Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Июн, 2025   |   21 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:29
Аср
17:39
Шом
20:02
Хуфтон
21:40
Bismillah
17 Июн, 2025, 21 Зулҳижжа, 1446
Мақолалар

Савдода баракани ўчиради

10.12.2024   2088   2 min.
Савдода баракани ўчиради

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَجُلًا ذَكَرَ لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ يُخْدَعُ فِي الْبُيُوعِ، فَقَالَ: إِذَا بَايَعْتَ فَقُلْ لَا خِلَابَةَ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ وَالنَّسَائِيُّ.

وَزَادَ مُسْلِمٌ: فَكَانَ إِذَا بَايَعَ يَقُولُ: لَا خِيَابَةَ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзининг савдо-сотиқда алданиб қолишини зикр қилди. Шунда у зот алайҳиссалом: «Қачон савдо қиладиган бўлсанг, «Алдаш йўқ», дегин», дедилар (Учовлари ва Насаий ривоят қилганлар).

Муслим: «У олди-сотди қилса, «Алдаш йўқ» дер эди»ни зиёда қилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятда зикри келаётган саҳобийнинг бошлари ёрилиб, бироз фикрлари ва тиллари оғир бўлиб қолган эди. Тутилиб гапирар ва олди-сотдида алданиб қолар эдилар. Ўзларининг бу ҳолларидан шикоят қилганларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олди-сотдидан олдин савдолашаётган одамга «Алдаш йўқ», деб, огоҳлантириш бериб қўйишни тавсия қилдилар. Яъни, Ислом динида савдо-сотиқда бир-бирини алдаш йўқлигини эслатиб қўйишни ўргатдилар. Эҳтимол, шунда бошқа томон ўзига алдашни эп кўрмаслиги мумкин. Бундан савдо-сотиқда, молиявий муаммоларда бир-бирини алдаш ҳаром эканлиги яққол кўриниб турибди.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الْحَلِفُ مُنْفَقَةٌ لِلسِّلْعَةِ مَمْحَقَةٌ لِلْبَرَكَةِ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ.

وَلِمُسْلِمٍ: إِيَّاكُمْ وَكَثْرَةَ الْحَلِفِ فِي الْبَيْعِ فَإِنَّهُ يُنَفِّقُ ثُمَّ يَمْحَقُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қасам ичиш савдо молини ўтказувчи, баракани ўчирувчидир», дедилар (Учовлари ривоят қилганлар).

Муслимнинг ривоятида: «Савдода кўп қасам ичишдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки у ўтказади ва ўчиради», дейилган.

Шарҳ: Баъзи бир савдогарлар ўз молини ўтказиш учун ёлғон гапирадилар, ҳатто қасам ҳам ичадилар. Баъзи харидорлар унинг қасамига ишониб, молини сотиб олади. Ҳалиги савдогар савдоим юришди, деб хурсанд бўлади. Аслида эса ёлғон гапиргани, ёлғон қасам ичгани учун молининг баракаси ўчади. Пулининг миқдори кўпайганга ўхшагани билан баракаси бўлмайди. Фойдаси камаяди. Ҳатто бошқа томондан балолар ҳам етади. Шунинг учун савдогар ростгўй бўлиши керак, қасам ичиб, молини ўтказишга уринмаслиги лозим. Ростгўйлик билан, бировни алдамасдан қилинган савдода барака бўлади. Эгасига юқади, фойда беради.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Бошқа мақолалар

Ҳажингиз мабрур бўлсин!

13.07.2022   8376   2 min.
Ҳажингиз мабрур бўлсин!

Аллоҳ таоло ҳар бир амални ихлосу муҳаббат билан ўЗининг қоидасига мувофиқ бажарган бандаларига улкан мукофотларни ато қилади. Ҳаж амалларини гўзал ҳолатда адо қилган кишилар учун дунёда гуноҳлари кечирилиши, охиратда эса жаннат мукофот қилиб берилади.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умрадан умрагача бўлган (сағира) гуноҳлар кечирилади. Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннат бўлади!”, дедилар» (Имом Байҳақий ривояти).

“Мабрур” сўзи луғатда яхшилик қилинган, қабул қилинган маъноларини англатади. Уламолар ҳадисни шарҳлар эканлар, ҳажнинг мабрур бўлиши учун қуйидаги сифатлар топилиши лозим деганлар. Ихлос: зуҳди зиёда бўлиши; охиратга рағбат қилиш; барча ҳукмларини тўлиқ бажариш; сафарда фисқ ва маъсиятлардан, фаҳш сўзлардан тийилиш; риё, сумъа ва ужбдан сақланиш.

Аллоҳ таоло ҳожиларга берган энг катта имкониятлардан яна бири гуноҳларни мағфират қилишидир. Нафақат ҳожининг, балки ҳожи гуноҳларини мағфират қилишни сўраган инсонларнинг ҳам гуноҳларини Аллоҳ таоло кечиради. Шунинг учун зиёратга кирган кишилар ҳожидан ҳақларига дуо қилишни сўрайдилар.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким ҳаж қилса, ёмон гап ва ёмон иш қилмаса, худди онаси туққан кундагидек ортга қайтади”, деяётганларини эшитдим» (Имом Бухорий ривояи).

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ҳаж қилса, ёмон гап ва ёмон иш қилмаса, ўтган гуноҳлари кечирилади”, дедилар».

Бу ерда кичик гуноҳлар назарда туттилган. Чунки катта гуноҳларнинг кечирилиши учун тавба шарт. Сўзимизни қуйидаги ҳадиси шариф ҳам қувватлайди.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беш вақт намоз (ўртасида), жумадан жумагача, Рамазондан Рамазонгача бўлган гуноҳлар, агар кабирасидан четланилса, кечирилади”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло юртимиз ҳожиларининг қилган ибодатлари, дуо ва зикрларини Ўз даргоҳида ҳусни қабул этсин! Ҳажингиз мабрур, саъйингиз машкур бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг "Ҳаж буюк ибодатдир" номли китобларидан олинди.

 

Мақолалар