Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Зулматли асрлар давомида чуқур уйқуда ётган Европа турли омиллар, жумладан, Ислом тамаддуни таъсири туфайли уйғониб кўзини очганидан кейин аста ҳаракатлана бошлади. Мазкур ҳаракатланиш давомида Худони ўлдириб, қайта тирилмайдиган қилиб кўмиб қўйгани учун Аллоҳ таолонинг кўрсатмаси асосида эмас, ҳавойи нафси ва шайтоннинг кўрсатмаси асосида иш кўра бошлади. Европа ўзи учун нимани фойдали деб билса, ўшани амалга оширишни фарз ва вожиб деб биладиган ҳолга тушди. Унинг айши ишрати учун ўзидаги имкониятлар етишмай қолди. Бошқаларнинг табиий бойликлари ва имкониятларини тортиб олиб ҳузур ҳаловат қилиш пайига тушди. Бу ёвуз ниятга эришиш борасида қиладиган босқинчиликка тайёргарлик кўришни эса, ўзига ниқоб қилиб олган мунофиқлик асосида «Буюк кашфиётлар ҳаракати» деб номлади.
Бу борадаги маълумотларни одатимизга биноан европаликларнинг ўзидан, уларнинг сайтларидан биридан оламиз:
Уйғониш даври фалсафасининг ривожланиши юзасидан хулоса чиқарар эканмиз, таъкидлаш лозимки, бу даврнинг фалсафаси ўз янгиликларини асосан антик даврга суяниб амалга оширган ва ўрта асрдан мерос қилиб олинган барча яхши нарсаларни ўз ичига олган бўлса-да, у фалсафа тараққиётининг янги босқичи бўлгани шубҳасиздир.
Уйғониш даври фалсафасининг асосий характерли жиҳатлари қуйидагилардан иборат:
- гуманизм – инсонни улуғлаш;
- антропоцентризм – тадқиқот марказида Худо эмас, инсон туради;
- дунёвийлаштириш – черков таъсиридан халос бўлиш;
- пантеизм – тажрибавий фанларнинг барпо бўлиши ва теологиядан (илоҳиётдан) ҳоли бўлган илмий-материалистик тушунчанинг шаклланиши;
- ижтимоий муаммоларга, жамият ва давлатга қизиқишнинг кучлилиги ва ижтимоий тенглик ғояларини илгари суриш.
Шундай қилиб, Уйғониш даври маданияти Янги давр фалсафий ютуқларининг жадал ривожланиши учун замин яратди. Энг муҳими – тафаккур йўналишининг схоластикадан* воқеълик томон бурилиши, фалсафий ғояларнинг инсон ва табиат томон томон юзланиши юз берди. Фалсафа ва илм-фанга амалий йўналиш берилди – шу пайтдан бошлаб фалсафа ва маданиятнинг асосий эътибори Худо эмас, инсонга қаратилди.
Изоҳ: Схоластика:
1. черковнинг диний ақийдаларини назарий асослашга қаратилган қуруқ сафсатадан иборат ўрта асрлар фалсафаси;
2. қуруқ сафсата, пуч илм, тажрибага асосланмаган сохта билим.
«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки хислат бор. Ким унга амал қилса, албатта жаннатга киради. Иккиси осон, аммо унга амал қиладиган оздир.
БИРИНЧИСИ, ҳар бир намоздан сўнг 10 марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтади, 10 марта Аллоҳга ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) айтади ва 10 марта такбир (Аллоҳу акбар) айтади. Бир кунда 150 та, тарозида эса 1500 та бўлади.
ИККИНЧИСИ, қачон ухлашга ётса, 34 марта такбир (Аллоҳу акбар), 33 марта ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) ва 33 марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтади. Жами 100 та, тарозида 1000 та бўлади”, дедилар.
Шунда саҳобалар розияллоҳу анҳум: “Ё Аллоҳнинг Расули! Нега осон бўлган бу амалларга амал қиладиганлар оз?” деб сўрашди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу амални қилмоқчи бўлганнинг олдига шайтон намозда келиб, уни айтишидан олдин ҳожатини эсига солади. Уйқуга ётганида эса, уни айтишидан олдин ухлатиб қўяди”, деб жавоб бердилар (Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишимизга тавфиқ ато этсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади