Cавол: Мен пешин намозини уйда ўқиётган эдим. Тўртинчи ракатида асрга азон айтилди. Ўқиган пешин намозим дурустми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа, ўқиган пешин намозингиз дуруст, уни қайта ўқилмайди. Бу ҳақида Имом Қўҳистоний бундай зикр қилганлар: “Вақтлик намозни ўқиётганида, ушбу намознинг вақти чиқиб кетса, намози бузилмайди. Энг тўғри гап шудир. Мазкур намоз адо, яъни ўз вақтида ўқилган бўлади, қазо ҳисобланмайди. Энг саҳиҳ гап шудир. “Зоҳидий”нинг қазо бобида ҳам шундай зикр қилинган. Аммо бундан бомдодни ўқиётганида, унинг вақти чиқиши истисно қилинади. Чунки у (бомдод вақтининг чиқиши) намозни бузувчидир” (“Жомеур-румуз” китоби).
Демак, бир фарз намозини ўқиётганида, ушбу намознинг вақти чиқса, намоз бузилмайди. Чунки иккинчи фарз намозининг вақти киради. Масалан: пешинни ўқиётганида, асрга азон айтилса, пешиннинг вақти чиқиши билан асрнинг вақти киради.
Шунингдек, асрнинг вақти чиқиши билан, шомнинг вақти киради, шомнинг вақти чиқиши билан, хуфтоннинг вақти киради. Шунга кўра, намозни бир фарз намозининг вақтида бошлаб, иккинчи фарз намозининг вақтида тугатган бўлади.
Шунинг учун унинг намози дуруст ва адо, яъни ўз вақтида ўқилган бўлади. Фақат бомдод намози бундан мустасно. Чунки бомдоднинг вақти чиққанидан кейин пешиннинг вақти кирмайди. Шунинг учун бомдодни ўқиётганида, қуёш чиқиб қолса, унинг намози бузилади ва қазосини ўқиш вожиб бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Савол: Ҳозирги кунда айрим одамлар қабристонлардан ўзлари, оиласи учун ер сотиб олиб, сағана қилдириб қўйишмоқда. Бу ишлари тўғрими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қабристонлар омма фойдаланиши учун ҳукумат тарафидан берилган умумий жой ҳисобланади, ҳеч кимнинг шахсий мулки эмас.
Шунга кўра унга кимдир эгалик қилиши, у жойдан ер сотиши ёки сотиб олиши мумкин эмас. Биздан аввалги авлодлар, ота-боболаримиз қабристондан бирор нарсани олишга, ҳатто қуриган гиёҳ олишдан ҳам чўчиганлар.
Ҳозирда ҳам айрим одамлар қабристондаги мева ва ўт-ўланлардан фойдаланиш ҳақида кўп савол беришлари бежизга эмас, ана шу ҳадикдан пайдо бўлган. Аммо минг афсуски, айрим одамлар томонидан кимлар биландир тил бириктириб, ер сотиб олиш ҳолати оз бўлса-да, пайдо бўлмоқда. Бундан эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки бу ноҳақдан ер олиш ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ огоҳлантириб, бундай деганлар: “Ким бир қарич ерни ноҳақдан олса, қиёмат куни уни етти қават ер ютади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир қарич ерни зулм ила олса, қиёмат куни унинг бўйнига етти қават ер осиб қўйилади”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Бу ишнинг қанчалик оғир эканини тушунмаган одамлар турли воситалар билан бир қарич бўлса ҳам бировнинг ерини ўзига қўшиб олишга ҳаракат қиладилар. Исломда бу иш зулм ҳисобланади ва катта гуноҳ сифатида қораланади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.