Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёл тўрт нарса учун никоҳланади: моли учун, насаби учун, жамоли учун ва дини учун. Сен диндорини танлагин, қўлинг тупроққа қорилгур”, дедилар (Имом Бухорий, имом Муслим ривояти).
Ҳар бир қизга уни гўзал, жозибадор ва маҳлиё деб мақташлари ёқади.
Аммо савол туғилади: гўзаллик нима?
Гўзаллик – бу упа, рўмолча, крем, лаб бўёғи ва кўз бўёғими?
Ёки сочнинг ранги, узунлиги, турмача шакли, белнинг айланаси, оёқларнинг чиройли шакли, юзнинг ўткир чизмаларими?
Гўзаллик – фақат кийим, сумка, туфли ёки кўзойнакми?
Аёллар шундай деб ўйлашади.
Аёллар доимо ўз ташқи кўриниши, ўлчамлари, кўз ва лаблар атрофига чизилган нақшлари ҳақида ўйлайди.
Улар гўзалликни юзда чизиш мумкин, деб ўйлашади. Турли пардозлар ва аксессуарлар орқали гўзаллик яратиш мумкин, деб ишонишади. Аммо улар унутмасинларки, бунинг ҳаммаси фақат сиртқи бўёқ.
Бу бўёқ бир ювинишда ёки терлаган пайтда ювилиб кетиши мумкин. Ҳатто бу сунъий гўзаллик эркакларни ҳайратга солиши мумкин, аммо у доимий бўлмайди.
Ҳатто аёлнинг тенгсиз жисмоний ўлчамлари ҳам туғруқдан кейин ўзгариши мумкин.
Ташқи гўзаллик доимо йўқ бўлиб кетади. У фақат битта “қопқон” ролини ўйнайди. Чирой аёлга эркакни ўзига жалб этиш учун берилган вақтинчалик ҳадиядир.
Шунинг учун, аёлнинг гўзаллиги ҳақида ҳукм чиқаришдан аввал унинг ички хусусиятлари, руҳий дунёсига назар солинг. Гўзаллик – бу одоб-ахлоқ, поклик ва меҳрибонлик.
Гўзаллик – бу меҳр-шафқат, муҳаббат, оналик туйғуларига бой қалб.
Инсонийликнинг юксак даражаси – ўз тилини, қўлини, қалбини ва ҳатто тасаввурларини пок сақлай олиш. Буларнинг ҳар бири гўзалликнинг алоҳида бир кўриниши.
Шунингдек, яхши хулқ-атвор, сабр-тоқат, кечиримлилик ва оддийлик – гўзалликнинг ажралмас қисмларидир. Нозик, сезгир руҳ, очиқ ва ростгўй табиат ҳам гўзалликнинг белгиларидир.
Энди тасаввур қилинг, ташқи жиҳатдан гўзал бўлган аёл ёмон хулқли, маккор, ёлғончи ва дунёвий қизиқишларга тўла бўлса, унинг юзининг гўзаллиги қандай аҳамиятга эга?
Қандай қийматга эга, агар жозибали лаблардан фақат заҳарли сўзлар чиқса? Ёки чиройли оёқлар қўпол ҳаракатлар учун ишлатилса? Ёки ясанган сочлар остида ақл бўлмаса?
Агар бир аёл ҳақиқий гўзалликка эга бўлса, уни фақат ташқи кўриниш билан эмас, балки унинг шахсияти, маънавияти ва руҳий олами билан баҳолаш керак.
Шунинг учун аёлга ҳукм чиқаришда фақат кўзлар билан қараманг, балки ақлингиз билан кузатинг. Чунки ташқи кўриниш қўпол хато қилиши ёки хаёлнинг қурбонига айлантириши мумкин.
Биринчи қарашдаги гўзал кўриниш чалғитувчи бўлиши мумкин. Бундай пайтда ҳислар тўлқини ва ҳаяжон ботқоғи остида кўриш қобилияти йўқолади. Шунда ҳатто маймунсимон юзлар фариштасимон бўлиб кўриниши мумкин.
Аёл – бу китоб. Уни аввало ақлингиз билан ўқинг, ташқи муқовасига қарамасдан, ичида нима ёзилганини тушуниб олинг.
Ҳиссиётлар ўрнига танқидий фикрлаш усули билан яқинлашинг. Акс ҳолда, гўзал кўриниш билан ниқобланган асл ҳақиқатни кеч англашингиз мумкин.
