Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳар қандай мусибатни (ёмон хабарни) икки ракат намоз билан қарши олар эдилар. У кишининг ҳаётида барча мусулмонларга гўзал ўрнак бўладиган воқеа содир бўлган.
Бир куни у киши йўлда кетаётган эдилар, қизлари вафот қилгани ҳақида хабар келиб қолди. Абдуллоҳ ибн Аббос дарҳол уловдан тушиб, икки ракат намоз ўқидилар. Сўнгра бошларини кўтариб, «Аллоҳга ҳамд бўлсин! Барчамиз Аллоҳникимиз ва албатта Унга қайтамиз. Аллоҳ барча гуноҳларни яширган, барча меҳнатларни муносиб тақдирлаган, барчага ажрини берган», дедилар-да, уловга миниб, йўлларида давом этдилар.
Яна бир сафарда Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга укалари Қусам розияллоҳу анҳунинг шаҳид бўлгани ҳақидаги хабар етиб келди. Ибн Аббос истиржоъ айтиб, йўлнинг четига ўтадилар. Уловдан тушиб, икки ракат намоз ўқийдилар. Намоздан кейин узоқ ўтириб қоладилар. Сўнг уловга миниб, йўлга тушгач, бундай дейдилар: «Аллоҳ таоло «Сабр ва намоз билан ёрдам сўранглар. Намоз – чин дилдан тақво қилувчилардан бошқалар учун жуда оғир нарсадир» деган. Биз Аллоҳ буюрган амални адо қилдик» (Бақара сураси, 45-оят).
Бир қиз айтади:
«Мен бир услубга ўн йиллардан бери амал қилиб келаман, қайғуларим енгиллашишига, ҳаётдан яхшиликлар кутишимга шу услуб сабаб бўлган. Аллоҳ раҳмат қилсин, отамдан ўрганганман бу услубни. Бир куни отамдан «Ҳаётда қандай қилиб бунчалик хотиржам яшаб, ўзингизни бахтли ҳис қиласиз? деб сўрадим.
Отам табассум қилдилар: «Сабаби оддий – мен ҳар қандай шум хабарни, ҳар қандай муаммоларни мусибатда ўқиладиган дуолар билан, икки ракат намоз билан қарши оламан».
Отамнинг менга жуда кўп такрорлайдиган сўзлари шу эди: «Қизим, бу ҳаётда сабрли бўлишинг учун, бахтли ҳаёт кечиришинг учун барча ёмонликларни, ёмон хабарларни дуо билан, икки ракат намоз билан кутиб олгин!».
Отам менга кўпинча Умму Салама розияллоҳу анҳо ҳақида, бу онамизнинг мусибат вақтида айтган дуолари ҳақидаги қиссани айтиб берар эдилар.
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бир мусулмонга мусибат етса, Аллоҳ буюрганидек, «Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун. Аллоҳумма’журний фий мусибатий вахлиф лий хойрон минҳаа» (Барчамиз Аллоҳникимиз ва албатта Унга қайтамиз. Аллоҳим, мусибатим учун менга ажр бергин, менга унинг ўрнига ундан яхшисини насиб қилгин) деса, Аллоҳ бунинг ўрнига ундан яхшисини беради», деганларини эшитган эдим. Абу Салама вафот қилганида «Абу Саламадан ҳам яхшироқ мусулмон борми? Ахир у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон ҳижрат қилган биринчилардан бўлса», дедим-да, ўша дуони айтавердим. Қарангки, Аллоҳ таоло унинг ўрнига менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни насиб қилди».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз номларидан менга совчилик қилиш учун Ҳотиб ибн Абу Балтаъани юбордилар. Мен: «Менинг эмизикли қизим бор, бунинг устига, роса рашкчиман», дедим. У зот: «Қизининг ҳаққига дуо қиламиз, Аллоҳ уни беҳожат қилади. Рашкни кетказиши учун ҳам Аллоҳга дуо қиламан», дебдилар».
Бу ҳадиси шарифнинг бошқа ривоятларида Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо шундай деганлар:
«Абу Салама вафот этганида истиржоъ айтиб, ўша айтилганидек дуо қилдим. Сўнгра ўзимча «Мен учун Абу Саламадан яхши эр топилармиди», дедим. Иддам чиққанидан сўнг эса Расулуллоҳ келиб, киришга изн сўрадилар. Мен тери ошлаб ўтирган эдим, қўлимни ювиб, киришларига изн бердим. Ёнбошларига хурмонинг қобиғи солинган ёстиқ қўйдим. У зот ўтиргач, менга уйланмоқчи эканликларини айтдилар. У зот гапларини тугатгач, «Эй Аллоҳнинг Расули, сизга рағбат қилмаслигим мумкин эмас, лекин мен жуда рашкчи аёлман. Сизга ёқмайдиган ишни қилиб қўйиб, Аллоҳнинг азобига дучор бўлмайин, деб қўрқаман. Қолаверса, ёшим ҳам катта бўлиб қолди, бунинг устига ёш болаларим бор», дедим.
Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Сен айтган рашкни Аллоҳ тезда кетказади. Ёшингга келсак, менинг ҳам ёшим бир ерга бориб қолди. Болаларинг эса менинг ҳам болаларим бўлади», дедилар. Шундай қилиб, дуоларим ижобат бўлди: Аллоҳ менга Абу Саламанинг ўрнига ундан яхши зотни – Расулуллоҳни берди».
Шунинг учун мусибатда айтиладиган дуони, истиржоъни яхши кўраман. Ҳар қандай ёмон хабар, мусибат келса, истиржоъ айтишга одатланганман. Мусибатлар катта ёки кичик бўлсин, ҳар қандай ҳолатда ҳам айтавераман. Масалан, қаламимни йўқотиб қўйсам, имтиҳонда паст баҳо олсам, дугонам билан аразлашиб қолсам, онамнинг мендан жаҳли чиқса – хуллас, ҳар қандай ҳолатда ҳам истиржоъ айтаман.
Отам шундай дер эдилар: «Ким оддий мусибатларда ҳам истиржоъ айтишга одатланса, Аллоҳ уни катта мусибатларда ҳам шундай дуо қилишга одатланиш, ўша мусибатга сабр қилиш неъмати билан сийлаб қўяди».
Дуо қилганимдан кейин таҳорат қилиб, икки ракат намоз ўқиганимда ажиб сокинликни ҳис қиламан, чунки Аллоҳ таоло менга мусибатга, ёмон хабарларга сабр қилишим учун улкан қувват беради. Мусибат пайтида истиржоъ айтишни, икки ракат намоз ўқишни бошлаганимга ўн йилдан ошди. Бу гўзал одат туфайли ҳаётим янада гўзал бўляпти, Аллоҳ мени тушкунликдан, изтироблардан сақлаб келяпти. Баъзан «Қиёмат куни Аллоҳга юзланганимда менга ҳамроҳ бўладиган амалларимнинг энг афзали шу бўлса керак», деб ўйлаб қоламан. Аллоҳ Ўзи қабул қилсин».
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Диний ибодатларни бажариш
1.1. Намозларни ўз вақтида ўқиш. Ибодатлар ичида энг афзали – вақтида ўқилган фарз намози саналади.
1.2. Рўза тутиш. Қазо ва нафл рўзаларни тутиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиш кунидаги рўза қийинчиликсиз топиладиган ғанимат (ўлжа)дир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
1.3. Қуръон ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг энг афзал ибодати Қуръонга қараб тиловат қилишдир”, деганлар. Қуръонни ёддан ўқишдан кўра, унга қараб ўқиш афзалдир. Чунки Қуръонга қараш ҳам ибодатдир.
1.4. Таҳажжуд намозларини ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
1.5. Дуо ва зикрни кўпайтириш. “...Аллоҳни кўп зикр қилинг. Шоядки, зафар топсангиз” (Жума сураси, 10-оят).
2. Оилага яхшилик қилиш
2.1. Ота-онага яхшилик қилиш. Ўз вақтида ўқилган фарз намоздан кейин энг афзал амал бу – ота-она хизматида бўлиш саналади. Зеро, “Роббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди” (Исро сураси, 23‑оят).
2.2. Фарзанд ва аҳли аёлга хурсандчилик улашиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлига яхши муомала қилганингиздир. Мен ўз аҳлига яхши муомала қилувчироғингизман”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
3. Илм олиш, китоб ўқиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир”, деганлар.
4. Тафаккурга вақт ажратиш
Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Бир соат тафаккур қилиш бир кечани бедор ўтказишдан яхшидир”.
5. Муҳтожларга ёрдам бериш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишига енгиллик келтирса, Аллоҳ таоло унга дунёю Охиратда енгиллик беради” (Имом Муслим ривояти).
6. Силаи раҳм қилиш
Дам олиш кунлари қавм-қариндошлар ҳолидан ҳеч бўлмаса телефон орқали бўлсада хабар олиш учун қулай фурсат. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни ризқи кенг, умри узоқ бўлиш хурсанд этса, силаи раҳм қилсин (қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин)” (Имом Бухорий, имом Термизий ривояти).
7. Спорт билан шуғулланиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кучли мўмин Аллоҳ ҳузурида кучсиз мўминдан яхшироқ ва маҳбуброқдир”, деганлар.
8. Дўст ва яқинлар ҳолидан хабар олиш
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни: “Қайсики мусулмон бошқа бир мусулмонни эрталаб зиёрат қилса, то кеч киргунича унга етмиш минг фаришта салавот айтади. Агар кеч кирганида зиёрат қилса, то тонг отгунича етмиш минг фаришта унга салавот айтади. Унга жаннатда бир боғ бўлади”, деб айтганларини эшитдим (Имом Термизий ривояти).
Дам олиш кунларингиз хайрли ва баракали ўтсин!
Даврон НУРМУҲАММАД