Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Шайх Мухаммад Ротиб Нобулисий ҳафизаҳуллоҳ айтадилар:
Агар Аллоҳ сиз билан бирга бўлса, ким сизга қарши бўла оларди.
Агар Аллоҳ сизга қарши бўлса, ким сиз билан бирга бўла олади.
Агар Аллоҳнинг муҳаббатини қозонсангиз, нимани йўқотасиз.
Агар Аллоҳнинг муҳаббати сиздан узоқ бўлса, унда нимани қўлга киритасиз.
Аллоҳнинг муҳаббати орқали эришилган натижа, самара ва ютуқларнинг адади ҳамда сон-саноғи йўқ. Масалан, агар Аллоҳ сизни яхши кўрса, У Зот одамларнинг қалбида сизга бўлган муҳаббатни пайдо қилади. Одамларнинг сизни яхши кўриши бу бебаҳо неъматдир.
Агар Аллоҳ сизни яхши кўрса, сизга ҳикматни ато этади. “Кимга ҳикмат берилса, дарҳақиқат, унга кўп яхшилик берилибдир”.
Ҳикмат ато этилган банда, шукр қилувчи, қаноатли бўлади.
Ҳикмат ато этилмаган банда эса ношукр, бетоқат бўлади.
Ҳикмат ато этилган банда, аёли итоатсиз бўлса ҳам бахтли ҳаёт кечиради.
Аммо ҳикмат ато этилмаган банда эса, аёли солиҳа, итоатгўй бўлса-да бахтли бўла олмайди.
Даврон НУРМУҲАММАД
Cавол: Коллежда ўқиб юрган вақтларимда баъзан автобусдан йўлкирани бермасдан тушиб кетардим. Бу ишнинг оғир гуноҳ эканини англаб етдим. Буни қандай тўғриласам бўлади? Тахминий ҳисоблаб, садақа қилсам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиз бу ишингиз учун аввало истиғфор айтиб, тавба қиласиз. Тўламаган йўлкираларингизни тахминий ҳисоблайсиз ҳамда ўзингиз фойдаланган автобуслар бошқармасидан йўлкиралар тўланадиган ҳисоб рақамлари бўлса, қарзларингизни шунга ўтказиб қўясиз ва шу билан зиммангиздаги юкдан қутиласиз, иншааллоҳ. Агар уларда бундай имконият бўлмаса, садақа қилиб юборасиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.