Конституция инсоният тафаккури ва маърифий тараққиёти ҳамда ҳуқуқий маданияти ҳосиласидир. Ҳар қандай Конституция жамият маданий ҳаёти ва тараққиётининг даражасини акс эттиради. Ҳар бир давлат ўз тараққиёти жараёнида умумеътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормалари устунлигини тан олган ҳолда миллий қонунчилигини унга яқинлаштиришга ҳаракат қилади, урф-одат, анъана ва қадриятларини қонунчиликка сингдиради.
Шунинг учун ҳам ҳар бир давлат Конституцияси бир-биридан фарқ қилиб, дунё конституционализми мазмунан бойиб бормоқда. Конституция ҳар бир мамлакатнинг ташриф қоғозидир.
Жонажон юртимиз мустақиллигининг 33 йиллик тараққиёт йўлига назар ташласак, давлат ва жамият қурилиши, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, дахлсизлиги ва бошқа ажралмас ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган юзлаб нормаларнинг қабул қилиниб амалга киритилганлигига гувоҳ бўламиз.
Конституциянинг муқаддимасидаёқ Ўзбекистоннинг ягона халқи инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, миллий ва умуминсоний қадриятларга, давлат суверенитети принципларига содиқлигини эълон қилиб, демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғояларига садоқатини намоён этиб, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш борасида ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятни англаган ҳолда, ўзбек давлатчилиги ривожининг уч минг йилдан ортиқ тарихий тажрибасига, шунингдек жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларнинг илмий, маданий, маънавий меросига таяниб, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни, кўп миллатли Ўзбекистон халқининг фаровонлигини, гуллаб яшнашини таъминлашни мақсад қилган ҳолда Конституция қабул қилганини эътироф этган.
Конституцияни ўрганиш, уни тушуниш, унинг нормаларига амал қилиш шахснинг сиёсий-ҳуқуқий уйғоқ эканлиги, эртанги кунига бефарқ эмаслиги далилидир. Мамлакатда турли усул ва воситалар орқали фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириб боришга интилиш ва ҳаракатлар эса ҳақиқий маънода ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш гаровидир.
Ўзбекистон Республикаси Коституцияси қабул қилинганидан буён ҳар йили 8-декабрь юртимизда юқори кайфиятда байрам қилиб нишонланади. Жиноят содир этиб жазо муддатини ўтаётган фуқароларга нисбатан байрам муносабати билан давлат раҳбари фармони асосида афв эълон қилинади ёки амнистия акти қабул қилинади. Бу ҳам инсон ҳуқуқлари устуворлиги, ўз айбига иқрор бўлиб тузалиш йўлига ўтган шахсларга нисбатан кечиримлилик сиёсатининг намунасидир.
Байрам арафасидаги яна бир гўзал анъаналаримиздан бири Президентимизнинг юртимиз фаоллари, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари, элчилар олдида маъруза билан чиқишидир. Ушбу маъруза қайсидир маънода, халқимизнинг йилдан-йилга ўсиб бораётган сиёсий онги, тафаккури, иқтисодий-ижтимоий аҳволи, юз бераётган ўзгаришлар, кўзланган мақсадларнинг сарҳисоби бўлса, яна бир томондан, келгуси йилда қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, унинг муаммоларига ечим топиш йўлларига қаратилади.
Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида: “Конституция ва қонун устуворлиги – фаровон ҳаёт гарови” деган тушунча фуқароларимизнинг онги ва қалбида чуқур ўрин эгаллаши ҳамда ижтимоий эҳтиёжга айланиши учун қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлайди.
Биринчидан, қонунлар ижросини самарали ташкил этиш, тизимли муаммоларни олдиндан кўра билиш, қонун бузилишининг салбий оқибатларига қарши курашиш билан бирга бундай ҳолатни барвақт бартараф этишга қаратилган тизимни шакллантириш, айниқса, долзарбдир.
Иккинчидан, Конституция ва қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратидан кўра самарали восита йўқ.
Учинчидан, оммавий ахборот воситалари қонунийликни қарор топтиришда чинакам “жамият кўзгуси”га айланиши керак.
Тўртинчидан, қабул қилинаётган қонунлар олиб бораётган ислоҳотларимиз билан уйғун бўлган тақдирдагина ишлайди.
Бешинчидан, биз қанчалик мукаммал қонунлар яратмайлик, қандай ислоҳотлар ўтказмайлик, агар фуқароларимизнинг ҳуқуқий билими, онги ва маданияти етарли бўлмаса, кутилган натижаларга эришиш мушкул бўлади.
Ҳақиқатан, мукаммал қонунларни яратиш масаланинг бир томони бўлса, унинг ижросини таъминлаш иккинчи муҳим томонидир. Лекин ҳуқуқий онг ва маданият бир кунда шаклланиб қолмайди. Бунинг учун мустаҳкам ирода, шахсий намуна, сабот керак бўлади. Дунёдаги бирор давлат тараққиёти ўз-ўзидан бўлмаган. Оммавий ахборот воситаларига рамзий жиҳатдан тўртинчи ҳокимият мақоми берилиши ҳам бежиз эмас. Улар жамиятда санитар вазифасини бажариши, мавжуд иллатларни журналистик одоби ва этикасидан чиқмасдан туриб фош этиши, соғлом муҳит ва рақобат шаклланишига муносиб ҳисса қўшмоғи лозим.
2019-йил 9-январ куни Ўзбекистон Республикаси Президент фармони билан қабул қилинган “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси”да ҳам “Юксак ҳуқуқий маданият – малакат тараққиёти кафолати” ғояси устувор эканлиги эътироф этилиб жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш “шахс – оила – маҳалла – таълим муассасаси – ташкилот – жамият” принципи бўйича тизимли ва узвий ташкил этилиши белгиланган.
Умумтаълим мактаблари учун “Конституция алифбоси”, “Конституция сабоқлари”, “Конституция асослари” каби дарсликларни яратиш, олий таълим муассасалари талаба ва тингловчилари учун эса “Инсон ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари” каби махсус ўқув курсларини ташкил этиш назарда тутилган.
Ҳуқуқий онг ва маданиятни шакллантиришнинг энг самарали йўлларидан бири бу шахс ўзи ўзлигини англаб олишидан бошланиши, у оилада тарбия топиб камол топиши, яхши инсон бўлишида ота-она, оилавий муҳитнинг ўрни беқиёслиги, маҳалла ноёб шарқона қадимий институт бўлиб, оилаларда соғлом ижтимоий муҳит қарор топишида муҳим рол ўйнаши, таълим муассасалари эса ёшларни рақобатбардош қилиб келажакка тайёрлаши, етарли билим кўникмага эга бўлган ёшлар ташкилотларда фаолият олиб бориб, жамият корига яраши масалалари узвийлик асосида тизимли ташкил этилиши назарда тутилган.
Демак, ҳуқуқларни билиш уни талаб қилишдан ташқари бурч ва мажбуриятларни ҳам билиш, унга амал қилиш, шахсий намуна кўрсатиш бугун ҳар доимгиданда долзарб ва муҳимдир. Зеро, фақат ҳуқуқларини билган уни талаб қилган инсон эмас, балки ўзи, оиласи, меҳнат жамоаси, жамият ва давлат олдидаги бурч ва мажбуриятларини ҳам англаган унга оғишмай амал қилган инсонгина ҳақиқий маънодаги юқори ҳуқуқий онг ва маданият соҳибидир.
Фируз Рашидов,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
“Ижтимоий фанлар ва ҳуқуқ” кафедраси ўқитувчиси
Кеча, 24 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов раислигида Зангиота туманидаги «Эшонгузар» жоме масжидида йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда ЎМИ Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар домла Камолов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, бош имом ўринбосарлари, Зангиота туманидаги масжидлар имомлари, ҳудудлардаги ҳожи оталар, ҳожи оналар иштирок этди.
Йиғилишдан сўнг тумандаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилаларга кирилиб, уларга зарур кўмаклар кўрсатилди.
Шунингдек, арзимас сабаблар билан низолашган оилалар, келин-куёвлар кайвони ҳожи отанлар, ҳожи оналар кўмагида яраштирилди.
Тумандаги 21 та масжид имом-хатиблари ҳожилар билан бирга билиб-билмай ақидаси бузуқ кимсалар тузоғига тушиб қолган ёшлар билан ҳам суҳбатлар олиб боришди. Уларга Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг таълимоти тушунтирилди.
Бир куннинг ўзида ўнлаб оилаларга кириб, кўнгли ўксиклар ҳолидан хабар олиш, ёш оилаларни яраштириш, адашган инсонларга тўғри йўлни кўрсатиш – савоби улуғ амал. Зеро, ҳадиси шарифда Набиййи муҳтарам алайҳиссалом: «Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бир машаққатни кетказса, Аллоҳ таоло ундан Қиёмат куни машаққатларидан бирини кеткизади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охиратидан ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ таоло унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади. Модомики банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати