Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло Фотиҳа сурасининг 5-оятида мўмин бандаларига: "Биз (фақат) Сенгагина ибодат қиламизва Сендангина ёрдам сўраймиз!" деб дуо қилишни ўргатган.
Аввалги оятларда Аллоҳнинг сифатлари келтирилгач, энди ўша Зот ибодат қилиниш ва ёрдам сўралишга энг муносиб экани тилга олинмоқда.
Аллоҳ таоло бандалар ожиз ва заиф эканларини унутмасликлари учун намозга турганларида ушбу оятларни такрор-такрор ўқишни амр қилган. Қачонки бандалар заифликларини эътироф этиб, хушуъ билан Аллоҳга ибодат ва дуо қилсалар, Аллоҳ уларнинг илтижо ва ибодатларини қабул этади.
Оятда “Сенгагина” ва “Сендангина” сўзларининг икки марта такрорланиши банда ибодатни фақат Аллоҳга қилиши, ёрдамни фақат Аллоҳдангина сўраши кераклигига далолат қилади.
Ушбу маъно Қуръони каримнинг бошқа ўрнида қуйидагича ифодаланади: “(Эй Муҳаммад,) бас, Унга ибодат қилинг ва Ўзига таваккул қилинг – суянинг! Роббингиз сизлар қилаётган амалларингиздан ғофил эмас” (Ҳуд, 123).
Бу ердаги “ибодат”дан [1] мурод тўғри эътиқод билан, ниятни холис қилиб Аллоҳ яхши кўрадиган, рози бўладиган солиҳ амалларни бажаришдир. Аслида “ибодат” сўзи “ўзини жуда паст олиб, Аллоҳга бандаликни изҳор қилиш” маъносини англатади. Булар “ибодат”нинг луғавий маъноси бўлиб, кенгроқ қаралса, “ибодат” кўп қиррали тушунчадир. Банда ҳаёти давомида Аллоҳ таоло буюрганидек, У Зот рози бўладиган тарзда, шариат чегарасидан чиқмаган ҳолда ҳаёт кечирса, ана ўша ҳақиқий ибодат бўлади.
“Биз Сенгагина ибодат қиламиз” дегани “Сенинг айтганингни бажарамиз, Сенинг ҳукмингга бўйсунамиз, Сенга исён қилмаймиз” маъноларини англатади. Банда, Аллоҳ фарз қилгани учун намоз ўқигани каби ҳалол тарзда ризқ талаб қилиш ҳам фарз эканини англаб, покиза ва ҳалол йўллар орқали тирикчилик олиб борса, Аллоҳга ибодат қилган бўлади. Демак, улуғ ибодатлар ҳисобланмиш намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа амалларни фақат Аллоҳ розилигини ният қилиб адо этишидан ташқари, бошқа барча соҳадаги ишларини Аллоҳ амр қилганидек тасарруф қилишга, Ислом аҳкомлари асосида ҳаёт кечиришга интилиш лозим. Ана ўшанда умрнинг ҳар бир лаҳзаси ибодатга айланади.
Ибодатнинг асл моҳияти Зориёт сурасида Аллоҳ томонидан қуйидагича баён қилинган: “Мен жин ва инс(он)ни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (Зориёт, 56).
Оятда жин ва инсон тоифасининг яратишдан кўзланган асосий мақсад Аллоҳ таолога ибодат қилишлари экани айтилмоқда. Агар “ибодат”ни фақат намоз, рўза, закот ва ҳаж каби улуғ ибодатлар деб тушунадиган бўлсак, жин ва инсонлар умрларининг ҳар бир дақиқасини сажда қилиб ёки ҳар бир кунларини рўза тутиб ўтказишлари лозим бўлар эди. Аслида, Аллоҳ жин ва инсонларни фақат Ўзигагина бўйсунишга, амрига қулоқ тутиб, қайтарганларидан қайтишга буюрган.
Аллоҳ таоло берган неъматларга шукр қилиш, уларни ўз жойига сарфлаш ҳам ибодатнинг асосий қисмларидан биридир. Парвардигоримиз айтади: “Эй мўминлар, сизларга ризқ қилиб берганимиз – покиза нарсалардан енглар ва агар (чиндан) Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилгувчи бўлсангизлар У Зотга шукр қилингиз!” (Бақара, 172).
“Истиъонат” манфаатга эришиш ва зарарни даф қилиш учун қалбнинг Аллоҳ таолога қаттиқ боғланиши, банда ўзини ожиз санаган ҳолда У Зотдан ёрдам сўрашидир.
Ибодат Аллоҳнинг бандалари устидаги ҳаққи, истиъонат (ёрдам сўраш) эса бандаларнинг Аллоҳ устидаги ҳаққидир. Агар бандалар Аллоҳга ихлос билан ибодат қилсалар, Аллоҳ уларга нусрат беради.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ушбу оятни: “Роббимиз, Сенинг Яккалигингни эътироф этамиз, Сендан қўрқамиз ва Сендан умид қиламиз, Сендан ўзгасига ибодат қилмаймиз. Тоат-ибодатларимиз ва барча ишларимизда Сендан ёрдам сўраймиз”, деб тафсир қилган (Ибн Жарир ва Ибн Абу Ҳотим ривояти).
Банда Аллоҳ таолодан барча нарсани сўраши керак ва буларнинг аввалида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга таълим берган нарсалар туради.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қўлидан тутиб, “Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, мен сени, албатта яхши кўраман. Аллоҳга қасамки, мен сени, албатта яхши кўраман”, деб туриб, сўнгра: “Эй Муоз, сенга насиҳат қиламанки, ҳар бир намоздан сўнг “Аллоҳумма аъинний ъалаа зикрика ва шукрика ва ҳусни ъибаадатик” дейишни унутмагин”, дедилар (Абу Довуд, Насоий, Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон, Байҳақий “Шуъабул ийман”да ва Табароний “Кабийр”да ривоят қилган).
Ушбу дуо ўта аҳамиятли бўлганидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аввал Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳуни яхши кўришларини маълум қилиб, сўнгра ҳар бир намоздан кейин унга ушбу дуони қолдирмасликни тайинламоқдалар.
Ривоятда келтирилган дуо ҳар бир мўмин ва мўмина учун жуда ҳам керакли бўлганидан ушбу ҳадис ровийлари ҳам уни бир-бирларига омонат тарзида қолдириб келишган. Ривоятнинг давомида айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу насиҳатларини Муоз ибн Жабал Сунобиҳийга, Сунобиҳий Абу Абдураҳмонга, Абу Абдураҳмон эса Уқба ибн Муслимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насиҳатларини алоҳида тайинлаб етказган.
Товус айтади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб дуо қилар эдилар: “Ҳамд (у сано) мени яратган – Аллоҳ учун (хос)дир! Аллоҳим, менга дунёдаги қийин ишларда, замоннинг ёмонликларида, тун ва кунларнинг машаққатларида ёрдам бергин!” (Абдураззоқ “Мусоннаф”да ривоят қилган).
Ёрдам сўраш дуо билан бўлади. Шу сабаб банда Аллоҳга дуо қилиб, хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин, ҳар бир эҳтиёжини У Зотдан сўраши ва ёмонликлардан паноҳ исташи керак.
Одилхон қори Юнусхон ўғли
Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча бўлиб турган фуқароларимиз билан доимий мулоқотни қўллаб-қувватлаб туриш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, ҳуқуқий онгини ошириш, маърифатини зиёда қилиш бўйича суҳбатлар ўтказиш мақсадида Ўзбекистон делегациясининг Татаристон ва Бошқирдистонга хизмат сафари уюштирилди.
Президент Администрациясининг топшириғи ижросига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари О. Абдуллаев бошчилигида юртимизнинг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Б.Асадов, Бош консули М.Хайриддинов ва бир қатор тегишли ташкилотлар вакилларидан ташкил топган делегация таркибида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Иброҳимжон Иномов ҳам иштирок этди.
Ватандошларимиз билан “Ота-онани рози қилиш – фарзандлик бурчи”, “Ҳалол касб – барака калити”, “Миллий ва диний қадриятларимиз”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Ақидада адашмайлик!”, “Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш одоби”, “Исломда бағрикенглик”, “Исломда ватанпарварлик тушунчаси” мавзуларида суҳбатлар ўтказилди. Ҳар қандай диний мавзудаги маълумотлар борасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига тегишли расмий интернет тармоқлардан фойдаланиш тавсия этилди. Турли диний оқимлардан эҳтиёт бўлиш зарурлиги – ҳам шариат кўрсатмаси, ҳам замон талаби экани таъкидланди.
Россия мусулмонлари марказий диний идораси раиси, муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазрат делегация аъзоларини қабул қилиб, Ўзбекистон халқига меҳри ўзгача эканини билдирди. Учрашув давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг саломи эсдалик ҳадялари тақдим этилди. Муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазрат меҳмонларни Диний идора ва унинг қошидаги Россия ислом университети билан таништириб чиқди.
Хизмат сафари давомида ватандошларимиз билан бўлган суҳбатларда бугун мамлакатимизда қилинаётган ишлар тўғрисида тўхталиниб, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва саломатлиги, динимиз равнақи йўлидаги ислоҳотлар, янгиликлар ҳақида ҳам айтиб ўтилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати