Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Оила қуришда фақат куёв тараф келин танлаш ҳуқуқига эга эмас, балки келин ҳам куёв танлаш ҳуқуқига эгадир. Чунки юқорида айтиб ўтганимиздек, оила, аввало, кўнгилга боғлиқ маънавий ва руҳий алоқадир. Бундай алоқада икки томон бирдек иштирок этмаса, яхшиликка эришиб бўлмайди. Оилага эр қанчалик зарур бўлса, аёл ҳам шунчалик зарурдир. Оилавий алоқалар эрнинг кўнглига қанчалик боғлиқ бўлса, аёлнинг кўнглига ҳам шунчалик боғлиқ бўлади.
Аслида, куёв танлашда яна ҳам эътиборли ва масъулиятли бўлиш лозим. Бундай ўта нозик ва масъулиятли ишда зинҳор бепарво бўлмаслик керак.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: «Никоҳ қулчиликдир. Сиздан ҳар бирингиз ўз кариймасини қаерга қўяётганига назар солсин», – деганлар.
Имом Fаззолий «Иҳёу улумид-дийн» китобида:
«Аёлнинг ҳаққида эҳтиёт бўлмоқ муҳимроқдир. Чунки у никоҳ ила қулга ўхшаб қолади. Ундан халос бўлиши қийин. Эр эса, ҳар ҳолда, талоқ қилишга қодир», – деганлар.
Ибн Жавзий айтади: «Аёллар эркакларнинг туғишганларидир. Эркакка аёл ёққани каби, аёлга ҳам эркак ёқади».
Шунинг учун ҳам Ислом шариатида муносиб келиннинг сифатларига қанчалик эътибор берилса, муносиб куёвнинг сифатларига ҳам шунчалик эътибор берилган.
Албатта, доим таъкидланаётганидек, бу танловда ўлчов динимиз қоидалари асосида бўлиши лозим. Одамлар қадр-қийматининг ўлчови Қуръони каримда қандай эканига назар солмоқ керак.
Аллоҳ таоло «Ҳужурот» сурасида шундай деб марҳамат қилади: «Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир» (13-оят).
Исломда инсоний сифатларнинг энг афзали тақводорликдир. Аллоҳ таолонинг ҳузурида энг ҳурматли, энг азиз, энг мукаррам инсон тақводор инсондир. Шунинг учун ҳам куёв танлаш вақтида энг биринчи ўринда унинг тақвосига эътибор бериш керак бўлади.
عَنْ سَهْلٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: مَرَّ رَجُلٌ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: مَا تَقُولُونَ فِي هَذَا؟ قَالُوا: حَرِيٌّ إِنْ خَطَبَ أَنْ يُنْكَحَ، وَإِنْ شَفَعَ أَنْ يُشَفَّعَ، وَإِنْ قَالَ أَنْ يُسْتَمَعَ، ثُمَّ سَكَتَ فَمَرَّ رَجُلٌ مِنْ فُقَرَاءِ الْمُسْلِمِينَ فَقَالَ: مَا تَقُولُونَ فِي هَذَا؟ قَالُوا: حَرِيٌّ إِنْ خَطَبَ أَنْ لَا يُنْكَحَ، وَإِنْ شَفَعَ أَنْ لَا يُشَفَّعَ، وَإِنْ قَالَ أَنْ لَا يُسْتَمَعَ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: هَذَا خَيْرٌ مِنْ مِلْءِ الْأَرْضِ مِثْلَ هَذَا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.
Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан ўтди. Бас, у зот алайҳиссалом: «Мана бу ҳақида нима дейсизлар?» – дедилар.
«Агар совчи қўйса, қиз беришга, шафоатчилик сўраса, шафоат беришга ва сўзласа, тинглашга арзийдиган одам», – дейишди. У зот жим қолдилар.
Кейин фақир мусулмонлардан бир киши ўтди. У зот алайҳиссалом:
«Мана бу ҳақида нима дейсизлар?» – дедилар.
«Агар совчи қўйса, қиз бермасликка, шафоатчилик сўраса, шафоат бермасликка ва гапирса, тингламасликка арзийди», – дейишди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу ҳалигига ўхшаганларнинг ер юзи тўласидан ҳам яхшироқдир», – дедилар (Имом Бухорий ривоят қилган).
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан биринчи ўтган киши фақат бойлиги билан танилган одам эди. Иккинчи бўлиб ўтган киши Жуҳайл ибн Суроқа розияллоҳу анҳу бўлиб, у киши камбағаллиги ва тақвоси билан машҳур киши эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган кишилар у зотнинг мазкур икки киши ҳақидаги саволларига бойлик асосида жавоб бердилар.
Ҳа, одамларнинг қадр-қийматини ўлчаш уларнинг ўзларига қўйиб қўйилса, қадр-қийматни айнан молу мулкка қараб ўлчашлари турган гап. Чунки инсон табиати ўз ҳолича қўйилса, илоҳий таълимотларсиз мазкур ҳолга тушиб қолиши ҳам муқаррар.
Шунинг учун ҳам инсон қадр-қийматини ўлчашни шариат ўз зиммасига олган. Шариат ўлчови бўйича, инсон қадр-қиймати унинг молу пулига, мансабу насабига қараб эмас, тақвоси ва аҳли солиҳлигига қараб ўлчанади.
Бир дона тақводор, аҳли солиҳ камбағал, Ислом дини назарида, ер юзи тўла бой-бадавлат фосиқлардан кўра афзалдир.
Исломда инсоннинг қадри молу мулкига қараб эмас, молу мулкнинг қадри унга молик бўлган инсонга қараб белгиланади. Агар мол-мулк тақводор киши қўлида бўлса, яхши мол-мулк бўлади. Аммо у фосиқ ва фожир киши қўлида бўлса, ёмон мол-мулк бўлади.
Тақводор, аҳли солиҳ одам молу дунёси бўлса ҳам, бўлмаса ҳам яхшидир. Фосиқ ва фожир одам эса ҳар икки ҳолда ҳам ёмондир.
Шунинг учун одам танлашнинг энг нозик ва ҳассос нуқтаси – куёв танлаш масаласида ҳам бўлғуси куёвнинг диндорлигига, тақвосига ва аҳли солиҳ эканига аҳамият бериш лозим.
عَنْ أَبِي حَاتِمٍ الْمُزَنِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا جَاءَكُمْ مَنْ تَرْضَوْنَ دِينَهُ وَخُلُقَهُ فَأَنْكِحُوهُ، إِلَّا تَفْعَلُوا تَكُنْ فِتْنَةٌ فِي الْأَرْضِ وَفَسَادٌ، قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، وَإِنْ كَانَ فِيهِ؟ قَالَ: إِذَا جَاءَكُمْ مَنْ تَرْضَوْنَ دِينَهُ وَخُلُقَهُ فَأَنْكِحُوهُ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَحَسَّنَهُ.
Абу Ҳотим ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон сизга ўзингиз динидан ва хулқидан рози бўлган киши келса, унга (сўраганини) никоҳлаб беринг. Агар шундай қилмасангиз, ер юзида фитна ва фасод бўлур», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, агар унда (фақирлик ва ҳоказо) бўлса ҳам-а?» дейишди.
У зот «Қачон сизга ўзингиз динидан ва хулқидан рози бўлган киши келса, унга (сўраганини) никоҳлаб беринг», деб уч марта айтдилар» (Термизий ривоят қилган ва ҳасан, деган).
Бу ҳадиси шарифдан дини ва хулқи яхши бўлган йигит энг муносиб куёв бўлиши қаттиқ таъкидланганлиги келиб чиқмоқда. Дини ва хулқи рози бўлинадиган даражадаги киши томонидан совчи келганида қизни келинликка берилмаса, ер юзида фитна ва фасод иш қилинган бўлиши уқтирилмоқда.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу гапни эшитиб, агар у одам камбағал ёки бошқа рағбат қилинмайдиган сифатларга эга бўлса ҳам-а, деган маънодаги саволни берганларида у зотнинг олдинги гапларини уч марта қайта такрорлашлари кишидаги диндорлик ва яхши хулқ нақадар улуғ сифатлар эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Биз, мўмин‑мусулмонлар куёв танлаш пайтида ушбу набавий маслаҳатларга амал қилсак, албатта тўғри йўл тутган бўламиз.
Муносиб куёв танлаш борасидаги барча далил ва ҳужжатларни жамлаб, тартибга солиб, таҳлил қилган уламоларимиз асосан қуйидаги сифатларга эътибор бериш лозимлигини таъкидлайдилар:
1. Диндорлик.
2. Тақводорлик.
3. Ҳусни хулқ.
4. Оила масъулиятини адо этиш қобилияти.
5. Келиннинг тенги бўлиши. Бунда ёши, ижтимоий ҳолати ва шунга ўхшаш нарсалар кўзда тутилган.
«Бахтиёр оила» китобидан
Илм йўлида юрганларга ёрдам – Қуръон ва суннат нурида
Илм – бу инсоният тараққиётининг асоси бўлиб, динимиз эса бу ҳақиқатни ҳар жиҳатдан юксак даражада таъкидлаб келади. Ислом дини илмни нафақат мақтайди, балки уни талаб қилишни ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга вожиб деб санайди. Айниқса, илм талаб қилаётган кишиларга ёрдам бериш, уларни қўллаб-қувватлаш, йўлларини очиш ва уларга енгиллик яратиш – бу фақат инсонийлик эмас, балки ибодатнинг ўзидир. Ушбу мақолада Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлар ва уламолар ҳикматлари асосида бу мавзу чуқурроқ таҳлил қилинади.
Қуръони каримда илм аҳлига эҳтиром
“Агар ҳар бир жамоатдан бир гуруҳ чиқиб, динни ўрганиб келса ва ўз қавмларини огоҳлантирса, эҳтимолки, улар (гуноҳлардан) сақланурлар эди” (Тавба сураси, 122-оят).
Бу оят илм талаб қилишнинг ижтимоий ва диний масъулият эканлигини очиқ-ойдин ифодалайди. Динни чуқур тушунадиган кишилар жамиятнинг маънавий устунидир. Уларнинг тайёргарлиги учун шароит яратиш – бу жамоанинг иймонига далолатдир. Ҳар бир мусулмон илм аҳлини рағбатлантириши, моддий-маънавий ёрдам бериши бу оят асосида шаръий масъулият бўлиб қолади.
“Айтинг: билганлар билан билмаганлар тенг бўлурми? Фақат ақл эгалари ибрат олурлар” (Зумар сураси, 9-оят).
Аллоҳ таоло илм эгаларининг даражасини улуғлаб, уларни билмаганлардан ажратмоқда. Бу оят, илм эгасини қадрлашни, унга хизмат қилишни ва унга ёрдам кўрсатишни Аллоҳнинг марҳаматига яқинлаштирадиган амаллардан бири деб англашга ундайди.
Ҳадиси шарифлар: Илм йўлида юрганларга жаннат йўли очилади
“Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннат сари йўлни осон қилади” (Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадис илм йўлида юрган кишини қўллаб-қувватлаган ҳар бир инсонни жаннат йўлининг шерикларидан бири бўлиши мумкинлигини билдиради. Илм олувчига сув олиб бериш, китоб олиб бериш, йўл харажатига ёрдам бериш, ҳатто унга дуолар қилиш ҳам бу йўлга хизмат қилишдир.
“Агар Аллоҳ бир кишига яхшиликни хоҳласа, уни динни тушунишга муваффақ қилади” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Бу ҳадисда Аллоҳнинг бир бандага берган энг катта неъматларидан бири – илмга рағбатдир. Шундай инсонларни қўллаб-қувватлаш, Аллоҳ иродасини бажараётгандай ажр олиб келади.
Талаба – Аллоҳнинг розилигини истаётган банда. Унга ёрдам – бу розилик сари қўл чўзишдир.
Уламолар ҳикматларида:
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: “Илм талаб қилувчига хизмат қилиш Аллоҳга ибодат қилишдир”.
Бу сўзлар илмга хизмат қилишнинг даражасини аниқ белгилайди. Бу фақат одамга эмас, балки Аллоҳга қилинаётган хизмат сифатида баҳоланади.
Ибн Қаййим Жавзийя раҳимаҳуллоҳ: “Илм эгаларини кўтариш, уларга йўл очиш – жамиятнинг юксалиши учун замин яратади”.
Илм аҳли ёрдам олмаса, жамият заифлашади. Уларнинг илм олишига, ривожланишига, хизмат қилишига ёрдам бериш жамиятнинг тараққиётига хизматдир.
Илм йўлида ҳаракат қилаётган кишилар – бу умматнинг келажак пойдеворидир. Уларга ёрдам бериш, уларга хизмат қилиш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш – Қуръон ва Суннат кўрсатмасидир. Ҳар биримиз бу йўлда ҳисса қўшсак, Аллоҳ ҳузурида ажру савоб оламиз ва охиратда илм билан дўстлашганлардан бўламиз, иншаАллоҳ.
Хулоса қилиб айтганда “Илм эгасига берганинг – Аллоҳга берганингдир!” бу сўзлар ҳар бир мусулмон қалбига ёзилиши керак.
Анвар ХУЖАХАНОВ,
Тошкент Ислом институти талабаси.