Cавол: Аёл киши ҳам мисвок тутадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа, аёллар ҳам тишларни тозалаш учун мисвок ишлатиши суннат амал. Мисвок фақат эркакларга хосланмаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Агар умматимга машаққат бўлмаганида, уларни ҳар намоздан олдин мисвок ишлатишга буюрган бўлар эдим” (Абу Довуд ривояти).
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо шундай ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мисвок тутардилар, сўнг уни ювишим учун менга берар эдилар. Мен аввал у мисвокни ишлатиб, кейин ювар эдим ва ўзларига қайтариб берардим” (Абу Довуд ривояти).
Ҳанафий фиқҳи манбаларида аёллар мисвок ўрнига сақичдан фойдаланиши мустаҳаб экани айтилган: “Ният билан қилинса, сақич мисвокнинг ўрнини босади. Чунки давомий мисвок ишлатиш аёлнинг тишларини заифлаштиради. Шу сабабли (тишларни поклаш учун) сақич аёл учун мустаҳабдир (“Ал-Баҳр ар-роиқ”, “Ар-Радд ал-муҳтор”).
Демак, таҳоратда аёллар мисвок, бармоқлари ёки замонавий тиш тозалаш воситаларидан фойдаланишлари мақсадга мувофиқдир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.