Язид ибн Валид ибн Абдулмалик
(халифалик даври: ҳижрий 126; милодий 743)
Амакисининг ўғли Валид қатл қилинганидан сўнг, ҳижрий 126 йилда Язид ибн Валидга байъат қилинди. Унинг халифалик муддати жуда қисқа ва аянчли бўлди. Ўша кундан бошлаб халифалик иши бир кун ҳам тинчимади. Фитналар юзага келди, Марвон оиласининг ичида келишмовчиликлар келиб чиқди. Шу даврда Ҳимс аҳли, кейинроқ фаластинликлар қўзғалон кўтарди. Язид ибн Валид уларни бостирди. Ундан кейин Қайсийя, Яманийя ва Хуросонда ҳам бирин-кетин фитначилар бош кўтаришди.
Язид ибн Валиднинг вафоти
Язид ибн Валиднинг халифалик муддати олти ой давом этди, сўнг у ўлат касалидан вафот этди.
Иброҳим ибн Валид ибн Абдулмалик
(халифалик даври: ҳижрий 127; милодий 744)
Язид ибн Валиднинг ўлимидан кейин унинг укаси Иброҳим ибн Валид халифа этиб сайланди. Марвон ибн Муҳаммад ибн Марвон унга қарши чиқиб, у кишиларни Валид ибн Язиднинг ўчини олишга, шу билан бирга, Валид ибн Язиднинг икки ўғлига байъат қилишга чақирди. Иброҳим эса Валиднинг икки ўғлини қамоқда ўлдирди. Марвон Дамашққа етиб келди. Иброҳим қочиб кетди. Унинг ҳукми етмиш кунгина давом этди. Шундан кейин Марвон ибн Муҳаммад халифа бўлди.
Марвон ибн Мухаммад
(халифалик даври: ҳижрий 127–132; милодий 744–750)
Умавийлар давлатининг заволга учраши
Марвон ибн Муҳаммаднинг ҳаёти
Марвон ибн Муҳаммад ибн Марвон ибн Ҳакамнинг давлат бошқарувидаги фаолияти, урушлардаги журъати унинг халқ ичида «эшак» деган лақаб олишига сабаб бўлди. Марвон ибн Муҳаммад халифа бўлишидан олдин, ҳижрий 105 (милодий 723) йилда Рум ерларига ҳужум уюштирди. Қўния (Кўня) шаҳрини фатҳ қилди, Арманистон ва Озарбойжон юртларининг амири бўлди.
Марвон ибн Муҳаммаднинг халифалиги
Марвон ибн Муҳаммад ибн Марвон ибн Ҳакам ҳижрий 127 (милодий 744) йилда Дамашққа киргач, унга халифа сифатида байъат қилинди.
Ҳодисалар
Марвон ибн Муҳаммад ибн Марвон ибн Ҳакам давридаги ҳодисалар безовталик ва фитналардан иборат бўлиб, давлат заволга учраши билан бу фитналар ҳам барҳам топди.
Хаворижлар
Бу вақтга келиб, хаворижларнинг ҳаракати шиддатли тус олди. Улар Мадинаи мунавварани эгаллаб олишди. Хуросонда ҳам қўзғалонлар уюштирилди, бироқ уларнинг ҳаммаси бостирилди.
Умавийлар давлатининг заволга учраши ва Аббосийлар давлатининг тикланиши
Вақт ўтиши билан аббосийларнинг фаолияти, уларнинг даъватлари тобора кучая борди. Улар ҳижрий 129, милодий 746 йилда очиқ даъватлар билан чиқишди. Марвон ибн Муҳаммад қўлга олиниб, Иброҳим қатл этилгач, Иброҳимнинг укаси Абул Аббос Саффоҳ ишни ўз қўлига олди. У ҳижрий 132 (милодий 749) йилда ўз аҳли билан Куфага қараб юрди. Ўша ерда унга халифа сифатида байъат қилинди.
Аббосийлар Ироқ ва Хуросонни ўзларига бўйсундирдилар. Марвон ибн Муҳаммад Зоб дарёсига яқин жойда, Мосул ва Ирбил шаҳарлари атрофида аббосийлар билан тўғнашди ва ҳижрий 132 йилда унинг қўшини мағлубиятга учраб, аскарлари ҳар томонга қочиб кетишди. Ниҳоят ҳижрий 132 йилда аббосийлар Марвон ибн Муҳаммадни Мисрда қатл этишди. Марвон ибн Муҳаммаднинг ўлими билан Бану Умайянинг давлати қулаб, аббосийлар давлати тикланди.
Шу ергача ўтган ҳамма гапларимиз умавийлар даври хусусида эди. Бу давр сиёсий ва фикрий ҳаракатларга тўла давр бўлди. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, бошқа ҳеч бир аср улар билан бу борада тенглаша олмайди, чунки айнан умавийлар даврида жуда кўплаб фатҳлар амалга оширилди. Сон-саноқсиз кишилар Исломга кирди. Ислом тарихидаги ўзига хос ягона ҳисобланган бу аср жамики мусулмонлар, бутун ер юзидаги Ислом аҳли учун фахрланса арзийдиган бир давр эди.
Умавийлар халифалиги даври ҳақида баъзи мулоҳазалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратларининг 41-йилидан, шайх Абулҳасан Надавий раҳматуллоҳи алайҳнинг таъбири билан айтганда, араб подшохлиги ёки мусулмонлар подшохлиги даври бошланди. Ушбу даврнинг аввалида мусулмонлар тамаддуни биносида бир дарз пайдо бўлди. Кейин эса замон ўтиши билан мазкур дарз аста-секин катталашиб борди.
Инсоният тарихида ҳеч бир тамаддун Ислом тамаддуни каби тез ривожланмаган. Жуда қисқа вақт – қирқ йил ичида кеч бир давлат ёки тамаддун инсониятни қойил қолдирадиган даражада катта ютуқларга эришмаган. Мисол учун, дунёдаги энг машҳур тамаддун ҳисобланган Рим ва Форс тамаддунини олиб кўрадиган бўлсак, уларнинг юксалиш даври, мутахассисларнинг таъкидлашларича, икки минг йил давом этган. Орадаги мазкур катта фарқнинг сабаби – Ислом тамаддуни Холиқ таолонинг таълимотига, мазкур икки тамаддун эса махлуқнинг ҳаракатларига асосланганидир.
Холиқ таолонинг таълимотига асосланган Ислом тамаддуни қирқ йил давомида ривожланиб, сўнг ривожланишдан тўхтаган бўлса ҳам, ҳозиргача яшаб келмоқда. Махлуқнинг ҳаракатига асосланган Рим ва Форс тамаддунлари эса икки минг йил мобайнида ривожланган бўлса ҳам, озгина муддатда тугаб, тарих саҳифаларидан ўрин олди.
Ислом умматида тамаддуннинг энг юқори чўққисига тарихда мисли кўрилмаган оз муддатда – қирқ йил ичида чиқилган бўлса ҳам, пасайиш ҳолати сезилар-сезилмас бўлиб бошланди.
Аллоҳ таолонинг таълимоти асосида юқори чўққиларни забт этган тамаддуннинг таназзулга учрашини, тобора пасайиб боришини қандай тушуниш мумкин?
Дин, ўз аъзоларининг холати қандай бўлишидан қатъи назар, ўз-ўзидан ишлаб кетадиган жиҳоз эмас. Агар Аллоҳ таоло истаса, табиатни Ўз измига юргизгани каби, одамларни ҳам ҳидоятга мажбурлаши, Исломга хилоф қила олмайдиган, шариатига амал қилишда сусаймайдиган қилиб қўйиши мумкин эди. Аммо У Зот бундай бўлишини ирода қилмади. Балки инсонга ихтиёр қилиш, танлаш имконини бериб, уни улуғлади. Истаса – ҳидоятни, истаса – залолатни танлаб оладиган қилди. Танлаб олган йўлига ва қилган амалига қараб жазо ёки мукофот берадиган бўлди.
Аллоҳ таоло Раъд сурасида шундай марҳамат қилади: «Албатта, Аллоҳ бир қавмдаги нарсани, токи улар ўзларидаги нарсани ўзгартирмагунларича, ўзгартирмас» (11-оят).
Яъни банда бир яхшиликка эришмоқчи бўлса, ўша яхшиликка етаклайдиган хислатларни ўзида мужассам этиши ва унга эришиш учун уриниши лозим. Ана шундагина Аллоҳ унинг ишида яхши томонга ўзгариш хосил қилади. Аллоҳ таоло Анфол сурасида марҳамат қилади:
«Бу Аллоҳ бир қавмга Ўзи инъом этган неъматини, токи улар ўзларидаги нарсани ўзгартирмагунларича, ўзгартирувчи бўлмаслиги ва Аллоҳ эшитувчи ва билувчи бўлганидандир» (53-оят).
Аллоҳ таоло Рум сурасида марҳамат қилади:
«Қилган амалларининг баъзисини тоттириш учун одамларнинг қўллари касб қилган нарсалар туфайли қуруқликда-ю денгизда бузғунчилик зоҳир бўлди. Шоядки, улар қайтсалар» (41-оят).
Одамлардаги бузуқ эътиқод ва тасаввурлардан фисқу фасод келиб чиқади. Бу эса ўз навбатида қуруқликдаю денгизда бузғунчилик устун келишига сабаб бўлади. Одамлар қилган гуноҳлар ва фисқу фасод уларнинг ўзларининг бошларига бало-офат келтиради. Бу мусибатлар уларга танбеҳ бўлиши, залолатдан ҳидоятга, нотўғри йўлдан тўғрисига қайтишларига сабаб бўлиши керак.
Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:
«Агар шаҳар-қишлоқ аҳли иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик» (96-оят).
Аллоҳ таоло Анъом сурасида марҳамат қилади:
«Эслатилган нарсаларни унутган чоғларида уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Ўзларига берилган нарсалардан хурсанд бўлиб турганларида, уларни бирданига тутдик. Қарабсизки, бутунлай ноумид бўлдилар» (44-оят).
Демак, инсон Аллоҳ таолонинг динига амал қилса, яхшиликка эришади, амал қилмаса, ёмонликка қолади.
Шайх Абулҳасан Надавий раҳматуллоҳи алайҳ рошид халифалар давридан кейинги ҳолат ҳақида қуйидагиларни ёзади:
«Етакчиликнинг лаёқатли одамлардан лаёқатсиз одамларга ўтиши:
Аммо таассуфлар бўлсинким, башариятнинг бахтига қарши ушбу ўта оғир вазифа бу ишга лаёқати йўқ, юртни бошқаришга тайёр бўлмаган ва етилмаган, олдингилар ва ўзлари билан замондош бўлганлар ҳамда ота-боболари сингари диний ва ахлоқий тарбияни олмаган кимсалар қўлига ўтиб кетди. Улар мусулмон умматини бошқаришга, унга раҳбарлик қилишга ўргатадиган Ислом таълимотларига эга эмас эдилар. Уларнинг онглари, нафслари эски тарбиянинг қолдиқларидан тозаланмаган эди. Уларда Ислом йўлида жидду жаҳд қиилишга етадиган даражада куч, диний ва дунёвий масалаларда ижтиҳод қиладиган даражада илм ҳамда мусулмонларга халифалик қилиш либосини кийишга яраша қувват йўқ эди. Бу гап, одил халифа Умар ибн Абдулазиздан бошқа, Бану Умайя на Бану Аббос халифаларига ҳам тааллуқлидир.
Етакчилик рошид халифалардан кейин умавийларга ўтди. Улар ҳижрий 41–132 (милодий 661–750) йиллар давомида – тўқсон бир йил етакчилик қилишди.
Умавийлар даврида пасайиш бошланган бўлса ҳам, унчалик кўп бўлмаган. Бу даврда мол-мулкнинг ва жорияларнинг кўпайганини кўриш мумкин.
Умавийлар даврида оламшумул фатҳлар бўлди. Ислом шарқда Хитойгача, ғарбда Андалусгача кенг ҳудудда ёйилди.
Бу даврда кўплаб қўриқ ерлар ўзлаштирилди, каналлар қазилди, шаҳарлар қурилди, ободончилик ва тараққиёт юксалди. Рошид халифалар асридан кейинги энг яхши аср ҳисобланган умавийлар даври сиёсий ва фикрий ҳаракатларга тўла бўлди.
Шу билан бирга, мазкур даврда оз бўлса ҳам тўғри йўлдан оғиш ва аввалги савиядан пасайиш кузатилди.
Пасайиш аввало икки нарсада, одамлар унчалик сезмаган ҳолда намоён бўлди:
1. Раҳбарлик халифаликдан подшоҳликка ўтди. Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу халифаликдан воз кечиб, Муовия розияллоҳу анҳу бошлиқ бўлганида, кейинчалик у кишининг ўрнига ўғли халифа бўлишини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаган эди. Аммо шундай бўлди. Кейин эса давлат раҳбарлиги Бану Умайя қабиласининг одамлари қўлига ўтди. Улар ўзларининг ичидаги энг яхшисини давлат бошлиғи қилиб сайлайдиган бўлишди.
Рошид халифалар даврида эса мусулмон умматининг энг яхшиси халифа бўлар эди.
2. Мусулмон уммати аста-секин ҳокимларнинг фаолиятини текшириб бориш хусусиятини йўқотди. Рошид халифалар даврида эса мусулмон уммати ҳокимларнинг фаолиятини диққат билан текшириб борар, бирор хато топса, юзига айтар эди.
Вақт ўтиши билан яна баъзи бурилиш ва пасайишлар юз берди.
