Бир қиз айтади: «Мен ёшлигимдан бувим билан бир хонада ётардим. Бувим ҳаётдан кўз юмгунларича, тахминан ўн йилча бирга яшадик. Шу ўн йил ичида бувимдан жуда кўп нарсаларни ўргандим. Лекин шу ўрганганларим ичида энг яхшиси – намоздан кейинги дуо эди. Бувим фарз намозни ўқиб бўлиб, жойнамоз устида анча ўтирардилар, мен эса бувимни кузатардим. Бувим намозни хотиржам, сокин якунлаб, узоқ дуо қилардилар. Бир куни ана шундай сокин ўтиришларини кўриб, савол бергим келди: «Буви, намоздан кейин нималар деб дуо қиласиз? Қандай қилиб намоздан бунчалик роҳатланасиз?».
Бувим кулиб қўйиб, намоздан кейин қайси дуоларни ўқишларини айтиб, менга ҳам ўргатдилар. Ҳар намоздан кейин бувим билан бирга ана шу дуоларни такрорлайдиган бўлдим. Дуоларни ёдлаб олган куним менга мукофот ҳам бердилар.
Бувим алоҳида эътибор билан ўқийдиган дуо мана шу эди:
(Аллоҳга истиғфор айтаман, Аллоҳга истиғфор айтаман, Аллоҳга истиғфор айтаман. Аллоҳим, Салом Ўзингсан, салом ҳам Ўзингдан. Табарруксан, эй улуғлик ва карам Соҳиби! Ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги ҳам йўқ. Мутлақ мулк Уникидир, ҳамд ҳам Унгадир, У ҳар нарсага қодирдир. Роббим, Сен берганни тўсувчи йўқ, Сен тўсганни берувчи йўқ. Қувват Сендадир, бошқанинг куч-қуввати фойда бермас).
Кўп йиллар давомида бу дуоларни бувим билан бирга ўқийвердим, бу дуолар ақлимнинг, шууримнинг бир бўлагига айланиб, ҳис-туйғуларимга қоришиб кетди.
Бувим менга шундай дер эдилар: «Жоним қизим, бу дуонинг ҳаловатини қара! «Роббим, Сен берганни тўсувчи йўқ!». Кўряпсанми, Аллоҳ сенга берган нарсани ҳеч ким олиб қўя олмайди. «Сен тўсганни берувчи йўқ». Аллоҳ бермаган нарсани сенга ҳеч ким бера олмайди. «Қувват фақат Сендадир, бошқанинг куч-қуввати фойда бермас». Ҳа, куч-қудратни фақат Аллоҳ беради, Аллоҳ бир нарсани хоҳласа, ҳеч ким ҳеч нарса қила олмайди. Болам, сендаги куч-қувват ҳам фақатгина Аллоҳдан. Шунинг учун Аллоҳга ишонгин-да, хотиржам яшайвергин!»
Бувим мени бу дуолардан баҳра олишга, маъноларини ҳис қилишга тинимсиз ундар эдилар. Мен бунинг ҳаловатини икки йиллардан кейин ҳис қила бошладим. Бошланғич мактабни тамомлаб, ўсмирликка илк қадам қўйган пайтим эди. Бувимнинг ўгитлари ўсмирлик даврининг ғам-қайғулари бошланганда шунақанги асқотдики, асти қўяверасиз. Мен қайғуларимни осонгина енгар эдим, тушкунликни, умидсизликмни бувим ўргатганидек, намоздан кейинги дуолар билан даволардим. Ҳар гал «Роббим, Сен берганни тўсувчи йўқ, Сен тўсганни берувчи йўқ. Қувват Сендадир, бошқанинг куч-қуввати фойда бермас», деганимда хотиржам бўлиб қолар эдим. Бу дуолар худди бошимга тушаётган муаммоларни даволаш учун кунда беш маҳал ичиладиган дорига ўхшар эди. Қарабсизки, Аллоҳнинг марҳамати билан ёшлик, ғўрлик, ўсмирлик даврини дугоналаримга нисбатан анча яхши ўтказдим. Қандай муаммо дуч келса ҳам, намозга шошиб, намоздан кейинги дуою зикрлар билан хотиржам бўлиб юрган вақтимда кўпчилик дугоналарим психологларга, ҳатто психиатрларга қатнаб, даволаниб юришарди».
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.
Ўтган солиҳ зотлар жамоат билан намоз ўқиёлмай қолсалар, бир-бирларига таъзия изҳор қилишар экан. Шундай зотлардан бири Ҳотамул Асом айтади: “Мен жамоатга улгурмай қолдим, шунда менга Абу Исҳоқ Бухорийнинг бир ўзи таъзия билдирди. Агарда ўғлим ўлиб қолса минглаб одамлар таъзия изҳор қилишади. Бунинг сабаби одамлар наздида дин мусибати дунё мусибатларидан кўра арзимас саналганидандир”.
Бугунги кунда орамизда қанчалаб одамлар жамоат намозларини ўтказиб юборадилар, жиддий эътибор қаратмайдилар. Баъзида иш, ғам-ташвишларнинг кўплигини баҳона қиламиз, тўғрими?! Яна кўплар туни билан ухламасдан, бомдод намозига яқин ухлаб қолишлари ҳам бор гап.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Зимистонда масжидлар сари одим ташловчиларга қиёмат кунидаги тамомий нурнинг хушхабарини беринглар”[1] деганларини наҳот эшитмагансиз?!
Шайтон сизнинг устингиздан ғалабага эришиб, намозда хотиржамлигингизни кетказишига имкон берманг!
Омир ибн Абдуллоҳ ўлим тўшагида ётганларида азон овозини эшитиб: “Мени қўлимдан тутинглар”, дедилар. Омир ибн Абдуллоҳга “Ахир сиз бетобсиз-ку”, дейишганида: “Аллоҳнинг чақириғини эшитиб туриб, унга риоя қилмайманми”, дедилар. Кейин у кишини қўлидан ушлаб турғизишди. Масжидда имом билан шом намозининг бир ракатини ўқидилар ва жон таслим қилдилар.
Яна бир мисол: Суфён ибн Уяйна азон айтилишидан илгари намозга боришга иштиёқманд бўлганлар ва доим: “Намозга азон айтилмагунича масжидга келиб турмайдиган ёмон қул бўлма. Чунки ёмон қул чақирмагунингча келмайди”, дер эдилар.
Оиша розияллоҳу анҳо онамиз айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан суҳбатлашиб ўтирардик, у зот ҳам биз билан гаплашиб ўтирардилар. Борди-ю, намоз вақти кириб қолса, бир-биримизни танимагандай бўлиб олардик”[2].
Шукрки, орамизда масжидда биринчи сафга жойлашиш учун ғайрат қилувчилар кўпайиб бормоқда. Набий алайҳиссалом: “Агарда одамлар азонда ва биринчи сафда нималар борлигини билишса эди, унга эришиш учун қуръа ташлашдан бошқа чора бўлмаса, албатта, қуръа ташлаган бўлардилар”, деганлар.
Саид ибн Мусайяб айтади: “Мен эллик йилдан бери бирор марта биринчи такбирни ўтказиб юбормаганман. Эллик йилдан буён намозда бирорта кишининг бошининг орқасига қараган эмасман”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривояти.
[2] Мурсал ҳадис. Ироқийнинг “Иҳё”га ёзган тахрижига қаранг (1, 205).