Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Декабр, 2024   |   18 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:19
Қуёш
07:44
Пешин
12:25
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:19
Bismillah
19 Декабр, 2024, 18 Жумадул сони, 1446
Мақолалар

Пайпоқ-маҳсиларга масҳ тортиш ҳақида

6.12.2024   5317   16 min.
Пайпоқ-маҳсиларга масҳ тортиш ҳақида

Фатво
 

بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله والصلاة والسلام على رسول الله وعلى آله وصحبه ومن والاه ، أما بعد

Барчамизга маълумки, маҳсига масҳ тортишнинг жоизлиги борасида барча уламолар якдил бўлишган. Шунингдек, юпқа пайпоққа масҳ тортиш мумкин эмаслигига ҳам барча уламолар иттифоқ қилишган. Ҳозирги кундаги «пайпоқ-маҳси»ларга масҳ тортиш масаласида эса уламоларимиз турлича фикр айтишган. Қуйида шу масалани ўрганиб, якуний хулоса қиламиз.

Ҳозирги кундаги пайпоқ-маҳсиларнинг ҳукмини фиқҳ китобларимизда зикр қилинган «жавроб» масаласидан билиб олиш мумкин.

Ҳозирги кундаги замонавий араб тили луғатларида «жавроб» сўзининг таржимаси «пайпоқ» деб берилади. Лекин шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом давридаги жавроблар билан ҳозирги замонавий пайпоқлар бутунлай бошқа-бошқа нарсалардир.

«Жавроб» сўзининг асли «кавроб» бўлиб, араб тилига бошқа тилдан кириб келган. «Қомусул-муҳийт» ва «Лисонул-араб» номли энг мўътабар луғат китобларда «жавроб – кишининг оёқларига ўраладиган нарса», дейилган. Моликий мазҳабининг муҳаққиқ уламолардан Ибн Арабий ҳадисларда келган жавробни қуйидагича изоҳлайди:
 

الجَوْرَبُ: غِشَاءَانِ لِلْقَدَمِ مِنْ صُوفٍ يُتَّخَذُ لِلدُّفْءِ


«Жавроб – икки оёқни иссиқ тутиш учун жундан тайёрланган, уни (оёқниўраб турадиган нарсадир» (Манба: «Оризатул-Аҳвазий шарҳ «Сунани Термизий» китоби).

Аллома Бадриддин Айний мазкур таърифга қўшимча қилиб, жавробни одамлар одатда ўта совуқ ўлкаларда кийишини таъкидлаб ўтган.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида жорий бўлган жавробга берилган таърифларнинг ҳаммасини ўрганиб чиқиб, хулоса қилинса, у – жундан ёки пахтадан тўқилган қалин матодан бўлган, оёқни иссиқ тутиш учун кийиладиган ёки оёққа ўраладиган нарса бўлгани маълум бўлади. Жавробнинг маҳсидан фарқи шуки, махси ошланган теридан тикилиб тайёрланган бўлса, жавроб қалин матодан тайёрланган. Баъзи уламоларга кўра, жавробнинг ости ёки усти тери билан қопланган.

Замон ўтиши билан турли хил оёқ кийимлар тикила бошлагач, улар ҳам «жавроб» деб аталиб кетган. Жавроблар эса турли ўлкаларда турли кўринишда бўлгани. Шунинг учун фуқаҳоларимиз жавробга масҳ тортишнинг ҳукми ўша оёқ кийимининг ҳолатига қараб белгиланишини очиқ ойдин айтиб ўтганлар. Жумладан, мўътабар фиқҳий манба ҳисобланган «Иноя» китобида шундай дейилади:
 

الْمَسْحُ عَلَى الْجَوْرَبَيْنِ عَلَى ثَلَاثَةِ أَوْجُهٍ: فِي وَجْهٍ يَجُوزُ بِالِاتِّفَاقِ وَهُوَ مَا إذَا كَانَا ثَخِينَيْنِ مُنَعَّلَيْنِ، وَفِي وَجْهٍ لَا يَجُوزُ بِالِاتِّفَاقِ وَهُوَ أَلَّا يَكُونَا ثَخِينَيْنِ وَلَا مُنَعَّلَيْنِ، وَفِي وَجْهٍ لَا يَجُوزُ عِنْدَ أَبِي حَنِيفَةَ خِلَافًا لِصَاحِبَيْهِ وَهُوَ أَنْ يَكُونَا ثَخِينَيْنِ غَيْرَ مُنَعَّلَيْنِ .

«Жавробга масҳ тортишнинг ҳукми уч хил бўлади:

- агар у қалин жавроб бўлиб, остига тери қопланган бўлса, масҳ тортиш жоиз. Бунга уламоларимиз иттифоқ қилганлар.
- теридан бўлмаган юпқа жавроб бўлса, 
унга масҳ тортиб бўлмайди. Бунга ҳам барча уламолар иттифоқ қилганлар.
- жавроб теридан бўлма
са, лекин қалин бўлса ҳам, Имом Аъзамнинг наздида масҳ тортиш дуруст эмас. Аммо имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммаднинг наздида унга масҳ тортиш жоиз».

Демак, қадимги жавроблар (яъни қалин пайпоқлар) маҳсига ўхшагани, маҳсига қўйилган талабларга жавоб бергани учун уларга масҳ тортилган. Бу талабларга жавоб бера олмаган ҳар қандай оёқ кийимига масҳ тортиш жоиз эмас, деб ҳисобланган.

Жавробга (пайпоққа) масҳ тортиш ҳақида Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ ҳам ўзларининг «Баҳрур-роиқ» номли китобларида шундай дейдилар:
 

ولا يجوز المسح علي الجورب الرقيق من غزل او شعر بلا خلاف، ولو كان ثخينا يمشي معه  فرسخا فصاعدا كجورب اهل مرو فعلي الخلاف.

«Ип ёки жундан тўқилган юпқа жавробга масҳ тортиш жоиз эмас. Бу борада хилоф йўқ. Кийилган жавроб худди марвликларнинг пайпоғи каби бир фарсах ёки ундан ортиқ йўл юрса бўладиган даражада қалин бўлса, у ҳолда уламоларнинг фикрида хилма-хиллик пайдо бўлади»[1].

«Бадоеъус-саноеъ» китобида бу борада шундай дейилади:
 

فان كانا رقيقين يشفان الماء لا يجوز المسح عليهما بالاجماع

«Уламоларнинг ижмосига кўра, пайпоқнинг матоси сув сизиб ўтадиган даражада юпқа бўлса, унга масх тортиш жоиз эмас».[2]

Демак, уламолар «Жавроб сув сизиб ўтадиган даражада юпқа бўлса, унга масҳ тортиб бўлмайди» деб ижмоъ қилганлар.

 

Аллома Ибн Обидин жавробга масҳ тортиш (учун қўйилган шартлар) мавзусида шундай деганлар:
 

)أَوْ جَوْرَبَيْهِ (ولو من غزل او شعر (الثَّخِينَيْنِ) بِحَيْثُ يَمْشِي فَرْسَخًا وَيَثْبُتُ عَلَى السَّاقِ بِنَفْسِهِ وَلَا يُرَى مَا تَحْتَهُ وَلَا يَشِفُّ.

1. Бир фарсах юриш мумкин бўлган даражада қалин бўлиши;
2. Боғичсиз, ўзи оёқда маҳкам турадиган бўлиши;
3. Устидан ости кўринмайдиган бўлиши;
4. Сувни дарҳол ўтказиб юбормаслиги керак.[3]

Шундай экан, жавробга масҳ тортиш жоиз ёки ножоизлиги фуқаҳолар юқорида белгилаган шартларга боғлиқ бўлади. Белгиланган шартлар топилса, унга масҳ тортиш мумкин. Белгиланган шартларнинг биттаси топилмаса ҳам, бундай оёқ кийимга масҳ тортиш жоиз бўлмайди.

Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ бу масалада бундай деганлар:
 

قال ابو حنيفة رحمه الله: لا يجوز المسح علي الجوربين، الا ان يكون مجلدين او منعلين. لان الجورب ليس في معني الخف لانه لا يمكن مواظبة المشي فيه، الا اذا منعلا

«Жавроб буткул теридан бўлмаса ёки унинг таги теридан бўлмаса, унга масҳ тортиш жоиз эмас, чунки жавробда махсининг хусусияти йўқ. Таги тери бўлмаса, у билан давомий юриб бўлмайди».

Лекин Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ умрларининг охирида, беморлик чоғларида жавробларига масҳ тортганлар ва зиёратга келганларга «Аввал қилмаган ишимни қилдим», деганлар. Шундан маълум бўладики, имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ аввалги гапларидан қайтиб, имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммаднинг сўзларини ихтиёр қилганлар. Уларнинг фикри шундай:
 

وقال الصاحبان وعلي رايهما الفتوي في المذهب الحنفي: يجوز المسح علي الجوربين إذا كانا ثخينين لا يشفان (لا يري ما وراءهما): لان النبي صلي الله عليه و سلم مسح علي جوربيه، ولانه يمكن المشي فيه اذا كان ثخينا كجوارب الصوف اليوم، و به تبين ان المفتي به عند الحنفية جواز المسح علي الجوربين الثخينين بحيث يمشي عليها فرسخا فاكثر ويثبت على الساق بنفسه، ولا يرى ما تحته بنفسه و لا يري ما تحته ولا يشف


      «Ҳанафий мазҳабида имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммаднинг (Аллоҳ улардан рози бўлсин) сўзларига фатво берилган. Улар «Жавроб қалин, шаффоф бўлмаса ҳам – устидан ости (яъни ичик) кўринмайдиган бўлса, унга масҳ тортиш жоиз», дейишган. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам жавробларига масҳ тортганлар. Жавроб бугунги кундаги жундан тўқилган жавроблар каби қалин бўлса, уни кийиб, узлуксиз юриш мумкин бўлади. Шундан маълум бўладики, ҳанафий мазҳабида фатво берилган қавл жавроб қалин бўлса, (бир фарсах юрса бўладиган даражада қалин бўлса, боғичсиз ҳам ўзи оёқда маҳкам турса, устидан ости (яъни ичи) кўринмайдиган бўлса) унга масҳ тортиш жоиз бўлади».[4]
 

واما الخف المتخذ من اللبد فلم يذكره في ظاهر الرواية، وقيل: انه علي التفصيل والاختلاف الذي ذكرنا وقيل: ان كان يطيق السفر جاز المسح عليه والا فلا. وهذا هو الاصح.

«Зоҳирур-ривоя»да жундан тўқилган махсига масҳ тортиш зикр қилинмаган. Баъзилар бу масала ҳам юқорида биз айтиб ўтган ихтилоф ва тафсилотларга кўра бўлишини айтишган. Баъзи уламолар эса «Сафарга яроқли бўлса, унга масҳ тортиш жоиз. Акс ҳолда жоиз эмас», дейишган бўлиб, мана шу гап саҳиҳроқдир».[5]

Алоуддин Косонийнинг ушбу масалага оид қуйидаги сўзлари ҳам эътиборга молик:
 

واما المسح علي الجوربين: فان كانا مجلدين او منعلين يجزئه بلا خلاف عند اصحابنا،

«Жавробнинг усти ва ости теридан бўлса; ёки фақат ости тери билан қопланган бўлса, мужтаҳид уламоларимиз ўртасида ҳеч қандай хилофсиз унга масҳ тортиш жоиз бўлади».[6]

Шу ўринда жавробга масҳ тортишда ҳанафий мазҳабидан ташқари, уч мўътабар мазҳаб уламоларининг қарашларини ва уларнинг бир-бирларидан фарқларини ҳам кўриб чиқсак.

 

Моликий мазҳаби: Оёқ кийимга масҳ тортиш жоиз бўлиши учун бу кийим ёки маҳси бўлиши; ёки теридан бўлган жавроб бўлиши; уни кийиб, узлуксиз юриш имкони бўлиши шарт. Имом Молик роҳимаҳуллоҳнинг наздида теридан бошқа нарсадан қилинган оёқ кийимига масҳ тортиш жоиз эмас. Имом Абул Зиё Халил Ал-Моликий шундай деганлар:

 

يقول الإمام أبو الضياء خليل المالكي في مختصره (ص 26): (رخص لرجل وامرأة وإن مستحاضة بحضر أو سفر مسح جورب جلد ظاهره وباطنه(

 

«Муқимликда бўлсин ёки сафарда бўлсин, эркак киши бўлсин ёки аёл киши бўлсин, ҳатто бу аёл истиҳоза бўлса ҳам, ости ва усти теридан қилинган жавробга масҳ тортишга рухсат берилган» («Мухтасар»26-бет).

 

Шофеъий мазҳабиШофеъий мазҳади фақиҳлари ҳам бошқа фақиҳлар каби, жавробга масҳ тортиш учун бир қанча шартлар қўйганлар:

1. Тўлиқ таҳорат билан кийилган бўлиши керак.
2. Оёқ кийим пок бўлиши керак.
3. Оёқнинг таҳоратда ювилиши фарз бўлган қисмини ёпган бўлиши керак.
4. Қалин бўлиши, яъни унинг ўзини ҳам кийиб юриш имкони бўлиши керак.

5. Устидан сув қуйилса, сувни ўтказмайдиган бўлиши керак.

قال الإمام النووي في المجموع (1/564):(الصحيح من مذهبنا أن الجورب إن كان صفيقًا يمكن متابعة المشي عليه جاز المسح عليه، وإلا فلا(

«Имом Нававий «Мажмуъ»да шундай деганлар: «Бизнинг мазҳабимиздаги саҳиҳ гап шундай: агар жавроб узлуксиз юришга яроқли, қалин бўлса, унга масҳ тортиш жоиз, акс ҳолда жоиз эмас» (1-ж, 564-б).

Ҳанбалий мазҳаби: ҳанбалий мазҳаби фақиҳлари ўзларининг китобларида «Маҳси ва унинг маъносидаги нарсага, яъни маҳсининг хусусиятларини ўзида жамлаган нарсага масҳ тортиш жоиз», деганлар.

يقول إمام الحنابلة موفق الدين ابن قدامة المقدسي مفصلاً ذلك في كتابه الكافي: (1/76) أثناء ذكره لشروط المسح على الخفين: الشرط الثاني: أن يمكن متابعة المشي فيه، فإن كان يسقط من القدم لسعته أو ثقله لم يجز المسح عليه، لأن الذي تدعو الحاجة إليه هو الذي يمكن متابعة المشي فيه، وسواء في ذلك الجلود واللبود والخرق والجوارب.

 

«Ҳанбалий имоми Муваффақуддин ибн Қудома Ал-Мақдисий ўзининг «Кофий» номли китобида бу ҳақда батафсил баҳс юритиб, махсига масҳ тортишнинг шартларини зикр қилиш асносида шундай деган:

«Иккинчи шарт: Унда узлуксиз юриш имкони бўлсин. Агар кенглиги, оғирлиги туфайли оёқдан тушиб кетадиган бўлса, унга масҳ тортиш жоиз эмас, чунки жавроб билан узлуксиз юриш имкони бўлгани учун унга эҳтиёж туғилади. Бу кийим тери, кигиз, жун ёки жавроб бўладими, аҳамияти йўқ» (1-ж, 76-б).

 

Мазҳабларнинг жавробга масҳ тортиш борасидаги фикрларидан шундай хулоса қилишимиз мумкин:

Имом Молик мазҳабидан бошқа барча мазҳаб фақиҳлари жавробга масҳ тортиш учун у билан узоқ масофага юришни, боғичсиз оёқда туришини ва зич тўқилган, қалин бўлишини шарт қилишган. Бу сифатларни ўзида жам қилган нарса албатта тери бўлиши шарт эмас.

Жавроб масаласида мазҳаббошимиз имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ «Жавробнинг ости ва усти тўлиқ теридан ёки таги теридан бўлиши шарт», деган бўлсалар, имом Молик раҳимаҳуллоҳ «Ости ва усти тўлиқ тери бўлсагина масҳ тортиш жоиз», деганлар.

Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, ҳозирги кунда баъзи «олим»лар ип-газламадан тўқилган пайпоқларга ҳам масҳ тортишни жоиз деб «фатво» беришяпти, бу фатволарида одамларга енгиллик ва қулайлик борлигини даъво қилишяпти. Ҳолбуки, Аҳли сунна вал жамоанинг тўрт мазҳаб имомлари иттифоқ қилган шартларга хилоф иш тутиш енгиллик, дейилмайди.

Юқорида келтирилган маълумотлардан хулоса қиламизки, ҳозирда кенг тарқалган пайпоқ-маҳсиларга масҳ тортиш учун фуқаҳоларимиз юқорида келтирган шартларнинг барчаси топилиши зарур, шундагина пайпоқ-маҳсиларга масҳ тортиш жоиз бўлади.

Хулоса

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази уламолар ҳайъати пайпоқ-маҳси (жавроб) масаласида фиқҳий манбаларни атрофлича ўрганиб, бир қанча муҳокамалардан кейин қуйидаги хулосага келди:

 

1. Агар маҳси тўлиқ теридан бўлса, унга масҳ тортиш жоиз. Бу борада мужтаҳидлар орасида ихтилоф йўқ;

2. Тўпиқни ёпиб турадиган, этикка ўхшаган пойафзалларга масҳ тортиш жоиз.

3. Бугунги кунда кийилаётган оддий пайпоқларга масҳ тортиш мутлақо жоиз эмас.

4. Пайпоқ-маҳси (жавроб) устига ҳеч нарса киймасдан бир фарсах (6 км) юришга яраса, боғичсиз ўзи оёқда турадиган, ташидан ичи (яъни оёқ) кўринмайдиган, сувни дарҳол ўтказиб юбормайдиган бўлса, унга масҳ тортиш жоиз.

 

Эслатма: Бу шартларга қўшимча тарзда пайпоқ-маҳси энг камида таг қисми тери билан қопланган бўлса, унга масҳ тортиш жоизлигида уламоларимиз якдил фикрдалар.

Мўмин-мусулмонларга қулайлик яратиш учун пайпоқ-маҳси ишлаб чиқараётган ёки уларни чет эллардан олиб келаётган тадбиркорлар ўз фаолиятларини юқорида айтилган шартларга риоя қилган ҳолда олиб боришларини тавсия қиламиз. Ушбу шартлар топилиши баробарида пайпоқ-маҳсиларнинг остини эҳтиёт юзасидан теридан қилишлари, намозхонларимиз ҳам ушбу жиҳатга эътибор қаратишлари мақсадга мувофиқдир.

Валлоҳу аълам!

Фатво лойиҳасини Фатво маркази бош мутахассиси Абдуғофур домла Ниёзқулов тайёрлади.


Фатво лойиҳаси билан танишиб чиқиб, розилик билдирганлар:

 

1. Нуриддин домла Холиқназаров – Фатво ҳайъати раиси, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг раиси, муфтий, Фатво маркази директори,
2. Ҳомиджон домла Ишматбеков – Фатво ҳайъати аъзоси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари,
3. Муҳаммад Аюбхон домла Ҳомидов – Фатво маркази бош мутахассиси, Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси,
4. Соатмурод домла Примов – Тошкент ислом институти проректори, доцент,
5. Яҳё домла Раззоқов – Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси,
6. Фарҳод домла Жўраев – Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси,
7. Ғуломиддин домла Холбоев – Фатво маркази директор ўринбосари, Тошкент ислом институти ўқитувчиси,
8. Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров – Фатво маркази бош мутахассиси,
9. Ҳабибуллоҳ домла Жўрабоев – Фатво маркази етакчи мутахассиси, Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси,
10. Абдулатиф домла Турсунов – Фатво маркази бош мутахассиси, Тошкент ислом институти ўқитувчиси,
11. Сайидаҳмад домла Сайдаралиев – Фатво маркази етакчи мутахассиси,
12. Отабек домла Мамадиев – Фатво маркази мутахассиси,
13. Ёрқинжон домла Жумабоев – Фатво маркази мутахассиси,
14. Зикриё домла Бобораҳимов – Фатво маркази мутахассиси,
15. Муҳаммаджон домла Ибрагимов – Фатво маркази мутахассиси.

 


[1] Зайнуддин ибн Иброҳим ибн Нужайм. Баҳрур-роиқ. 2-ж, 8-б. Мактабатуш-шомила.
[2] Абу Бакр Косоний. Бадоеъус-саноеъ фий тартибиш-шароеъ. 1-ж, 83-б. Байрут, Дор иҳё туросил-арабий,1992.
[3] Аллома Муҳаммад Амийн ибн Умар ибн Абдулазиз Обидин Димашқий. Раддул-муҳтор. 1-ж, 394, 395-б. Байрут, Дор иҳё туросил-арабий, 2019.
[4] Ваҳба Зуҳайлий. Фиқҳул-исламий ва адиллатуҳу. 1-ж, 343, 344-б. Дамашқ, Дорул-фикр, 2007.
[5] Абу Бакр Косоний. Бадоеъус-саноеъ фий тартибиш-шароеъ. 1-ж, 83-б. Байрут, Дорул-кутубил-илмийя, 1992.
[6] Абу Бакр Косоний. Бадоеъус-саноеъ фий тартибиш-шароеъ. 1-ж, 83-б. Байрут, Дорал-кутубил-илмийя,1992.

ФАТВОЛАР
Бошқа мақолалар

Она ва ожиз бола

18.12.2024   11778   2 min.
Она ва ожиз бола

Бир бола авто ҳалокат сабаб кўзи ожиз бўлиб қолди. У шифохонадан уйига қайтаркан, тўсатдан останада йиқилиб тушди. Шу пайт она ўғлига насиҳат қилди: 

– Болам, шифокорлар ҳеч нима қила олмасликларини айтишди. Шундай экан, яшаш учун курашишимиз керак. 

Ўғил:
– Ҳа, онажон, биламан, – дея кўзига ёш олди у. 

Она:
– Ўғлим, йиғлашни бас қил. Ёлғиз қолсанг, сенга ҳеч ким меҳрибонлик қилмайди. Шунинг учун кўз ёшингни арт. 

Ўғил:
– Хўп, онажон! 

Она:
– Мен сенга фақат бир марта хато қилсанг, ёрдам бераман. Қолганига ўзинг ҳаракат қилишинг керак. Қани тур ўрнингдан. Ёдингда тут. Сени қўзинг ожиз бўлиши мумкин, аммо нодон эмассан. Бу хонада нималар борлиги эсингдами? 

Ўғил:
– Ҳа. 

Она:
– Ундай бўлса, ақлингни ишлат. Бутун борлиққа диққатли бўл ва қўлларингни ишга сол. Она ўғлини қўлларидан тутиб уй томонга юзини қаратди.
Сўнгра:

– Қўлларингни чўз ва у сенинг кўзларинг эканини тасаввур қилгин, – деди. Ўғил хонани пайпаслаб, яна йиқилиб тушди ва “Вой, онажон, қаердасиз, менга ёрдам беринг”, дея бақирди. 

Она бир четда ўғлини кўзларида ёш билан кузатарди. Ўғил анча вақт ўзига келмай, кўз ёш тўкди. Она ҳам бир четда уни кузатганича фиғон чекди. Шунда ўғил ён-атрофдаги овозларга эътибор қарата бошлади. Ташқаридан келаётган машиналар, қайнаб турган чойнак ва йиғлаб турган онасининг овозини эшитиб, ўрнидан туриб, онаси томон кела бошлади. Она ўғлини қаттиқ бағрига босди. 

Ўғил:
– Онажон, нега йиғлаяпсиз?  

Она:
– Бахтиёрлигимдан, чунки сен мустақил бўла бошладинг. – дея жавоб берди. 

Азизим, бизнинг-чи? Кўзимиз кўряпти, оёғимиз юряпти, қўлларимиз ишлаб турибди. Алҳамдулиллаҳ, беҳисоб неъматлар ичидамиз. Бироқ қанчадан-қанча одамлар бу дунёни кўришга, овозларни эшитишга, бир бор бўлса-да ўз оёғи билан юришга орзуманд. Шундай экан, АЛЛОҲ томонидан бизга берилган неъматларга шукр қилинг. Уларни қадрига етинг.  
 

Акбаршоҳ РАСУЛОВ