Аёллар бунга йўл қўймаслик учун ақл билан ҳаракат қиладилар ва сизни аввало ошиққа айлантириб, ақлингизни йўқотишингизга ҳаракат қиладилар.
Шундай қилиб, кўпгина эркаклар ҳақиқатни жуда кеч англайдилар. Ҳақиқатни англаганлар эса фалсафий йўналишга бурилиб, “гўзаллик” ҳақида ўйлай бошлайдилар ва гўзалликнинг ўзига ошиқ бўлиб кетадилар.
Аммо ҳатто бундай фалсафий инсон ҳам аёлнинг ақлли ҳаракатларидан четда қолмаслиги мумкин. Чунки аёллар ҳар доим ўзлари билан бирга “алоҳида қўшимча китоб” олиб юришади...
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Доктор Мустафа Маҳмуднинг “Шайтон ҳукм суради” асаридан
“Тузоққа тушиш” парчаси
Cавол: Эҳромдаги инсон хушбўй салфетка, совун ёки шампун ишлатиб қўйса, бирор жарима лозим бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Хушбўй салфетка, совун ёки шампун каби воситаларни эҳромдаги киши ишлатиши макруҳ амал саналади. Лекин ушбу воситаларни ишлатиш билан қўй сўйиш вожиб бўладими ёки садақами деган масалада замонамиз уламолари ва фатво уюшмалари турлича жавоб берганлар.
Ушбу масала юзасидан мазҳабимиз манбаларига таяниб айтамизки, хушбўй салфетка, совун ва шампун кабилар тозалик воситалари саналади ва ундан аксар ҳолда хушбўйланиш учун фойдаланилмайди. Бунга ўхшаш масалани қадимги фуқаҳоларимиз қуйидагича баён қилишган: “Эҳромдаги киши хушбўйлиги бор ушнон (кирни кеткизиш воситаси, ишқор) билан қўлини ювса, уни кўрганлар: “Бу ушнон”, десалар, садақа, агар “Бу хушбўйлик”, десалар, жонлиқ сўйиш вожиб бўлади” (“Муҳитул-Бурҳоний” китоби).
Демак, ишлатилаётган хушбўй нарсани кўпчилик одамлар нима деб қабул қилишига қараб ҳукми таъйин топади. Бугунги кунимизда хушбўй салфетка, совун ёки шампунни ҳеч ким асл хушбўйлик, деб ҳисобламайди.
Қолаверса, хушбўй салфетка, совун ва шампун каби воситалар айни хушбўйлик воситаси эмас, балки унга хушбўйлик қўшилган тозалик воситаларидир. Бундай воситаларда тозаловчи моддалар миқдори кўп, хушбўйлик миқдори оз бўлса, унга хушбўйлик ҳукми берилмайди.
Шу билан бирга совун саноатидан маълумки, уни 100 даража иссиқликда пиширилади. Фуқаҳоларимиз хушбўйлик аралашган нарсалар пиширилиши (қайнатилиши) натижасида, гарчи ундан хушбўй ҳид келиб турган бўлса ҳам, хушбўйлик ҳукмидан чиқишини айтганлар. Аллома Косоний раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар:
“Агар хушбўйлик таомга қўшиб пиширилса ва ўзгарса эҳромдаги киши уни истеъмол қилишининг зарари йўқ. Бунда унинг хушбўй ҳид бор ёки йўқлигининг фарқи йўқ. Чунки бу ҳолатда хушбўйлик пишириш (қайнатиш) натижасида таомда йўқолиб кетади. Агар пиширилмаган бўлса ва хушбўй ҳиди келиб турса, эҳромдаги киши уни истеъмол қилиши макруҳдир. Лекин унинг зиммасига бирор нарса вожиб бўлмайди. Чунки бунда таом ғолиб келган, хушбўйлик моддаси эса аралашиб, йўқолиб кетган бўлади” (“Бадоиус саноиъ” китоби).
Ушбу маълумотлардан хулоса қилиб айтганда салфетка, совун ёки шампун каби воситаларнинг хушбўй ҳиди бўлса, уни ишлатган эҳромдаги киши бир соъ (2 кг) буғдой ёки унинг қийматини садақа қилиш лозим бўлади. Аммо булар билан тўлиқ бир аъзо уч ва ундан кўп ўрин (макон)ларда ювилса, жонлиқ сўйиш лозимдир. Агар ушбу воситаларда ҳеч қандай хушбўй ҳид бўлмаса, жонлиқ ҳам, садақа ҳам лозим бўлмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази