Кеча Куала-Лумпур шаҳрида Малайзиянинг "Research House of Asia Media" медиа компанияси томонидан ўтказилган Осиё минтақаси мамлакатларида тадбиркорлик ҳамда туризмни ривожлантириш бўйича социологик ва маркетинг тадқиқотлари натижалари ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Тадбирда Малайзия ҳукумати аъзолари, 20 дан ортиқ Осиё давлати вакиллари, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларининг етакчи ишбилармон доиралари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Маросимда 2024 йилда "Осиёнинг энг яхши ўнталиги" ва "Малайзиянинг энг яхши ўнлиги" номинациялари бўйича эришган юксак ютуқлари учун мукофотлар топширилди.
"Йилнинг энг яхши йўналиши" номинациясида Ўзбекистон "Осиёда 2024 йилги энг яхши меъморий мерос саёҳати йўналиши" сифатида ғолиб деб топилди. Тегишли дипломни Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоевга Малайзия Қироли Султон Иброҳимнинг синглиси Мариам Заҳро топширди.
Мазкур нуфузли мукофот тақдимоти чоғида таъкидланганидек, Ўзбекистон ҳудудида ЮНЕСКОнинг бешта жаҳон маданий мерос объектлари мавжуд. Қайд этилишича, Ўзбекистон ўзининг миллий ўзига хослигини, кўплаб ислом маданияти ва меъморчилиги ёдгорликларини сақлаб қола олди. Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарлар ноёб тарихий обидалари билан мамлакат чегараларидан ташқарида ҳам жуда машҳур. Чунки, ушбу шаҳарлар тарихда Шарқнинг муҳим давлат ва илмий марказлари бўлган. Мазкур мукофот Ўзбекистон ҳукуматининг бутун дунёдан тобора кўпроқ сайёҳларни жалб этаётган тарихий обидаларни асраб-авайлаш борасидаги саъй-ҳаракатларининг эътирофидир.
"Top 10 of Asia"нинг бошқа номинацияларида Ливан (энг яхши миллий таомлар), Иордания (археологик мерос), Кувайт (барқарор ривожланиш), Индонезия (тез ривожланаётган бозор иқтисодиёти) ва Тожикистон (энг яхши табиий ресурслар) ғолиб бўлди.
"Research House of Asia Media" – бу Малайзиядаги энг йирик ноширлик уйларидан бири бўлиб, "The Top 10 of Asia", "The Top 10 of Malaysia", "The Top 10 of Indonesia", "The Top 10 of Singapore", "The Top 10 of Thailand" ва "The Top 10 of Lifestyle" каби инглиз тилидаги журналларига эгалик қилади. Журналлар ҳар ойда 10 минг нусхадан босилади. Улар Малайзия ва Жануби-Шарқий Осиёдаги етакчи китоб дўконлари, дипломатик корпус, меҳмонхоналар, савдо уюшмалари ва давлат идораларига тарқатилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Хабарингиз бор, Ўзбекисто Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, Самарқанд шаҳрида йирик халқаро конференция бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли анжуманда иштирок этиш учун юртимизга ташриф буюрган Мусулмон донишмандлари кенгаши бош котиби Муҳаммад Абдуссалом билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева ҳамда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори, профессор Музаффар Комилов ўртасида учрашув ўтказилди.
Суҳбат аввалида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш энг устувор вазифалардан эканлиги алоҳида таъкидланди.
Мусулмон донишмандлари кенгаши билан алоқаларни ривожлантириш, диний бағрикенглик ҳамда анъанавий ислом қадриятларини мустаҳкамлаш борасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Жумладан, Мусулмон донишмандлари кенгаши билан ҳамкорликда буюк аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, хусусан, Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанд шаҳрида қайта барпо этилаётган Имом Бухорий мажмуаси фаолияти доирасида самарали алоқаларни йўлга қўйиш масалалари хусусида сўз юритилди.
Бугунги кунда бутун дунё мусулмонлари учун аҳиллик, тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшларни турли хавф-хатарлардан асраш масалалари ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Бу йўналишда томонлар кенг ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканлигини билдирди.
Учрашув якунида ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш, делегациялар ташрифларини амалга ошириш, биргаликда турли илмий ва амалий тадбирларни ташкил этишга келишиб олинди.