Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилдилар:
فَالْعَيْنَانِ تَزْنِيَانِ وَزِنَاهُمَا النَّظَرُ وَالْيَدَانِ تَزْنِيَانِ وَزِنَاهُمَا الْبَطْسُ وَالرِّجْلَانِ تَزْنِيَانِ وَزِنَاهُمَا الْمَشْيُ وَالْفَمُ يَزْنِي وَزِنَاهُ الْقُبْلَةُ وَالْقَلْبُ يَهُم أَوْ يَتَمَنَّى وَيُصَدِّقُ ذَلِكَ الْفَرْجُ أَوْ يُكَذِّبُهُ
«Кўзлар зино қилади, уларнинг зиноси қарашдир. Қўллар зино қилади, уларнинг зиноси ушлашдир. Оёқлар зино қилади, уларнинг зиноси юриб боришдир. Оғиз зино қилади, унинг зиноси бўса олишдир. Қалб хоҳлайди ва орзу қилади, фарж эса уни ё тасдиқ қилади ёки ёлғонга чиқаради» («Муснади Аҳмад»).
Ҳадиси шарифдан маълум бўлмоқдаки, зинонинг турли хил даражалари бор экан. Яъни фақат номаҳрам эркак ва аёлнинг жинсий алоқасигина зино эмас, балки унинг атрофидаги турли кўриниш ва босқичлари бор экан. Масалан, номаҳрамга қараш, унинг қўлидан ушлаш, атайин баданини номаҳрамнинг баданига текказиш, эркак билан аёлнинг заруратсиз аралашуви, бузуқликни хаёлга соладиган жойларга бориш ҳам зинодир. Номаҳрамдан бўса олиш оғизнинг зиносидир. Шариъати мутоҳҳара бу барча ҳолатларни ҳаром деб ҳукм қилиб, уларни зино жумласидан санаган.
«Бадназарлик ва зинодан сақланиш» китоби асосида тайёрланди
Савол: Масжидимизда тут, олма каби мевали дарахтлар бор. Улар пишган пайтда, намозга келганлар улардан олиб ейишади. Шу иш жоизми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Масжид ҳовлисидаги мевали дарахтлар вақф қилувчи ёки дарахт эккан шахс томонидан одамларнинг умумий фойдаланиши учун экилган бўлса, одамлар бу дарахтларнинг мевасини ейишлари мумкин. Аммо агар бу дарахтлар масжид даромади учун экилган бўлса, яъни эккан одам “шу дарахтнинг мевалари мана шу масжид учун даромад бўлсин” деган мақсадда эккан бўлса, ёки нима ниятда эккани маълум бўлмаса, бу ҳолатда уларни сотиб, пулини масжид эҳтиёжларига сарфлаш зарур бўлади. Шунинг учун, бу турдаги дарахтларнинг меваларини пулини тўламай ейиш жоиз бўлмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.