Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Май, 2025   |   6 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:46
Қуёш
05:17
Пешин
12:25
Аср
17:18
Шом
19:27
Хуфтон
20:51
Bismillah
04 Май, 2025, 6 Зулқаъда, 1446

Бир намозни ўқиётганида иккинчи намознинг вақти кириши

04.12.2024   4784   1 min.
Бир намозни ўқиётганида иккинчи намознинг вақти кириши

Cавол: Мен пешин намозини уйда ўқиётган эдим. Тўртинчи ракатида асрга азон айтилди. Ўқиган пешин намозим дурустми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа, ўқиган пешин намозингиз дуруст, уни қайта ўқилмайди. Бу ҳақида Имом Қўҳистоний бундай зикр қилганлар: “Вақтлик намозни ўқиётганида, ушбу намознинг вақти чиқиб кетса, намози бузилмайди. Энг тўғри гап шудир. Мазкур намоз адо, яъни ўз вақтида ўқилган бўлади, қазо ҳисобланмайди. Энг саҳиҳ гап шудир. “Зоҳидий”нинг қазо бобида ҳам шундай зикр қилинган. Аммо бундан бомдодни ўқиётганида, унинг вақти чиқиши истисно қилинади. Чунки у (бомдод вақтининг чиқиши) намозни бузувчидир” (“Жомеур-румуз” китоби).

Демак, бир фарз намозини ўқиётганида, ушбу намознинг вақти чиқса, намоз бузилмайди. Чунки иккинчи фарз намозининг вақти киради. Масалан: пешинни ўқиётганида, асрга азон айтилса, пешиннинг вақти чиқиши билан асрнинг вақти киради.

Шунингдек, асрнинг вақти чиқиши билан, шомнинг вақти киради, шомнинг вақти чиқиши билан, хуфтоннинг вақти киради. Шунга кўра, намозни бир фарз намозининг вақтида бошлаб, иккинчи фарз намозининг вақтида тугатган бўлади.

Шунинг учун унинг намози дуруст ва адо, яъни ўз вақтида ўқилган бўлади. Фақат бомдод намози бундан мустасно. Чунки бомдоднинг вақти чиққанидан кейин пешиннинг вақти кирмайди. Шунинг учун бомдодни ўқиётганида, қуёш чиқиб қолса, унинг намози бузилади ва қазосини ўқиш вожиб бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Суннат тўйи учун сўқим олиб келиш

30.04.2025   9398   2 min.
Суннат тўйи учун сўқим олиб келиш

Савол: Биз томонларда ўғил фарзанд учун қилинадиган суннат (хатна) тўйига келиннинг отаси ёки ака-укалари сўқим (сўйиладиган қорамол) олиб боришлари шартдек бўлиб қолган. Ҳатто бу нарса  келин тарафдагиларнинг бурчи деган тушунча ҳам бор. Шунинг учун айрим ҳолларда баъзи оталар неварасини суннат тўйига ерини сотиш ёки катта қарзларни олишгача мажбур бўлаяпти. Шу ишлар динимизда борми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Динимизда хатнани бор эканлиги барчага маълум ва бу учун зиёфат қилиб бериш ҳам бор. Аммо бу нарса фарз ёки вожиб, ҳатто суннат ҳам эмас, балки у айрим саҳобийларнинг шунчаки одати бўлган. Лекин у ҳозирги кунда авж олгандек бемаъни дабдабозлик билан эмас, балки тор доирада камтарона дастурхон ёзиб ўтказилган.

Демак, аслида суннат ҳам бўлмаган ушбу “тўй”га сўқим олиб келиш қиз томоннинг бурчи дейиш мантиқсиз экани кўриниб турибди. Буни жоҳилона ҳою ҳавас ортидан пайдо бўлган хурофот десак, тўғрироқ бўлади. Айнан мана шунақа тайини йўқ “мажбурият”лар туфайли қанчадан-қанча оилалар жабр кўряпти ва ҳатто айрим оилалар “сўқим қилинмагани ёки олиб келинган сўқимнинг кичкиналиги” сабабидан бузилиб кетишгача ҳам бормоқда.
Динимизда ҳадя улашишга тарғиб қилинган. Аммо бу чин юракдан ҳамда берувчига малол келмасдан амалга оширилиши керак.

Шундай экан, куёв томонга юбориладиган новвосларни ҳадя деб бўлмайди. Чунки бу нарса ошкора ёки зимдан қилинган талаб ёки келин томоннинг одамлардан уялиб ёхуд “қизим хижолат бўлмасин”, деб қиладиган “совғаси” бўлади. Куёв томоннинг келин томонга бундай талаблар қўйиши катта хато ва гуноҳ саналади. Қолаверса, чин кўнгилдан берилмаган нарсани ейиш ҳам шубҳали ҳисобланади. Зеро Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

لا يحل مال امرئ مسلم الا عن طيب نفسه  رواه احمد

“Мусулмон кишининг моли бошқага ҳалол эмас, фақатгина ўзи рози бўлиб, кўнглидан чиқариб берсагина, ҳалол бўлади” (Имом Аҳмад ривояти).

Шундай экан, бундай ишга чек қўйиш лозим. Агар қилмоқчи бўлсалар, куёв томон имкони даражасида ўзлари қилсинлар. Агар имконлари бўлмаса, қайнотани зиммасига юкламасликлари лозим. Имкон бўлмагани учун бу каби эҳсонни қила олмаса, гуноҳкор бўлмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Мақолалар