Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган жуда осон ва қисқа бир дуо бор. У зот қуйидаги дуонинг улкан фойдасини ҳам айтганлар:
أَسْأَلُ اللهَ الْعَظِيمَ رَبَّ الْعَرْشِ الْعَظِيمِ أَنْ يَشْفِيَكَ
«Улуғ арш Эгаси бўлган буюк Аллох таолодан сенга шифо беришини сўрайман» (Имом Абу Довуд ривояти).
Ҳадиси шарифда келадики, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир мусулмон бемор биродарини зиёрат қилиб, етти марта ушбу дуони ўқиса, агар ўша беморнинг ажали етмаган бўлса, албатта, бу дуо баракотидан Аллоҳ таоло унга шифо беради. Лекин ажали етган бўлса, уни ҳеч ким қайтара олмайди», деганлар (Имом Термизий ривояти).
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан
Кеча «Hilol Nashr» нашриётининг мажлислар залида янги чоп этилган таровеҳ мусҳафининг (https://hilolnashr.uz/taroveh-musxafi-27-29) тақдимоти ўтказилди. Тадбирда китобни нашрга тайёрлаган устоз Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид қори, Абдулҳаким қори Матқулов ва бир қанча қорилар меҳмон бўлдилар.
Суҳбат аввалида устоз Эркин Малик Ҳасанхон Яҳё Абдулмажидни янги китоб билан табриклаб, тадбирни очиб бердилар. Кейин эса Ҳасанхон қори Қуръони Каримнинг мусҳаф ҳолига келтирилиши, жуз, ҳизб каби қисмларга бўлиниши, таровеҳ мусҳафининг тайёрланиш жараёни ва унда ишлатилган белгилар ҳақида сўзлаб бердилар.
Сўнг анъанага кўра, китобхонлар билан савол-жавоб ўтказилиб, тўғри жавоб топганларга тақдимоти бўлаётган китоб − таровеҳ мусҳафи ҳадя қилинди.
Кейин Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид навбатдаги хушхабар − quran.uz саҳифасидаги ўн қироат бўйича янгилик билан ўртоқлашдилар. Эндиликда ушбу саҳифа орқали Қуръони каримни 10 хил қироат ва 20 хил ривоятда ўқиш ва тинглаш мумкинлигини тақдимот ёрдамида тушунтириб бердилар.
Сўнг устоз қорилардан Абдулҳаким Матқулов Ҳасанхон Яҳё Абдулмажидни мусҳафнинг янги нашри билан қутлаб, келгуси илмий фаолиятларига барака тиладилар.
Келган меҳмонларга нашриётнинг эсдалик совғалари улашилди.
Аҳмад Ризо қори ва Абдулбосит қори Қобиловнинг тиловатлари ҳамда Абдулҳаким қори Матқуловнинг хайрли дуолари билан тадбир ниҳоясига етди.
@hilolnashr