Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳар қанча уринманг одамларнинг тилидан омон қолиш мумкин эмас. Шунинг учун уларга эътибор берманг, Аллоҳ билан машғул бўлишда давом этинг.
Имом Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳдан сўралди:
"Одамлар сизнинг мажлисингизга сўзларингиздаги камчиликларни топишга ва сизга қарши ишлатиш учун келишади. Бу ҳақда нима дейсиз?".
Шунда у зот бундай жавоб бердилар:
"Хотиржам бўлинг, мен нафсимни Аллоҳга яқин бўлишига умидлантирдим, у умид қилди. Жаннатга киришига умидлантирдим, умид қилди. Ҳур қизларга умидлантирдим, умид қилди. Лекин одамлардан омон қолишга ҳар қанча умидлантирмай, лекин бунга йўл тополмадим. Одамлар ўз Яратганларидан рози бўлмаганларини кўриб, улар ўзлари каби махлуқдан ҳечам рози бўлмасликларини англадим".
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳдан сўрашди:
"Одамлардан саломат бўлишнинг йўли қандай?".
Имом жавоб берди: "Уларга берасан, лекин улардан олмайсан. Сенга озор берсаларда, сен уларга озор бермайсан. Уларнинг ҳожатларини чиқарасан, лекин улардан ҳожатингни сўрамайсан".
Одамлар "Бу жуда қийин иш, эй имом" дейишди.
"Унда саломат бўлмайсиз", деди имом (Сияру аълом ан-нубало).
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир ғаройиб илмий тадқиқотда олимлар солиҳа хотиннинг уйдаги саодатга кучли таъсир қилишини исботладилар. «Никоҳ ва оила» журналида чоп этилган маълумотда тадқиқотчилар ҳаётдаги бахтнинг сири жуфтида эканини аниқлашди. Тадқиқотчилар бир нечта эркакларни синаб кўрдилар ва эр-хотинлик саодатида аёлнинг асосий роли борлигини аниқладилар. Хотин эрини мақтаса, бу эрнинг ҳаётда бахтиёрлигидан далолат беради. «Эр-хотин муносабатларидаги номутаносиблик аёлларнинг одатда эрларига ҳиссий ва амалий ёрдамни қандай кўрсатиши билан боғлиқ, аксинча эмас», дейди тадқиқот ҳаммуаллифи Дебора Карр. — Бахтсиз турмуш қурган эркаклар, уларнинг умумий фаровонлигини оширадиган эр-хотин муносабатларидан фойда олишлари мумкин. Бинобарин, солиҳа жуфт бу дунёда саодатнинг асосий сабабчиси эканлигини илмий ҳақиқат тасдиқлайди.
Буни севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алйҳи васаллам аллақачон таъкидлаб қўйганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: «Дунё матодир. Дунё матосининг энг яхшиси солиҳа аёлдир» (Имом Муслим ривояти).
Мўмин инсоннинг бу дунёда ўзига мададкор, ҳаётига бахт ва роҳат кириб келишига сабаб бўладиган солиҳа жуфти бўлиши, бу дунёдаги энг яхши саодат тури эканлигини юқоридаги ҳадис таъкидламоқда. Бу бугун олимлар кашф этган ҳақиқатдир. Бизга Ислом неъматини бергани учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.