Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Дин фақатгина намоз ўқишинг, рўза тутишинг, закот беришинг, ҳаж қилишинг, шаҳодат калимасини айтишинг холос ва шу билан иш тугайди деб ҳаёл қилма. Йўқ. Булар ибодатлардир. Фарз ибодатлардир. Диннинг шиори бўлган ибодатлардир.
Лекин муомалат ибодатлари соғлом бўлмас экан, буларнинг самарасини сезмайсан ва ибодатларни асл мақсади, ҳадафини англамайсан. Сени динга шаклий яқинлигинг олдинга ҳам сурмайди, ортга ҳам.
Уйингни тўрига Каъбанинг суратини қўйиб олишинг кифоя эмас.
Машинангга Мусҳафи шарифни қўйиб қўйишингни ўзи кифоя эмас.
Дўконингни деворига Қуръон оятлари ёзилган плакатни осиб қўйишни ўзи кифоя эмас.
Қўлингда тасбеҳ тутиб юришингни ўзи кифоя эмас.
Умра зиёратига ўттиз марталаб боришингни ўзи кифоя эмас!
Дин – бу истиқоматингдир.
Дин – бу шариатга мувофиқ муомалангдир.
Доктор Муҳаммад Ротиб Набулсий ҳафизаҳуллоҳ
Савол: Умрага борган киши, етти марта тавофни қилиб бўлгач, толиқиб қолиб, Сафо ва Марва орасида саъйни қилмай, меҳмонхонага кетиб қолса, нима қилиши лозим бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу одам меҳмонхонада бироз ором олгач, ҳарамга қайтиб, саъйни қилиши вожиб бўлади. Чунки Сафо ва Марва орасида етти марта саъй қилиш умранинг вожибларидан саналади. Шунинг учун умра қилаётган одам тавофдан кейин саъйни тугатмагунча эҳромдан чиқа олмайди. Агар саъйдан олдин сочини олдириб, эҳромдан чиққан бўлса, ўз вақтидан олдин эҳромдан чиққани учун, зиммасига бир жонлиқ сўйиш вожиб бўлади. Шу билан бирга саъйни қилиши ҳам лозим бўлади. Агар кекса ёки беморлиги туфайли ўзи юришга қийналса, аравада саъй қилса ҳам жоиз бўлаверади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.