Умавийлар ўзларининг сиёсий мухолифларига қарши куч ва қўполлик ишлатишни йўлга қўйишди. Рошид халифалар даврида бундай бўлмаган эди.
Давлат мулкини беҳудага сарфлашни, одамларни ўзларига мойил қилиш учун ишлатишни ўзларига эп кўришди.
Умавийларда араб миллатчилиги ҳам пайдо бўлди. Бу иш ҳам аввалги пасайиш омиллари каби ўзига хос муаммоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлди.
Кейинги мавзулар:
Аббосийлар давлатининг тикланиши;
Аббосийларнинг биринчи даври.
Қуръон нозил бўлган пайтда одамларга энг яқин ҳайвон туя бўлган, шунинг учун уларнинг эътибори туяга тортиляпти. Ҳақиқатда туя бир мўъжиза: унинг тузилиши-қулоқ, бурун, кўз, оёқ, туёқлари саҳро учун мослашган. Шунинг учун ҳам уни араблар саҳро кемаси, дейишади. Туя иссиқ ҳавода юришга мослашган, сув ичмай бир неча кунлаб юриши мумкин ва ҳоказо.
Энди, “саҳро кемаси”нинг яратилишидаги баъзи бир ажойиботларга қисқача бўлса ҳам назар солайлик. Туянинг кўзлари бошнинг юқори қисмига жойлашган бўлиб, ортга қараш имконини беради. Унинг қовоқлари эса қумни тўсишга мослашгандир.
Шунингдек, туянинг бурун катаклари ва қулоқлари ҳам қум киришини тўсадиган жунлар билан жиҳозлангандирлар. Саҳрода шамол туриши билан туянинг тумшуқлари ҳам, қулоқлари ҳам жисмига тортилиб, қумдан зарар кўрмайдиган ҳолатга келиб олади.
Туянинг туёқлари ҳам алоҳида шаклдаги суякларга кийгизилган гўшт ва теридан иборат қўлқоп бўлиб, қумда бундан бошқа туёқ билан юкли равишда юриш мумкин эмас.
Туя саҳрода оч қолганда, қуруқ ёғочни, ҳатто тиконни ҳам еб кетаверади.
Туянинг ўркачи ўзига хос озуқа омборидир. Агар туя саҳрода оч қолса, ўша ўркачидаги “омбор”дан озуқа олаверади.
Саҳрода энг зарурий нарса сув ҳисобланади. Туяни Аллоҳ таоло бу эҳтиёжига ҳам мослаб яратган. Аввало туя тер чиқмайдиган қилиб яратилган. Яъни, у жисмидаги сувни ўзида сақлаб туради.
Қолаверса, туянинг бурни оғзига уланган. Шунинг учун унинг нафас олиши туфайли чиққан буғҳам яна оғзи орқали ичига қайтади. Шу билан бирга туя бирдан кўп сув ичиб олиш қобилиятига эга. У олтмиш литргача сув ичиши мумкин. Бу эса унга саҳрода олти кундан ўн кунгача сув ичмай юриш имконини беради.
Ушбу зикр қилинган нарсалар Аллоҳ таолонинг, ўша туяни яратган Зотнинг қудратига далил эмасми?
Ҳа, туянинг ва ҳар бир жонзотнинг яратилишига ибрат назари билан ақлни ишлатиб қараган инсон Аллоҳнинг қудратига тан бермай иложи йўқ.
Улар туянинг қандай яратилганига назар солмайдиларми? (Ғошия сураси, 17-оят).
1. Туя ҳайвонот олами тарихида энг эски ҳайвон турларидан биридир. Эволюциячилар назариясига кўра, туя ҳам динозаврлар билан бирга йўқ бўлиб кетиши керак эди, лекин ҳеч бир табиат ҳодисаси уни йўқ қилиб юборолмаган.
2. Туя фақат целлюлоза (чўл ва даштларда дағал ўт ва хашаклар, янтоқ, саксовул) билан озиқланиб, витаминларни ва ҳаёт учун керакли барча кимёвий моддаларнинг кўпини ишлаб чиқарувчи ва шу тариқа ҳаётини давом эттирувчи бирдан-бир ҳайвондир.
3. Туя бир неча минг йиллардан ҳозирга қадар одамзотга ташувчилик хизматини қилаётган ягона жонивордир. Ўрта Осиё ҳудудида бундан 100 йил аввал ҳам туялар почтаси мавжуд бўлган.
4. Туялар ўз вазнининг ярмига тенг — 250-300 кг юкни кўтара олади, вазнига нисбатан 10-12% оғирликдаги юкни тортиш кучига эга. Соатига ўртача 4 км тезликда, кунига 35-40 км масофани босиб ўтади. Агар устида юки бўлмаса, тўхтовсиз 100 километр йўл боса олади.
5. Туя бир ичишда 200 литрга яқин сув ичади. Шўр сувни ҳам ичаверади. 100 литр сувни 10 дақиқада ичиб тугатади. Туя бир ҳафтагача емай, 34 кунгача сув ичмасдан юриши мумкин. Сув бор жойни 50-60 километр узоқликдан ҳис этади.
6. Туя сути таркибида калций, магний, темир, фосфор, C, D витаминлари, фойдали минерал ва микроэлементлар кўп бўлиб, у сигир сутидан бир неча карра фойдалироқ. Туя сути – парҳез маҳсулот. Унда ёғ ва шакар миқдори сигирникидан анча кам. Туя сути сутэмизувчилар ичида инсон сутига энг яқинидир.
7. Туянинг тана ҳарорати тунда, саҳро совиганда +34°C гача пасаяди. Кундузи 41°C даражагача кўтарилади. Бу боис теварак-атрофдаги ҳаво ҳарорати ўзгарганда туя деярли терламайди ва сув йўқотилишининг олди олинади. Туя жуни қуёшда 70-80 градусгача қизиса-да, унинг тана ҳарорати 40 градусда бўлади.
8. Туянинг ўркачида сув эмас, ёғ сақланади. Ўркач туя учун озуқа захираси ҳисобланади. Туя ўркачи қаттиқ озуқани ейишни бошлаганидан кейин пайдо бўлади, шунинг учун бўталоқларнинг ўркачи бўлмайди.
9. Туялар сувни ўркачлардаги ёғлардан олади, 100 грамм ёғнинг оксидланишидан 107 грамм сув ҳосил бўлади. Ўркачдаги ёғ ҳаддан зиёд иссиқ ҳавода тана ҳароратини меъёрда ушлаб туради.
10. Туя гавдасининг ерга тегиб турадиган қисмларида, кўкраги, тирсаги ва тиззасида қадоқли тузилмалар бор. Шу туфайли иссиқ (70°C гача қизиган) ерда ҳам ёта олади.
11. Туянинг кўзи фавқулодда кўриш қобилиятига эга бўлиб, 3-4 километрдан таҳдидларни аниқлай олади. Учта кўз қовоғи, икки қатор узун киприклар кўзга қум киришининг олдини олади. Қалин қошлар, зич ва қалин сочлар кўз ва бошни қуёш нурларидан ҳимоя қилишга ёрдам беради.
12. Туялар бурнига қум кириб кетишининг олдини олиш учун бурун тешиклари очилиб-ёпилади.
13. Туянинг иккита лаби бўлади, улар мустақил равишда ҳаракатланиб, тиканли чўл буталарини зарарсиз ея олади.
14. Туянинг қулоқлари ўткир эшитиш қобилиятига эга. Қулоқлар ичкаридан ва ташқаридан тук билан қопланган бўлиб, қумдан ҳимояланган. Чанг бўронлари пайтида туялар қулоқларини айлантира олади.
15. Туянинг туёқлари узун бўлиб, уларни қумга бир текис тақсимлайди ва чўкиб кетмайди. Туя отлар каби олдинга ва орқагагина эмас, тўрт томондаги одам ё ҳайвонни тепа олади. Туёқларидаги эластиклик даражаси юқори.
16. Туялар нафақат иссиқ ҳароратли минтақаларда, жуда паст ҳароратли жойларда ҳам яшай олади. Уларда қишда совуққа бардошли узун ва қалин ҳимоя жунлари ўсади, ёз ойларида эса тўкилади.
17. Урғочи туяларнинг ҳомиладорлик даври 12 ойдан 14 ойгача. Туяларнинг эгиз туғиш ҳолати деярли кузатилмаган. Янги туғилган бўталоқнинг вазни 34 килограммгача бўлади. У туғилгандан ярим соат ўтибоқ юришни бошлайди.
18. Туя — дунёда энг қайсар жонивор. Агар у ётиб дам олишни хоҳласа, уни ўрнидан қўзғатиш жуда қийин. Унинг жаҳлини чиқарсангиз, туфлаб ташлайди. У жуда аниқ туфлайди ва тупуги жуда сассиқ бўлади. Чунки у оддий сўлак эмас, нақ ошқозондан отилиб чиқади.
19. Туя денгиз ёки дарёда суза олади.
20. Туя арабчада “жамал” — “гўзаллик” маъносини билдиради. Бу сўз аввал юнонларга “kamēlos” шаклида ўтиб, ундан инглизларга “camel” тарзида ўтган.