Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Ҳайздаги аёл сажда оятини эшитса, сажда қиладими?
Жавоб: Узрли аёл сажда оятини эшитса, сажда қилмайди. Агар сажда қилса, гуноҳкор бўлади. Ҳайзли ёки нифосдаги аёл намоз ўқишга буюрилмагани учун унга тиловат саждасини қилиш вожиб эмас. Лекин жунуб кимсанинг ҳукми бошқача: эркакми, аёлми — жунуб ҳолатида сажда оятини эшитса, тиловат саждаси уларга вожиб бўлади. Покланганидан кейин бу саждани адо этиши керак. Бу ҳақда Имом Сарахсий бундай дейдилар:
وليس على الحائض سجدة قرأت أو سمعت" لأن السجدة ركن من الصلاة والحائض لا تلزمها الصلاة مع تقرر السبب وهو شهود الوقت فلا يلزمها السجدة أيضا بخلاف الجنب فإنه تلزمه الصلاة بسبب الوقت.
“Ҳайздаги аёл сажда оятини ўқигани ёки эшитгани сабабли сажда қилиши вожиб бўлмайди. Чунки сажда – намознинг бир рукни (фарзи). Ҳайздаги аёлга гарчи намознинг сабаби – вақти кирсада намоз ўқиши лозим бўлмайди. Шу каби саждаи тиловат қилиши ҳам лозим эмас, лекин жунуб шахсга вожиб бўлади. Чунки жунуб киши намоз вақти бўлганда (ғусл қилиб) намоз ўқиши лозимдир” (“Ал-Мабсут”). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
#xabar #haj2025
Шу йил 12 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев бошчиликларидаги ҳожиларимизнинг дастлабки гуруҳлари эсон-омон она диёримизга етиб келдилар.
Нурли юзи, қувноқ кўзида Ватан соғинчи намоён бўлган ҳожилар жамоасини таниқли уламолар, имом-домлалар, мутасаддилар ва ОАВ вакиллари Тошкент халқаро аэропортида эҳтиром ила кутиб олишди.
Ҳожиларимиз муборак заминда Ҳақ таолонинг фарзи – Ҳаж амалини чиройли адо этиб, соғу саломат ўз юртига етиб келганлари ва яқинлари дийдорига етишганлари учун шукроналар айтиш баробарида эл-юрт ҳаққига хайрли дуолар қилишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати