Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Халқимизнинг гўзал ташбеҳлари, иборалари бисёр. Шулардан бири «Ўзи йўқнинг кўзи йўқми?» жумласи бўлиб, бу ибора бировнинг ортидан ёмон иш қилганларга дакки беришда айтилади. Яъни «бир кимса ёнингда бўлмаса, у кўрмаяпти, деб билганингни қилаверасанми», деганидир. Бу иборани телефонда хабар алмашадиган айримларга ҳам қўлласак ҳам бўлар экан деб ўйлаб қолдим.
Баъзан бир киши билан ёзишиб турсам, у хабаримга жавоб бермасдан тармоқдан чиқиб кетади. Суҳбатдошим мени бу борада огоҳлантирмагани учун ҳамда ўзаро фикр алмашишимиз якунланмагани учун хаёлим бўлиниб қолади. Орадан бирор соат ўтиб ҳалиги кишидан кутган хабаримга жавоб келади. Унга «Нега чиқиб кетдингиз, сизга савол бериб турган эдим?» десам, «Ёнимда одам бор эди, узр», дейди. Ёнидаги одамнинг ҳурмати бор-у, ёнида бўлмаганники йўқми?! Узрини олдинроқ сўраб қўйса бўлар эди-ку!
Шундай вазиятда ёнингиздаги кишига «Узр, бир дақиқага рухсат берсангиз» деб, кейин мессенжер орқали сизга ёзиб турган кишига: «Узр, ёнимда одам бор эди, кейинроқ жавоб бераман», деб хабар юборсангиз олам гулистон бўлади! Иккала томон ҳам ҳаққини ҳалол қилганингиз учун сиздан мамнун!
Баъзилар ёнидаги кишининг риоясини қилмай, унинг гапига бош ирғаб, бошқа билан ёзишиб тураверади. Кўпчилик эса «вақтим бўлганда жавоб бераман» деган ўйда ёнида бўлмаган кишининг риоясини қилмайди. Бу эса одобсизликдандир.
Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқ орқали хабарлашиш кундалик одатларимизга айланиб бўлган. Жуда кўп ишларимизни шунда битирамиз, яқинларимиздан ижтимоий тармоқ орқали ҳол сўраймиз. Шундай экан, кичик кўринган бу одобга ҳам риоя қилишимиз керак. Ўзи йўқнинг кўзи йўқ деб билманг.
Ғиёсиддин Юсуф
«Ҳилол» журнали 4(61) сон
Юртимизда ҳайит байрамлари қадимдан ўзгача шукуҳ, халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат ифодаси бўлиб келган. Айниқса, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Рамазон ва Қурбон ҳайитини кенг миқёсда нишонланиши ва дам олиш куни деб эълон қилиниши муқаддас динимизга бўлган чуқур ҳурмат ва эътиборнинг натижасидир.
Қурбон ҳайити – мусулмонларнинг энг мўътабар байрамларидан бири ҳисобланиб, Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни нишонланади. Бу муборак кунларда Аллоҳ таолонинг кўплаб хайру баракаси ер юзидаги бандалари узра ёғилади. Қурбон ҳайити ҳаж ибодатлари тамом бўлганлиги муносабати билан ҳамда Аллоҳ йўлида қурбонлик қилиш палласи бўлган айёмдир. Қурбон ҳайити намози ўқилгач, имкони бор инсонлар қурбонлик қилишлари вожиб амаллардандир.
Қуръони Каримнинг “Кавсар” сурасида: “Бас, Роббингиз учун намоз ўқинг ва (туя) сўйиб, қурбонлик қилинг”- дейилади. (Кавсар сураси, 2-оят).
Қурбонлик ҳақида Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عَنْ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ قَالَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "اِنَّ اَوَّلَ مَا نَبْدَاُ بِهِ فىِ يَوْمِنَا هَذا اَنْ نُصَلِّىَ ثُمَّ نَرْجِعَ فَنَنْحَرَ فَمَنْ فَعَلَ فَقَدْ اَصَابَ سُنَّتَنَا وَمَنْ ذَبَحَ قَبْلَ الصَّلاَةِ فَاِنَّمَا هُوَ لَحْمٌ قَدَّمَهُ لِاَهْلِهِ لَيْسَ مِنَ النُّسُكِ فىِ شَيْءٍ" (رواه الإمام البخاري).
яъни: “Дарҳақиқат, бугунги кунда ишимизни аввал ийдул азҳо (қурбон ҳайити) намозини ўқиш, сўнгра (уйларимизга) қайтиб, қурбонлик билан бошлашимиз керак. Кимки, шуларни бажарса, у суннатимизга мувофиқ иш қилибди. Кимдаким, ҳайит намозидан олдин сўйса, у қурбонлик эмас, балки ўз аҳли учун тақдим қилган гўштдир” (Имом Бухорий ривояти).
Айтиш жоизки, ҳанафий мазҳаби бўйича қурбонлик қилиш – вожибдир. Қурбонлик қилиш ҳур, балоғат ёшига етган, оқил, муқим, яъни сафарда бўлмаган ва гарчи бир йил айланмаган закот нисобига эга бўлган мусулмон шахсга вожиб бўлади. Қурбонликни Зулҳижжа ойининг ўн, ўн бир ва ўн иккинчи куннинг (яъни, ҳайитнинг биринчи, иккинчи ва учинчи куннинг) Шом намози вақти киргунигача амалга оширилади.
Шунингдек, Қурбон ҳайити куни мусулмонлар бир-бирларини қутлаб, сўйилган қурбонликларини ўзаро баҳам кўрадилар, бу эса албатта, меҳр-мурувват ва саховат ҳисларини яна-да орттиради.
Қуръони каримда бу ҳақда: “Яхши кўрган нарсаларингиздан эҳсон қилиб бермагунингизгача, сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ҳар қандай нарсани инфоқ қилсангиз, албатта Аллоҳ уни билур”, дейилган (Оли Имрон сураси, 92-оят).
Инсонларнинг ўзаро меҳр-мурувватли ва саховатли бўлишлари ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “То мўмин бўлмагунингизгача жаннатга киролмайсизлар, то бир-бирларингизга меҳр-мурувватли бўлмагунингизгача комил мўмин бўла олмайсизлар”. (Имом Муслим ривояти)
Мазкур оят ва ҳадислар барчамизни ўзаро меҳр-мурувватли бўлишга чақиради. Аввало меҳрибон ота-оналаримиз ҳамда ёши улуғ яқинларимизни Ҳайит айёми билан табриклаб дуоларини олиб, сўнгра фарзандларимизни ҳам кўнгилларини шод қилишимиз фазилатлидир.
Қурбон ҳайити кунларида биз эътибор берадиган яна бир жиҳат – меҳрга ташна инсонларга байрам шодлигини ва яхши кайфият улашишдир. Бу борада юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилади, байрам арафасида кам таъминланган ва кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинади.
Минг афсуслар бўлсинки, “гуруч курмаксиз бўлмаганидек” ҳайит кунлари бир қатор бидъатлар кўзга кўринади, хусусан, яқинлари вафот этган хондонларда дастурхон тузалиб “янги ҳайит” маросимини ўтказиш, никоҳ тўйлари бўлиб ўтган хонадонларда “ҳайит йўқлови” каби исрофгарлик амалларини ҳалигача давом эттираётган айрим инсонлар топилади. Уларга ҳайит кунларини қандай ўтказиш борасида тушунтиришлар олиб бориш бизнинг зиммамиздаги вазифалардан биридир.
Қурбон ҳайити - улуғ байрамдир. Бу кунларда яна ҳам меҳрибон ва мурувватли бўлиб, етимлар бошини силаб, ёши улуғлар, касалманду муҳтожлардан хабар олинади, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирамиз. Бу кунда гина-кудратларни унутиб, кечиримли бўлишимиз мақсадга мувофиқдир.
Бу йил ҳам Қурбон ҳайити байрами муносабати билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида алоҳида тайёргарлик ишлари амалга оширилди. Масжидлар, диний марказ ва хонадонларда махсус тадбирлар ўтказилди. Ҳар йили бўлгани каби, бу йил ҳам юртимизда катта шодлик ва фараҳ билан кутиб олинадиган ушбу кун, халқимизнинг бирлиги, меҳр-оқибати ва бағрикенглигининг яна бир бор ёрқин ифодаси бўлди.
Аллоҳ таолодан сўраймизки, Қурбон ҳайити юртимизда тинчлик ва фаровонликда хайру баракали ўтсин!
Абдуқаҳҳор домла Юнусов,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби