Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Фарзанд – Аллоҳнинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматлари ичидаги бир неъматдир. У дунё ҳаётининг зийнатидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда бундай марҳамат қилади: “Мол-мулк ва фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир...”.
Фарзанд қалб райҳонаси, гулидир. Ёшлик чоғларида уларни эркалаб кўнглимиз ҳузур қилади. Катта бўлганларида ёрдамларидан баҳраманд бўламиз. Вафот қилганимиздан кейин эса уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли номаи аъмолимиздаги савобларимиз зиёда бўлади.
Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида фарзандлар дунё ҳаётининг, оила турмушининг зийнати эканини таъкидлаш билан бирга болалар сабабидан ота-оналарга юкланадиган бурч ва масъулиятларни ҳам эслатади: “Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз...”.
Соғлом ва ривожланган жамият биринчи ўринда инсон ҳақида қайғуради. Унда яхшиликка интилишни ва ёмонликка қарши чиқишни тарбиялайди.
Янги авлодни тўғри тарбия қилиш бу йўлдаги илк одимлардир, чунки улар бизнинг келажагимиз.
Юқоридаги ояти каримадан маълумки, ота-онага ва ўқитувчиларга Аллоҳ таоло тарафидан катта масъулият юклатилган. Фарзандларимиз бизга берилган Аллоҳнинг неъмати ва омонатидир. Бу омонат учун Қиёмат кунида Унинг ҳузурида жавоб берамиз.
Бола кичик экан уни тарбия қилиш осонроқ. Чунки инсон шахсияти кичик экан атроф муҳит таъсирида шакллана боради. У ўлғайган сари унга таъсир кўрсатиш ва ўзгартириш қийинлаша боради. Юмшоқ шамга истаган шаклингизни беришингиз мумкин ва бу сизнинг шакл бериш маҳоратингизга боғлиқ. Аммо шам қаттиқ бўлса ундан кукундан бошқа нарса қилиш амри маҳол. Яхши тарбия маҳсулига осонликча эришилмайди ва бу узоқ сурункали меҳнат ва мурувватни, сабр, ақлни талаб қилади.
Фарзандлар тарбиясидан биринчи галда отаоналар масъулдирлар. Ота-она ўз фарзандига гўдаклигидан бошлаб, босқичма-босқич равишда диний, ахлоқий, жисмоний, интеллектуал, руҳий, ижтимоий ва жинсий тарбияни бериб бормоғи лозим бўлади.
Муқаддас ва мукаммал динимиз Ислом ўгитларини диққат билан ўқисак мазкурларнинг ҳар бирига бевосита ва билвосита ишоралар борлигига гувоҳ бўламиз.
Набий алайҳиссалом: “Туғилажак зурриётларингиз учун муносиб онани танланг”, деганларида тарбиянинг илк босқичига далолат қилган эдилар. Зеро, фарзанд асосий тарбияни онасидан олади. Шундай экан, онанинг маърифатли ва тарбияли бўлиши айни муддаодир.
Ҳар бир бола тоза фитратда туғилади. Яъни ҳар бир инсон туғилишида Исломга мойил бўлиб туғилади. Бу нарса унинг фиратида, хилқатида бордир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шариф шунга далолат қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳар бир гўдак албатта тоза фитратда (яъни Ислом фитратида) туғилади. Лекин ота-онаси уни ё яҳудий, ё насроний, ё мажусий қилади. Бунинг мисоли шуки, чорва ҳайвони барча ъзолари мукаммал бўлган ҳайвонни туғади. Ёки сизлар қулоқ-бурни кесилган ҳолда туғилган ҳайвонни биласизларми?!”.
Бошқача қилиб айтганда бола она қорнини тарк қилар экан, кераксиз фикру уйлар, нотўғри урф одатлар, зарарли иллатлардан холи тарзда дунё эшикларини очади. Унинг қалби тоза, беғубор, алдамқалдам, ёвузлик, ҳасад, разиллик каби иллатларни билмайди. Унинг қалби тоза бир оқ қоғоз мисол, айнан ота она уни ўраб турган олам ҳақида тасаввур беради, дин танлайди. (Маълум бир дин асосида тарбиялай бошлайди). Айнан шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ҳузурида фарзанди учун жавобгардир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил: кексаликдан олдин ёшликни, бетобликдан олдин саломатликни, фақирликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтингни, ўлимингдан олдин тирикликни ғанимат бил!” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ушбу ҳадисдан, хулоса шуки, ота-оналар фарзандларига ҳар бир кунни ғанимат билиб, ҳаётдан фойдаланиш зарурлигини ўрганишлари керак. Уларни ёшлик давридан бошлаб меҳнатга ўргатиб, ҳалол меҳнат, пешона тери билан топилган ризқ-рўзида барака бўлиши ҳақида панду насиҳатлар қилишлари айни муддаодир.
Маълумки, саломатлик ва бўш вақт улардан унумли фойдаланувчилар учун катта неъматдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: “Икки буюк неъмат борки, кўп одамлар улар борасида алданиб, чув тушиб қоладилар. Улар: сиҳҳат-саломатлик ва бўш вақтдир”.
Бунинг маъноси шуки, одамларнинг кўплари мазкур икки неъмат шукрини адо қилишда камчиликка йўл қўядилар, уларнинг ҳаққини адо қилмайдилар. Кимки, ўз вожибини адо қилмас экан, неъмат шукрини қилмас экан, у мағбун – чув тушган, зиён кўрган кишидир.
Араб тилида “ғабн” деб аталмиш “алданиб қолиш, зиён кўриш, чув тушиб қолиш” маъноларини англатувчи сўз аслида тижорат ва олди-сотдига тааллуқли сўз ҳисобланади. Арзон нарсани ўта қимматга сотиб олган ёки аксинча қимматбаҳо нарсани билмасдан арзон баҳога сотиб юборган киши араба тилида “мағбун” дейилади. Тожирлар ўз сармояларини эътиборсизлик билан нобоп нарсаларга ишлатиб қўйсалар, чув тушадилар, алданадилар. Худди шунга ўхшаб вақт билан саломатлик ҳам дунё тижоратхонасига келган инсон сармояси экан. Шу боис, ҳам ҳадисда бу икки нарсада кўплар алданиб қолиши, чув тушиши хабар берилмоқда.
Мазкур ҳадисдан келиб, чиқиб, Аллома Муновий ҳазратлари ҳар бир инсонни тижоратчига, саломатлик билан бўш вақтни эса сармояга ўхшатган эканлар. Инсон қўлидаги саломатлик ва бўш вақт аталмиш сармоясини чиройли тадбир билан тасарруф қилса, фойда кўради. Акс ҳолда чув тушади.
Лекин, афсуски, инсон боласи куч-қувватга тўлиб, соғ-саломатлиги яхши пайтида умрининг қадрига етмайди. Дунёнинг ҳамма ишларига бемалол улгурадигандек юраверади. Алишер Навоий бобомиз ибораси билан айтганда “Умр гулшанининг баҳори” ва “ҳаёт шабистонининг наҳори”ни кечираётган ёшлик йиллари завқ-шавқлари фаввораси жўшқинлигидан киши умр баҳори ва унинг мунаввар тонги жуда тез ўтиб кетганини пайқамай ҳам қолади.
Вақт инсон эга бўлган нарсаларнинг энг нафиси ва қийматлисидир. Балки, вақт инсоннинг ҳаётидир. Ибн Ҳабира ўз шогирди ИбнулЖавзийга насиҳат қила туриб, шундай дейди:
Вақт асрашинг керак бўлган нарсаларнинг энг қимматлисидир,
Агар ҳушёр бўлмасанг, энг осон зое бўлувчи нарса ҳам вақтдир!
Фарзандларимизни меҳнатга ҳам тарғиб қилайлик, касб-ҳунар ўрганишларига имконият яратиб, келажак ҳаётда ўз ўринларини топишлари учун ҳозирдан уларга замин яратайлик. Лекин, бу сўзларимизни тўғри тушунишингизни истардик. Бу билан ўқишдан олиб, меҳнатга солиш керак демоқчи эмасмиз албатта. Балки, таътил вақтларида, бекорчиликнинг олдини олиш учун бироз меҳнатга ҳам ўргатиш фойдадан холи эмаслиги айтмоқчимиз холос.
Аслида эса Фарзандларимиз учун биринчи галда ўқиш муҳим. Айрим нодон ота-оналар, гумроҳ кишилар фарзандларини умуман ўқиб, келажакда олий ўқув юртларини битиришларини истамайдилар. “Ўқиб шаҳар олиб берармиди,”, “ўқиганларни кўряпмиз, бозорда ишлаб юрипти” деган мантиқсиз гаплар билан ўз фарзандларини ҳам ўқишдан совутиб, ўқишга юбормай ишлаб пул топишга мажбур қиладилар. Шу тариқа худди ўзлари каби болаларининг ҳам ҳаётини, келажагини бўғадилар. Аслида эса, ота-она: “бизларга институтларда ўқиш, олий маълумоли бўлиш насиб бўлмади, энди фарзандларимиз ўқисин”, дея фарзандлари учун яхши келажак пойдеворини қуришлари нур устига нур бўларди.
Биз фарзандларимиз учун бугун қайғурмас эканмиз, миллат равнақи, миллат келажаги ҳақида эртаю кеч ваъз ўқишимизнинг сариқ чақачалик фойдаси йўқ.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом болаларни “жаннат райҳонлари”, деб айтганлар. Уларнинг жаннат райҳонлари бўлиб етишишлари эса ўғил-қизларимизнинг чиройли хулқли, диёнатли, эл-юртига садоқатли, миллатига муносиб этиб тарбиялашга боғлиқ.
Шундай экан, Аллоҳ таоло барчаларимизни фарзандлар тарбияси ҳақида ҳамиша ўйлайдиган инсонлардан қилсин, уларни Ватанга, халқимизга, динимизга муносиб кишилар қилиб тарбиялашда тавфиқ ва ҳиммат ато этсин, фарзандларимизнинг икки дунё саодатига мушарраф айлаб, солиҳ мўминлардан бўлишларини насиб айласин.
Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳидоятидан адаштирмасин! Ватанимизни тинч, осмонимизни мусаффо айлаб, турли хил бало-офатлардан Ўз паноҳида сақласин.
Одилхон қори Юнусхон ўғли
Барчамизга маълумки, ҳар бир ота-она ўз фарзандларининг истиқболи, бахт-саодати ва келажакда мустақил ҳаёт кечириб, жисмоний ва руҳий жиҳатдан баркамол авлод бўлиб етишишини ният қилади. Мана шу мақсадларга етишишда Ислом динининг том маънодаги улуғвор таълимотига амал қилиш муҳим аҳамиятга эга. Ислом динида болаларни ҳали мурғаклигиданоқ гўзал ахлоқ ва одобга ўргатиб бориш тавсия этилади.
Динимизда ёшларни асосан ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга катта аҳамият қаратилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида бундай деганлар: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди” (Имом Термизий ривояти).
Тарбия инсон камолотининг асосидир. Бизда фарзанд тарбияси ҳар бир оила учун асосий вазифа бўлиб келган. Ҳозирда ҳам ёшлар тарбиясига, уларнинг сифатли билим олишларига давлатимиз миқёсида катта аҳамият берилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашувда шундай таъкидлаган эдилар: “Менинг энг катта ташвишим, мақсадим — ёшлар тарбияси. Биз олган марралар учун билимли авлод керак. Бунинг учун ҳамма шароитларни яратишга ҳаракат қиляпмиз. Сизлар эса вақтнинг қадрига етиб, бор имкониятни ишга солиб, ўқишингиз керак. Олган билимингиз, ўрганган касб-ҳунарингиз келажакда сизларга қанот бўлади”.
Бугунги кунда давлатимиз томонидан ёшларни қўллаб-қувватлашга, уларни ақлан ва маънан етук авлод бўлиб етишишига катта эътибор қаратилмоқда.
Ислом дини таълимотида ёшларни ақлан тарбия қилиш ҳам муҳим масала саналади. Бунда уларни манфаатли илм соҳиби қилиб тарбиялаш, фикрий ва илмий жиҳатдан етук инсон қилиб камолга етказиш назарда тутилади. Ислом динида илм деганда диний ҳам дунёвий илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг руҳий ҳаёти, унинг эътиқодига оид бўлиб, охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм унинг жисмоний ҳаёти, дунё ободлиги учун зарурдир.
Ислом таълимотларига жону дили билан амал қилган аждодларимиз, буюк бобокалонларимиз ҳам шариат, ҳам тариқат ва ҳам илм-фан соҳасида бутун дунёга ўрнак бўлганлар.
Буюк шоир ва мутафаккир Низомиддин Алишер Навоий ҳазратлари ёзганидек, “Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи”.
Инсон дунёда яшар экан, ўз ҳаётини гўзал ўтказишга ҳаракат қилади. Турмушнинг фаровон бўлиши, жамиятнинг тараққий этиши эса фақат илм-фан билан бўлади. Қаерда илм-фан ривож топса, ўша ерда тарққиёт бор. Илм-фаннинг ривожи эса илм эгалари – олимлар билан бўлади.
Ислом дини мусулмонларни доимо илмга ундаган. Чунки инсон шахсиятини илмдан бошқа ҳеч нарса тўғри йўлга сола олмайди, тараққиётга ҳам эриштира олмайди.
«Билимли инсон қуёшга ўхшайди, кирган жойини ёритади».
Ҳа, илм қоронғуликларни ёритувчи машъаладир. Қоронғуликда қолган ҳар бир киши унга муҳтож. Юксак поғоналарга илм нарвони билан чиқилади. Тараққий этишни ва камолот топишни истасак илмнинг этагини маҳкам ушлайлик.
Шундай экан, биз мусулмонлар ўз фарзандларимизни бугунги кун талаблари асосида тарбиялашимиз, уларни замонавий илм ва касб-ҳунарга йўналтиришга бор кучимизни сарфлашимиз лозим. Шунда фарзандларимиз хориж мамлакатларига ишлаш учун “қора ишчи” бўлиб эмас, балки мутахассис сифатида борадилар.
Сўнгги йилларда Юртбошимиз томонларидан ёшларни замонавий касб-ҳунарлар ва чет тилига ўргатиш бўйича илгари сурилган “1000 дастурчи”, “Икки тил, бир касб” лойиҳаларидан ҳам айнан шу эзгу мақсад кўзланган...
Албатта, мусулмон инсон ўзга инсонларга аввало ўзининг юксак ахлоқи билан намуна бўлиши керак. Зеро, инсонлар хулқи гўзал кишини яхши кўрадилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломга чақиришни бошлаганларида қариндошларини “Эй Бани Фиҳр, эй Бани Адий” деб чақирдилар. Барча тўпланди, уйидан чиқишга имкони бўлмаган кишилар нима бўлаётганини билиб келиш учун одам жўнатдилар. Расулуллоҳ алайҳиссалоту васаллам: “Агар мен сизларга мана бу тоғ этагидаги водийда отлиқлар устингизга бостириб келишга тайёр турибди, деб хабар берсам, менга ишонасизларми?”, дедилар. Улар: “Сизнинг бирор марта ёлғон гапирганингизни билмаймиз, Сизга ишонамиз”, дейишди. Шундан кейин у зот ўзларини Пайғамбар қилиб юборилганларини айтдилар.
Бу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар эканларини турли ҳужжат ва мўъжизалар орқали исботлаш билан эълон қилмадилар. Балки, энг аввало уларга ўзларининг ахлоқлари ҳақида савол бериб, ўзларининг ростгўй эканликларини тасдиқлатиб олдилар. Бундан кўриниб турибдики, мусулмон киши ўзга кишиларга энг аввало амали, хулқи ва одоби билан намуна бўлиши керак экан.
