Огоҳлик
Ўзбекистон дунёвий давлат сифатида дин ва таълим соҳасида муайян тартиб ва қонун-қоидаларига эга. Мамлакатда диний таълим бериш ҳуқуқий асослар орқали тартибга солинган бўлиб, мазкур жараён давлат томонидан тасдиқланган муассасаларда амалга оширилади. Бундан ташқари, диннинг нотўғри талқини ва турли хил радикал оқимларнинг тарқалиши, айниқса ноқонуний диний таълим бериш орқали жамият хавфсизлигига жиддий таҳдид туғдиради.
Одатда ноқонуний диний таълим асосан диний фанлар бўйича маълумоти етарли бўлмаган шахслар томонидан берилиб, улар жамиятда турли хил қарама-қаршиликларни келтириб чиқаради. Шу билан бирга, ноқонуний диний таълим кўпинча радикал ғояларнинг тарқалишига хизмат қилиб, экстремизм ва терроризм каби хавфли оқимлар пайдо бўлишига олиб келади. Бу каби жараёнлар жамиятда низолар, муросасизлик ҳолатларини кучайтиради, натижада мавжуд барқарорликка салбий таъсир кўрсатади.
Маълумки, ёшлар жамиятда фаол, аммо ҳаётий тажрибаси кам бўлган аҳоли қатлами ҳисобланади. Ўз навбатида, ёшлар ноқонуний диний таълимга ҳам тез берилувчан тоифа саналади. Жамиятда ноқонуний диний таълим бўйича “таклифлар” ортиб боргани сайин, ёшларнинг турли хил манбалар орқали тақдим этилган ёлғон маълумотларга ишониш хавфи ортиб боради. Бу эса улар ўртасида диний оқимлар ёки ақидавий радикализмга берилиш хавфини кучайтиради. Натижада салбий мафкуравий таъсирларга учраб, жамиятда бузғунчилик ролини бажариб бериш даражаси ҳам ортиб боради.
Ўзбекистон кўп миллатли ва кўп конфессияли давлат бўлиб, барча миллатлар ва диний оқимлар ўртасида бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат юқори қадрланади. Ноқонуний диний таълим бериш эса ёшларда ўзга дин вакилларига нисбатан мутаассиблашув ортиши ҳамда диний бағрикенгликни заифлаштириб, миллатлараро тотувликка путур етказиши мумкин. Радикал ғояларнинг тарқалиши динлараро низолар ва миллатлараро тушунмовчиликларни келтириб чиқаради.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунининг 3-моддасига биноан, диний ташкилот сифатида рўйхатдан ўтмасдан фаолият кўрсатиш, диний ташкилот томонидан фаолиятни ўзи турган жойдан, шу жумладан ибодат қилинадиган бинолардан ва диний ташкилотга тегишли ҳудудлардан ташқарида амалга ошириш, шунингдек, диний таълим муассасаларидан ташқарида хусусий тартибда диний таълим фаолияти билан шуғулланиш тақиқланиши ҳамда 8-моддасида ҳар ким диний таълим муассасаларида профессионал диний таълим олиш ҳуқуқига эга эканлиги, диний таълим муассасаларида ўқишга фуқаролар қонунчиликка мувофиқ умумий ўрта, ўрта махсус таълим ёки профессионал таълим олганидан кейин қабул қилинишлари белгилаб қўйилган.
Демак, фуқаролар диний таълим билан боғлиқ ҳуқуқ ва эркинликларини қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширишлари талаб этилади. Аксинча, ноқонуний диний таълим билан шуғулланувчилар белгиланган тартиб-қоидаларга беписандлик билан қараб, ўз хатти-ҳаракатлари орқали қонунни бузиш ҳолатларининг ортиб бориши жамиятда қонун устуворлигининг заифлашувига олиб келади. Бу ҳолатларда нафақат таълим олувчилар, балки бутун жамоатчиликнинг қонунга бўлган ишончи йўқолади ва қолганлар ҳам ўзбошимчалик билан ҳаракат қилишга мойил бўлади. Қолаверса, ҳуқуқий тизимнинг кучсизланиши жамиятда ўрнатилган тартиб-қоидаларнинг издан чиқишига олиб келади. Шу сабаб ҳам ҳар бир фуқаро диний таълим соҳасида ўрнатилган тартиб-қоидаларга амал қилиши лозим.
Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида давлат ноқонуний тарзда диний таълимотдан сабоқ бериш билан боғлиқ фаолият учун қонунчиликда муайян жавобгарлик масаласини белгилаган. Ноқонуний тарзда диний таълмотдан сабоқ берган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 241-моддасига (Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) асосан жавобгарликка тортилиши назарда тутилган. Ушбу моддага кўра, “Махсус диний маълумоти бўлмай туриб ва диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз диний таълимотдан сабоқ бериш, худди шунингдек, хусусий тартибда диний таълимотдан сабоқ бериш – базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади”. Ҳуқуқбузар белгиланган жазо чорасига қарамай бу ишини давом эттирса, Жиноят кодексининг 2292-моддасига асосан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Шундай экан амалдаги қонунчиликка риоя қилиш барча фуқаролар учун муқаррарлиги, диний таълим олиш фақатгина расмий диний муассасаларда берилиши, фуқароларнинг шахсий диний қарашлари асосида диний таълим олиши мумкин эмаслиги амалдаги қонунчиликда қатъий белгиланган. Ушбу тартибга қарши ҳар қандай инсонларнинг хатти-ҳаракатлари қонун асосида қатъий таъқиб қилинади.
Ўз навбатида, ноқонуний диний таълим бериш нафақат диний соҳа, балки жамият хавфсизлиги ва барқарорлигига ҳам жиддий таҳдид туғдиради. Ноқонуний шаклдаги диний таълим ёшлар онгига салбий таъсир қилиб, уларнинг турли хил радикал оқимлар сафига қўшилиб қолишларига сабаб бўлади. Шунингдек, қонун устуворлигига бўлган ишончни заифлаштириб, жамият барқарорлиги ва диний бағрикенгликка путур етказади. Шундай экан, ноқонуний диний таълимнинг олдини олиш учун давлат ва жамият биргаликда ҳаракат қилиши, ҳуқуқий чораларни кучайтириши лозим.
Шукрулло Жўраев
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи
Манба: “Маърифат” газетаси 2024-йил 4-декабрь, 49-сон
Мусулмон киши ҳар бир ишида Аллоҳ таолога таваккул қилади. Зеро, Аллоҳ таоло таваккал қилувчиларни яхши кўради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:“(Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг. Зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни яхши кўради” (Оли Имрон сураси, 159-оят). Ушбу оят тафсирида: “Аллоҳга таваккул қилиш улуғ фазилат. Аммо таваккул, Аллоҳ ирода қилганидек, тўғри ҳолда бўлиши керак. Баъзи кишилар таваккулни яхши англашмайди. Ўйламай, уринмай, чора-тадбир кўрмай, сабабларини ахтармай, кўр-кўрона туришни таваккул деб тушунувчилар бор.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Уҳуд урушида қилган таваккулларини олайлик. У зот мушриклар аскар тортиб Уҳудга етиб келганларини эшитиб, тезда мусулмонларни йиғиб, кенгаш ўтказдилар. Ўзлари биринчи бўлиб Ҳужраи саодатга кириб, устма-уст иккита совут кийиб чиқдилар. Эътибор беринг – Аллоҳга таваккул қилувчиларнинг энг улуғи, пешвоси бўлган зот урушга кетаётиб бир эмас иккита совут кийиб чиқдилар! Одамларни жиҳодга тарғиб қилдилар. Манзилга тезроқ, осонроқ ва тинчроқ элтувчи йўлни биладиган одамни топиб, унга йўл бошлашни топширдилар. Етиб борганларидан кейин душманнинг куч-қувватини яхшилаб ҳисоб-китоб қилдилар. Сўнг ўз жангчилари билан бирма-бир танишиб, ҳаммани жой-жойига қўйдилар. Ўнг қанот ва чап қанотларда кимлар бўлишини белгилаб, режа туздилар. Хуллас, урушга зарур бўлган чора-тадбирларни кўрдилар. Аммо Аллоҳга таваккул қилишлари бу ишлардан айри эмасди.
Таваккул буларнинг барчасини боғлаб турадиган бир ип мисоли. У ҳар бир ишда, чора-тадбирда Аллоҳни вакил деб эътиқод қилишдир. Афсуски, кўпчилик таваккулни ҳаракатсизлик, уриниб кўрмаслик билан боғлиқ ҳолда тушунади. Баъзилар Аллоҳга таваккул қилдим, деб ҳаракат қилишлари керак бўлган ишларни ҳам қилишмайди. Бу эса дангасалик, холос.
Пайғамбар алаҳиссалом даврларида бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ! Туямни боғлайми ёки эркин қўйиб, таваккул қилайми?” деб сўради. Пайғамбар алайҳиссалом: “Боғлаб қўйиб, ундан кейин таваккул қил” дедилар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзига таваккал қиладиган бандалари қаторида қилиб, икки дунё саодатига мушарраф этсин!
Руҳиддин Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги ходими