Бугун айрим кимсалар моддий манфаат илинжида ўғрилик, тамагирлик, босқинчилик, одам савдоси, фирибгарлик каби жиноятларни содир этмоқда. Булар орасида ақл ҳушини таниганлари ҳам, ғўр ёшлар ҳам бор. Охирги йилларда жиноятчилик ҳолатлари тўрт баробар ошган. Бунда ёшларнинг салмоғи 61 фоизни ташкил қилмоқда. Бу рақамлар ҳар қандай кишини ҳўшёрликка чорлайди.
Афсуски, кейинги пайтларда энг кўп кузатилаётган жиноятлардан бири пластик картадан пул ўғирлашдир. Бу жиноятни содир этаётганлар жабрланувчининг кимлигига ҳам, аҳволига ҳам қарамай уни қақшатмоқда. Ҳатто муҳтож, оғир беморлар учун йиғилган хайрия пулларинида ўмармоқда. Наҳот, инсон шу даражада тубанликка борса, дея хайрон қоласан киши. Бундай ўғирликни ўзгалар қилса, бирор нима дейишинг қийин. Аммо бу ишни банк ходими ёки бирор яқининг қилса, додингни кимга айтишни ҳам билмай қоларкансан.
Яқинда Бўстонлиқ туманида исқтиқомат қилувчи шахс ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларга банк картасидан пул ўғирлангани бўйича шикоят қилган. Суруштирувларга кўра бу жиноятни ўсмир жияни қилгани маълум бўлди. Бундай қинғирликни банк ходими қилганига нима дейсиз? Шу кунларда бир банк ходими фуқароларнинг пластик карталаридаги SMS хабар ва пул ўтказиш хизматини ўзининг телефон рақамига улаб, кўп миқдордаги маблағни ўзлаштириб юборади. Унинг қилмиши фош бўлиб, у касбидан ҳам, халол ризқидан ҳам маҳрум бўлди.
Пул илинжида ўзгаларни заҳарлашдан тоймайдиганлар ҳам борлиги аламлидир. Бу ишни бир неча фарзанднинг ота-онаси қилганига нима дейиш мумкин. Яқинда ички ишлар ходимлари эр-хотин тил бириктириб гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланганини аниқладилар. Энди улар бу қилмиши учун панжара ортида жавоб бермоқдалар. Ахир кўплаб ёшларнинг умрига хазон бўлаётган бу оғуфурушлар ўз фарзанди ҳам айнан шу йўл билан нобуд бўлишидан қўрқмасалар.
Мўмай даромад илинжида ўзгаларни алдаб, қўрқитиб манфаат олмоқчи бўлаётганлар ҳам орамизда топилади. Яқинда пойтахтимизда истиқомат қилувчи кимсалар бир тадбиркорга дўқ-пўписа қилиб, ундан 340 000 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилади. Агар бу пулни бермаса, оила аъзоларини ўлдиришини айтади. Уларнинг бу нияти амалга ошмай қўлга тушди.
Жиноятчиларни бундай ишларга нима етакламоқда, деган савол кишини мулоҳазага чорлайди.
Албатта, бунинг бош сабаби биринчи ўринда моддий манфаат, осон бойишдир. Аммо пул топишнинг ҳалол йўлларидан бориш, унга сабр-матонат билан етишишни тушуниш учун эса кишида тўғри тарбия олмоғи керак. Дину динёнатдан, одоб-ахлоқдан хабардор бўлмоғи лозим.
Динимиз ҳар қандай зўравонликдан, ҳаром луқмадан йироқ бўлишга чақириб, ҳалол касб қилишга буюради. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмон – мусулмондан унинг қўли ва тилидан саломатда бўлган одамдир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Парвардигор азза ва жалла айтади: “Эй бандаларим, Мен Ўзимга зулмни ҳаром қилдим ва уни сизларнинг орангизда ҳам ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм қилманглар”» (Имом Муслим ривояти).
Мўмин киши ўзгаларнинг танига, молига ва аҳлига зулм қилмайди. Доим хушмуомолада, яхшилик пайида бўлади. Энг асосийси, ҳаром луқма билан оиласини боқмайди. Қачондир ҳаром луқма еган фарзандлар албатта унинг бадалини тўлайдилар. Шунинг учун ҳам халқимизда “Бировнинг ҳақи буюрмайди” деган гап юради.
Қуръони каримда: “Эй иймон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз!... дея марҳамат қилинади (Нисо сураси, 29-оят). Демак, ҳар қандай мўмин киши ўзгалар ҳақидан қўрқиши, доим ҳалол ризқ талабида бўлиши зарур. Илло, бунинг акси бўлса, икки дунёда ҳам қаттиқ сўроқ борлигини унутмасак бўлгани.
Шоҳрух УБАЙДУЛЛОҲ
тайёрлади
Барчамизга маълумки, ҳар бир ота-она ўз фарзандларининг истиқболи, бахт-саодати ва келажакда мустақил ҳаёт кечириб, жисмоний ва руҳий жиҳатдан баркамол авлод бўлиб етишишини ният қилади. Мана шу мақсадларга етишишда Ислом динининг том маънодаги улуғвор таълимотига амал қилиш муҳим аҳамиятга эга. Ислом динида болаларни ҳали мурғаклигиданоқ гўзал ахлоқ ва одобга ўргатиб бориш тавсия этилади.
Динимизда ёшларни асосан ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга катта аҳамият қаратилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида бундай деганлар: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди” (Имом Термизий ривояти).
Тарбия инсон камолотининг асосидир. Бизда фарзанд тарбияси ҳар бир оила учун асосий вазифа бўлиб келган. Ҳозирда ҳам ёшлар тарбиясига, уларнинг сифатли билим олишларига давлатимиз миқёсида катта аҳамият берилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашувда шундай таъкидлаган эдилар: “Менинг энг катта ташвишим, мақсадим — ёшлар тарбияси. Биз олган марралар учун билимли авлод керак. Бунинг учун ҳамма шароитларни яратишга ҳаракат қиляпмиз. Сизлар эса вақтнинг қадрига етиб, бор имкониятни ишга солиб, ўқишингиз керак. Олган билимингиз, ўрганган касб-ҳунарингиз келажакда сизларга қанот бўлади”.
Бугунги кунда давлатимиз томонидан ёшларни қўллаб-қувватлашга, уларни ақлан ва маънан етук авлод бўлиб етишишига катта эътибор қаратилмоқда.
Ислом дини таълимотида ёшларни ақлан тарбия қилиш ҳам муҳим масала саналади. Бунда уларни манфаатли илм соҳиби қилиб тарбиялаш, фикрий ва илмий жиҳатдан етук инсон қилиб камолга етказиш назарда тутилади. Ислом динида илм деганда диний ҳам дунёвий илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг руҳий ҳаёти, унинг эътиқодига оид бўлиб, охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм унинг жисмоний ҳаёти, дунё ободлиги учун зарурдир.
Ислом таълимотларига жону дили билан амал қилган аждодларимиз, буюк бобокалонларимиз ҳам шариат, ҳам тариқат ва ҳам илм-фан соҳасида бутун дунёга ўрнак бўлганлар.
Буюк шоир ва мутафаккир Низомиддин Алишер Навоий ҳазратлари ёзганидек, “Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи”.
Инсон дунёда яшар экан, ўз ҳаётини гўзал ўтказишга ҳаракат қилади. Турмушнинг фаровон бўлиши, жамиятнинг тараққий этиши эса фақат илм-фан билан бўлади. Қаерда илм-фан ривож топса, ўша ерда тарққиёт бор. Илм-фаннинг ривожи эса илм эгалари – олимлар билан бўлади.
Ислом дини мусулмонларни доимо илмга ундаган. Чунки инсон шахсиятини илмдан бошқа ҳеч нарса тўғри йўлга сола олмайди, тараққиётга ҳам эриштира олмайди.
«Билимли инсон қуёшга ўхшайди, кирган жойини ёритади».
Ҳа, илм қоронғуликларни ёритувчи машъаладир. Қоронғуликда қолган ҳар бир киши унга муҳтож. Юксак поғоналарга илм нарвони билан чиқилади. Тараққий этишни ва камолот топишни истасак илмнинг этагини маҳкам ушлайлик.
Шундай экан, биз мусулмонлар ўз фарзандларимизни бугунги кун талаблари асосида тарбиялашимиз, уларни замонавий илм ва касб-ҳунарга йўналтиришга бор кучимизни сарфлашимиз лозим. Шунда фарзандларимиз хориж мамлакатларига ишлаш учун “қора ишчи” бўлиб эмас, балки мутахассис сифатида борадилар.
Сўнгги йилларда Юртбошимиз томонларидан ёшларни замонавий касб-ҳунарлар ва чет тилига ўргатиш бўйича илгари сурилган “1000 дастурчи”, “Икки тил, бир касб” лойиҳаларидан ҳам айнан шу эзгу мақсад кўзланган...
Албатта, мусулмон инсон ўзга инсонларга аввало ўзининг юксак ахлоқи билан намуна бўлиши керак. Зеро, инсонлар хулқи гўзал кишини яхши кўрадилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломга чақиришни бошлаганларида қариндошларини “Эй Бани Фиҳр, эй Бани Адий” деб чақирдилар. Барча тўпланди, уйидан чиқишга имкони бўлмаган кишилар нима бўлаётганини билиб келиш учун одам жўнатдилар. Расулуллоҳ алайҳиссалоту васаллам: “Агар мен сизларга мана бу тоғ этагидаги водийда отлиқлар устингизга бостириб келишга тайёр турибди, деб хабар берсам, менга ишонасизларми?”, дедилар. Улар: “Сизнинг бирор марта ёлғон гапирганингизни билмаймиз, Сизга ишонамиз”, дейишди. Шундан кейин у зот ўзларини Пайғамбар қилиб юборилганларини айтдилар.
Бу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар эканларини турли ҳужжат ва мўъжизалар орқали исботлаш билан эълон қилмадилар. Балки, энг аввало уларга ўзларининг ахлоқлари ҳақида савол бериб, ўзларининг ростгўй эканликларини тасдиқлатиб олдилар. Бундан кўриниб турибдики, мусулмон киши ўзга кишиларга энг аввало амали, хулқи ва одоби билан намуна бўлиши керак экан.
Киши ҳусни хулқли бўлиши учун аҳли илм ва солиҳ зотларни суҳбатларидан баҳраманд бўлиши ва уларни одоб ахлоқларидан ўзига намуна олиши ҳам айни муддаодир. Бу ҳақда Ибн Ваҳб раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар: “Имом Моликнинг илмларидан кўра, у зотнинг одобларидан ўрганганимиз кўпроқ бўлди”.
Демак, ҳусни хулқ ва одоб кишида ўз-ўзидан шаклланиб қолмас экан. Балки уни илм аҳли билан ҳамсуҳбат бўлиш, улардан илм олиш билан бирга одоб-ахлоқларини ўрганиш билан касб қилинар экан. Ушбу хислат ўтган салафи солиҳларимизнинг гўзал одатларидан бўлган.
Жунайд Бағдодий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Гарчи инсоннинг илми ва амали оз бўлса ҳам, тўртта нарса уни юқори даражаларга кўтаради: Ҳилимлик, тавозеълик, сахийлик ва ҳусни хулқдир. Ҳусни хулқ имоннинг комиллигидир”.
Луқмони Ҳакимнинг ўғли отасига: “Эй отажон, инсон учун қайси хислат яхшироқ?” деди. Отаси: “Дин”, деб жавоб берди. “Агар хислат иккита бўлса-чи?” деб сўради. Отаси: “Дин ва мол”, деди. “Агар учта бўлса-чи?” деди ўғли. Отаси: “Дин, мол ва ҳаё”, деди. Ўғил: “Агар тўртта бўлса-чи?” деди.
Отаси: “Дин, мол, ҳаё ва чиройли хулқ”, деди. “Агар бешта бўлса-чи?” деди ўғли. Отаси: “Дин, мол, ҳаё, чиройли хулқ ва сахийлик”, деб жавоб берди. Ўғил яна: “Олтита бўлса-чи?” деб ҳам сўраган эди, Луқмони Ҳаким: “Эй ўғлим, агар инсонда мана шу беш хислат жамланса, у покиза, тақводор, Аллоҳга дўст ва шайтондан узоқ бўлади” деб жавоб қилди. Мана шу бешта хислатлар борлиги ҳам мўминлик сифатларидандир.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Албатта, банда чиройли хулқи билан жаннатда олий мақомга етади, гарчи (нафл) ибодатини кўп қилса ҳам”.
Инсон ёмон хулқи билан бошқа инсонларни кўнглига озор берадиган бўлса, ўша хулқи туфайли қилган яхшиликлари ҳам бекор бўлади.
Киши илмга қанча муҳтож бўлса, гўзал хулққа ва одобга ҳам шунча муҳтождир. Зеро, илм, гўзал хулқ ва одоб инсонни камолотга етказувчи икки қанотдир. Ахлоқи комил, бир-бирига меҳрибон ва мададкор жамият бахтли ва фаровон жамиятдир.
Фарзандларимиз илм-маърифатли бўлишида энг катта масъул биз ота-оналар эканимизни зинҳор зинҳор унутмайлик. Фарзандим илмли, одобли, касб-ҳунарга эга бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топиб, оиласига, ватанига, муборак динига хизмат қиладиган, орзу-ҳавасларингизни рўёбга чиқарадиган инсон бўлсин десак, ҳаётда турли кераксиз, ортиқча ҳою-ҳавасларга берилиб кетмасдан, уларнинг эҳтиёжи учун энг зарурий бадиий, илмий, танлаган касбига оид, дунё ва охиратига манфаат берадиган китоблар, дарсликлар олиб беришга эринмайлик. Албатта, олиб бериб, уларни хурсанд қилиб, қўллаб-қувватлаб, шу китобларни бирга ўқийлик ёки ўқишини албатта назорат қилиб турайлик.
Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН,
Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.