Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Мусо розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Одамлар: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломдаги қайси амал энг афзал?” деб сўрадилар. Шунда у зот: “Кишининг тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлишлари”, деб жавоб бердилар” (Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий, Доримий ва Табароний ривояти).
Ушбу ривоятда хоҳ тил билан, хоҳ қўл ёки бошқа аъзолар билан бўлсин, одамларга, хусусан мўмин-мусулмонларга зулм қилиш ва азият етказишдан қайтарилмоқда. Зеро, Ислом тинчлик, тотувлик ва яхшилик динидир.
Бу ерда мусулмоннинг имони мукаммал бўлишида муҳим аҳамиятга эга бўлган фазилат ҳақида сўз бормоқда. Тили ва қўли билан одамларга озор берадиган кимсалар имондан ажрамасаларда, уларнинг имонлари комил ҳисобланмайди. Аслида мукаммал имон шартлари кўп. Аммо тили ва қўли билан ўзгаларга зарар етказишдан эҳтиёт бўлиш бу шартларнинг энг аввалида туради.
Шаҳодат калимаси, беш вақт намоз, закот, рўза ва ҳаж ибодатлари динимиз Исломнинг энг асосий устунлари ҳисобланади. Ким ушбу фарз амалларни бекаму-кўст адо қилса, бундай банда мусулмон ҳисобланади. Аммо мазкур фарз амалларни бажариш билан бир қаторда мусулмонларга яхши муомала қилиш ҳам талаб этилади. Ким беш фарзни адо этса ва мусулмонларга бошқалардан чиройли муносабатда бўлса, у динда афзал саналади. Зеро, ҳам Аллоҳ, ҳам бандалар ҳаққини адо қилиш билан банда ўз масъулиятини тўлиқ адо этган бўлади.
Муҳтарам ўқувчиларимиз эътибор берган бўлсалар, мазкур ҳадисда одамларга азият етказувчи восита сифатида аввал тил, кейин қўл зикр қилинмоқда. Чунки одамлар орасида қўл билан зарар етказишдан кўра тил билан озор бериш кўп кузатилади. Тил билан ўзгаларга зиён келтириш осонроқ ва айни пайтда зарари кўпроқ ҳисобланади. Зеро, моддий зарар тузалиб, ўрни битиб кетиши мумкин. Аммо тил билан келтирилган маънавий зарар банда қалбида узоқ вақт сақланади. Иккинчидан, тилни тия билмасдик қўлнинг ҳаракатга келишига сабаб бўлади. Масалан, қўл билан етадиган зарарлар: туртиш, уриш ва шунга ўхшаш номаъқул ҳаракатлар аксар ҳолларда тилга эрк бериш, гап талашиш ва жанжаллашиш натижасида келиб чиқади. Шунинг учун ҳам ҳар бир инсон ўз тилига эҳтиёт бўлиши, уни ҳар хил сўзлардан тийиб туриши лозим. Агар тил тўғри бўлса, қўл ҳам зулмдан йироқ бўлади. Агар тил тийилмаса, унга қўшилиб қўл ҳам зиён етказишни бошлайди.
Демак, ҳадисда аввал тил, кейин қўл зикр қилинишига асосий сабаб иккита. Булар:
1. Тил қўлдан кўра кўпроқ зарар етказади;
2. Тил тийилмаслиги қўл билан зулм қилинишига олиб боради.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Мусулмонлар тили ва қўлидан саломат бўлган киши (ҳақиқий) мусулмон, Аллоҳ қайтарган нарсалардан четлашган банда эса (ҳақиқий) муҳожирдир” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий, Аҳмад ва Табароний ривояти).
Тилида Аллоҳга ишондим, дейиш билан банда мусулмон саналади. Аммо унинг мусулмонлиги ҳақиқий ва соф бўлиши учун бандада баъзи сифатлар бўлиши керак. Қуйидаги ривоятда бу нарса янада таъкидлаб айтилган.
Жобир розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Мусулмонлар тили ва қўлидан саломат бўладиган киши мўминлар ичида энг имони комилидир” (Ҳоким ривояти).
Банданинг имони комил бўлиши учун аввало унинг хулқи чиройли бўлиши керак. Чиройли хулқнинг асоси бу тилни беҳуда ва зарарли сўзлардан, қўлни бировларга зулм қилишдан тийишдир.
Баъзилар қўли билан ҳеч кимга зарар етказмай, ташқи тарафдан беозор, ювош бўлиб кўринсалар-да, аммо улар мусулмонларга кўп азият етказади. Кўпинча уларнинг ўзлари буни билмайдилар ёки тан олишни хоҳламайдилар.Тилни ғийбат ва бўҳтон сўзлардан тиймай, кўпчиликка озор етказиш гуноҳи кабиралардан экани ҳаммамизга маълум. Мана шу кичик тил инсон бошига катта-катта кулфатларни солади. Мана шу тилни тия билмаслик оқибатида банда қиёмат куни жаҳаннамга юзтубан ҳолда судраб олиб борилади. Айни пайтда мана шу тил воситасида банда Аллоҳни эслайди, тили билан одамларни яхшиликка чақиради, ёмонликдан қайтаради. Демак, ҳар бир нарсани эзгулик йўлида ишлатиш ўзимизга боғлиқ. Шундай экан, биз тилни фақат яхшилик йўлида ишлатсак, бефойда сўзлардан тия билсак, нажот топувчи бандалардан бўламиз!
Одилхон қори Юнусхон ўғли
Муҳтарам ватандошлар!
Сиз, азизларни, барча мўмин-мусулмон юртдошларимизни, бутун халқимизни улуғ ва мўътабар айём – Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдиришдан ғоят мамнунман.
Жамики ислом уммати учун қадрли бўлган ушбу шукуҳли байрам – Ийд ал-Адҳони эл-юртимиз билан биргаликда тинч ва осойишта муҳитда кутиб олаётганимиз учун, аввало, меҳрибон ва қудратли Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар айтамиз.
Ҳеч шубҳасиз, кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда ижтимоий, халқчил давлат барпо этиш, унинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш ва таъсирчанлигини оширишда муқаддас ислом дини, унинг асосий байрамларидан бири бўлган Қурбон ҳайити ҳам муҳим роль ўйнамоқда.
Айниқса, бу байрамнинг инсонпарварлик, аҳиллик, саховат ва олижаноблик каби фазилатлари юртимизда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, кексалар, ёшлар ва хотин-қизлар ҳақида алоҳида ғамхўрлик кўрсатиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган дастурларимиз самарасини оширишга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
Азиз дўстлар!
Бугунги кунда мамлакатимизда турли миллатлар ва диний конфессиялар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, виждон эркинлигини таъминлаш, диний-маърифий меросимизни асраб-авайлаш, ёш авлодни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Бу ҳақда сўз юритганда, ислом динининг эзгу тамойилларини чуқур ўрганиш, буюк тарихимиз ва маданиятимиз дурдоналарини, машҳур алломаларимизнинг бой меросини тўплаш ва кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим. Жумладан, кўҳна Шарқ мўъжизаси – Самарқанд шаҳри 2025 йилда ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинди, улуғ ватандошимиз Имом Мотуридийнинг 1155 йиллик таваллуд санаси юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари қаторига, шу йил Бухоро шаҳрида ўз фаолиятини бошлайдиган Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ҳам қўшилди.
Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази илмий-маънавий йўналишдаги улкан ва ноёб лойиҳа сифатида эл-юртимиз ва халқаро жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу муаззам маскан кўп минг йиллик қадимий тарихимиз, бой ва бетакрор миллий маданиятимизнинг ёрқин тимсоли сифатида Янги Ўзбекистон ҳаётидаги ғоят муҳим воқеага айланади, деб ишонаман.
Ҳурматли юртдошлар!
Шу саодатли кунларда 15 минг нафар ватандошимиз муқаддас ҳаж зиёратини адо этмоқда. Эзгу дуо ва ниятлар ижобат бўладиган мана шундай мунаввар лаҳзаларда уларни ҳам Қурбон ҳайити билан самимий қутлаб, Яратгандан юртимизга соғ-омон қайтиб келишларини сўраймиз.
Умид қиламизки, муҳтарам ҳожиларимиз жамиятимизда бирдамлик, оила ва маҳаллаларимизда меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларимиз тарбиясини кучайтириш, уларни илм-маърифатга, замонавий касб-ҳунарларни эгаллашга, Ватан ҳимоячиси бўлишга тарғиб этиш, муҳтож инсонларга кўмак беришда алоҳида ибрат ва намуна кўрсатадилар.
Қалбларимиз қувончга тўлган ушбу файзли кунларда хорижий давлатларда бўлиб турган ватандошларимизни ҳам бугунги улуғ айём билан чин дилдан қутлаб, уларга соғлик-омонлик, бахт ва омад тилаймиз.
Жаҳоннинг узоқ-яқин ўлкаларидаги мусулмон умматини ҳам қизғин табриклаб, уларнинг халқлари ва мамлакатларига тинчлик, равнақ ва фаровонлик тилаб қоламиз.
Азиз ва муҳтарам ватандошлар!
Ҳозирги кунда дунё нақадар мураккаб ва таҳликали бўлиб бораётганини барчамиз кўриб турибмиз. Бундай кескин шароитда юртимизда тинчлик, ўзаро ҳурмат ва тотувлик муҳитини сақлаб, барча соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилиб кўзлаган юксак мақсадларимизга ета оламиз.
Албатта, ўз тарихида не-не синов ва машаққатлардан муносиб ўтган мард ва олижаноб халқимиз бунга ҳар томонлама қодир.
Бу йўлда эл-юртимизга мансуб меҳр-оқибат, ўзаро бирлик ва жипслик биз учун беқиёс куч-қудрат манбаи бўлиб хизмат қилади, деб ишонаман.
Сиз, азизларни муқаддас Қурбон ҳайити билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, барчангизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Қутлуғ айём барчамизга муборак бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти