва альбомлар кўргазмаси ташкил этилди.
Оксфорд ислом тадқиқотлари марказига Катта Лангар Қуръони факсимилеси, шунингдек, "Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида" туркумидаги китоб-альбомлар совға қилинди.
– Ўзбекистон бой тарих ва бетакрор маданий меросга эга қадимий мамлакат, – деди Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази директори Фарҳан Низомий. – Мен Ўзбекистонга кўп маротаба борганман. Аммо сўнгги йилларда мамлакатингиз ташқи дунё билан алоқалари тобора кенгая бошлади. Янги Ўзбекистон раҳбари барча хорижий ҳамкорлар қатори биз олимлар, хорижий тадқиқотчилар учун ҳам эшиклар очиқ эканини айтмоқда. Жумладан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази билан биргаликда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича олиб борилган музокаралар кутилган натижаларни беришига ишонаман.
Шундан сўнг, Ўзбекистон делегацияси вакиллари дунёнинг энг қадимий кутубхоналаридан бири бўлган Оксфорддаги Бодлеан кутубхонасида бўлди ва у ерда Ўзбекистонга оид нодир қўлёзмалар билан танишишди.
–Ўзбекистон буюк алломалар, шоир ва мутафаккирлар юрти, – дейди Бодлеан кутубхонаси Шарқ қўлёзмалари бўлими куратори Николас Контовас. – Жумладан, ҳазрат Алишер Навоийнинг ул зот ҳаётлиги даврида кўчирилган қўлёзмалари кутубхонамиз фондининг нодир жавоҳирларидан саналади. Бундай бебаҳо асарларни бемалол бутун инсониятнинг хазинаси дейиш мумкин.
Кутубхонада ўзбекистонлик олимлар Ўзбекистон маданий меросига оид ўндан ортиқ қўлёзмалар билан танишдилар. Айниқса, Алишер Навоийнинг шахсий дастхати бўлган "Хамса" қўлёзмаси катта таассурот қолдирди. Мирзо Улуғбекнинг "Зижи Кўрагоний" асари ҳам ўзига хос тарихга эга. Уни салкам уч аср илгари оксфордлик олим Жон Гейвс сотиб олган ва китоб ҳошиясида зарҳал қайдлар киритган. Китоб саҳифаларида усмонли турк тилидаги битиклар ҳам учрайди.
Ўзбекистон илмий делегациясининг Буюк Британияга ташрифи давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Луқмони Ҳаким ўз ўғилларига қилган насиҳатлари Қуръони каримда келтирилади.
Насиҳатнинг энг биринчиси – шикрдан қайтариш.
“Эй, ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир” (Луқмон сураси, 13-оят).
Ширк энг оғир зулм, энг қабиҳ жаҳолат ва энг катта гуноҳ саналади.
Насиҳатнинг иккинчиси – ота-онанинг ҳаққини адо этиш.
“Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсаларда) дунёда яхши муомалада бўлгин” (Луқмон сураси, 15-оят).
Ота-она ҳатто мушрик бўлсалар-да, уларга қўпол муносабатда бўлмаслик талаб этилади.
Насиҳатнинг учинчиси – Аллоҳ ошкор махфий ҳар бир нарсани билиб турувчи Зот.
“Эй, ўғилчам! Шубҳа йўқки, агар хантал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса, бас, у (амал) бирор харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани ҳам Аллоҳ келтирур. Зеро, Аллоҳ лутфли ва огоҳ зотдир” (Луқмон сураси, 16-оят).
Насиҳатнинг тўртинчиси – намоз, амри маъруф, наҳйи мункар ва сабр.
“Эй, ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил!...” (Луқмон сураси, 17-оят).
Насиҳатнинг бешинчиси – очиқ юзли, ширин сўзли, тавозеъли бўлиш, кибрланмаслик.
“Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18-оят).
Насиҳатнинг олтинчиси – бақир-чақир қилмаслик.
“(Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин! Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир” (Луқмон сураси, 19-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД