Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
(ҳижрий 37, милодий 657 йил)
Сиффин жанги ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу билан Муовия розияллоҳу анҳу ўртасида бўлди. Бу икки саҳоба орасидаги элчиларнинг бориб-келишлари натижа бермади. Икки тарафнинг лашкари Фурот дарёси бўйидаги Сиффин пасттекислигида тўқнашди. Орада жанг бошланди. Икки тарафдан ҳам жуда кўп одамлар ўлдирилди. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг лашкарлари ғалабага эришишига озгина қолганда, Шом аҳллари найзаларнинг учига мусҳафларни боғлаб, баланд кўтардилар. Улар Аллоҳ таолонинг Китобини ҳакам қилишни талаб этдилар. Буни Муовия лашкарининг қўмондони Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ўйлаб топган эди. Бу билан у урушни тўхтатишни хоҳлаган эди. Шундай бўлди ҳам. Уруш тўхтади. Икки тараф ҳакамлари учрашдилар, лекин келишувга эришилмади. Ҳакамлик шартномаси ёзилди. Лашкарлар келган жойларига қайтдилар.
«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди
Мақоланинг аудио шакли
Саҳобалар ичида энг зеҳни ўткири Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кунлардан бирида бозорга бордим. Одамларнинг мол-дунё билан овора эканликларини кўриб уларга:
– Сиз бу ерда савдо-сотиқ билан машғулсиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мерослари тарқатилаётганидан хабарингиз йўқми? – дедим. Савдогарлар қўлларидаги молларини ташлаб:
– Йўқ, қаерда? – деб ҳовлиқиб сўрадилар.
– Фалон масжидда, – деб жавоб бердим. Улар шошиб масжид томон югуриб кетишди.
Аммо бироздан сўнг қайтиб келиб:
– Нега бизни алдадингиз? Масжидда ҳеч қандай мерос тарқатилмаяпти-ку? –дейишди.
Мен:
– Қандай қилиб? Ахир масжидда кимларни кўрдингиз? – деб сўрадим.
Улар:
– Қуръон ўқиётган қориларни ва ҳадис ўрганаётган толиби илмларни, –дейишди.
– Ана шу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросларидир, – деб жавоб бердим.
“Ўзимдан сўнг сизга икки нарса қолдирдим, агар уларни маҳкам тутсангиз ҳаргиз адашмайсиз. Улар Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарнинг ҳадисидир”, деган севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин”.
Даврон НУРМУҲАММАД