Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Август, 2026   |   6 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:09
Қуёш
05:36
Пешин
12:27
Аср
17:16
Шом
19:21
Хуфтон
20:43
Bismillah
19 Август, 2026, 6 Рабиъул аввал, 1448
Мақолалар

Нега замонавий, янги фиқҳга ўтмаймиз?

10.12.2024   6744   4 min.
Нега замонавий, янги фиқҳга ўтмаймиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир биродаримиз савол берибдилар: «Фиқҳий мазҳабларни ўрганишнинг нима кераги бор? Ўн тўрт асрдан бери шу аҳвол. Нега замонавий, янги фиқҳга ўта қолмаймиз?»

Бу саволнинг жавоби жуда узун. Саволларга жавоб беришни ваъда қилганим учун, қисқа бўлса-да, жавоб бераман. Аввало, умуман, фиқҳий мазҳаблар нима эканини билишимиз керак.

Аввало буюк мазҳабимиз – ҳанафий мазҳаби ҳақида гаплашсак.

Қуйида бу ҳақда батафсил маълумотлар келтирилади, ҳанафий мазҳабининг қоидалар мажмуаси тушунтирилади. Бу қоидалар Қуръон ва Суннатдан олинган. Ҳозир эса тафсилотсиз, умумий айтиб ўтамиз.

Ҳанафий мазҳаби Қуръон ва Суннатдан олинган қоидалар мажмуасидир. Бошқача қилиб айтганда, ҳанафий мазҳаби Қуръон ва Суннатдаги қоидаларга асосан чиқариб олиш мумкин бўлган ҳукмларнинг хулосасидир. Бу қоидаларни саҳобалар, тобеъинлар ва мужтаҳид имомлардан иборат умматнинг энг катта уламолари ишлаб чиқишган, Қуръон ва Суннатни ўрганиб, ушбу қоидалар мажмуасига асос солишган. Уларнинг манҳажини кейинроқ баён қиламиз.

Демак, ҳанафий мазҳаби ибодат, муомалот ва бошқа барча соҳаларда Қуръон ва Суннатдаги қоидаларнинг хулосаси экан. Буни қандай тушуниш керак? Масалан, бугунги кунда автомашина, самолёт ва поезддан фойдаланишнинг ҳукмини, акция муомалалари ва бошқа масалаларнинг ҳукмини мана шу қоидаларга солиб ўрганамиз. Лекин Қуръон ва Суннатда айнан машина ёки самолётнинг, акциядорликнинг ҳукми йўқ-ку? Унинг ҳукмини қаердан оламиз? Уларни Қуръон ва Суннат асосида ишлаб чиқилган қоида асосида оламиз. Бизга керакли масаланинг ҳукми ана шу қоидадан келиб чиқади. Бунинг тафсилотини кейинчалик ўрганамиз.

Хуллас, ҳанафий мазҳаби мана шу машаққатли вазифани бажарди. Сизу биз ўтириб, ўша қоидаларни ишлаб чиқишимизга, бугунги кундаги масалалар бўйича ҳукм излашимизга эҳтиёж қолмади, бунинг ўрнига мана шу мазҳаб «Марҳамат» деб, бу қоидаларни тақдим қилди. Аввалги авлодлар ўз давридаги масалаларни бу қоидаларга қандай солган бўлса, биз ҳам ейиш-ичишдан тортиб барча масалаларни шу қоидаларга солишимиз мумкин бўлди.

Баъзи одамларда «Фиқҳдаги масалалар асосан ўша пайтдаги, тарихдаги масалалар-ку, бугун уларнинг кераги йўқ-ку», деган хато фикр бор. Фиқҳ Қуръон ва Суннатдан олинган қоидалардан иборат. Бугунги масалага ечим топмоқчи бўлсак ҳам, барибир ана шу қоидаларга мурожаат қилишимиз керак бўлади. Ҳаётимизда дуч келадиган ҳар қандай масаланинг ҳукмини мана шу қоидалар ёрдамида билиб олишимиз мумкин.

Бир мисол келтирайлик. Масалан, ҳанафий мазҳабида «Бадандан чиққан ҳар қандай нажосат таҳоратни бузади», деган қоида бор. Буни ҳаммамиз биламиз. Таҳоратни бузадиган нарсаларга оид қоидалар ҳам Қуръон ва Суннатдан олинган. Лекин шифохонага бориб, донор сифатида ёки таҳлил учун қон топширсам-чи? Бунда ҳам таҳорат бузиладими? Бу нарсалар тарихда бўлмаган, лекин ҳозир бор. Мана шу масаланинг ҳукми қандай бўлади? Буни ҳам Қуръон оятларидан, ҳадислардан қидираманми? Албатта, йўқ! Илм ўрганган бўлсангиз, «Танадан чиққан қон таҳоратни бузади», деган қоидани биласиз. Қон – бу нажосат, у бадандан чиқди. Донорликданми, таҳлил учунми, фарқи йўқ. Мана, масаланинг ҳукми. Бир сониядаёқ билиб олдим. Агар «Танадан чиққан қон таҳоратни бузади» деган мана шу қоида бўлмаса, Қуръон ва Суннатдан ярим йил қидирсам ҳам, топа олмас эдим.

Бу каби илгари бўлмаган, лекин ҳозир пайдо бўлган масалалар жуда кўп. Хўш, уларнинг жавобини, ҳукмини қандай қилиб топамиз? Саҳобалар, тобеъинлар, мужтаҳид имомлар асрлар давомида ишлаб чиққан қоидаларни янгитдан ишлаб чиқамизми? Шундай қилишга ҳаққимиз борми ўзи? Йўқ, биз бундай қила олмаймиз. Бунинг учун бизда ўзимиз ишлаб чиққан усулул-фиқҳ қоидалари бўлиши керак. Шунинг учун бугунги кунда пайдо бўлаётган барча масалаларни мазҳабларнинг қоидалари орқали билиб оламиз. Бу мавзуда жуда узоқ гапириш мумкин. лекин ҳозир шу билан кифояланиб, ўрни келганда яна кенгроқ тўхталамиз.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Network News Pakistan”: 2025 йилда Ўзбекистон Марказий Осиё аҳолиси учун энг оммабоп саёҳат йўналиши бўлди

13.08.2026   43200   2 min.
“Network News Pakistan”: 2025 йилда Ўзбекистон Марказий Осиё аҳолиси учун энг оммабоп саёҳат йўналиши бўлди

Покистоннинг “Network News Pakistan” электрон нашри “Ўзбекистон туризми ўсиш бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллади” сарлавҳали ахборот мақолани эълон қилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА.

 Унда Бутунжаҳон саёҳат ва туризм кенгашининг (World Travel & Tourism Council – WTTC) “Саёҳат ва туризмнинг 2026 йилга қадар иқтисодий таъсирини ўрганиш” ҳисоботига кўра, 2025 йилда Марказий Осиё дунёнинг энг тез ривожланаётган сайёҳлик минтақасига айлангани таъкидланган.

“WTTC ўз тадқиқотларини дунёни 13 та йирик минтақага бўлган ҳолда олиб боради. 2025 йил якунларига кўра, Марказий Осиё туризм соҳасини ривожлантиришнинг бир нечта асосий кўрсаткичлари бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллади. Шу билан бирга, Ўзбекистон бу кўрсаткичларнинг барчаси бўйича Марказий Осиё мамлакатлари орасида етакчига айланди”, – дейилган манбада.

 Нашрда қайд этилишича, 2025 йилда туризмнинг Марказий Осиё ялпи ички маҳсулотига қўшган умумий ҳиссаси 17,7 фоизга, соҳанинг бевосита ҳиссаси эса 19,6 фоизга ошган. Минтақада туристик хизматлар экспорти (visitor exports) йил давомида 26,4 фоизга ўсиб, 9,9 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

Минтақадаги туристик хизматлар экспорти умумий ҳажмининг деярли ярми Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Жумладан, 2025 йилда Ўзбекистонга 4,8 миллиард АҚШ доллари миқдорида туристик хизматларни экспорт қилган. WTTC маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон Марказий Осиё аҳолиси учун энг оммабоп саёҳат йўналиши бўлди.

 “Умуман олганда, бу кўрсаткичлар туризмнинг минтақавий характерга эга эканини англатади. Марказий Осиё аҳолиси кўпинча ўз минтақаси ичида саёҳат қилади”, – дейилади мақолада.

“Network News Pakistan” WТТC прогнозига таяниб ёзишича, 2036 йилга бориб туризм соҳасининг Марказий Осиё иқтисодиётига қўшадиган умумий ҳиссаси 29,7 миллиард АҚШ долларига етади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари