Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Июн, 2025   |   8 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:08
Қуёш
04:51
Пешин
12:26
Аср
17:35
Шом
19:55
Хуфтон
21:31
Bismillah
04 Июн, 2025, 8 Зулҳижжа, 1446

Намоздан кейин ўқиладиган, қайғуларни аритадиган дуо

12.12.2024   8225   3 min.
Намоздан кейин ўқиладиган, қайғуларни аритадиган дуо

Бир қиз айтади: «Мен ёшлигимдан бувим билан бир хонада ётардим. Бувим ҳаётдан кўз юмгунларича, тахминан ўн йилча бирга яшадик. Шу ўн йил ичида бувимдан жуда кўп нарсаларни ўргандим. Лекин шу ўрганганларим ичида энг яхшиси – намоздан кейинги дуо эди. Бувим фарз намозни ўқиб бўлиб, жойнамоз устида анча ўтирардилар, мен эса бувимни кузатардим. Бувим намозни хотиржам, сокин якунлаб, узоқ дуо қилардилар. Бир куни ана шундай сокин ўтиришларини кўриб, савол бергим келди: «Буви, намоздан кейин нималар деб дуо қиласиз? Қандай қилиб намоздан бунчалик роҳатланасиз?».

Бувим кулиб қўйиб, намоздан кейин қайси дуоларни ўқишларини айтиб, менга ҳам ўргатдилар. Ҳар намоздан кейин бувим билан бирга ана шу дуоларни такрорлайдиган бўлдим. Дуоларни ёдлаб олган куним менга мукофот ҳам бердилар.

Бувим алоҳида эътибор билан ўқийдиган дуо мана шу эди:

«Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ, астағфируллоҳ. Аллоҳумма, антас-Салаам ва минкас-салаам, табаарокта йаа Зал-жалаали вал-икром! Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу, лаа шариика лаҳу, лаҳул-мулку ва лаҳул-ҳамд ва ҳува ъалаа кулли шай’ин қодийр. Аллоҳумма, лаа мааниъа ли маа аътойт, ва лаа муътия ли маа манаът ва лаа йанфаъу зал-жадди минкал-жадд».


(Аллоҳга истиғфор айтаман, Аллоҳга истиғфор айтаман, Аллоҳга истиғфор айтаман. Аллоҳим, Салом Ўзингсан, салом ҳам Ўзингдан. Табарруксан, эй улуғлик ва карам Соҳиби! Ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги ҳам йўқ. Мутлақ мулк Уникидир, ҳамд ҳам Унгадир, У ҳар нарсага қодирдир. Роббим, Сен берганни тўсувчи йўқ, Сен тўсганни берувчи йўқ. Қувват Сендадир, бошқанинг куч-қуввати фойда бермас).

Кўп йиллар давомида бу дуоларни бувим билан бирга ўқийвердим, бу дуолар ақлимнинг, шууримнинг бир бўлагига айланиб, ҳис-туйғуларимга қоришиб кетди.

Бувим менга шундай дер эдилар: «Жоним қизим, бу дуонинг ҳаловатини қара! «Роббим, Сен берганни тўсувчи йўқ!». Кўряпсанми, Аллоҳ сенга берган нарсани ҳеч ким олиб қўя олмайди. «Сен тўсганни берувчи йўқ». Аллоҳ бермаган нарсани сенга ҳеч ким бера олмайди. «Қувват фақат Сендадир, бошқанинг куч-қуввати фойда бермас». Ҳа, куч-қудратни фақат Аллоҳ беради, Аллоҳ бир нарсани хоҳласа, ҳеч ким ҳеч нарса қила олмайди. Болам, сендаги куч-қувват ҳам фақатгина Аллоҳдан. Шунинг учун Аллоҳга ишонгин-да, хотиржам яшайвергин!»

Бувим мени бу дуолардан баҳра олишга, маъноларини ҳис қилишга тинимсиз ундар эдилар. Мен бунинг ҳаловатини икки йиллардан кейин ҳис қила бошладим. Бошланғич мактабни тамомлаб, ўсмирликка илк қадам қўйган пайтим эди. Бувимнинг ўгитлари ўсмирлик даврининг ғам-қайғулари бошланганда шунақанги асқотдики, асти қўяверасиз. Мен қайғуларимни осонгина енгар эдим, тушкунликни, умидсизликмни бувим ўргатганидек, намоздан кейинги дуолар билан даволардим. Ҳар гал «Роббим, Сен берганни тўсувчи йўқ, Сен тўсганни берувчи йўқ. Қувват Сендадир, бошқанинг куч-қуввати фойда бермас», деганимда хотиржам бўлиб қолар эдим. Бу дуолар худди бошимга тушаётган муаммоларни даволаш учун кунда беш маҳал ичиладиган дорига ўхшар эди. Қарабсизки, Аллоҳнинг марҳамати билан ёшлик, ғўрлик, ўсмирлик даврини дугоналаримга нисбатан анча яхши ўтказдим. Қандай муаммо дуч келса ҳам, намозга шошиб, намоздан кейинги дуою зикрлар билан хотиржам бўлиб юрган вақтимда кўпчилик дугоналарим психологларга, ҳатто психиатрларга қатнаб, даволаниб юришарди».

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев 
таржимаси.

Бошқа мақолалар

Ҳажда тош нима учун отилади?

02.06.2025   3936   1 min.
Ҳажда тош нима учун отилади?

— Ҳаж вақтида зиёратчиларимиз шайтонга тош отишади. Тош нима учун отилади?

— Дарҳақиқат, ҳаж вақтида қилинадиган амаллардан бири бу – Минода шайтонга тош отишдир. Шайтон ҳамма ерда ҳам бўлиши мумкин. Айнан ҳажда ва маълум жойларда шайтонга тош отиш, шайтон ўша вақт ва жойларда Иброҳим алайҳиссаломга қутқу солганда у зот уни тош отиб қувганлари учундир. Бунда шайтонга қарши курашнинг рамзи бордир.

Шайтонга тош отиш, аввало ичдаги шайтонни тошбўрон қилиш ила бошланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Шайтонга тош отиш ва Сафо билан Марва орасида сайъ қилмоқ, фақат Аллоҳнинг зикрини қоим қилмоқ учун амр қилингандир”.

Яна тош отишдан мақсад, шайтонни ёмон кўришдир. Тош отилар экан, шайтон қалбга васваса солганида “Аъузубиллаҳи минашшайтонир рожим” (тошбўрон қилинган шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрайман) ифодаси билан бартараф этиш лозим.

Мўминлар шайтоннинг ҳар турли фасодларига қарши ўйғоқ бўлишга ҳаракат қилиши зарур. Ҳаж сафари асносида эса васвасаларга енгилмаслик, сабр қилиш ва имтиҳон эканини тушуниб, ҳаж ибодатини мукаммал адо этишдир.

Устоз Муҳаммад Айюб Ҳомидов