Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, жумага борсин. Ким бирор беҳуда иш ёки тижорат билан овора бўлса, Аллоҳ ундай бандадан беҳожатдир. Аллоҳ ғаний ва ҳамийд Зотдир", дедилар (Табароний ривоят қилган).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбар устида туриб: «Ёки қавмлар жумаларни тарк қилишдан тўхтарлар, ёки Аллоҳ уларнинг қалбларига муҳр босур ва сўнгра ғофиллардан бўлурлар», – деганларини эшитдим» (Муслим, Насоий ва Аҳмад ривоят қилишган).
Абу Жаъд Зомрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким писанд қилмай уч жумани тарк этса, Аллоҳ унинг қалбига муҳр босгай", дедилар (Ҳоким ривоят қилган).
«Аллоҳ таоло унинг қалбига муҳр босгай» калимасининг маъноси: «жоҳиллардан, қалби қаттиқлардан», деб ёзиб қўяди, қалбини муҳрлаб, ўраб қўяди, унинг қалбини Ўзининг лутфу марҳаматидан маҳрум қилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бирингиз бир тўда қўй олиб, шаҳардан бир-икки мил узоқлашади. Ўт-ўлан топиш оғирлашганда, ундан-да узоқроққа жўнаб кетади. Жума келади, лекин у жумага ҳозир бўлмайди. Яна жума келади, лекин у жумага келмайди. Ҳатто Аллоҳ таоло унинг қалбини муҳрлаб қўяди", дедилар (Ибн Можа ривоят қилган).
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни бизга хутба қилиб бундай дедилар: "Эй инсонлар, Аллоҳга ўлимларингиздан олдин тавба қилинг. Машғул бўлмай туриб, солиҳ амалларга шошилиб қолинглар. Доимий зикрда бўлиб, Роббингиз билан алоқани мустаҳкамланглар. Ошкора ва пинҳона садақани кўпайтиринглар, ризқингиз кенг бўлади, сизларга Аллоҳдан ёрдам етади, мусибатларингизнинг ўрни билинмай кетади. Билиб қўйинглар, Аллоҳ таоло жумани мана шу жойда, шу кунда, шу ойда, шу йилда фарз қилди. Унинг фарзлиги қиёматгача бардавомдир. Ким тириклигимда ёки мендан кейин одил ёки фосиқ имоми бўла туриб, жумани бепарволик ва инкор қилган ҳолда тарк қилса, Аллоҳ таоло унинг ишларини жамламасин, барака бермасин. Огоҳ бўлинглар, то тавба қилмагунча, унинг намози, закоти, ҳажи, рўзаси, яхшиликлари қабул бўлмайди. Ким тавба қилса, Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилади" (Ибн Можа ва Табароний ривоят қилишган).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Ким кетма-кет уч жумани тарк қилса, Исломни ортига ташлабди" (Абу Яъло ривоят қилган).
Яъни дин арконларини тарк қилибди, шариат одобларига риоя қилмабди, ҳасрат ва ғафлатда қолибди. Қалби қорайиб, амали ёмонлашибди.
“Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар” китобидан
Савол: Chatgpt (сунъий интеллект) орқали диний саволларимизга жавоб олсак бўладими, шу жавобларга амал қилсак бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бу жоиз эмас. Тўғри, Chatgpt платформаси айрим соҳаларда инсонларга фойда бермоқда. Аммо диний саволларга тўғри жавоб беришга ожизлик қилади. Чунки у ҳам инсон омили томонидан ишлаб чиқилган бир маҳсулот. Қолаверса, баъзан саволларга тахминий жавоблар, ҳатто бу масала фалон китобда бор деб, арабий иборалар ҳам бериши мумкин. Лекин у келтирган иборалар на у айтган китобда ва на бошқа фиқҳий манбаларда учрамайди. Шу боис шаръий масалаларга аҳли илм, мутахассисларга мурожаат қилиш орқали ечим топиш даркор. Аллоҳ таоло ояти каримада бундай марҳамат қилган:
فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ
“Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!” (Анбиё сураси, 7-оят).
Мусулмон одам бирор нарсани билмай қолса, уни биладиган кишидан, ўша соҳанинг «зикр аҳли»дан ўрганиши лозим бўлади. Шундай экан, эътиқод ва дину-диёнатга тегишли нарсаларни ҳам шу соҳанинг билимдонларидан сўраш талаб этилади. Буюк тобеий Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
إن هذا العلم دين فانظروا عمن تأخذون دينكم. رواه مسلم
“Албатта, бу илм диндир. Бас, динингизни кимдан олаётганингизга қаранглар” (Имом Муслим ривояти).
Мазкур иборанинг шарҳида Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
“Бу илм” сўзидан мурод Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга олиб келган Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан иборат бўлган таълимотдир. Уни ишончли ва адолатли зотлардан олмоқдамисиз ёки йўқ, шунга назар солинглар, яъни қаердан, кимдан илм олаётгангизни аниқ билинглар”. (“Мирқотул мафотиҳ” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.