Ар-Роҳман – Аллоҳнинг гўзал исмларидан бири. Сурада Аллоҳ таоло инсонларга, жинларга берган беҳисоб неъматлари эслатилган, ўттиз бир марта: “Парвардигорингизнинг қайси бир неъматини инкор этасизлар?!” – деб хитоб қилинган.
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромлар олдига чиқиб, Ар-Роҳман сурасини бошидан охиригача ўқиб бердилар. Саҳобалар қироатга қулоқ солиб жим ўтираверишди. Бу ҳолни кўрган Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам жинлар қандай жавоб қайтарганини айтдилар. Жинлар билан учрашилган тунда у зот алайҳиссалом Ар-Роҳман сурасини ўқиб берганлар. Ҳар сафар “Парвардигорингизнинг қайси бир неъматини ёлғонга чиқарасизлар?!” ояти ўтилганда, жинлар: “Парвардигоро, Сенинг биронта ҳам неъматингни инкор қилмайсиз. Барча мақтовлар Сенгагина хос!” деб жавоб қайтаришган.
Ҳар нарсанинг зийнати бўлади. Қуръоннинг зийнати – Ар-Роҳман сураси. Бу сурада дунё ва охират неъматлари, ҳурлар васф этилган, уларнинг зеб-зийнатлари ҳақида маълумот берилган.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ҳар бир нарсанинг келичаги бор. Қуръоннинг келинчаги Ар-Роҳман сурасидир” (Имом Байҳақий ривояти).
Фотима розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда: “Ҳадид, Воқеа, Ар-Роҳман сураларини ўқийдиган қори осмонлару ер малакутида “Фирдавсда яшовчи” деб чақирилади”, дейилган (Имом Байҳақий ривояти).
Диндан узоқлашар эканмиз, асл мақсаддан, рисолатдан ва инсоний қадриятлардан йироқлашган бўламиз. Натижада жамиятда ёмонлик, зулм ҳукм суради, ёвузликка, маст қилувчи ичкиликларга қизиқиш ортади, оилага, соғлом турмуш тарзига рағбат йўқолади, ота-она билан фарзанд ўртасидаги муносабатларга ҳам футур етади, иқтисодий ҳаёт эса рибо ва қимор билан тўлиб-тошади. Оқибатда гуноҳлар кескин кўпайиб кетади.
Шу боис инсон доимо динга эҳтиёж сезади ва ундан ҳеч қачон беҳожат бўлмайди!
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан