Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Июн, 2025   |   11 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:36
Шом
19:57
Хуфтон
21:34
Bismillah
07 Июн, 2025, 11 Зулҳижжа, 1446
Мақолалар

Жумани узрсиз тарк этмаслик

06.12.2024   5328   3 min.
Жумани узрсиз тарк этмаслик

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, жумага борсин. Ким бирор беҳуда иш ёки тижорат билан овора бўлса, Аллоҳ ундай бандадан беҳожатдир. Аллоҳ ғаний ва ҳамийд Зотдир", дедилар (Табароний ривоят қилган).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбар устида туриб: «Ёки қавмлар жумаларни тарк қилишдан тўхтарлар, ёки Аллоҳ уларнинг қалбларига муҳр босур ва сўнгра ғофиллардан бўлурлар», – деганларини эшитдим» (Муслим, Насоий ва Аҳмад ривоят қилишган).

Абу Жаъд Зомрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким писанд қилмай уч жумани тарк этса, Аллоҳ унинг қалбига муҳр босгай", дедилар (Ҳоким ривоят қилган).

«Аллоҳ таоло унинг қалбига муҳр босгай» калимасининг маъноси: «жоҳиллардан, қалби қаттиқлардан», деб ёзиб қўяди, қалбини муҳрлаб, ўраб қўяди, унинг қалбини Ўзининг лутфу марҳаматидан маҳрум қилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бирингиз бир тўда қўй олиб, шаҳардан бир-икки мил узоқлашади. Ўт-ўлан топиш оғирлашганда, ундан-да узоқроққа жўнаб кетади. Жума келади, лекин у жумага ҳозир бўлмайди. Яна жума келади, лекин у жумага келмайди. Ҳатто Аллоҳ таоло унинг қалбини муҳрлаб қўяди", дедилар (Ибн Можа ривоят қилган).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни бизга хутба қилиб бундай дедилар: "Эй инсонлар, Аллоҳга ўлимларингиздан олдин тавба қилинг. Машғул бўлмай туриб, солиҳ амалларга шошилиб қолинглар. Доимий зикрда бўлиб, Роббингиз билан алоқани мустаҳкамланглар. Ошкора ва пинҳона садақани кўпайтиринглар, ризқингиз кенг бўлади, сизларга Аллоҳдан ёрдам етади, мусибатларингизнинг ўрни билинмай кетади. Билиб қўйинглар, Аллоҳ таоло жумани мана шу жойда, шу кунда, шу ойда, шу йилда фарз қилди. Унинг фарзлиги қиёматгача бардавомдир. Ким тириклигимда ёки мендан кейин одил ёки фосиқ имоми бўла туриб, жумани бепарволик ва инкор қилган ҳолда тарк қилса, Аллоҳ таоло унинг ишларини жамламасин, барака бермасин. Огоҳ бўлинглар, то тавба қилмагунча, унинг намози, закоти, ҳажи, рўзаси, яхшиликлари қабул бўлмайди. Ким тавба қилса, Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилади" (Ибн Можа ва Табароний ривоят қилишган). 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Ким кетма-кет уч жумани тарк қилса, Исломни ортига ташлабди" (Абу Яъло ривоят қилган).

Яъни дин арконларини тарк қилибди, шариат одобларига риоя қилмабди, ҳасрат ва ғафлатда қолибди. Қалби қорайиб, амали ёмонлашибди.

“Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар” китобидан

Бошқа мақолалар

Расулуллоҳ ﷺнинг охирги ҳаж ва хутбалари

04.06.2025   3120   4 min.
Расулуллоҳ ﷺнинг охирги ҳаж ва хутбалари

Умматга қилинган сўнгги васият


“Ҳажжатул вадоъ” яъни “Вадо хутбаси” луғатда “Видолашув хутбаси”, “хайрлашув, айрилиқ хутбаси-хитоби” деган маъноларни билдиради.

Ҳижрий ўнинчи йилнинг 9 зулҳижжа ойида (милодий 632 йил 8 март) Пайғамбаримиз алайҳиссалом сўнгги ҳаж ибодатини адо этганларида хутба қилганлар. Унда Маккада жами 124 минг мусулмон тўпланган эди.

У зот алайҳиссалом Қасво деган туяларига миниб, Арафот водийсида умматга сўнгги васиятларини баён этганлар. Бу хитоб фақат ўша жойда тўпланган ҳожиларгагина эмас, балки қиёматга қадар келадиган бутун инсониятга қаратилган.

 

Пайғамбаримиз алайҳиссалом умматга бундай васият қилдилар:

“Эй инсонлар! Сўзимни яхшилаб тингланг... Бу йилдан сўнг сизлар билан бу ерда яна кўришиш-кўришмаслигимни билмайман.

 

Эй инсонлар! Бугунингиз қандай ҳам муқаддас кун, бу ойлар қандай ҳам муқаддас ой, бу шаҳар (Макка) қандай ҳам муқаддас бир шаҳар бўлса, Роббингиз билан кўришгунга қадар қонларингиз, молларингиз, обрўларинигиз ҳам айни шаклда муқаддасдир ва бир-бирларингизга ҳаромдир!

Эй саҳобаларим! Эртага Роббингизга рўпара бўлиб ва бугунги ҳолингиз ҳақида жавоб берурсиз. Мендан сўнгра эски залолатларга қайтиб, бир-бирингизнинг бўйнингизга урмангиз!...

Эй инсонлар! Аёлларингизга яхши муомала қилишингизни ва Аллоҳдан қўрқишингизни тавсия қиламан. Чунки улар амрингиз остидадир. Сиз уларни Аллоҳнинг бир омонати ўлароқ олдингиз ва уларнинг номусларини ва иффатларини Аллоҳ олдида сўз берароқ ҳалол этингиз.

Яхши билингки, сизнинг аёлингизда ҳаққингиз бўлганидек, уларнинг ҳам сизда ҳақлари бор.

Эй мўминлар! Сўзимни тингланг. Яхши тушиниб олинг. Батаҳқиқ Роббингиз бирдир. Оталарингиз ҳам биттадир. Аллоҳ ҳузурида энг хайрлигингиз, Аллоҳдан энг кўп қўрққанингиздир.

Арабларнинг ажамдан, ажамнинг эса арабдан, оқ ирқлининг қора ирқлидан, қора ирқлининг оқ ирқдан ҳеч қандай устунлиги йўқдир. Устунлик ёлғиз тақводадир.

Эй инсонлар! Аллоҳдан қўрқинг, раҳбар қилиб устингизга бурни, қулоғи кесик бир қулни сайлаб қўйса, Аллоҳнинг Китоби ила ҳукм этгани қадар уни тингланг ва унга итоат этинг!

Эй инсонлар! Сизга бир омонат қолдираяпман-ки, уни маҳкам ушласангиз йўлингиздан адашмайсиз! У омонат Аллоҳнинг Китоби ва пайғамбарининг суннатидир.

Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқинг! Беш вақт намозингизни ўқинг! Рамозон ойидаги рўзаларингизни тутинг!

Молларингизнинг закотини беринг! Ўзларингиздан бўлган амр соҳибларига итоат этинг-ки, Роббингизни жаннатига кирурсиз.

Эй инсонлар! Ҳаддан ошишликдан сақланинг. Ўтган умматларнинг ҳалокатининг сабаби, динларида ҳаддан ошиш эди.

Бу санадан сўнгра яна сиз билан бу ерда кўришиш-кўришмаслигимни билмайман.

Эй инсонлар! Эртага мен хақимда сиздан сўраганларида нима дейсиз? Рисолатни етказдимми? Илоҳий вазифани адо қилдимми?”, дедилар.

Бунга бутун асҳоби киром шундай жавоб бердилар: “Албатта, қасам ичамизки сиз Аллоҳнинг хабарини таблиғ этдингиз, вазифани бажардингиз. Бизга тавсия ва насиҳатда бўлдингиз. Ҳаммасига шоҳидлик берамиз!”

 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак кўрсатгич бармоқларини самога ишорат қилдириб, жамоатга боқиб бундай дедилар: “Шоҳид бўл Роббим! Шоҳид бўл Роббим! Шоҳид бўл Роббим!”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув хутбасини якунлагач, Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди:

Бугунги кунда Мен сизнинг динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим (Моида сураси, 3-оят).

Набий алайҳиссалом вадо ҳажидан қайтишда йўлда хасталандилар. Хасталиклари 13 кун давом этди. Ҳижрий 11 йили робиъул аввал ойининг душанба куни Оиша онамизнинг хоналарида муборак руҳларини Аллоҳга топширдилар ва ўша жойда дафн қилиндилар...

Соллаллоҳу алайҳи васаллам

Даврон НУРМУҲАММАД