Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Банда бир гуноҳ қилса, унинг қалбида бир қора нуқта пайдо бўлади. Гуноҳни тарк қилиб, истиғфор айтса, тавба қилса, қалби тозаланади. Лекин гуноҳни яна қилаверса, ўша нуқта кўпайиб, охири қалбини қоплаб олади. Мана шу – «Йўқ! Қилган қилмишлари қалбига моғор бўлиб ўрнашиб қолган" деган оятдаги «моғор»дир» (Мутоффифун сураси, 14-оят).
Ҳар бир гуноҳ туфайли инсоннинг қалбида қора доғ қолади. Бу доғ инсонни маҳзун қилади, юрагини сиқади, дилини хира қилади. Ана шу доғ ҳам, ундан пайдо бўлган қайғу ҳам фақат гуноҳдан тийилиб, тавба қилганимиздагина йўқолади. Аксинча, гуноҳлар кўпаяверса, қалбдаги қора доғлар каттариб, ташвишлар кучайиб бораверади. Охири бориб, ҳаётнинг лаззатини унутиб, боши берк кўчага кириб қоламиз. Қайғу эса тўпланиб, кучайиб бораверади. Охир-оқибат ҳаётимиз рангсиз бўлиб қолади. Ҳар бир ибодат ўша ибодатни қилган одамни бахтли қилганидек, ҳар бир гуноҳ уни қилган кимсанинг юрагини сиқаверади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бу ҳақда бундай деганлар: «Яхшилик қилган одамнинг юзига зиё, қалбига нур, ризқига кенглик, жисмига қувват ато этилади, инсонлар қалбида унга нисбатан муҳаббат пайдо бўлади. Ёмонлик қилган кимсанинг эса юзига қаролик, қалбига зулмат, жисмига ҳорғинлик, ризқига кемтиклик етади, инсонлар қалбида унга нисбатан нафрат пайдо бўлади».
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.
Бугун, 28 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов Жаҳон банки хусусий сектор диагностикаси бўйича делегацияни қабул қилди.
Учрашув аввалида Муҳаммадолим домла меҳмонларни ташриф билан қутлаб, Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг салом ва тилакларини етказди. Сўнгра юртимизда кўплаб соҳалар қатори диний-маърифий соҳада бўлаётган янгиланишлар ҳақида сўзлаш баробарида Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолияти тўғрисида маълумот берди.
Ўз навбатида делегация аъзоси бўлган катта иқтисодчи Левент Карадай самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, ўзи фаолият юритаётган халқаро молия ташкилоти хусусий секторга сармоя киритиши, айни мақсадда жорий йил бошида ҳам келганлари, ўрганишлари натижасида Ўзбекистонда зиёрат туризми соҳаси истиқболли экани, шу боис ушбу йўналишга қизиқиш билдираётганларини айтиб ўтди.
Мулоқот давомида Диний идора тасарруфидаги зиёратгоҳлар, уларнинг фаолияти тўғрисида ҳам сўзлаб берилди. Шунингдек, хорижий делегация вакилларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати