Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Январ, 2025   |   5 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:33
Аср
15:26
Шом
17:10
Хуфтон
18:30
Bismillah
04 Январ, 2025, 5 Ражаб, 1446

Агар Аллоҳ сиз билан бирга бўлса, ким сизга қарши бўлади

4.12.2024   1996   1 min.
Агар Аллоҳ сиз билан бирга бўлса, ким сизга қарши бўлади

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Шайх Мухаммад Ротиб Нобулисий ҳафизаҳуллоҳ айтадилар:

Агар Аллоҳ сиз билан бирга бўлса, ким сизга қарши бўла оларди.

Агар Аллоҳ сизга қарши бўлса, ким сиз билан бирга бўла олади.

Агар Аллоҳнинг муҳаббатини қозонсангиз, нимани йўқотасиз.

Агар Аллоҳнинг муҳаббати сиздан узоқ бўлса, унда нимани қўлга киритасиз.

Аллоҳнинг муҳаббати орқали эришилган натижа, самара ва ютуқларнинг адади ҳамда сон-саноғи йўқ. Масалан, агар Аллоҳ сизни яхши кўрса, У Зот одамларнинг қалбида сизга бўлган муҳаббатни пайдо қилади. Одамларнинг сизни яхши кўриши бу бебаҳо неъматдир.

Агар Аллоҳ сизни яхши кўрса, сизга ҳикматни ато этади. “Кимга ҳикмат берилса, дарҳақиқат, унга кўп яхшилик берилибдир”.

Ҳикмат ато этилган банда, шукр қилувчи, қаноатли бўлади.

Ҳикмат ато этилмаган банда эса ношукр, бетоқат бўлади.

Ҳикмат ато этилган банда, аёли итоатсиз бўлса ҳам бахтли ҳаёт кечиради.

Аммо ҳикмат ато этилмаган банда эса, аёли солиҳа, итоатгўй бўлса-да бахтли бўла олмайди.

Даврон НУРМУҲАММАД

Бошқа мақолалар

Намоздан кейин жамоат билан дуо қилиш

3.01.2025   966   13 min.
Намоздан кейин жамоат билан дуо қилиш

ЯНГИ ЗОҲИРИЙЛАР

Ҳозирги пайтда ҳам эски зоҳирийларнинг баъзи фикрлари билан қуролланган тоифалар мавжуд. Биз уларни ушбу сатрларимизда «ихтилофчилар», «бемазҳаблар» деб атамоқдамиз. Баъзи кўзга кўринган уламоларимиз эса уларни «янги зоҳирийлар» деб аташади. Ана шу муҳтарам уламоларимизнинг таъкидлашларича, «янги зоҳирийлар»да ҳам эски зоҳирийларнинг сиймолари мавжуд. «Янги зоҳирийлар» эскиларидан кўп нарсаларни, жумладан, жузъий матнларга ёпишиб олиб, ҳарфма-ҳарф таҳлилга ўтиш, юзаки маъно бериш, қиёсни инкор қилиш, ҳукмларни мақсад ва ҳикматга боғламаслик каби хусусиятларни мерос қилиб олган бўлсалар ҳам, илмда, хусусан, ҳадис ва осорларда кенгликни олмаганлар. Бу эса ўз навбатида уларнинг динни тушунишларига, диний матнлардан шаръий ҳукмларни чиқаришларига, ҳаёт ва одамлар билан бўладиган муомалаларига ўз таъсирини кўрсатган.

Турли гуруҳларга мансуб янги зоҳирийларнинг фаолиятини ўрганган уламоларимиз уларнинг қуйидаги хусусиятларига алоҳида эътибор қаратадилар:

1. Оят ва ҳадисларни фаҳмлашда ҳамда улардан ҳукм чиқаришда сиртқи маъноларга ёпишиб олиб, ҳарфма-ҳарф таҳлил қилиш ҳамда матнларнинг ортидаги мақсад ва ҳикматларга назар солмаслик.

2. Масалаларнинг оғир томонини олиш ва қийинлаштиришга мойиллик.

3. Ўз фикрини ягона тўғри фикр деб ҳисоблаб, ғурурга кетиш.

4. Ўз фикрига мухолиф бўлганларга нисбатан муросасиз бўлиш.

5. Ўзидан бўлмаганларни «фосиқ», «бидъатчи» ва «кофир»га чиқариш.

6. Диний, мазҳабий ва бошқа масалаларда фитна чиқишига бепарво бўлиш.

Юқорида айтиб ўтилган ва бу ерда айтилмаган яна бошқа хусусиятлари ила янги зоҳирийлар мусулмонлар ичида доимий равишда турли ихтилофларнинг чиқиб туришига сабаб бўлмоқдалар. Агар ушбу тушунча ва фикрларни фақат ўзлари татбиқ қилиб, бошқаларга таъсири бўлмаса, ҳеч ким хафа бўлмас эди. Аммо, минг афсуски, улар ўз фикрларига бошқалар ҳам юриши лозимлигини даъво қилишлари ва бу борада олиб бораётган ишлари билан мусулмонлар оммасини паришон қилмоқдалар.

Қуйида бизнинг шароитимизда кўпроқ ташвишга сабаб бўлган ихтилофлар ва уларга қарши берилган тушунтириш ва жавоблардан намуналар келтирилади. Яхши ният билан ҳали содир бўлмаган ёки у даражада кўп тарқалмаган ихтилофлар ҳақида сўз очмасликка ҳаракат қилдик. Ўша ихтилофлар бизда қўзғалмас, деган умиддамиз.

Шу билан бирга, биз юқорида зикр этилган ихтилофчилардан бошқаларни, яъни ўз ичимиздан чиққан ихтилофчилардан ҳам баъзиларини эслаб ўтдик. Чунки биз фақатгина маълум гуруҳ ёки тоифага эмас, умуман, ҳар қандай ихтилофга мутлақо қаршимиз.

Тажрибадан собиқ Совет Иттифоқи ҳудудидаги мусулмонлар ва уларнинг аҳли илмлари, имомлари ва диний соҳага боғлиқ бошқа кишиларининг ушбу ихтилофлар бўйича далил ва ҳужжатли маълумотларга эҳтиёжлари тушиб туриши маълум бўлгани учун ҳам уларни бир жойга жамлашни маъқул деб топдик.

 

НАМОЗДАН КЕЙИН ЖАМОАТ БИЛАН ДУО ҚИЛИШ

Ихтилофчи ва бемазҳаблар намоздан кейин жамоат бўлиб дуо қилишни ҳам инкор қиладилар. Бу ишни қилганларни хатокорликда айблайдилар. Ҳижрий 1430, милодий 2009 сананинг ёзида бемазҳабларнинг бизнинг юртимиздаги вакиллари факс орқали келган икки варақли араб тилидаги ёзувни қўлга олиб, ана унда одамлар ичида уларнинг намоздан кейинги қилаётган дуолари бидъат ва хато экани баён қилинганини айтиб юришди. Варақда «намоздан кейин жамоат бўлиб дуо қилиш» Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳозир бўлмаганлари учун бидъат бўлиши ҳақида яқинда оламдан ўтган икки кишининг гапи келтирилган эди.

Биз бу гапдан хабардор бўлганимиздан икки-уч кун ўтиб, ҳудди шу гап бемазҳаблар томонидан бошқа давлатларда, ҳатто АҚШда ҳам тарқатилаётгани тўғрисида хабар топдик. Албатта, бу янги гап эмас эди. Бемазҳаблар уни авваллари ҳам кўтаришган эди. Ўзи уларнинг одати шу, ўзлари қўзғаган ихтилофларни тез-тез янгитдан қўзғаб туришади.

Намоздан кейин имом қавмга қараб ўтириб, жамоат бўлиб зикрларни айтиб, сўнгра қўлларнни кўтариб дуо қилишлари, қавм имомнинг дуосига «Омин», «Омин», деб туриши ҳақида саволлар кўп. Авваллари бу масалада ҳеч қандай гап кўтарилмас эди. Аммо кейинги пайтда турли сабабларга кўра, саволлар кўпайди.

Аслида бу масала аллақачон ҳал бўлган: муҳаддислар ўз китобларида бу борадаги ҳадисларни ривоят қилган ва фуқаҳолар ўз китобларида уни яхшилаб таҳлил қилиб, ечиб берган эдилар. Аммо баъзи кимсалар эски гапни яна қайта қўзғаб, одамларнинг ҳаёли паришон бўлишига сабаб бўлдилар.

Начора, модомики ўзи билмаган, ақли етмаган нарсаларни инкор қиладиганлар йўқ бўлмас экан, қайта-қайга овора бўлишдан бошимиз чиқмайди. Шунинг учун муҳтарам китобхонга қисқача баёнот беришни лозим кўрдик.

Аввало, бу масалада алоҳида рисолалар ёзганлар ҳам бўлганини айтиб қўймоқчимиз. Мисол учун, Махдум Муҳаммад Ҳошим Тонтавий Синдийнинг «Мухтасари ат-туҳфатул марғуба фий афзалияти ад-дуои баъдал мактуба» («Фарз намозидан кейинги дуонинг афзаллиги ҳақида марғуб туҳфа мухтасари») китобини келтиришимиз мумкин.

Бу китобда муаллиф фарз намоздан кейин қўлни кўтариб дуо қилиш, жамоат бўлиб дуо қилиш ва «Омин», «Омин», деб туриш ҳақидаги кўплаб ҳадисларни келтирган.

Биз ўзимизга жуда керакли бўлган биргина иқтибосни келтириш билан кифояланамиз:

«Агар «Шайх Абдул Ҳақ Деҳлавий «Ас-сиротул мустақийм»га қилган шарҳида: «Араб ва ажам юртларида одат бўлиб қолган саломдан кейин имом ва қавмнинг тўпланиб дуо қилишлари, имомлар дуо қилиб, қавмнинг «Омин», деб туриши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятларидан эмас, бу ҳақда бирорта ҳадис келмаган, бу нарса мустаҳаб саналган бидъатдир», деган, унга қандай жавоб берилади?» дейилса, айтамизки, бунинг жавоби қуйидагича:

«Мифтоҳус-солат»нинг соҳиби Аллома Фатҳ Муҳаммад ибн шайх Ийсо Шиторий ўзининг «Футуҳул аврод» деб номланган китобида қуйидагиларни айтган: «Албатта, шайх Абдул Ҳақ олти саҳиҳ ҳадис китобларида ва бошқа асарларда намоздан кейин қилинадиган дуолар ҳақидаги ҳадисларни кўрмагани учун бу ишни бидъат деб айтган.

Агар шайх Абдул Ҳақ намоздан кейин дуо қилиш аслида бидъатдир, деган гапни ирода қилган бўлса, шубҳасиз, гапи нотўғри. Чунки биз китобимизда келтирган, фарз намозидан кейинги дуолар ҳақидаги ривоятларнинг ҳаммаси бу гапни рад қилади.

Агар шайх Абдул Ҳақ намоздан кейин имомнинг икки қўлини кўтариб дуо қилиши ва иқтидо қилувчиларнинг «Омин», «Омин», деб туриши шаклидаги дуони бидъат деган бўлса, бу гапи ҳам нотўғри. Чунки дуода икки қўлни кўтариш суннатдир, дуонинг охирида икки қўлни юзга суртиш ҳам дуонинг суннатидир, эшитувчиларнинг «Омин», «Омин», деб туришлари ҳам дуонинг суннатларидан.

Агар бу ишларнинг ҳаммаси мустаҳаб суннатлардан бўладиган бўлса, суннат нарсалардан таркиб топган иш нима учун бидъат бўлар экан?! Бу ишни бидъат дейиш мутлақо нотўғридир».

 Кейин муаллиф мазкур уч суннат амалнинг ҳар бирига ўнлаб ҳадисларни далил қилиб келтиради.

 Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Намоз ортидан келувчиларни айтувчилар – ёки «қилувчилар» – ноумид бўлмаслар. Ҳар бир намоз ортидан ўттиз учта тасбеҳ, ўттиз учта ҳамд ва ўттиз тўртта такбир», дедилар» (Имом Муслим ва Термизий ривоят қилишган).

Ушбу ҳадисда қайд қилинган амал, яъни ҳар бир намоз ортидан ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ», ўттиз уч марта «Алҳамдулиллаҳ», ўттиз тўрт марта «Аллоҳу акбар»ни зикр қилиш кейинги ривоятларда келадиган зикрлар билан уйғунлашиб, татбиққа кирган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:

«Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта «Аллоҳу акбар», деса, ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлур. Юзтанинг тамом бўлиши (учун) «Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр»ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпиклари каби бўлса ҳам, мағфират қилинур» (Имом Муслим ривоят қилган).

Абу Умомадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ҳар бир фарз намоздан кейин Оятул-Курсини қироат қилса, уни жаннатга киришдан фақатгина ўлим (ўлмагани) тўсиб туради», дедилар».

Насоий ривоят қилган.

Мана шу келтирилган ривоятлар асосида намоздан сўнг Оятул-Курсини ва тасбеҳларни жамлаб зикр қилиш «сўфийлар ҳатми» ҳам дейилади. Чунки бу нарсага айнан сўфийлар бошқаларга нисбатан кўпроқ аҳамият беришади. Бунда Оятул-Курси тасбеҳ ва таҳлиллардан олдин ёки кейин ўқилишининг ҳеч қандай фарқи йўқ. Тасбеҳлар билан бирга Оятул-Курсини ҳам ўқиш «нур устига нур» дейилади.

Чунки Оятул-Курси Қуръони Каримдаги энг улуғ оятдир. Ушбу хатмни қилиш бизда ҳам жорий бўлиб келаётган амаллардан биридир.

Жамоат бўлиб дуо жоизлигига далил сифатида Қувайт давлати Вақф ва Исломий Ишлар вазирлиги қошидаги фатво ҳайьати томонидан чиқарилган «Мажмуъатул фатавои шаръийя» китобининг 7-жузида нашр этилган қуйидаги маълумотни ҳам тақдим қиламиз. Ушбу маълумот бу масала бизнинг диёримиздан бошқа томонларда ҳам қўзғалиб туришига далил бўлади.

«Қувайт Вақф ва Исломий Ишлар вазирлиги ҳузуридаги ҳайъатга жаноб Фаҳддан қуйидаги савол тақдим этилди:

«Баъзи одамлар Аллоҳга жамоат бўлиб дуо қиладилар. Мажлислардан бирида буни кўриб, ҳайратландим ва ўша кишидан: «Бу нарса шариатда борми?» деб сўрадим. У менга бунинг шариатда борлигини ифода қиладиган ҳадисни айтди.

Ҳaбuб ибн Маслама Феҳрийдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бир қавм жамланса ва баъзиси дуо қилса, қолганлари «Омин», деса, Аллоҳ уларни албатта ижобат қилади», деганларини эшитдим».

Табароний ривоят қилган.

Бу жамоавий дуо масжиддаги ҳар бир дарё ёки мавъизадан кейин бўлар экан. Доимо шундай қилишар экан. Мен бошқа жойларда бундай дуони бидъат деб эшитган эдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинмаган экан.

Мен ҳалиги одамга бу иш, яъни у одам дуо қилиб, қолганлари унинг дуосига «Омин», деб туриши бидъат эканини айтган эдим, у ўз фикрига ёпишиб олди ва менга қараб ҳам қўймади.

Ушбу саволга жавоб беришингизни умид қиламан. Ташаккурлар бўлсин!»

Ҳайъат қуйидаги жавобни берди:

«Истисқо ва қунутда жамоавий дуо қилиш шариатда борлигига ҳамма иттифоқ қилган.

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши қавмга имомлик қилса, уларни қўйиб, фақат ўзига дуо қилмасин. Агар шундай қилса, уларга хиёнат қилган бўлади», дедилар».

Термизий ва бошқалар ривоят қилишган.

Ибн Асир: «Бу бир киши дуо қилиб турганида, бошқаларнинг қунутдагига ўхшаб «Омин», деб туришидир», деган.

Ибн Таймия ҳам шунга ўхшаш гапни айтган («Шарҳул мунтаҳа». 1\1995).

Жамоавий дуо юқорида зикр қилинган ҳолатлардан умумийроқ жойларда ҳам шаръийдир.

Ҳофиз «Фатҳ»да Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қачон қори «Омин», деса, сиз ҳам «Омин», денг. Чунки фаришталар «Омин», дейдилар», деган ҳадисларининг шарҳида: «Қори»дан мурод намоздаги имомдир. «Қори»дан мурод ундан ҳам умумийроқ бўлиши эҳтимоли бор», деган.

Бу ишга (жамоат бўлиб дуо қилишга) Ҳоким (саҳиҳ иснод билан) ва Табароний Дабиб ибн Маслама Феҳрий розияллоҳу анҳудан қилган ривоят ҳам далилдир:

«У киши дуоси қабул бўладиган одамлардан эди. Бир гуруҳ аскарга амир бўлиб борди. Душманга йўлиққанларида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бир қавм жамланса, баъзиси дуо қилса ва қолганлари «Омин», деса, Аллоҳ уларни албатта ижобат қилади», деганларини эшитган эдим», деди.

Кейин Аллоҳга ҳамду сано айтиб туриб:

«Аллоҳим! Қонларимизни сақлагин. Ажрларимизни шаҳидларнинг ажрларидек қилгин», дея дуо қилиб турган эди, душманнинг амири (таслим бўлиб) Ҳабибнинг чодирига кириб келди».

Бахутий «Кашфул қиноъ»да (1\367) қуйидагиларни айтади:

«Имом бомдод ва асрдан кейин ўша пайтда фаришталар ҳозир бўлиши эътиборидан дуо қилади. Қавм «Омин», деб туради. Шунда ижобатга яқин бўлади.

Шунингдек, мазкур иккисидан бошқа намозларда ҳам дуо қилади. Чунки фарз намоздан кейинги пайт дуо қабул бўладиган вақтлардандир».

Шундай экан, жамоат бўлиб дуо қилиш мустаҳабдир, бидъат эмас. Аммо у суннат деб билинмайди».

«Мажмуъатул фатавои шаръийя». 7-жуз, 45-46-бетлар.

 

Кейинги мавзу:
Қабристонда ёки ўтганларга атаб тиловат қилиш