Киши ҳусни хулқли бўлиши учун аҳли илм ва солиҳ зотларни суҳбатларидан баҳраманд бўлиши ва уларни одоб ахлоқларидан ўзига намуна олиши ҳам айни муддаодир. Бу ҳақда Ибн Ваҳб раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар: “Имом Моликнинг илмларидан кўра, у зотнинг одобларидан ўрганганимиз кўпроқ бўлди”.
Демак, ҳусни хулқ ва одоб кишида ўз-ўзидан шаклланиб қолмас экан. Балки уни илм аҳли билан ҳамсуҳбат бўлиш, улардан илм олиш билан бирга одоб-ахлоқларини ўрганиш билан касб қилинар экан. Ушбу хислат ўтган салафи солиҳларимизнинг гўзал одатларидан бўлган.
Жунайд Бағдодий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Гарчи инсоннинг илми ва амали оз бўлса ҳам, тўртта нарса уни юқори даражаларга кўтаради: Ҳилимлик, тавозеълик, сахийлик ва ҳусни хулқдир. Ҳусни хулқ имоннинг комиллигидир”.
Луқмони Ҳакимнинг ўғли отасига: “Эй отажон, инсон учун қайси хислат яхшироқ?” деди. Отаси: “Дин”, деб жавоб берди. “Агар хислат иккита бўлса-чи?” деб сўради. Отаси: “Дин ва мол”, деди. “Агар учта бўлса-чи?” деди ўғли. Отаси: “Дин, мол ва ҳаё”, деди. Ўғил: “Агар тўртта бўлса-чи?” деди.
Отаси: “Дин, мол, ҳаё ва чиройли хулқ”, деди. “Агар бешта бўлса-чи?” деди ўғли. Отаси: “Дин, мол, ҳаё, чиройли хулқ ва сахийлик”, деб жавоб берди. Ўғил яна: “Олтита бўлса-чи?” деб ҳам сўраган эди, Луқмони Ҳаким: “Эй ўғлим, агар инсонда мана шу беш хислат жамланса, у покиза, тақводор, Аллоҳга дўст ва шайтондан узоқ бўлади” деб жавоб қилди. Мана шу бешта хислатлар борлиги ҳам мўминлик сифатларидандир.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Албатта, банда чиройли хулқи билан жаннатда олий мақомга етади, гарчи (нафл) ибодатини кўп қилса ҳам”.
Инсон ёмон хулқи билан бошқа инсонларни кўнглига озор берадиган бўлса, ўша хулқи туфайли қилган яхшиликлари ҳам бекор бўлади.
Киши илмга қанча муҳтож бўлса, гўзал хулққа ва одобга ҳам шунча муҳтождир. Зеро, илм, гўзал хулқ ва одоб инсонни камолотга етказувчи икки қанотдир. Ахлоқи комил, бир-бирига меҳрибон ва мададкор жамият бахтли ва фаровон жамиятдир.
Фарзандларимиз илм-маърифатли бўлишида энг катта масъул биз ота-оналар эканимизни зинҳор зинҳор унутмайлик. Фарзандим илмли, одобли, касб-ҳунарга эга бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топиб, оиласига, ватанига, муборак динига хизмат қиладиган, орзу-ҳавасларингизни рўёбга чиқарадиган инсон бўлсин десак, ҳаётда турли кераксиз, ортиқча ҳою-ҳавасларга берилиб кетмасдан, уларнинг эҳтиёжи учун энг зарурий бадиий, илмий, танлаган касбига оид, дунё ва охиратига манфаат берадиган китоблар, дарсликлар олиб беришга эринмайлик. Албатта, олиб бериб, уларни хурсанд қилиб, қўллаб-қувватлаб, шу китобларни бирга ўқийлик ёки ўқишини албатта назорат қилиб турайлик.
Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН,
Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.