Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Январ, 2025   |   9 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:35
Аср
15:31
Шом
17:15
Хуфтон
18:34
Bismillah
09 Январ, 2025, 9 Ражаб, 1446
Мақолалар

Ёмон хабарни икки ракат намоз билан қарши ол!

5.12.2024   2209   6 min.
Ёмон хабарни икки ракат намоз билан қарши ол!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳар қандай мусибатни (ёмон хабарни) икки ракат намоз билан қарши олар эдилар. У кишининг ҳаётида барча мусулмонларга гўзал ўрнак бўладиган воқеа содир бўлган.

Бир куни у киши йўлда кетаётган эдилар, қизлари вафот қилгани ҳақида хабар келиб қолди. Абдуллоҳ ибн Аббос дарҳол уловдан тушиб, икки ракат намоз ўқидилар. Сўнгра бошларини кўтариб, «Аллоҳга ҳамд бўлсин! Барчамиз Аллоҳникимиз ва албатта Унга қайтамиз. Аллоҳ барча гуноҳларни яширган, барча меҳнатларни муносиб тақдирлаган, барчага ажрини берган», дедилар-да, уловга миниб, йўлларида давом этдилар.

Яна бир сафарда Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга укалари Қусам розияллоҳу анҳунинг шаҳид бўлгани ҳақидаги хабар етиб келди. Ибн Аббос истиржоъ айтиб, йўлнинг четига ўтадилар. Уловдан тушиб, икки ракат намоз ўқийдилар. Намоздан кейин узоқ ўтириб қоладилар. Сўнг уловга миниб, йўлга тушгач, бундай дейдилар: «Аллоҳ таоло «Сабр ва намоз билан ёрдам сўранглар. Намоз – чин дилдан тақво қилувчилардан бошқалар учун жуда оғир нарсадир» деган. Биз Аллоҳ буюрган амални адо қилдик» (Бақара сураси, 45-оят).

Бир қиз айтади:

«Мен бир услубга ўн йиллардан бери амал қилиб келаман, қайғуларим енгиллашишига, ҳаётдан яхшиликлар кутишимга шу услуб сабаб бўлган. Аллоҳ раҳмат қилсин, отамдан ўрганганман бу услубни. Бир куни отамдан «Ҳаётда қандай қилиб бунчалик хотиржам яшаб, ўзингизни бахтли ҳис қиласиз? деб сўрадим.

Отам табассум қилдилар: «Сабаби оддий – мен ҳар қандай шум хабарни, ҳар қандай муаммоларни мусибатда ўқиладиган дуолар билан, икки ракат намоз билан қарши оламан».

Отамнинг менга жуда кўп такрорлайдиган сўзлари шу эди: «Қизим, бу ҳаётда сабрли бўлишинг учун, бахтли ҳаёт кечиришинг учун барча ёмонликларни, ёмон хабарларни дуо билан, икки ракат намоз билан кутиб олгин!».

Отам менга кўпинча Умму Салама розияллоҳу анҳо ҳақида, бу онамизнинг мусибат вақтида айтган дуолари ҳақидаги қиссани айтиб берар эдилар.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бир мусулмонга мусибат етса, Аллоҳ буюрганидек, «Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун. Аллоҳумма’журний фий мусибатий вахлиф лий хойрон минҳаа» (Барчамиз Аллоҳникимиз ва албатта Унга қайтамиз. Аллоҳим, мусибатим учун менга ажр бергин, менга унинг ўрнига ундан яхшисини насиб қилгин) деса, Аллоҳ бунинг ўрнига ундан яхшисини беради», деганларини эшитган эдим. Абу Салама вафот қилганида «Абу Саламадан ҳам яхшироқ мусулмон борми? Ахир у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон ҳижрат қилган биринчилардан бўлса», дедим-да, ўша дуони айтавердим. Қарангки, Аллоҳ таоло унинг ўрнига менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни насиб қилди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз номларидан менга совчилик қилиш учун Ҳотиб ибн Абу Балтаъани юбордилар. Мен: «Менинг эмизикли қизим бор, бунинг устига, роса рашкчиман», дедим. У зот: «Қизининг ҳаққига дуо қиламиз, Аллоҳ уни беҳожат қилади. Рашкни кетказиши учун ҳам Аллоҳга дуо қиламан», дебдилар».

Бу ҳадиси шарифнинг бошқа ривоятларида Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо шундай деганлар:

«Абу Салама вафот этганида истиржоъ айтиб, ўша айтилганидек дуо қилдим. Сўнгра ўзимча «Мен учун Абу Саламадан яхши эр топилармиди», дедим. Иддам чиққанидан сўнг эса Расулуллоҳ келиб, киришга изн сўрадилар. Мен тери ошлаб ўтирган эдим, қўлимни ювиб, киришларига изн бердим. Ёнбошларига хурмонинг қобиғи солинган ёстиқ қўйдим. У зот ўтиргач, менга уйланмоқчи эканликларини айтдилар. У зот гапларини тугатгач, «Эй Аллоҳнинг Расули, сизга рағбат қилмаслигим мумкин эмас, лекин мен жуда рашкчи аёлман. Сизга ёқмайдиган ишни қилиб қўйиб, Аллоҳнинг азобига дучор бўлмайин, деб қўрқаман. Қолаверса, ёшим ҳам катта бўлиб қолди, бунинг устига ёш болаларим бор», дедим.

Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Сен айтган рашкни Аллоҳ тезда кетказади. Ёшингга келсак, менинг ҳам ёшим бир ерга бориб қолди. Болаларинг эса менинг ҳам болаларим бўлади», дедилар. Шундай қилиб, дуоларим ижобат бўлди: Аллоҳ менга Абу Саламанинг ўрнига ундан яхши зотни – Расулуллоҳни берди».

Шунинг учун мусибатда айтиладиган дуони, истиржоъни яхши кўраман. Ҳар қандай ёмон хабар, мусибат келса, истиржоъ айтишга одатланганман. Мусибатлар катта ёки кичик бўлсин, ҳар қандай ҳолатда ҳам айтавераман. Масалан, қаламимни йўқотиб қўйсам, имтиҳонда паст баҳо олсам, дугонам билан аразлашиб қолсам, онамнинг мендан жаҳли чиқса – хуллас, ҳар қандай ҳолатда ҳам истиржоъ айтаман.

Отам шундай дер эдилар: «Ким оддий мусибатларда ҳам истиржоъ айтишга одатланса, Аллоҳ уни катта мусибатларда ҳам шундай дуо қилишга одатланиш, ўша мусибатга сабр қилиш неъмати билан сийлаб қўяди».

Дуо қилганимдан кейин таҳорат қилиб, икки ракат намоз ўқиганимда ажиб сокинликни ҳис қиламан, чунки Аллоҳ таоло менга мусибатга, ёмон хабарларга сабр қилишим учун улкан қувват беради. Мусибат пайтида истиржоъ айтишни, икки ракат намоз ўқишни бошлаганимга ўн йилдан ошди. Бу гўзал одат туфайли ҳаётим янада гўзал бўляпти, Аллоҳ мени тушкунликдан, изтироблардан сақлаб келяпти. Баъзан «Қиёмат куни Аллоҳга юзланганимда менга ҳамроҳ бўладиган амалларимнинг энг афзали шу бўлса керак», деб ўйлаб қоламан. Аллоҳ Ўзи қабул қилсин».

 Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

"Ли ийлафи қурайш" сураси

8.01.2025   3085   2 min.

"Ли ийлафи қурайш" сураси, Қурайш қабиласига берилган неъматларга урғу беради. 

Бу суранинг нозил бўлиши сабабини ўрганганда, Аллоҳдан янада қўрқиш ҳисси пайдо бўлади. Бу сура ҳаётдаги муҳим муаммолардан бири - неъматга одатланиб, уни қадрсизлантириш ҳақидадир.
Аллоҳ қурайшликларни икки мавсум - қиш ва ёздаги савдо сафарлари орқали тирикчиликларининг яхши кетишига одатланиб қолганликлари, лекин улар бу неъматларнинг ҳақиқий Эгасини тан олиб, шукр қилмаганларини айтади.

Жоҳилият даврида Қурайш қабиласи фақирлик ва очарчиликда яшаган, ҳаётлари жуда ночор ва қийин бўлган. Ҳаттоки, қашшоқлик кучайганида, баъзилар ўз оиласини олиб, “хубо” деб аталган жойга боришар ва ўша ерда очликдан ҳаммаси ҳалок бўлгунига қадар қолишарди. Бу одат жоҳилият даврида “иътифар” деб номланар эди. 
Макканинг катта тожирларидан бўлган Ҳошим ибн Абдуманофга бир куни Бани Маҳзум қабиласининг барча аъзолари жуда қаттиқ очликда қолиб, ҳалок бўлиш арафасида экани ҳақидаги хабар етади. У Аллоҳнинг байти Каъбанинг хизматида турган одамларнинг шундай қашшоқлик ва ўта жоҳилона аҳволда эканликларидан ўкинди ва қаттиқ ғазабланди.

Шу сабабдан Ҳошим ибн Абдуманоф бу ёмон одатни ўзгартиришга қарор қилди ва қуйидагиларни амалга оширди:
– Сизлар Аллоҳнинг байтини хизматида бўлатуриб бутун арабларга ўзингизни шарманда қиладиган ёмон одатларни жорий қилгансизлар, деди ва бир қабилани бир нечта уруғларга бўлиб ташлади. Ҳар бир уруғдаги бой кишилардан ўз қариндошлари билан мол-мулкини тенг бўлишишни талаб қилди. Шундай қилиб, камбағал ҳам бой билан тенг бўлди.
Шундан кейин у Қурайш қабиласига тижорат усулларини ўргатди ва уларни йилда икки марта тижорат сафарига чиқиш йўлларини белгилаб берди. Ёзда мева-сабзавотлар савдоси учун Шомга, қишда эса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси учун Яманга сафарларини ташкил қилди.

Шундай қилиб, Шом ва Яманнинг баракаси Маккага олиб келинди ва қурайшликларнинг иқтисодий ҳолати яхшиланди. Шу билан бирга, “иътифар” одати ҳам йўқ бўлди. Бироқ, вақт ўтиши билан Қурайш қабиласи Аллоҳнинг бу неъматларига шукр қилиш ўрнига, уларга одатланиб қолди ва неъматни қадрламай қўйди. Неъматга ношукурлик қилиш – бу унга одатланиб, уни неъмат деб билмасликдир.
Қурайш қабиласи Аллоҳ томонидан туширилган неъматларга одатланиб, уни қадрсизлантиргани учун Аллоҳ уларга бу сурани туширди: "Мана шу Байт (Каъба)нинг Парвардигорига (шукрона учун) ибодат қилсинлар. Зеро, У уларни очликдан (қутқариб) тўйдирди ва хавфу хатардан омон қилди".

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