Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
﴿الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي أَنْزَلَ عَلَى عَبْدِهِ الْكِتَابَ﴾
“(Ўз) бандаси (Муҳаммад)га Китоб (Қуръон)ни нозил қилган зот (Аллоҳ)га – ҳамд!” (Каҳф сураси, 1-оят).
Ушбу Китобни умматларига омонат ила етказиб, унга амал қилишда гўзал намуна, “Хулқи Қуръон” бўлган зот – севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга салом ва салавоту дурудлар бўлсин!
Пайғамбаримиздан Қуръони каримнинг бирор ҳарфини ўзгартирмай ўта аниқлик билан қабул қилиб, унга ихлос ила амал қилган саҳобаи киромлардан Аллоҳ рози бўлсин!
Қуръони каримга иймон келтирган, уни ўргатган, ўрганган ва унга амал қилган ҳар бир мусулмонга Аллоҳнинг раҳмати ёғилсин.
Қуръони карим – Аллоҳ таолонинг каломи. Унинг ҳар бир ҳарфи ва оятини ўқиб ўранган кишиларга катта ажр-савоблар ваъда қилинган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
من قرأ حرفًا من كتابِ اللهِ فله به حسنةٌ. والحسنةُ بعشرِ أمثالِها لا أقولُ ﴿الـم﴾ حرفٌ ولكنْ ﴿ألفٌ﴾ حرفٌ و﴿لامٌ﴾ حرفٌ و﴿ميمٌ﴾ حرفٌ.
“Ким Аллоҳ таолонинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, бунинг баробарига у киши учун бир яхшилик берилур. Алиф, лам, мимни бир ҳарф деб айтмайман . Балки алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Қуръони каримни ўқиб ўрганган ва бошқаларга етказган кишилар улуғ фазл-мартаба соҳиби бўладилар. Бу ҳақда Усмон розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
خَيرُكُم من تعلَّمَ القرآنَ وعلَّمَهُ.
“Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
Ушбу ҳадисдан инсонларнинг энг яхшилари аввало Қуръонни ўрганувчилар, кейин эса уни ўргатувчилар экани маълум бўлмоқда.
Аллоҳ таоло шундай фазл-мартабани барчамизга муяссар айласин.
Даврон НУРМУҲАММАД
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан аҳоли билан йўлга қўйилган очиқ ва самимий мулоқот тизими фуқароларнинг мурожаатларини атрофлича ўрганиш ҳамда уларга тезкор ечим топишда муҳим омил бўлмоқда.
12 август куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, юртдошларимизнинг арз, таклиф ва мурожаатларини тингладилар. Юзма-юз суҳбат жараёнида масжидлар ҳолати ва фаолияти, имом-хатиблар иши, Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этиш, оилавий муносабатларни тартибга солиш ҳамда моддий ёрдам кўрсатишга оид кўплаб масалалар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди.
Эслатиб ўтамиз, бу каби қабуллар ва фуқаролар билан мулоқот тадбирлари Диний идоранинг ҳудудий вакилликлари ҳамда юртимиздаги барча жоме масжидларда ҳар ҳафтанинг чоршанба куни имом-хатиблар томонидан ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати