Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Субҳоналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”, дейишим мен учун қуёш чиқиб, нур сочганидан яхшироқдир, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда буни айтган кишининг гуноҳлари денгиз кўпигичалик бўлса-да, кечириб юборилиши айтилади.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: "Жаннат хазиналаридан бирини сенга айтайми?" дедилар. Мен: "Ҳа, айтинг, Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам" дедим. Шунда у зот алайҳиссалом: "Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳни айт, у жаннат хазиналаридандир", дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Зикрларнинг афзали Лаа илаҳа иллаллоҳдир", дедилар (Имом Термизий ривояти).
Жувайрия розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эрталаб субҳ намози пайтида унинг ҳузуридан чиқиб кетдилар. У намоз ўқийдиган хонасида эди. Сўнгра зуҳо намозини ўқиб бўлиб қайтиб келсалар, Жувайрия розияллоҳу анҳо ҳали ҳам ўтирган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чиқиб кетганимдан бери шу ҳолатда ўтирибсанми?” деб сўрадилар. Онамиз розияллоҳу анҳо: “Ҳа”, дея жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Мен сендан кейин тўртта калимани уч мартадан айтдим, агар улар тарозида ўлчанса, сен бугун айтган нарсалардан оғир келади. Улар: "Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи ъадада холқиҳи ва ризо нафсиҳи ва зината ъаршиҳи ва мидада калиматиҳи", дедилар (Имом Муслим ривояти).
Кўп салавот айтиш орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига ноил бўлиш мумкин. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом ибн Можалар ривоят қилган ҳадисда Омир ибн Робиъанинг оталари қуйидагиларни айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Ким менга салавот айтса, фаришталар унга ҳам менга айтган салавотининг баробарида салавот айтиб турадилар. Банда салавотни хоҳласа, оз айтсин, хоҳласа кўп”, деганларини эшитдим».
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади ва ўнта хатосини ўчиради”, деганлар.
Умримизнинг ҳар бир дақиқаси қадрли. Дақиқаларнигина эмас, сонияларни ҳам ўз фойдамизга ҳал этишнинг жуда осон йўли чин ихлосдадир.
Даврон НУРМУҲАММАД
“Арафот” сўзи луғатда – “билиш, таниш” маъноларини билдиради.
Макка шаҳридан 20 км, Минодан 10 км, Муздалифадан эса 6 км, Намира масжидидан 1,5 км узоқликда жойлашган. Узунлиги 11-12 км ва кенглиги 6,5 км бўлган водий. У қаттиқ катта тошлардан иборат. Жанубий томонда 168 та зинаси мавжуд.
Маълумотларга кўра, Одам Ато билан Ҳавво онамиз жаннатдан чиқариб юборилганларидан кейин бир-бирлари билан шу ерда учрашганлар, дейилади.
Бошқа бир ривоятда Жаброил алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломга ушбу маконда ҳаж амалларини ўргатиб: “Арофта?” (“Ўргандингизми?”) деганларида, Иброҳим алайҳиссалом: “Ҳа”, деганлар. Шундан кейин Арафот деб номланиб қолган.
Арофат тепалигида бир баланд жой борки, у ерни “жабалул роҳма”, яъни “раҳмат тоғи” дейилади. Арафа куни ҳожиларга ёғиладиган беҳисоб раҳмат ва баракалар сабабли “раҳмат тоғи” деб номланади. Ушбу тоғ Илол, Нобит ҳамда Қурийн деб ҳам аталади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан 93 кун олдин, ҳижратнинг 10 йили Мадинадан ҳажга келиб, арафа куни шу тепаликка чиққанлар ва оқ туяларини чўктириб, унинг устида туриб “Видолашув ваъз”ини айтганлар. Бу жой узоқдан кўриниб туришлиги учун устун шаклида кўтарилиб, оққа бўяб қўйилган.
Арафотда ҳажнинг асосий аркони адо этилади. Арафа куни бомдод намози ўқилгандан сўнг Минодан Арафотга қараб йўлга тушилади. Зилҳижжа ойининг 9-куни, яъни арафа куни ҳожилар шу тепаликка чиқиб, то қуёш ботгунга қадар ибодат билан машғул бўладилар. Арафотда маълум муддат турмаган кишининг ҳажи ҳаж ҳисобланмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаж Арафотдир”, деганлар (Имом Термизий ва Насоий ривояти).
Арафотга чиқишдан олдин ғусл қилиб олинса яхши бўлади.
Арафотга чиқишда ва у ерда турганда доим такбир, таҳлил, ҳамд ва талбия (“лаббайка”) айтилади. Арафотда дуолар ижобат бўлади. Шунинг учун ҳожилар кўпроқ дуода, зикрда, тиловатда, илтижода, чин дилдан тазарруда бўлишга интилишлари лозим.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуоларнинг яхшиси – Арафот кунги дуодир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Арафотда қуйидаги оят нозил бўлган: “Бугун Мен сизлар учун динингизни комил қилдим, Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим” (Моида сураси, 3-оят).
Арафотда ва Раҳмат тоғида қуйидаги дуоларни ўқиш тавсия этилади:
“Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи. Субҳаналлоҳил ъазийм”.
“Лаа илаҳа илла анта. Субҳанака инни кунту миназ-золимийн”.
“Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳил ъалийил ъазийм”.
“Роббана атина фид-дуня ҳасанатан ва фил ахироти ҳасанатан ва қина ъазабан-нар”.
“Аллоҳумма аслиҳ ли динийаллазий ҳува ъисмати амри ва аслиҳ ли дунйаяллати фиҳа маъаший ва аслиҳ лий ахиротияллати фиҳа маъадий, важъалил ҳайата зийадаталли мин кулли хойрин, важаълил мавта роҳаталли мин кулли шаррин”.
“Аъузу биллаҳи мин жаҳдил балаи ва даркиш-шақои ва суъил қазои ва шатаматил аъдаи”.
Арафотда пешин ва аср намозлари бир азон ва икки иқомат билан қўшиб қаср қилиб ўқилади. Ҳажнинг амири хутба ўқийди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Арафа куни, Аллоҳ бандаларни дўзахдан кўп озод қилганчалик бошқа бирор кун йўқ!” (Имом Муслим ривояти).
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Аллоҳ ҳузурида Арафот кунидан яхшироқ кун йўқ. Аллоҳ таоло дунё осмонига (фаришталарга мақтаниб) ер аҳли билан фахрланиб айтади: “Менинг чанг босган бандаларимга қаранг! Менинг раҳматимдан умидвор бўлиб, барча жойлардан келдилар. Ваҳоланки, улар менинг азобимни кўрмаганлар. Аллоҳ таоло бирор кунда Арафа кунидек бандани дўзахдан озод қиладиган кун йўқ, дейди”.
Аллоҳ таоло ҳажингизни мабрур, саъйингизни машкур ва гуноҳингизни мағфур қилсин!
Даврон НУРМУҲАММАД