Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Январ, 2025   |   12 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:34
Шом
17:18
Хуфтон
18:37
Bismillah
12 Январ, 2025, 12 Ражаб, 1446
Мақолалар

Таҳоратнинг фарзлари

5.12.2024   2534   15 min.
Таҳоратнинг фарзлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади: “Эй имон келтирганлар, қачон намозга турсангиз юзларингизни ва қўлларингизни тирсакларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни ҳам тўпиқларигача (ювингиз)!” (Моида, 6).

Таҳоратда қайси аъзолар ювилиши лозимлиги мана шу оятдан олинган. Жумладан, ҳанафий мазҳаби уламолари мазкур оятдан келиб чиқиб, таҳоратнинг тўртта фарзи борлигини айтишган.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло бандаларига таҳоратнинг шартларини баён қилиб, агар бетаҳорат бўлсалар, намоз ўқишдан олдин таҳорат қилишлари лозимлигини таъкидламоқда. Кимнинг таҳорати бўлса, намоз ўқишдан олдин таҳоратни янгилаб олиши мустаҳабдир.

Зайд ибн Аслам ушбу оятни “агар уйқудан уйғониб, намозга турсангиз...” деб изоҳлаган (Молик, Ибн Жарир ва Ибн Мунзир ривояти).

Таҳорат ювиш ва масҳ тортишдан иборат. Унда учта аъзо (юз, қўл, оёқ) ювилади ва бошга масҳ тортилади. Ювиш аъзоларда сувни оқизишдир. Масҳ эса аъзони нам қўл билан силаш. Таҳоратда аъзолардан камида икки ёки уч томчи сув оқиши шарт. Агар худди ёғ суртган каби аъзоларидан сув оқмаса, бундай таҳорат тўғри бўлмайди.

Агар қор билан таҳорат қилса ва аъзоларидан бирон томчи сув оқмаса, унинг таҳорати тўғри бўлмайди. Қор билан таҳорат қилганда ҳам икки ёки уч томчи сув оқиши керак. Акс ҳолда ювилган эмас, масҳ тортилган бўлади.

Юқоридаги оятдан таҳоратнинг фарзи тўртта [1] эканини билиб оламиз. Улар:

1. Юзни ювиш;
2. Қўлни тирсаклар билан қўшиб ювиш;
3. Бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиш;
4. Оёқларни тўпиқлари билан қўшиб ювиш.

Таҳоратда мазкур тўрт аъзони ювиш фарз қилиниши беҳикмат эмас. Айнан шу аъзолар энг кўп кир бўлади.
Таҳоратда мазкур тўрт аъзони бир марта ювиш фарз. Чунки оятда такрор маъноси йўқ. Икки ва уч марта ювиш суннатдир.
Таҳоратда ювиш фарз бўлган бирон аъзо ювилмаса ёки чала ювилса, таҳорат қилинмаган ҳисобланади. Шу сабаб бу тўрт аъзони ювишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Энди таҳоратнинг ушбу тўрт фарзини батафсилроқ кўриб чиқамиз.


1. Юзни ювиш.

Юзнинг чегараси ҳақида ривоят йўқ. Фақиҳ уламолар луғатлардан фойдаланиб унинг чегарасини белгилаганлар. Ибн Масъуд Косоний “Бадоеъ”да бу саҳиҳ чегара эканини айтган.

Юзнинг узунасига чегараси бошнинг соч чиққан жойидан ияк остигача, кенглиги икки қулоқ юмшоғининг орасигача бўлган жойдир. Баъзи уламолар қулоқнинг ички тарафи юздан, ташқи тарафи бошдан саналади, дейишган.

Юзнинг чегарасини белгилашда мазҳаблар орасида турлича фикрлар бор. Сабаби юз бош ва бўйин билан чегарадош бўлиб, унинг маълум ҳудуди йўқ. Шу сабаб юзни тўлиқ ювиш, бироз белгиланган чегарадан ўтказиш мақсадга мувофиқ.

Таҳоратда икки кўз ичига сув киргизиш вожиб эмас. Чунки кўзнинг ичи юздан ҳисобланмайди. Бу иш бандага қийинчилик туғдиради. Устига-устак таҳоратда доимий кўзига сув киргазганлар кўзи ожиз бўлиб қолганлари ҳақида ривоятлар бор [2].

Юз ювилаётганда кўз очиш ҳам, қаттиқ юмиб олиш ҳам керак эмас, балки кўз енгил юмиб турилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Агар бошнинг олд қисмида соч бўлмаса, яъни тепакал бўлса, бошнинг соч тўкилиб кетган қисмига сув етказиш шарт эмас.

Икки лаб, буруннинг ташқи қисми, қош, киприк, мўйлаб, чаккадаги туклар ҳам юздан ҳисобланади. Лаб ўртасидан пастга қараб ўсадиган юнг ҳамда соқолнинг юз қисмидан чиққан жойларини ҳам ювиш фарз. Лаб юмилганда ташқарида қолган қисми юздан, ичкаридагиси эса оғиздан ҳисобланади.

Агар мўйлаб узун бўлса, унинг остига сув етказиш шарт эмас. (Аслида мусулмон эркаклар мўйлабни узун қилиб ўстиришлари мумкин эмас, балки уни қисқартириб ёки таги билан олиб юриш керак).

Сийрак соқол остига сув етказиш шарт. Агар соқол юз териси кўринмайдиган даражада қалин бўлса, соқол хилол қилинади. Қалин соқолни хилол қилиш суннат. Агар қалин соқол остига сув етказиш вожиб бўлганида, бу нарса бандаларга машаққат туғдирарди. Худди бошни ювиш лозим бўлмаганидек, қалин соқол остига сув тегиши ҳам шарт эмас.

Абу Ҳанифа ва Зуфардан ривоят қилинишича, агар соқолнинг учдан ёки тўртдан бирига [3] масҳ тортса [4], яъни хилол қилса, жоиз. Бундан камини хилол қилиш жоиз эмас.

Ҳанафий ва моликийларга кўра, соқолнинг юз доирасидан ташқарига чиқиб, осилиб турган қисмини ювиш шарт эмас. Сабаби у ювиш фарз бўлган чегарадан чиқди. Энди у юздан ҳисобланмайди [5].

Даҳан устидаги соқолга сув етказгач, уни устара билан қирса, даҳанни ювиш шарт эмас. Шунингдек, мўйлабини олса, бошига масҳ тортгандан кейин сочини олдирса ёки тирноғини қисқартирса ҳам, қайта таҳорат қилиш шарт эмас.


 2. Икки қўлни тирсак билан қўшиб ювиш.

Қўлнинг бўғимларини яхшилаб ювиш ва бармоқ учини тўсадиган даражадаги узун тирноқлар остига сув етказиш лозим.

Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад наздида, қўл тирсаклар билан қўшиб ювилади [6]. Аммо Зуфар тирсакгача ювилади, тирсак ювилиши шарт эмас, деган.

Агар қўл тирсакгача бўлган жойдан кесилган бўлса, қолган қисми ювилади. Агар тирсакдан кесилган бўлса, билак суягининг боши, яъни кесилган жойнинг ўзи ювилади. Агар тирсакдан тепадан кесилган бўлса, билакнинг қолган қисмини ювиш мандубдир. Чунки билак ҳам пок бўлиши керак.

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا تَوَضَّأَ أَدَارَ الْمَاءَ عَلَى مِرْفَقَيْهِ. 

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилсалар, тирсакларидан сув оқизардилар” (Дорақутний ва Байҳақий ривояти).

Бу ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳоратда қўлларини тирсаклари билан қўшиб ювишлари айтилмоқда. Баззор ва Табаронийлар Усмон розийаллоҳу анҳу томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳоратлари сифатланган ривоятда: “Қўлларини тирсакларидан ўтказиб ювдилар”, дейилган.

Тўрт мазҳабда қўл тирсак билан қўшиб ювилиши лозимлиги айтилган. Аммо Зуфар ва Довуд тирсакни ювиш вожиб эмаслигини даъво қилишган. Бу ривоят уларга қарши далилдир.

Агар қўлда ортиқча бармоқ ёки кафт бўлса, уларни ҳам ювиш вожиб.

Агар хамир қорилса ва тирноқлар ичига хамир кириб қолса, тирноқ остига сув етказиш лозим бўлади. Агар тирноқ бармоқ учини ёпиб қўядиган даражада узун бўлса, унинг остига сув етказиш шарт. Агар тирноқ калта бўлса, шарт эмас. (Яъни, агар тирноқ узун бўлса ёки тирноқ остига сув етиб боришига тўсқинлик қиладиган нарсалар бўлса, у ерга сув етказишга алоҳида эътибор бериш лозим).

Тирноққа қўйилган бўёқ қуриб, қотиб қолса, уни кўчириб ташламагунча таҳорат ва ғусл тўғри бўлмайди.

Агар қўлдаги узук тор бўлса, унинг остига сув етказиш учун қимирлатиш вожиб. Агар узук кенг бўлса, қимирлатиб қўйиш мустаҳабдир.

 عَنْ عُبَيْدِ اللهِ بْنِ أَبِي رَافِعٍ عَنْ أَبِيهِ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ إِذَا تَوَضَّأَ حَرَّكَ خَاتَمَهُ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَالدَّارَقُطْنِيُّ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.

Убайдуллоҳ ибн Абу Рофеъ отасидан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилсалар, узукларини қимирлатар эдилар (Ибн Можа ва Дорақутний ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кумуш узуклари бўларди. Унинг устига “Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб ёзилганди. У зот таҳорат қилаётганларида узук остига сув тегиши ёки бармоқ яхши тоза бўлиши учун узукни қимирлатиб қўярдилар.


3. Бошнинг тўртдан бирига бир марта масҳ тортиш.

“Масҳ” сўзи “силаш, текказиш” маъноларини ифодалайди. Таҳоратдаги масҳ эса қўлларни ҳўллаб, маълум аъзоларга текказишдир.

Таҳоратда бош, икки қулоқ ва махсига масҳ тортилади. Таяммумда эса юз ва қўллар тупроқ билан масҳ қилинади. 

عَنْ الْمُغِيرَةِ بْنِ شُعْبَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ تَوَضَّأَ فَمَسَحَ بِنَاصِيَتِهِ وَعَلَى الْعِمَامَةِ وَعَلَى الْخُفَّيْنِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ وَالشَّافِعِيُّ وَالدَّارَقُطْنِيُّ.

Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилиб, пешоналари, салла ва икки махсига масҳ тортганлар (Муслим, Насоий, Аҳмад, Шофеъий ва Дорақутний ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётиб, бошга масҳ тортишга келганда салланинг бир четидан қўлларини киргизиб, бошларининг олд қисмига масҳ тортганлар. Кейин саллаларига масҳ тортганлар.

Ушбу ривоятни далил қилиб, ҳанафий уламолар бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиш фарз, ундан камига масҳ тортиш ўрнига ўтмайди, деган фикрни билдиришган [7].

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат қилаётганларини кўрдим. Бошларида қатарий салла бор эди. У зот салла тагидан қўлларини киргизиб, бошларнинг олд қисмига масҳ тортдилар, саллани ечмадилар” (Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти. Ривоят санади заиф).

Нофеъдан ривоят қилинишича, Ибн Умар розийаллоҳу анҳу бошига масҳ тортмоқчи бўлса, дўпписини кўтариб, бошининг олд қисмига масҳ тортар эди. (Байҳақий “Ас-сунанул кубро”да ривоят қилган).
Агар бошнинг тўртдан бири ёки кўпроғига ёмғир тегса, қўли билан масҳ тортса, тортмаса, бу масҳ ўрнига ўтади. Бунда қўл билан масҳ тортиш мақсад эмас, мақсад соч устига сув тегишидир. Валлоҳу аълам!
Салла, дўппи ва шу кабиларга масҳ тортилмайди. Улар сочга сув етиб боришига тўсқинлик қилади. Аёл киши рўмолига масҳ тортмайди. Рўмол тагига масҳ тортади. Агар рўмол юпқа ва сочга сув ўтказадиган бўлса, унга масҳ тортиш жоиз.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

 

[1] Ҳанафийлар таҳорат ҳақида келган оятдан келиб чиқиб, таҳоратнинг тўртта фарзи борлигини айтишган. Лекин бошқа мазҳаб уламолари ҳадиси шарифлардан далиллар олиб, таҳоратнинг яна бошқа фарзлари ҳам борлигини таъкидлаганлар. Жумладан, Шофеъий, моликий ва ҳанбалийлар таҳоратда ният фарзлигига иттифоқ қилишган. Моликий ва ҳанбалийлар аъзоларни кетма-кет ювишни, шофеъий ва ҳанбалийлар тартибни, моликийлар аъзоларни ишқалаб ювишни фарз, деб айтишган.

Ҳанафийларга кўра, таҳоратнинг фарзи тўртта. Булар юз, қўл ва оёқни ювиш, бошга масҳ тортиш. Моликийларда еттита. Ният, ишқалаб ювиш ва кетма-кетлик қўшимча. Шофеъийларда олтита. Ният ва тартиб қўшимча фарз саналади. Ҳанбалий, шийъа ва имомийяларда еттита. Ният, тартиб ва кетма-кетлик қўшимча фарз ҳисобланади. Шунингдек, ҳанбалийлар оғиз ва бурун юздан эканини айтиб, мазмаза ва истиншоқ қилиш фарзлигини таъкидлашган. Бундан ташқари улар таҳорат аввалида “бисмиллоҳ” деб айтишни ҳам фарз дейишган. Шундан маълум бўладики, таҳоратнинг фарзи икки қисмга бўлинади: 1) Барча мазҳаблар иттифоқ қилган фарзлар; 2) Ихтилоф қилинган фарзлар.

[2] Ибн Аббос ва Ибн Умар розийаллоҳу анҳумлар умрлари охирида шу сабаб кўзи кўр бўлиб қолгани нақл қилинади.
[3] Абу Ҳанифа соқолнинг тўртдан бирини хилол қилиш фарзлигини айтган.
[4] Китобларда соқолни хилол қилиш баъзида “соқолга масҳ тортиш” деб зикр қилинади.
[5] Лекин, шофеъий ва ҳанбалийлар уни ювиш лозимлиги, сабаби у ювиш фарз бўлган жойдан ўсиб чиққанини айтишган.
[6] Оятда келган إِلَى الْمَرَافِقِ ва إِلَى الْكَعْبَيْنِ даги إِلَى чегаранинг охиригача боришни ифодалаб, مَعَ маъносини англатади.
[7] Абу Ҳанифа бошнинг тўртдан бирига масҳ тортилишини айтган. Моликий ва ҳанбалийлар бошнинг ҳамма қисмига масҳ тортиш вожиб экани, агар соч бўлмаса, бош териси устидан масҳ тортиш лозимлигини айтишган. Шофеъий эса: “Масҳ тортиш деб аталадиган даражада масҳ тортса, бўлди. Ҳатто уч дона соч толасига ҳам масҳ тортса бўлади”, деб айтган.

Ҳанбалийлар эркак киши бошига тўлиқ масҳ тортиши, аёл эса бошининг олд қисмига масҳ тортса, кифоя қилишини таъкидлашган. Шунингдек, ҳанбалийлар наздида, икки қулоқнинг ташқи ва ички томонларига ҳам масҳ тортиш вожиб.

Имом Молик оятдаги “ба” ҳарфини “баул илсоқ” (ёпиштириш, қамраб олиш “ба”си) сифатида олиб, бошнинг ҳамма қисмига масҳ тортилади, деган. Шофеъий эса урфга кўра масҳни умумий маънода олиб, унинг энг кам миқдорини амалга ошириш билан мақсад ҳосил бўлишини айтган.

Бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиш кифоя қилишини айтувчилар оятдаги “ба” ҳарфини “табъийз” (баъзини олиш, бўлакларга ажратиш) маъносида тушуниб, وَامْسَحُوا بِرُءُوسِكُمْ ни وَامْسَحُوا بَعْضَ رُءُوسِكُمْ деб изоҳлашган. Бошнинг ҳаммасига масҳ тортиш лозим, деганлар эса, “ба”ни “баул илсоқ” деб олиб, оятни وَامْسَحُوا رُءُوسَكُمْ деб изоҳлашган.

Ҳанафийлар масҳ тортиш учун бир восита кераклиги, ана ўша восита қўлнинг бармоқлари, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, учта бармоқ эканини айтишган. Сабаби учта бармоқ қўлнинг аксар бармоғидир. Аксар эса ҳаммаси ҳукмидадир.

Эътибор берадиган бўлсак, ҳанафийлар бу борада ўртача ва маъқул йўлни танлашган. Моликийлар бошнинг ҳаммасига тортиш шарт, шофеъийлар эса бошнинг озгина қисмига масҳ тортса бўлади, деган фикрни айтишган. Одатда мўътадиллик, ўртача бўлиш афзал ва ҳақ бўлади. Лекин ҳар бир фикр эгасининг ўз далили ва қарашлари бор. Биз бу ерда фақат ҳанафийлар томони ҳақ, бошқаларники нотўғри, демоқчи эмасмиз. Ҳамма ўз мазҳабига амал қилса, ихтилофлар олди олинишини эслатиб ўтмоқчимиз.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Номаи аъмол берилиши ҳақидаги эътиқодимиз

9.01.2025   4387   8 min.
Номаи аъмол берилиши ҳақидаги эътиқодимиз

 - 56وَتُعْطَى الْكُتْبُ بَعْضًا نَحْوَ يُمْنَى وَبَعْضًا نَحْوَ ظَهْرٍ وَالشِّمَالِ

Маънолар таржимаси: Номаи аъмоллар баъзиларга ўнг томондан берилади, баъзиларга орқа ва чап томондан (берилади).

Назмий баёни:

Айримларга номалар келар ўнг қўлдан
Баъзиларга берилар орқа ва сўлдан.

Луғатлар изоҳи:

تُعْطَى – икки мафъулли феъл.

الْكُتْبُ – ноиб фоил, биринчи мафъул. كُتْبُ калимаси كِتَابٌ нинг кўплиги бўлиб, аслида, كُتُبٌ дир. Бу ерда назм заруратига кўра كُتْبُ қилиб келтирилган.

بَعْضًا – иккинчи мафъул.

نَحْوَ – наҳв калимасининг бир қанча маънолари бўлиб, бу ерда “томон” маъносида келган. Зарфликка кўра насб бўлиб турибди. Қуйидаги байтларда نَحْو калимасининг беш хил маъноси баён қилинган: 1. “қасд”; 2. “жиҳат”; 3. “миқдор”; 4. “мисл”; 5. “қисм”.

نَحَوْنَا نَحْوَ دَارِكَ يَا حَبِيبِي

لَقِينَا نَحْوَ أَلْفٍ مِنْ رَقِيبِ

وَجَدْنَاهُمْ جِيَاعاً نَحْوَ كَلْبٍ

تَمَنَّوْا مِنْكَ نَحْوًا مِنْ شَرِيبِ

Эй дўстим, йўл олдик ҳовлинга томон,

Йўлиқдик минг қадар рақибга ҳамон.

Уларнинг ит мисол очлигин билдик,

Бирор қисм ютиминг кутишар ҳар он.

يُمْنَى – “ўнг” маъносида бўлиб, тараф ва аъзога нисбатан ишлатилади.

وَبَعْضًا – олдин ўтган بَعْضًا га атф қилинган.

ظَهْر – орқа тараф маъносини билдиради. Масалан, ظَهْرُ الاِنْسَان деганда инсон елкаси ортидан белигача бўлган қисми тушунилади.

الشِّمَالِ – чап тараф маъносини англатади.


Матн шарҳи:

Қиёмат кунида ҳамма маҳшар майдонига тўпланади. Барчага бу дунёда қилган ишлари ёзиб қўйилган китоб – номаи аъмол тарқатилади. Ушбу номаи аъмоллар инсонларнинг ҳаётлари давомида қилган барча ҳатти-ҳаракатлари давомида ёзилган бўлади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:

“Ҳолбуки, сизларнинг устингизда (барча сўзингиз ва ишингизни) ёдлаб турувчи (фаришталар) бор. (Улар номаи аъмолга) ёзувчи улуғ зотлардир. (Улар) сиз қилаётган ишларни билурлар”[1].

Яъни инсонларнинг қилаётган амалларини кузатиб, ёзиб турувчи фаришталар бор. Улар Аллоҳ таоло ҳузурида энг ҳурматли фаришталар бўлиб, инсонларнинг талаффуз қилган барча сўзларини ва қилган барча амалларини ёзиб турадилар. Қуртубий ушбу оят ҳақида: “Устиларингизда кузатиб турувчи фаришталар бордир” маъносини англатади, – деган. Ушбу ҳурматли фаришталар инсонлар тарафидан содир бўлган барча яхшию ёмон ишларни билиб турадилар ҳамда қиёмат кунида қилмишларига яраша жазо ё мукофот олишлари учун номаи аъмолларига ёзиб турадилар.

Қиёмат кунида фаришталар барча инсонларни бир жойга тўплаганларидан сўнг ҳар бири билан алоҳида ҳисоб-китоб бошланади. Ҳисоб-китобдан олдин уларга бу дунёда қилган барча ишлари ёзиб қўйилган номаи аъмоллари берилади. Ашаддий кофирларга номаи аъмоллари орқа томондан берилади ва улар уни чап қўллари билан оладилар. Баъзи кофирларга чап томондан берилади.

Тақводор мўминларга ўнг томондан берилади. Тавба қилишга улгурмасдан ўлган фосиқ мўминга номаи аъмоли қайси тарафдан берилиши ҳақида уламолар икки хил қарашда бўлганлар:

– Ўнг тарафдан берилади;

– Бу ҳақида гапирмасликни афзал кўришган.

Ўнг тарафдан берилади, деганлар ҳам қачон берилиши ҳақида ўзаро икки хил гапни айтганлар:

1. Дўзахга киришидан олдин берилади ва бу унинг дўзахда абадий қолмаслиги аломати бўлади;

2. Дўзахдан чиққандан кейин берилади.

Номаи аъмоллари ўнг тарафларидан берилганлар осонгина ҳисоб китобдан сўнг жаннатдаги аҳллари олдига хурсанд ҳолда қайтадилар:

“Бас, кимнинг номаи аъмоли (қиёмат куни) ўнг томонидан берилса, бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак ва (жанннатга тушган) ўз аҳли (оиласи)га шоду хуррам ҳолда қайтажак”[2].

Сўфи Оллоҳёр бобомиз ушбу масала тўғрисида қандай эътиқодда бўлиш лозимлиги ҳақида бундай ёзган:

Билур гарчи жамиъи ҳолимизни,

Юборур номайи аъмолимизни.

* * *

Юборса номани раҳмат йўлидин,

Келур нома у қулни ўнг қўлидин.

* * *

Қизил юзлик бўлуб ул ҳам сарафроз

Суюнганидин қилур ул банда овоз.

* * *

Ўқунг номамни эй турғон халойиқ

Келубдур нома ихлосимға лойиқ.

Яъни Аллоҳ таолога барча ҳолатларимиз маълум бўлса-да, амалларимиз ёзилган саҳифаларни юборади. У зотнинг буйруқларини бажариб, раҳматига сазовор бўлганларга амаллари ёзилган саҳифаларни ўнг тарафидан юборади.

Бундай бахтли инсонлар китоблари ўнг томондан берилиши биланоқ ўзларининг абадий бахт-саодатга эришганларини биладилар ва мислсиз хурсандчиликдан қувонч кўз-ёшлари билан энтикишиб:“Мана, менинг китобимни ўқиб кўринглар! Албатта, мен ҳисоб-китобимга йўлиқишимга ишонардим”, – дейдилар:

“Бас, ўз китоби (номаи аъмоли) ўнг томонидан берилган киши айтур: “Мана, менинг китобимни ўқингиз! Дарҳақиқат, мен ҳисоботимга рўбарў бўлишимни билар эдим”, – дер”[3].

Аммо кимки Аллоҳга иймон келтирмай, Унинг буйруқларини бажармасдан ўзига берилган фурсатни фақат айшу ишратда яшашга эришиш, гўё дунё лаззатларининг охиригача етиш йўлида сарф қилиб юборган бўлса, унга китоби орқа тарафидан берилади. Китоби орқа тарафидан берилганлар қизиб турган дўзахга кирадилар:

“Аммо кимнинг номаи аъмоли орқа томонидан берилса, бас, (ўзига) ўлим тилаб қолажак ва дўзахда куяжак”[4].

Баъзиларга китоби чап тарафидан берилади. Бундай кимсалар китоби чап тарафдан берилганнинг ўзидаёқ шарманда бўлганларини биладилар. Олдиндаги даҳшатли азоб-уқубатларни ҳис этганларидан титраб-қақшаб: “Вой шўрим, кошки менга китобим берилмаса эди”, – деб қоладилар.

“Энди, китоби чап томонидан берилган кимса эса дер: “Эҳ, қанийди, менга китобим берилмаса ва ҳисоб-китобим қандай бўлишини билмасам! Эҳ, қанийди, ўша (биринчи ўлимим ҳамма ишни) якунловчи бўлса! Менга мол-мулким ҳам асқотмади. Салтанатим ҳам ҳалок бўлиб мендан кетди”[5].

Хулоса қилиб айтганда, барчанинг қилган қилмишлари ва ҳолатлари маълум бўлса-да, Аллоҳ таоло уларга номаи аъмолларининг ҳам берилишини ирода қилган. Ушбу номаи аъмолларнинг қандай берилишининг ўзидаёқ яхши амал қилганларни тақдирлаш кўриниши бор.


Кейинги мавзу:
Амалларнинг ўлчаниши ва сирот ҳақидаги эътиқодимиз

 

[1] Инфитор сураси, 10, 12-оятлар.
[2] Иншиқоқ сураси, 7, 9-оятлар.
[3] Ал-Ҳаққоҳ сураси, 19, 20-оятлар.
[4] Иншиқоқ сураси, 10, 12-оятлар.
[5] Ал-Ҳаққоҳ сураси, 25, 29-оятлар.