Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг китоби. Унинг таълимотлари дунё ва охират саодатига кафилдир. Ҳар бир лафзида нур бор. Унинг маъносини тушунмасдан, фақат тиловат қилиш ҳам савоб ва хайр-баракага сабабдир.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ таолонинг китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бир яхшилик бўлади. Бу бир яхшилик ўнта яхшиликка тенгдир. Мен «алиф, лаам, миим»ни бир ҳарф демайман, балки, «алиф» бир ҳарф, «лаам» бир ҳарф ва «миим» бир ҳарфдир», дедилар (Имом Доримий ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, агар бирор кимса фақат «алиф, лаам, миим»ни тиловат қилса, шунинг ўзидан унинг номаи аъмолига ўттизта яхшилик ёзилади.
Яна ушбу ҳадиси шарифдан шу нарса маълум бўладики, бу савоб оятларнинг маъноларини тушунмасдан ўқиса ҳам берилади. Чунки, «алиф, лаам, миим» шундай лафзки, унинг маъносини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Унинг ҳақиқий маъносини билишга ҳеч кимда имкон йўқ. Чунки, булар «ҳуруфи муқаттаот» жумласидан бўлиб, муташобиҳ оятларга киради. Уларнинг маъносини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «алиф, лаам, миим»ни мисол қилиб, шуни ҳам очиқ баён қилдиларки, Қуръони Карим тиловатининг савоби унинг маъносини тушунишга боғлиқ эмас, балки, маъносини тушунмасдан тиловат қилишга ҳам савоб берилади.
Демак, фақат «алиф, лаам, миим»ни ўқишга ўттизта савоб бўлса, Қуръони Каримнинг бир неча ояти ёки бирор сурасини ўқишга қанча савоб бўлади? Шунинг учун ҳар бир мусулмон ҳар куни эрталаб бошқа ишларга машғул бўлишдан олдин бироз бўлса ҳам Қуръони Карим тиловатини одат қилиб олсин. Агар кўпроқ ўқишнинг иложи бўлмаса, чорак пора, бунинг ҳам имкони бўлмаса, ҳеч бўлмаса, бир неча оятларни ўқиб турсин. Шунда ҳар куни унинг номаи аъмолига минг-минглаб яхшиликлар ёзилиб бораверади.
Шунингдек, ҳар бир мусулмон Қуръони Каримнинг бир неча сурасини ёдлаб олсин. Шунда, қачон имкон топса, Қуръони Каримни очмасдан ҳам ёддан ўқийверади. У юриб кетаверади, тиловат туфайли номаи аъмолига яхшиликлар ёзилиб боради.
Бомдод намозидан кейин ҳар бир мўмин озгина бўлса-да, Қуръони Каримни ўқишни одат қилсин. Бирор куни тиловатсиз қолмасин. Қуръони Каримда етти манзил бор. (Бир манзил - ҳафтияк, яъни Қуръоннинг еттидан бир қисми). Олдинги замонларда одамлар ҳар куни бир манзил (яъни, Қуръони Каримнинг еттидан бири, тахминан, тўрт ёки тўрт ярим пора) тиловат қилишга одатланишган эди. Шунда улар ҳар етти кунда хатм қилишган. Бизлар эса, анча заиф одамлармиз. Қуръонни бу қадар кўп ўқишга бардошимиз етмаслиги аниқ. Лекин имкон қадар ҳаракат қилайлик. Хоҳ бир пора бўлсин, хоҳ ярим пора бўлсин, ўқийлик. Ҳеч йўғи, Ҳакимул уммат қоддасаллоҳу сирроҳ айтганларидек, агар кимгадир ярим пора ҳам мушкул бўлса, у ҳолда чорак пора ёки икки-уч рукуъни ўқисин. (Бир рукуъ - бир маъно тўлиқ тугаган ёки бир ракъатда ўқиладиган миқдор). Лекин бирор куни Қуръони Карим тиловатидан ҳоли ўтмасин.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан
Бугун Урганч шаҳар бош имом-хатиби Ҳасанбой домла Кенжаев бошчилигида Гурлан туманидаги “Усмон Саид бобо” жоме масжидида маънавий-маърифий йиғилиш ўтказилди.
Унда имом-хатиблар, вакиллик ходимлари, туман бош имом-хатиблари ва отинойилари, шунингдек, “Ҳаж – 2024” зиёратчилари, маҳалла раислари иштирок этди.
Сўнгра ҳудуддаги оилаларга кирилиб, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олинди. Айрим сабабларга кўра аразлашиб қолган оилалар имомлар, ҳожиларнинг ҳаёт тажрибасидан келиб чиққан гапларидан таъсирланиб, ярашиб олдилар.
Шунингдек, адашиб ақидаси бузуқ кимсалар тузоғига тушиб қолган фуқаролар билан ҳам суҳбатлар ўтказилиб, уларга исломнинг соф таълимоти ҳақида маълумотлар берилди.
Бундай хайрли ишлар, яъни халққа хизмат қилиб, одамларни рози қилиш, Ҳақнинг розилигига сабаб бўлади, иншоаллоҳ.
Сўнгра имомларнинг йўналишга доир амалга оширган ишлари кўриб чиқилди.
Хайрли дуолар билан ташриф ўз ниҳоясига етди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Хоразм вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати